“Аtirgul” – аёл журналистлар ижодининг эътирофи
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ташаббуси билан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида хотин-қиз журналистлар ўртасида ўтказилган “Аtirgul” кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур танлов журналистика соҳасида фаолият юритаётган хотин-қизларнинг касбий маҳорати, ижодий изланишлари ва жамият ҳаётидаги фаол иштирокини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу кўрик-танлов сўнгги йилларда турли сабабларга кўра ўтказилмаётган эди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг саъй-ҳаракати билан унинг қайта тиклангани мамлакатимиз ижодкорларини мамнун этди.
Тадбир доирасида “Atirgul” танловининг 12 та номинацияси бўйича ғолиблар тантанали равишда тақдирланди.
Журналист аёлларнинг турли жанр ва йўналишлардаги ижодий ишлари нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб, мазмуни, долзарблиги, касбий маҳорати ҳамда ўзига хос ёндашуви билан ажралиб турган ижод намуналари муносиб эътироф этилди.
Маросимнинг яна бир муҳим жиҳати шунда бўлдики, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси сафига янги қабул қилинган 25 нафар хотин-қиз журналистга аъзолик гувоҳномалари ҳам тантанали равишда топширилди. Бу эса ижодкорлар сафи кенгайиб, уларда касбий бирдамлик ва ҳамкорликка интилиш тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Бугунги кунда журналистика тезкорлик, чуқур таҳлил, замонавий технологиялар ва янгича ижодий қарашни талаб этмоқда. Бу жараёнда хотин-қиз журналистларнинг ўзига хос нигоҳи, ижтимоий масалаларни ёритишдаги фаоллиги ҳамда салоҳияти алоҳида аҳамият касб этади.
“Atirgul” кўрик-танлови ана шу салоҳиятни юзага чиқариш, журналист аёллар меҳнатини муносиб баҳолаш, уларнинг илғор тажрибасини оммалаштириш ва янги ижодий лойиҳаларга йўл очишга хизмат қилади.
Танлов нафақат ғолибларни аниқлаш, уларни моддий ҳамда маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, балки соҳа ходималарини бирлаштириш, ўзаро тажриба алмашиш ва янги имкониятларни яратиш нуқтаи назаридан ҳам муҳимдир.
Зеро, жамиятдаги муҳим жараёнларни холис ва таъсирчан ёритиб келаётган аёл журналистларнинг меҳнати, изланиши ва фидойилигини эътироф этиш — миллий журналистика тараққиётига берилган муносиб баҳодир.
Танлов ғолиблари ҳам бугунги эътироф уларга янги марраларни забт этишда муҳим рағбат бўлганини билдирдилар.
— “Atirgul” кўрик-танловининг қайта тиклангани юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳаётдаги ёрқин ифодаси, хотин-қизлар ҳуқуқлари таъминланаётгани, фуқаролик жамияти фаоллашаётгани ҳамда аёл журналистлар давлат томонидан қўллаб-қувватланаётганининг яққол далилидир, — деди ғолиблардан бири, “Вести Каракалпакстана” газетасининг махсус мухбири Ҳалима Халилаева. — Нашримиз 100 йиллик тарихга эга. Бугун устозлар ишини давом эттиряпмиз. Асосан, хотин-қизлар мавзусида қалам тебратаман. Мазкур республика танловида муваффақият қозонган барча касбдошларимга улкан ижодий зафарлар тилайман.
— Олис қишлоқдан келиб, матбуотда, айниқса, аёллар учун камёб саналган фотожурналистика йўналишида эътирофга сазовор бўлганим ва “Atirgul” мукофотини қўлга киритганимдан беҳад хурсандман, — деди “Ёшлар овози” газетаси мухбири, нуфузли танловнинг “Энг яхши фотожурналистик иш” номинацияси ғолиби Холида Мусурмонова. — Фотожурналистика — соҳанинг энг мураккаб тармоқларидан бири. Кўп йиллардан буён ушбу йўналишда изланиб келмоқдаман, бугун меҳнатим қадрланиб, мана шундай мукофотга эга чиққанимдан фахрланаман.
Дарҳақиқат, “Atirgul” — аёл журналистларнинг истеъдоди, жасорати, маҳорати ва тинимсиз изланишларига берилган муносиб эътирофдир!
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
Ахборот хизмати.
