Сукунатнинг овози

Қизиқ, сукунатнинг ҳам овози бўладими? Бир қарашда бу саволнинг ўзида мантиққа сиғмайдиган зиддият бордай. Сукунат ўз оти билан сукунат-да, уни қандай эшитиш мумкин? Аммо ҳаётда шундай сукутлар борки, наърадан-да қаттиқроқ жаранглайди. Кўриб кўрмаганга олиш, билиб туриб индамаслик, бировнинг дардини “менга нима” деган совуққон хаёл билан четлаб ўтиш ҳам, аслида, сукунатдир.

Фақат бу осуда сукунат эмас. Унинг ичида жавобсиз саволлар, айтилмаган ҳақиқатлар, эътиборсиз қолдирилган одамлар ва қаровсиз ташлаб қўйилган муаммоларнинг ингроғи, ноласи бор.

Таниқли публицист Алижон Абдураҳмоновнинг “Сукунат овози” китоби ана шу сасларни эшитиш ва эшиттиришга уринишдан туғилган.

2026 йили “Академнашр” нашриётида чоп этилган 408 саҳифалик мазкур китобга муаллифнинг турли йилларда ёзган публицистик мақолалари, эсселари, суҳбатлари, хотиралари, спортга доир битиклари ва ҳикматнамо ўйлари киритилган. Саккиз бўлимга жамланган саксонга яқин материални бир нафасда ўқиш қийин, албатта. Чунки мавзулар кўп, воқеалар турфа, кайфиятлар бир-биридан фарқ қилади. Аммо уларни боғлаб турган бир томир бор — бу куюнчаклик. Бу қарашнинг лўнда ифодаси китобнинг ўзида келтирилган: “Дунёқарашнинг қандайлиги дунёга қандай қарашга боғлиқ” (390-бет).

Куюнчаклик — касбнинг моҳияти

Китобга сўзбоши ёзган таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад: “Журналистлик куюнчакликдан бошланади”, дебди. Аслида ҳам бутун тўпламнинг ғоявий калити шу бир жумлада мужассамлашган. Алижон Абдураҳмонов қалам урган мавзусига четдан қараб, шунчаки хулоса чиқарадиган бетараф кузатувчи эмас. У хатони кўрса, тутақади, адолатсизликка дуч келса, безовта бўлади, қаровсиз қуриётган кўчатни кўрса, уволини ўйлайди. Газетанинг аҳволи оғирлашса, жамият тафаккуридан, устоз унутилса, касбий хотира узилишидан хавотир олади.

Ушбу китобнинг бош қаҳрамони куюнчаклик бўлса, унинг деярли ҳар саҳифасида учрайдиган кўринмас салбий қаҳрамони бепарволикдир. Бепарволикнинг эса қиёфаси кўп. Моҳир журналистнинг ютуғи шундаки, у бу турфа қиёфаларни ўта закийлик билан таниб олмоқда ва бизга — ўқувчиларга ҳам танитмоқда.

Китобдаги яна бир ҳикмат бу феълнинг ижтимоий моҳиятини очади: “Ҳамма жонкуярлар жой-жойида бўлганида эди, ҳаммаси жой-жойида бўлар эди” (390-бет).

Сарлавҳада бошланган таҳлил

Муаллиф мақолага сарлавҳа қўйишни шунчаки мавзуга ном бериш деб тушунмайди. “Сукунат овози”ни ўқиб бўлгач, хаёлимга келган илк фикр шундай бўлди. Муаллиф учун сарлавҳа — биринчи савол, дастлабки киноя, баъзан эса ҳали исботланиши керак бўлган иддао вазифасини бажаради. “Ўзгаришсиз ўзгараётган таълим”, “Эътиборли эътиборсизлик”, “Кийинган яланғочлар”, “Ҳисоби йўқ зарар, ҳузури йўқ фойда”, “Чекланган чексизлик…” каби сарлавҳаларда қарама-қарши маънолар тўқнашади.

“Қоғознинг учинчи томони” сарлавҳасини ўқиган киши: “Икки томонли қоғознинг яна қайси тарафи бор экан?” деб ўйлай бошлайди. Матнни ўқигач эса, “учинчи томон” моддий буюмнинг эмас, балки муаммони ҳал этиши лозим бўлган ҳуқуқий ва ташкилий ёрдамнинг рамзи эканини англайди. “Калитсиз очилаётган эшик” ёки “Ўлимдан сўнг… уйғониш” деб номланган мақолалар ҳам худди шундай: аввал ўқувчи тасаввурида маълум бир манзарани пайдо қилади, сўнг уни ижтимоий мазмун билан тўлдиради.

