Ўзбекистон

Чайқалиб ётибди нурли бир чаман,

Ой билан офтобнинг буюк ватани.

Тонг каби жилмайиб бахти очилган,

Майсага кўмилиб нурли бадани.

Осмон посбонидир бунда бургутлар,

Чумчуқ чуғуридан тешилади том.

Бу ўлка кўксида ёнар булутлар,

Чинор шохларига қўнганида шом.

Не-не дарёлар бор, югуриб-елиб,

Уммонда қоларлар бир умр яхлаб.

Бу чаман бағрига дарёлар келиб,

Заминга сингарлар ғўзадай шохлаб.

Кўзёшдек тиниқдир бу элда осмон

Шафтоли шохлари қайрилган онда.

Нақш олма юзига югурганда қон,

Офтоб ҳам осилиб толар армонда.

Бу элнинг қадимий ҳар қўшиғида

Бежиз олтин дея аталмас тупроқ.

Симёғочга қўнган қуш тумшуғида

Тилладай нурланиб турибди бошоқ.

Чайқалиб ётади нурли бир чаман,

Юлдуздай сочилиб оламга шони.

Фидойи ўғилман, ёниб ўпаман

Олам остонаси — Ўзбекистонни!

 Тилак Жўра

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 + 19 =