Бобур мирзо қандай инсон бўлган?

14 февраль — Заҳириддин Муҳаммад Бобур туғилган кун

Қаён кетмоқдасиз…

Бошимни олиб, эй Бобур, аёқ етганча кетгаймен.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур.

Кимга дунё, кимга кўнгил шоҳ экан,

Дунё деганлари алам, оҳ экан,

Одамга умиди дўст, ҳамроҳ экан,

Қаён кетмоқдасиз, Ҳазрати Бобур?

Иймонни дилида туғдай тутган зот,

Орини тоғлардан баланд этган зот,

Отнинг устида ҳам ашъор битган зот,

Қаён кетмоқдасиз, Ҳазрати Бобур?

Ҳаёт бошдан оёқ бепоён тилсим,

Гоҳ оға сотишин ким ўйлаб билсин,

Қалби қулф касларга Худо бас келсин,

Қаён кетмоқдасиз, Ҳазрати Бобур?

Шу чоғ ёлғиз қўйгин ҳабиби ҳамдам,

Кўнгил зор қақшаса ким қилгай мотам,

Гоҳида ўзидан безаркан одам,

Қаён кетмоқдасиз, Ҳазрати Бобур?

Сиз бирлан бир мумтоз маҳаллар кетди,

Ишқ бунёд этган Тожмаҳаллар кетди,

Ҳумоюн, Комрону Акбарлар кетди,

Қаён кетмоқдасиз, Ҳазрати Бобур?

Етар бас, кўнглимга кетгайман мен ҳам,

Бир гўзал оламга етгайман мен ҳам,

Шу юрт деб,

Шу эл деб ўтгайман мен ҳам,

Қаён кетмоқдасиз, Ҳазрати Бобур?

Ғайрат Мажид

“Ҳижрон аро ёд этиб, мени шод эттинг” дея лутф этади Мирзо Бобур рубоийларидан бирида. Чиндан ҳам, улуғ аждодларни ёд этиш, уларнинг беназир илмий ва бадиий меросини ўрганиш, ҳаёт йўлларини тадқиқ қилиш авлодларнинг бурчидир. Аслида Ватани тарихи билан қизиқмайдиган инсон бўлмаса керак. Айниқса, буюк шахсларнинг ҳаёти ва инсоний характери қизиқ ва ибрат олгуликдир.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахси ҳақида гапирганда, аввало, унинг Аллоҳнинг бир бандаси, инсон сифатида кўрган кечирганлари, мустаҳкам империя қуриш маҳорати ва машаққатлари, оталик меҳри, қариндош­лик анъаналари, характеридаги тантилик ва мардлик каби сифатларини ўрганиш ва ўргатиш муҳим аҳамият касб этади.

Эътироф этиш керак: бобуршунослик илмида заҳматкаш олимларимиз томонидан кўплаб илмий тадқиқотлар, хулоса ва таклифлар илгари сурилган, ҳамон изланишлар давом этмоқда. Аммо тадқиқотчилар даврасидан ташқаридаги одамлар, оддий халқимиз бу жараёндан бехабарлиги, илмий янгиликларнинг омма­боп услубда тақдим этилмаслиги бу борадиги камчилигимиздир балки. Зотан, бу кучли шахс кўп жиҳатдан бугунги авлодларга ўрнак бўла олишини ҳар ким, айниқса, ёш авлод билиши, анг­лаши фойдадан холи бўлмайди.

Биринчи галда Мирзо Бобурнинг ўта ростгўй инсон бўлгани таҳсинга лойиқ. «Бобурнома»ни варақлар эканмиз, унинг оқ қоғоз қаршисида ўзидан фаришта ясаб олмагани, бор гуноҳу савобини рўй-рост ёзганига амин бўламиз. У гоҳ гулларнинг тури-ю рангини санаётган биолог, гоҳ ҳарбий санъатдан сабоқ бераётган саркарда, гоҳ сўзни, шеърни увол қилмасликни ўргатаётган адабиётшунос ва ҳатто касалликлар ташхисию даво йўллари ҳақида фикр билдираётган ҳаким тимсолида гавдаланади.

Нафақат шоҳ ва шоир, балки қомусий олим дея эътироф этилган Мирзо Бобур асарлари ҳануз Ғарб мамлакатларида ҳам севиб ўқилаётгани, қайта-қайта таржима ва янги нашрлар қилинаётганининг бош сабаби ҳам мана шу ростгўйликда бўлса керак. Муаллиф ҳатто ўз камчиликларини-да хаспўшламай айтаверади. У замондошларини ва биз авлодларини алдамагани учун ҳам ҳурматга лойиқ.