Яна бир ютуқ шундаки, тўпламдаги мақолаларда сарлавҳа, далил ва хулоса улкан маҳорат билан боғланган.

Унинг ўқувчи билан муносабати ҳам бир томонлама маърузага ўхшамайди. “Нега?”, “Хўш?”, “Сиз-чи?” деган саволлар матнни оғзаки суҳбатга яқинлаштириб, ўқувчини муҳокама иштирокчисига айлантириб қўяди гўё.

Китоб йиғласа…

Тўпламнинг дастлабки бўлими “Йиғлаётган китоблар” деб номланган. Бу ном шунчаки бадиий ташбеҳ эмас. Муаллиф учун имловий хатоларга, нотўғри маълумотларга ва ғализ жумлаларга тўла китоб шунчаки нуқсонли матбаа маҳсулоти эмас, балки авлодлар тафаккурига етказилаётган маънавий зарардир.

“Жиноятчи…” — китоб!” мақоласи набираларнинг оддий саволларидан бошланади. Болалар мамлакатлар ва пойтахтлар номини турлича айтади. Катта ота аввалига уларни тузатмоқчи бўлади. Кейин маълум бўладики, болалар адашаётгани йўқ — улар китобда қандай ёзилган бўлса, шундай ўқиган. “Впетнам”, “Франтсия”, “Мўқулистон”, “Полпша” каби ғалатиликлар китобни тайёрлаган катталарнинг “ижоди” экан.

Бу “ижод”га берилган тақризлар ҳақидаги кесатиқ ҳам нишонга бехато тегади: “Бу илмий даражали тақризчилар ҳам китобни аниқ “бош кўтаролмай” ўқишган” (13-бет).

Воқеа кулгили. Аммо аслида кулгили эмас.

Муаллиф шу нуқтадан муҳим саволга ўтади: бир киши жиноят қилса, қонун олдида жавоб беради. Хўш, болаларни чалғитадиган, уларга нотўғри билим берадиган “жиноятчи китоб” учун ким жавоб беради?

Бу савол “Китобдан қўлингни торт, саводсиз!” деб номланган мақолада янада кескинлашади. Мақолада Лев Толстой ва Федор Достоевский асарларидан тортиб, болалар луғатигача йўл қўйилган хатолар мисолида китоб нашр этиш айримлар учун маърифий хизмат эмас, шунчаки пул топиш воситасига айлангани, энг ачинарлиси, китобда муҳаррир деб кўрсатилган киши баъзан ўша қўлёзмани умуман кўрмаган бўлиб чиқиши очиб берилади.

Таржима бозоридаги аҳволни эса муаллиф битта савол билан фош этади: “Аслиятдан “асар” ҳам қолмаган асарларни ким ўзбекчага ўгирган ўзи — таржимонми ё “Google Translate”?” (24-бет).

Мақола мутолаасидан сўнг шундай хулосага келасиз: демак, китобнинг йиғиси ҳарфдаги хатодан эмас. У касбий виждон йўқолганидан йиғлаяпти.

Бепарволикнинг минг бир қиёфаси бор

“Муаммо, мулоҳаза, муносабат” бўлимида меҳнат ҳуқуқи, таълим, матбуот анжуманлари, йўл ва транспорт, истироҳат боғларидаги хавфсизлик, дарахтлар тақдири, таҳририятларнинг аҳволи қаламга олинган — бир қарашда буларнинг ҳар бири алоҳида мавзу. Муаллиф эса улар орасидаги ички боғлиқликни топган. У ҳам бўлса: вазифани бажаргандек кўрсатиш бор, аммо натижа учун жавоб бериш кам.

“Саволингиз мавзуга оид эмас…” мақоласида эса матбуот анжумани очиқ мулоқот майдони эмас, олдиндан белгиланган гапларни айтиш маросимига айланиб қолган ҳолатлар танқид қилинади. Журналист учун мавзу чегараси бордир, лекин жамоатчилик муаммосининг бундай чегараси йўқ. Одамлар сўраётган саволга жавоб берилмас экан, “матбуот анжумани ўтказилди” деган ҳисоботнинг кимга кераги бор?

“Улар тик туриб жон бермасинлар” мақоласида муаллиф кўчат экиш тадбирларининг ташқи дабдабаси билан кейинги қаровсизлик ўртасидаги тафовутни кўрсатади. Сурат бор, ҳисобот бор, рақам бор. Аммо сув йўқ, парвариш йўқ, жавобгарлик йўқ. Бу ўринда кўчат эмас, ҳисобот “кўкаради”. Саратон келгач эса, баланд рақамлар ортидаги ниҳоллар тик турганча жон беради.

