Матбуот хизматлари қандай ишлаши керак?

Жорий йилнинг 23 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Вазирлар Маҳкамаси котибияти ўртасида Меморандум имзоланди. Унда мамлакатимизда давлат органлари ва ташкилотлар матбуот хизматлари раҳбарларининг малакасини ошириш борасида ҳамкорлик алоқалари кўзда тутилган эди. Ушбу ҳамкорлик доирасида Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида британиялик мутахассислар юртимиз вазирлик ва идораларининг матбуот хизмати раҳбарлари учун малака ошириш семинари ўтказди. Қуйида ушбу семинар доирасида олинган маълумотлар ўз аксини топган.

ОАВ эркин бўлган жамиятда журналист ҳар қандай савол билан давлат идораларига мурожаат қилиши мумкин. Шунга яраша давлат идоралари матбуот хизматлари ходимлари ҳам саволларга жавоб беришга доим тайёр бўлишига тўғри келади.

Буюк Британияда давлат идоралари матбуот хизматлари орасида ўзаро мувофиқлашган иш кўриш амалиёти йўлга қўйилган. Мамлакатда бундай шаклда иш юритишни амалга ошириш учун йигирма йил талаб этилган.

Бугунги кунда Буюк Британия ҳукумати қошидаги коммуникация  хизмати учта асосий йўналишда иш олиб боради: давлат хизмати кенгашида тўрт мингта коммуникация ходимлари иши мувофиқлаштирилиб, фаолияти режалаштирилади. Директорлар бўлими коммуникацияларга масъул бўлган раҳбарлар бўлимидир. Айнан шу йўналиш вакиллари томонидан муҳим қарорлар қабул қилинади. Гуруҳ раҳбарлари бўлимида эса мунтазам учрашувлар бўлиб туради. Ушбу бўлимларда қабул қилинган қарорлар ижрочи ходимларга етказилади.

Ҳар бир бўлимнинг функционал  вазифаси бўлиб,  улар қу­йидагича:

ОАВ бўлими. Унда муҳим тадбирлар ўтказилади, ижтимоий тармоқларга маълумотлар киритилади. Матбуот котиблари бевосита шу бўлимда ишлайди.

Ички коммуникациялар бўлими янги йўналиш бўлиб, идорадаги ички ахборотнинг ўзаро тезкор алмашинуви, маълумотнинг тизимли тарқалишига хизмат қилади.

Стратегик коммуникациялар бўлимида узоқ муддатли истиқболли режалар ишлаб чиқилади.

Манфаатли томонларни жалб қилиш бўлимида ҳамкорлик, ўзаро манфаатдор келишув бўйича томонларни жалб қилиш кўзда тутилган.

Стратегик коммуникациялар бўлими узоқ муддатли режалаштиришни мақсад қилса, перспектив режалаштириш қисқароқ муддатни назарда тутади. Бунда ким билан мулоқотга киришиш зарурияти аниқланиб, маълумотларга асосланган ҳолда, керакли қарорлар қабул қилинади. Стратегик коммуникациялар бўлимида камчилик ва ютуқлардан керакли хулоса чиқарилиб, натижани таҳлил қилишни ўз олдига мақсад қилган.

Бош вазир матбуот хизматининг асосий вазифаси журна­листлар билан учрашув, пресс конференция, брифинглар ташкил этиш, соҳани ёритувчи журна­листлар билан алоқага киришиш, ОАВ вакилларига ахборот тақдим этиш, бериладиган ахборотларни режалаштириш, раҳбар билан ОАВ  учрашувларини уюштириш, сафар чоғида раҳбариятга ҳамроҳлик қилиш, аҳолининг мурожаатларига туну кун жавоб беришдан иборат. Қисқаси, бош вазир матбуот хизмати ҳукумат қарорларини аҳолига ўз вақтида, тезкор етказиб беради.

Ҳар ҳафтанинг душанба куни Буюк Британиянинг барча давлат идоралари матбуот котиблари  шахсан учрашиб, ҳафта давомида қиладиган ишларини мувофиқлаштириб оладилар. Қолган кунлари кунлик ишлар режалаштирилади. Жадвални тузишдан мақсад, барча идора вакиллари ОАВдаги чиқишларини келишган ҳолда амалга оширишдир. Шунда давлат ташкилотлари фаолиятига оид ҳар бир янгилик ўз вақтида ОАВда ёритилади.  Коммуникация стратегияси бўлими бу ишларнинг амалга ошишини назорат қилади.

Демократик жамиятда ОАВ вакиллари кутилмаган  саволларини бериши анъанага айланган. Шунинг учун матбуот котиблари ҳафта давомида бўладиган барча янгиликлардан бохабар бўлган ҳолда, ташкилот раҳбарини огоҳлантириб, берилиши мумкин бўлган саволлар рўйхатини, уларга тахминий жавобларни тайёрлаб қўядилар.

Давлат идоралари матбуот хизмати ходимларининг сони ташкилотда ишлайдиган мутахассислар ҳажмига боғлиқ бўлади. Масалан, Буюк Британиянинг меҳнат ва нафақа вазирлигида тўқсон мингга яқин ходим фаолият кўрсатади, шунга яраша мазкур идоранинг матбуот хизматида йигирма беш нафар мутахассис ишлайди.

Бир қарашда Ғарб давлатларида ОАВ эркин, журналистлар истаган мавзудаги материални тайёрлаб, мутасадди раҳбарларга кутилмаган саволларни беришади,  деб ўйлаймиз. Аслида эса Буюк Британиядаги давлат идоралари матбуот хизматлари давлат сиёсатига оид ахборот оқимини режалаштириб, маълум бир тизим асосида ишлашлари кўринмоқда. Соҳа мутахассислари ахборот хавфсизлиги нуқтаи назаридан ОАВ ходимларининг кутилмаган мурожаатларига доим тайёр туришади.

Бугунги глобаллашув жараёнида давлат идораларининг ОАВ учун очиқлиги, ахборотнинг эркин ва тезкор тарқалиши давлат идоралари матбуот хизматлари олдига қатор янги вазифалар қўймоқда. Буюк Британия давлат идоралари матбуот хизматлари фаолияти юртимиз соҳа мутахассислари учун ўзига хос тажриба бўлади, шубҳасиз.

Юлдуз Ортиқова,

филология  фанлари номзоди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − eighteen =