ОКМК – халқаро форум иштирокчиси
Олмалиқ кон-металлургия комбинати вакиллари “MiningMetals Uzbekistan 2026” – 20-юбилей халқаро кончилик иши, металлургия ва металлга ишлов бериш кўргазмаси ҳамда 8-Халқаро кон-металлургия форуми – “UIMF 2026”да иштирок этдилар. Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган мазкур тадбирлар етакчи саноат корхоналари, халқаро компаниялар, инвесторлар, давлат идоралари вакиллари ва соҳа экспертларини бир майдонга жамлади. Ишбилармонлик дастури доирасида мис саноатини ривожлантириш истиқболлари, инвестицияларни жалб этиш, замонавий технологияларни жорий қилиш ва минерал хомашёни чуқур қайта ишлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Юбилей кўргазмаси минтақадаги энг йирик тармоқ майдонларидан бирига айланди. Унда 19 та мамлакатдан 163 та компания ва бренд иштирок этиб, геология-қидирув ишлари, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, металлургия ҳамда металлга ишлов бериш учун мўлжалланган замонавий ишланмалар ва ускуналарни намойиш этди. Экспозициядан кон техникаси ва майдалаш-янчиш ускуналаридан тортиб, лаборатория тизимлари, рақамли платформалар ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш воситаларигача бўлган кенг кўламли технологик ечимлар ўрин олди.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг ягона миллий стендида намойиш этилган мамлакатимизнинг етакчи кон-металлургия корхоналари қаторида Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳам бўлди. ОКМКнинг кўргазмадаги иштироки корхонани мамлакатимиз кончилик ва металлургия саноатида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар нуқтаи назаридан намойиш этиш, шунингдек, хорижий ускуна ишлаб чиқарувчилар ва технологик ҳамкорлар билан профессионал алоқаларни кенгайтириш имконини берди.
Кўргазманинг муҳим таркибий қисми “Ресурслардан глобал имкониятлар сари” шиори остида ўтказилган 8-Халқаро кон-металлургия форуми – “UIMF 2026” бўлди. Форумда 19 та мамлакатдан 500 нафарга яқин мутахассис ва вакиллар иштирок этди. Ишбилармонлик дастуридан Марказий Осиёнинг янги ресурс архитектураси, муҳим минерал ресурслар, кончилик саноатини рақамлаштириш, интеллектуал геология-қидирув ишлари, замонавий инвестиция воситалари, энергия самарадорлиги ва экологик стандартларга бағишланган ялпи мажлислар ҳамда мавзули сессиялар ўрин олди.
Форум ишида ОКМК раҳбариятининг ялпи муҳокамалардаги иштироки алоҳида ўрин тутди. Форумда комбинат “Олмалиқ КМК” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Беҳзод Маматов ҳам иштирок этди. У ўз нутқида Ўзбекистон мис саноатини ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини тақдим этиб, ички бозорни мис маҳсулотлари билан таъминлашда маҳаллий ишлаб чиқаришнинг ортиб бораётган аҳамиятини таъкидлади.
Форумнинг асосий воқеаларидан бири “Марказий Осиёнинг янги ресурс архитектураси” мавзусидаги ялпи сессияси бўлди. Унда давлат органлари вакиллари ва халқаро экспертлар ҳамжамияти иштирок этди. Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Урал Юсупов минтақада барқарор саноат иқтисодиётини шакллантириш, ресурслар хавфсизлигини таъминлаш, юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ривожлантириш ҳамда маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш масалаларига тўхталди.
ОКМКнинг “MiningMetals Uzbekistan 2026” кўргазмаси ва “UIMF 2026” форумидаги иштироки нафақат корхонанинг ишлаб чиқариш ва инвестициявий салоҳиятини намойиш этиш, балки жаҳон кон-металлургия саноатини ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари муҳокамасида фаол қатнашиш имконини ҳам берди.
ОКМКнинг мазкур нуфузли тадбирлардаги иштироки корхонанинг Ўзбекистон замонавий мис саноатини шакллантиришдаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётганини яна бир бор намоён этди.
Муҳаммад КЕНЖА.