Китобдаги турли мавзулар охир-оқибат битта талабга келиб тақалади: ҳисобот учун эмас, инсон учун ишлаш керак.

Муаллиф танқид нишонига узоқдан тош отмайди. У жойига боради, эшик қоқади, суҳбатлашади, рақамларни таққослайди, масъулнинг жавобини ҳам келтиради. “Қоғознинг учинчи томони” мақоласида қоғоз нархининг ошиши шунчаки таҳририятнинг ички ташвиши сифатида эмас, босма матбуот келажагига дахл қилувчи иқтисодий муаммо тарзида таҳлил этилади. Импорт, нарх, газета адади, матбаа харажати, тошдан қоғоз ишлаб чиқариш имконияти — булар бир мақола ичида ўзаро боғланади. Муаллиф муаммонинг “икки томони”ни кўрсатибгина қолмай, уни ҳал этишга ёрдам бериши мумкин бўлган “учинчи томон”ни — ҳуқуқий ва амалий кўмакни қидиради.

Биз айнан шу ёндашувни Алижон Абдураҳмонов публицистикасининг муҳим белгиларидан бири деб билдик. Танқид муаллиф учун шунчаки айбдорни топиш эмас, балки муаммонинг сабаби, оқибати ва имкон қадар ечимини кўрсатиш деганидир. Акс ҳолда, мақола ҳам жамиятдаги навбатдаги шовқин манбаларидан бирига айланиб қолаверади.

Тўпламнинг энг таъсирчан саҳифалари Алижон Абдураҳмоновнинг она тили ҳақидаги мақолаларидир. Айниқса, “Қўштирноқ”сиз ўзбек тили” шакл ва мазмун бирлиги жиҳатидан алоҳида ажралиб туради. Мақола бошидан охиригача ўзбекча-русча қоришиқ нутқда ёзилган. Муаллиф муаммони шунчаки шарҳламаган — уни ўқувчининг қулоғи остида “гапиртирган”.

Аввалига куламиз. “Подъезд”, “сосед”, “конкрет”, “точно”, “заказ”, “скидка”, “доставка”лар аралашган гаплар таниш эшитилади. Кейин кулгимиз ортида бир хижолат пайдо бўлади: ахир бу нутқни қаердадир эшитганмиз, балки ўзимиз ҳам шундай гапирармиз. Ҳажвнинг ютуғи шундаки, у ўқувчининг ўзини ҳам кўзгу олдига олиб келади.

“Бу спорда не только сиз, ҳамма ютқазди. Победитель бўлсам-да, как сказать, даже мен ҳам ютқаздим” (210-бет). Ҳажвнинг ҳукми ҳам қаҳрамоннинг ўзи ишлатган қоришиқ тилда чиқарилган: бу баҳсда ростдан ҳам ҳамма ютқазган.

Муаллиф бошқа тилдан сўз киришига шунчаки қарши курашаётган тил посбони эмас. Масала тилнинг табиий бойишида эмас, ўз сўзимиз бор бўла туриб, уни қидиришга эринишдадир; она тилида равон гапиришни маданият белгиси деб билмасликдадир. Бундай эътиборсизлик узоқ давом этса, инсон аввалига сўзни, кейин эса шу сўз ташиб келаётган хотира ва тафаккурни йўқотади.

Танқиддан кейинги меҳр

Агар китоб фақат хато, нуқсон ва камчиликлар танқидидан иборат бўлганида, ўқувчини толиқтириб қўйиши мумкин эди. Лекин “Сукунат овози”нинг иккинчи бир оқими бор: меҳр, оқибат, соғинч ва эътироф.

“Мезбон мақомидаги меҳмон” бўлимида муаллиф савол берувчи бўлса-да, суҳбат марказига ўзи чиқмайди, мезбонлик мавқеини суҳбатдошига топширади. Журналист, ношир, санъаткор, режиссёр, спортчи ва чемпионларнинг гаплари орқали муайян соҳаларнинг дарди, орзуси ва ички муҳити очилади. Яхши суҳбатнинг белгиси саволнинг узунлигида эмас, суҳбатдошни гапиртира олишда экани намоён бўлади.

“Кечинмалар”да эса биз танқидчи журналистдан кўра кўпроқ инсон Алижон Абдураҳмоновга яқинлашамиз. “Алик”дан қолган ҳадик”да тилла тиш билан боғлиқ кулгили воқеа нафс, ғурур ва ўткинчи ҳавас ҳақидаги аччиқ сабоққа айланади. Пандемия кунларидаги қисқа, аммо узоқ туюлган телефон суҳбатлари, оила аъзоларининг соғинчи, хавфли шароитда одамларга хизмат қилишга отланган умр йўлдоши ҳақидаги саҳифаларда муаллифнинг кескин оҳанги юмшайди. Одатда, жамиятдан масъулият талаб қиладиган қалам бу ерда ўз қалбини сўроқ қилади.

