Вилоят ҳокими ўқувчиларга дарс ўтди

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров “Янги Ўзбекистон” массивидаги Экошаҳарда янгидан қад ростлаган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Фарғона филиалига ташриф буюриб, тантанали “Биринчи қўнғироқ” тадбирида иштирок этди.

Тадбирда давлатимиз раҳбари бошчилигида таълим тизимини ривожлантириш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳамда улар учун муносиб шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Вилоят раҳбари бу йил ушбу кенг ва замонавий даргоҳга қадам қўйган 72 нафар 1-синф ўқувчисини мустақиллигимизнинг 35 йиллиги, “Билимлар куни” ҳамда янги мактаб биносининг очилиши билан қутлаб, юксак марраларни забт этишларида омад тилади. Вилоят ҳокими томонидан мактаб жамоасига китоблар жамланмаси топширилди.

Жаранглаган илк қўнғироқдан сўнг меҳмонлар мактабда яратилган шароитлар, ўқув лабораториялари ва замонавий синф хоналарини кўздан кечиришди. Ўқувчилар ўзлари яратган таълим платформаси ҳамда робототехника йўналишида эришган натижаларини намойиш этдилар.

Сўнгра вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров 10-синф ўқувчилари учун “Келажак соати” дарсини ўтди. Самимий ва очиқ мулоқот руҳида кечган машғулотда ёшлар ҳаётида билим ва маърифат, миллий қадриятларга ҳурмат ҳамда Ватанга муҳаббатнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Маълумот ўрнида: мазкур муассасада 432 нафар ўқувчига 48 нафар ўқитувчи-педагог таълим бермоқда. Ўтган 2025-2026 ўқув йилида 360 нафар ўқувчидан 110 нафари миллий, 7 нафари эса халқаро сертификатни қўлга киритди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × two =