Қуш уясида кўрганини қилади
Фарзандларни комил инсон қилиб тарбиялаш энг муҳим вазифа. Чунки жамият аъзоларининг яхши хулқли, ҳалол ва пок бўлишини орзу қиламиз, аммо ўша жамиятнинг келажаги бўлмиш болалар тарбияси ҳақида қайғурмасак, ниятларимиз сароблигича қолаверади.
Ёш авлоднинг келажакда одоб-ахлоқли, илмли бўлиб етишишларига, аввало, кимлар масъул, деган савол туғилади. Уларнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбияси масъулияти уйда ота-она, ўрта мактаблар ҳамда олий ўқув юртларида эса муаллим ва устозлар зиммасидадир. Ҳақиқатан, тадбирли, зийрак ота-она болаларини ибратли хулқ, чиройли муомала, меҳрибонлик, камтарлик, яхши насиҳат, тўғри йўл кўрсатиш каби воситалардан фойдаланган ҳолда тарбиялайди. Шундагина болалар эзгулик, ўзгаларга ҳурмат кўрсатиш, меҳрибонлик қилиш муҳитида улғаядилар. Бундай ўғлонлар зийрак, солиҳ, ваъдасига вафо қилувчи, зиммасидаги масъулиятли вазифаларни астойдил бажарувчи бўлиб етишади.
Ёш авлодда соғлом эътиқодни тарбиялашда ота-она ва оила аъзоларининг роли етакчилик қилади. Шу сабабли биз кичик ёшли ўқувчиларда эътиқод тарбиясини энг муҳим омил сифатида эътироф этамиз. Халқимиз қадим-қадимдан оилани муқаддас даргоҳ, янги авлод тарбия қилинадиган асосий тарбия ўчоғи деб билади. Фарзанд тарбиясида оиланинг ўрни катта экани халқимизнинг “Қуш уясида кўрганини қилади” деган ҳикматида ҳам ўз ифодасини топган. Соғлом эътиқодни шакллантириш учун юртимизда асрлар давомида шаклланган ислом динида эътиқод тарбиясининг мазмунига махсус тўхталиш зарурлигини тақозо қилади. Ўқувчиларда виждоний покликни тарбиялаш — соғлом эътиқодни шакллантиришнинг марказий вазифаси бўлиб, ундан мақсад ҳар бир бола ўзининг ўқувчилик, фарзандлик, ватанпарварлик, бўлажак фуқаролик бурчларини мукаммал англашига ва уларга амал қилишига, доимо ва ҳамма жойда ростгўй бўлишга, миллий одобга, ватанпарварликка, динлараро бағрикенгликка, миллий ғурурга интилиш ва унга зид хатти-ҳаракатни таний билиш ҳамда уларга қарши туриш, ваъда берса мукаммал бажаришга, билмаган ҳолда хато ёки гуноҳ қилса, дарҳол ўзи кечирим сўрай олишга, ёлғончилик, субутсизликни доимо, ҳамма жойда қоралашга қодирликни шакллантиришдан иборат.
Бизнинг менталитетимиз диний-миллий асосларига кўра, фарзандларни турли ноўрин ва нотўғри хатти-ҳаракатлардан сақлаш, ақл-заковатли, ор-номусли қилиб тарбиялаш оила масъуллари учун мажбуриятдир. Бу масъулиятнинг қанчалик муҳим ва юксаклигини таъкидлаб, Пайғамбаримиз (с.а.в) оила бошлиқларига қарата шундай деган эдилар: “Сизларнинг ҳар бирингиз раҳбарсиз ва ҳар бир раҳбар ўз қўл остидагиларга масъулдир”.
Демак, ёшлар ўртасида маънавий тарбияни янада мустаҳкамлашимиз, тарғибот-ташвиқот ишларида йигит-қизларнинг бугунги дунёқараши, билими, хабардорлик даражаси ва албатта, қизиқишлари, талаб-эҳтиёжларини тўла ҳисобга олишимиз муҳим. Негаки, улар — миллатнинг келажаги, бугунги бунёдкорлик ишларини эртага ишонч ва эътиқод билан давом эттирадиган, янги юксак марраларни эгаллайдиган ворислардир.
Дилором АБДУЛЛАЕВА,
Паркент туманидаги “Наврўз”
ДМТТ директори.