“У “сур…” деганди. Кейин мен “сурдим”…”. “Аслида эса, “салом”ни аликсиз қолдирмаслик учун борган эдим…” (293-бет). Қаҳрамоннинг ғурури, шошқалоқлиги ва кейинги хижолати шу икки сўз ўйинига сиғиб кетган.

“Унутмоқ осонмас уларни” бўлимидаги хотиралар ҳам оддий таъзия ёки таржимаи ҳол эмас. Сайди Умиров, Мамадали Маҳмудов, Аҳмаджон Мухторов ва бошқа устозлар ҳақида ёзар экан, муаллиф уларнинг унвонини эмас, хотираларда қолдирган изларини қидиради. Бойбўта Дўстқораевнинг Сайди аканинг вафотидан бехабар ҳолда: “Салом айтинг…” дейиши каби биргина тафсилот катта дўстлик қиссасини очиб беради. Бу устозларни яқиндан билганлар мижжасига бир томчи ёш ҳам сиздиради.

Ўттиз йиллик солнома

Тўпламда 1994 йилдан 2025 йилгача матбуот юзини кўрган материаллар бор. Шу жиҳатдан “Сукунат овози”ни бир журналистнинг сара асарлари тўпламигина эмас, балки ўттиз йилдан ортиқ даврнинг публицистик хотираси дейиш мумкин.

Унда кечаги ўзбек матбуотининг муҳити, таҳририятлар аҳволи, обуна ташвиши, қишлоқ йўллари, таълимдаги ўзгаришлар, тилга муносабат, спортдаги армон ва қувончлар акс этган. Давр фақат қарорлар, саналар ва катта воқеалар билан тарихга кирмайди. У одамларнинг қандай гапиргани, нимадан куюнгани, қайси саволга жавоб тополмагани билан ҳам хотирага айланади.

Ўша даврнинг ахлоқий муҳитини муаллиф бир сатрга сиғдиради: “Қаён қарама — шовқинли жимжитлик…” (388-бет). Шовқин кўп, аммо ҳақиқатнинг овози паст бўлган йиллар учун бундан аниқроқ ташхис топиш қийин.

Холис айтганда, китобда муаллифнинг севимли усуллари баъзан кўп такрорланган. Риторик саволлар, қўштирноқ ичига олинган кинояли сўзлар, уч нуқталар, “афсуски”лар ва сўз ўйинлари газетада алоҳида-алоҳида ўқилганда кучли таъсир қилади. Тўпламни бошдан охиригача мутолаа қилганда эса айрим ўринларда бир хил оҳанг тарзида сезилиб қолади. Баъзи мақолалар даврнинг долзарб хабарига яқинроқ, баъзилари эса вақт синовидан ўтадиган эссе даражасига кўтарилган. Айрим кескин ҳукмлар ўқувчини баҳсга ҳам чорлайди.

* * *

Китобнинг сўнгги қисмида ҳажман катта мақолалар ўрнини қисқа дилбитиклар эгаллаган. Синчков кузатув ва таҳлиллар бир-икки сатрга сиқилган. Гўё муаллиф шунча гапдан кейин ўқувчини сукут билан юзма-юз қолдиради: “Ҳеч нарса демади, борини айтиб…” (389-бет).

Бу парадокс — китоб сарлавҳасининг ҳам, муаллиф услубининг ҳам энг лўнда автопортретидир.

“Тинглай десанг сукунатнинг овозини, қабристонда сукунатга қулоқ тут”, дейди у. Бу сатрни фақат ўлим ҳақидаги ўй деб тушуниш камлик қилади. Қабристон — кечиккан эътирофлар, айтилмай қолган раҳматлар, қадрига етилмаган одамлар ва қайтариб бўлмайдиган вақт ҳақида сизга истаганча унсиз сўзлаб бериши мумкин бўлган энг ростгўй макон. У ерда ҳеч ким баланд гапирмайди, аммо инсон ўзига энг муҳим саволларни айнан ўша жойда беради.

Ишонч билан айтиш мумкинки, Алижон Абдураҳмоновнинг китоби журналистикага яна бир оддий, аммо унутилаётган ҳақиқатни эслатади: журналистнинг вазифаси шовқин-суронни янада кучайтириш эмас, балки шу шовқин остида эшитилмай қолаётган ҳақиқатни топишдир. Бунинг учун билим ҳам, маҳорат ҳам, жасорат ҳам, энг муҳими, куюнчак юрак ҳам керак.

Абдулҳамид МУХТОРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 + seventeen =