Йилларга татигулик ғоялар

Яқинда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва уюшманинг Сирдарё вилоят бўлими томонидан Гулистон давлат университетида “Янги Ўзбекистон — янгича ижодий ёндашувлар” мавзуида илмий-маърифий анжуман ўтказилди. Унда давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда журналистлар олдида турган долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

— Биз бугун катта ислоҳотлар руҳи билан яшаяпмиз, — деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси  раиси Саъдулла Ҳаким. —Ўтган ой юртимиз учун тарихий вақеаларга бой бўлди. Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Олий Мажлис Сенатида сўзлаган нутқларида ва Олий Мажлисга Мурожаатномасида узоқ йилларга татигулик ғояларни ўртага ташлади.

Президентимизнинг 2020 йилни “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилишида катта маъно бор. Бунга Мурожаатномада келтирилганидек:  “Энг катта бойлик — бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос — бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик — бу билимсизликдир!”.

Анжуманда Президентимизнинг ислоҳотлар муваффақиятида  журналистларнинг айрича роли борлиги ҳақидаги фикр­лари алоҳида таъкидланди. Хусусан, “тўртинчи ҳокимият” вакилларига доир иқтибос сўзма-сўз ўқиб берилди: “Ўтган 3 йил мобайнида Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши ва ижод қилишлари учун ҳуқуқий асослар ва кенг имкониятлар яратилди. Бундан кейин ҳам “тўртинчи ҳокимият” вакилларининг эркин ва холис фаолият юритишлари, мамлакатимизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотларни халқимиз ва халқаро ҳамжамият учун очиқ-ойдин ёритишлари учун барча шарт-шароитларни яратамиз.

Жойлардаги муаммо ва камчиликларни рўй-рост очиб бериш, уларни ҳаққоний ёритишларида мен профессионал журналистларни ҳамиша ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрман”.

Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокимининг ўринбосари Отабек Носиров ҳам мамлакатимизда рўй бераётган туб ислоҳотлар ва унда журналистларнинг роли ҳақида мухтасар сўз билдирди ва 70 йиллик тўйини нишонлаётган Ўзбекис­тон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимининг раҳбари Бойжигит Абдуллаевга вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаевнинг “Таб­рик хати”ни ўқиб эшиттирди.

Ушбу анжуман яна бир байрамга уланиб кетди. Вилоятнинг бош олий ўқув юрти — Гулистон давлат университетининг нашри “Университет овози” газетаси ўзининг 20 йиллигини нишонлади.

Муҳаммадали Аҳмад.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 1 =