Болалар – келажак таянчи
Фарзанд — ҳар бир ота-она юрагининг бир парчаси. Мабодо унга бирор зарар етса, ота-она бутун дунёни остин-устун қилишга ҳам тайёр туради. Шу фарзанд камоли деб кечаю кундуз тиним билмай меҳнат қилади.
Муборак ҳадисларда болалар жаннат райҳонларига қиёсланади. Ота-онанинг икки дунёда унинг хушбўй ҳидидан баҳраманд бўлиши — кўз қувончи ва бахту саодатидир. Фарзандларимизнинг қалбига эзгу ва билим билан сурур бағишлашимиз лозим.
Аммо беш қўл баробар бўлмаганидек, атрофимизда турли сабабларга кўра бу тотли неъматдан бебаҳра қолган оилалар ҳам бор. Улар Худодан кечаю кундуз фарзанд сўраб илтижо қилишади. Баъзан бу дуолар ижобат бўлади, гоҳида эса… Келинг, ҳозир бу мавзуга чуқур тўхталмайлик-да, фарзандларимиз кунининг асосий қисми ўтадиган мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда у ердаги тарбиячилар билан боғлиқ баъзи оғриқли ҳолатлар тўғрисида фикр юритайлик.
Халқимизда “Устоз отангдан улуғ” ёки “Устоз иккинчи она” деган ибратли нақллар бор. Бу эътироф бевосита тарбиячиларга ҳам тегишли. Ота-она ўз фарзандига қанчалик меҳрибон бўлса, тарбиячи ҳам тарбияланувчиларга шунчалик меҳр-мурувват кўрсатиши зарур ва шарт. Тўғри, бу бурчни шараф билан бажараётган фидойи мураббийлар кўп. Бироқ интернет тармоғида болаларнинг дўппосланиши, уларга ўта қўпол муносабатда бўлинаётгани акс этган видеолавҳалар кунора учраб турибди. Хусусан, “YouTube” платформасида 2026 йил 7 октябрь куни тарқалган лавҳада тарбиячи оғзидан боди кириб, шоди чиқиб, норасида болаларни беҳаё сўзлар билан ҳақорат қилаётганига гувоҳ бўламиз. Бундай сўкишларни эшитиб улғаяётган болаларимиз эртага қандай қилиб комил инсон бўлиб етишади? Ахир тарбиячининг бундай хатти-ҳаракатлари қонунга ҳам, инсонийлик тамойилларига ҳам мутлақо зид-ку!
Бундан ташқари, айрим боғчаларда болалар ўлими юз бераётганини қандай баҳолаш мумкин? Масалан, ижтимоий тармоқларда тарқалган Самарқанддаги хусусий боғчаларнинг бирида содир бўлган мудҳиш ҳолатни олайлик. Унда муштипар она 2021 йилда туғилган фарзанди мазкур муассасада тўсатдан оламдан ўтгани ҳамда боғча ходимларининг ушбу фожиага мутлақо бепарво қарагани ҳақида чуқур изтироб билан сўзлаб берган. Муассаса мутасаддиларининг бундай лоқайдлиги кишини ларзага солади.
Келинг, шу муштипар онанинг ўрнига ўзингизни бир қўйиб кўринг-а. Эрталаб фарзандингизни оқ ювиб, оқ тараб боғчага кузатсангиз-у, кечқурун унинг жонсиз танасини қўлингизга тутқазишса, қай аҳволга тушардингиз?
Яна бир аянчли ҳолат ўтган йиллар давомида Олмазор туманидаги хусусий боғчалардан бирида юз берган. Маълум бўлишича, тарбиячи 2022 йилда туғилган гўдакка овқатланишни истамагани сабабли тазйиқ ўтказган. 2024 йилда эса айнан шу болага нисбатан бошқа бир “тарбиячи” — Л.А. ўта шафқатсизларча муносабатда бўлган. У бола тушлик пайтида ухламагани учун уни юқорига кўтариб, ерга улоқтирган. Ҳатто “Нега жим бўлмайсан?” дея оғзига чойшаб тиққан. Ерга йиқилган жажжи боланинг орқа ва кўкрак соҳаларига бир неча маротаба тепиб, “Деразадан ташлаб юбораман!” деб қўрқитган. Албатта, бу жиноятга нисбатан қонуний жазо тайинланган. Бироқ жабрланувчи З.га биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган бўлишига қарамай, у вафот этган. Бундай фожиа қаршисида ота-онанинг чеккан изтиробларини тасаввур қилиш мушкул. Мураббий эса тегишли моддалар билан айбдор деб топилиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Тўғри, ушбу икки ҳолат хусусий боғчаларда содир бўлган. Аммо давлат тасарруфидаги боғчалар ҳам бундай камчиликлардан холи эмас. Уларда ҳам тарбияланувчиларга нисбатан қўпол муомалада бўлиш ҳолатлари учраб туради. Бундай нохушликлар барҳам топмаса, эртага ёш авлодимизнинг тақдири нима кечади?
Баъзида айрим ота-оналар тарбиячиларнинг турмуш ташвишларидан чарчаганини рўкач қилиб, уларни оқлашга уринади. Ҳа, инсонмиз, ҳеч ким чарчамайдиган робот эмас. Лекин шахсий асабийлик ва ғазабни бировнинг бегуноҳ норасидасига сочмоқ қайси ахлоқ мезонига сиғади? Ахир ота-она жигарбандини уларга ишониб топширади-ку! Нега мураббийлар ўзларига билдирилган юксак ишончни оқламайди?
Шу ўринда маълумот учун: 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, юртимиздаги мактабгача таълим ташкилотларига қатнаётган болалар сони 2,53 миллион нафарни ташкил этмоқда.
Мазкур муаммоларнинг олдини олиш юзасидан қуйидаги таклифларни илгари суриш мақсадга мувофиқдир:
- Мактабгача таълим ташкилотларига ишга қабул қилишда ходимнинг педагогик тажрибаси ва малакаси қатъий инобатга олиниши шарт.
- Тарбиячиларнинг болалар билан муомала маданияти юқори даражада шаклланган бўлиши керак. Зарурат бўлса, уларни аввал махсус психологик тест ва муомала маданияти бўйича имтиҳондан ўтказиб, шундан кейингина ишга қабул қилиш тизимини йўлга қўйиш лозим.
- Ишга қабул қилинаётган номзоднинг руҳий барқарорлиги ва феъл-атворига жиддий эътибор қаратиш зарур. Жаҳли тез, асаби таранг ходимларни эмас, балки болажон, сабрли ва меҳрибон мутахассисларни жалб этиш керак. Чунки агрессив, баджаҳл мураббий, албатта, болага салбий таъсир кўрсатади.
Хулоса ўрнида айтганда, болалар тарбияси билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатга барчамиз ҳушёрлик ва масъулият билан ёндашишимиз, соҳа ходимлари эса касб одоби ва муомала маданиятига қатъий риоя қилишлари шарт. Зеро, ота-она ўз фарзандини боғчага калтакланиши ёки вафот этиши учун эмас, балки таълим-тарбия олиши, дўстлар орттириши ва вақтини мазмунли ўтказиши учун ишониб топширади. Буни ҳар бир тарбиячи доимо ёдда тутмоғи лозим.
Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ,
журналист.