Тарихнавис Ғиёсиддин Хондамирнинг «Ҳабиб ус-сияр» асарида Мирзо Бобурнинг туғилган вақти ва болалигига доир шундай тас­вирлар бор: «Мирзо Умаршайх ибн Мирзо Абу Саид ибн Мирзо Султон Муҳаммад ибн Мирзо Мироншоҳ ибн жаҳон олувчи соҳибқирони Амир Темур Кўрагонга атолар бахш этувчи ҳазрат хотини Нигорхоним бинта Юнусхонда бир ўғил каромат қилдиким, ҳам болалик айёми бошидан давлат ва иқбол нурлари ҳоли жамолидин ялтирар, ҳам ўсиб-улғайиш замони аввалидан шавкат ва истиқлол аломати бахт келажакли манглайидан билиниб турарди».

Бола бошидан деганларидек, тарихчи Хондамирнинг маълумот беришича, Мирзо Бобур болалигиданоқ «давлат ва иқбол нурлари ҳоли жамолидин ялтирар», кейинчалик тарбияту илм кўра бошлагач «ўсиб-улғайиш замони аввалидан шавкат ва истиқлол аломати бахт келажакли мангла­йидан билиниб турарди». Муҳаммад Ҳайдарнинг «Тарихи Рашидий» асаридан эса бу улуғ бобомизнинг исмлари ҳам шунчаки қўйилмаганини билиш мумкин. Яъни Заҳириддин Муҳаммад исми Хўжа Аҳрор Валий томонидан қўйилган экан. Шу ўринда эслатиб ўтайлик: даврининг китоб кўрган, маърифатли инсонлари билан бамаслаҳат фарзандларига исм қўйиш ота-боболаримизнинг яхши анъанаси бўлган. Шуни қайта ёдга олиш ҳам бугуннинг зарур эҳтиёжидир. Зотан, исмнинг жисмга, руҳга кўчиши бор гап.

Темурийлардаги маърифат аҳлига ҳурмат ва ҳомийлик хислати Мирзо Бобур характерида ҳам муҳим ўрин тутган. Биргина мисол: у бир хасталикка учрагач, Аллоҳ кўнг­лига «Волидия»ни назмий таржима қилиш ниятини солади. Бу ҳақда унинг ўзи шундай ёзади: «Сешанба кечаси сафар ойининг йигирма еттисида ҳазрат Хожа Убайдуллоҳнинг «Волидия» рисоласини назм қилмоқ хотиримға кечти. Ҳазратнинг руҳиға илтижо қилиб, кўнглумга кечурдимким, агар бу манзум ул ҳазратнинг мақбули бўлур, худ нечукким, соҳиби «Қасидаи бурда»нинг қасидаси мақбул тушуб, ўзи афлиж маразидан халос бўлди, мен доғи бу оризадин қутулуб, назмимнинг қабулиға далиле бўлғусидур». Аллоҳнинг кароматини қарангки, таржимадан сўнг Бобур мирзо жисмида касалликдан асар ҳам қолмайди. Подшоҳ мана шу таржимасидан нусха ва унга қўшиб бир қуйма олтин, битта қитъа Мовароуннаҳрга ўша давр­­да Нақшбандия тариқати пешвоси бўлган Махдуми Аъзамга юборгани тарихий манбаларда қайд этилган. Махдуми Аъзам ҳазрат унга жавобан «Бобурия» асарини ёзиб, шоҳ ва шоирга туҳфа қилган экан.

Аҳли илм ва аҳли адабиётга Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ихлосу ҳомийлиги ҳақида жуда кўп далиллар келтириш мумкин.

Мирзо Бобурдан инсоний ибрат олишга арзийдиган яна бир жиҳат унинг қариндош-­уруғ аёллар ва умуман хотин-қизларга меҳру муҳаб­батли, самимий муносабатидир. Бу ҳақда ростгўй отанинг ҳақсўз қизи Гулбаданбегимнинг «Ҳумоюннома»сида бир қанча ҳикоялар бор. Жумладан, у шундай ёзади: «Подшоҳ ҳазратлари Агра шаҳрида тўрт йил турдилар. Ҳар жума куни аммаларини кўргани борар эдилар. Бир кун ҳаво ниҳоятда иссиқ эди, онам ҳазратлари: «Бугун ҳаво ниҳоятда иссиқ, агар жума куни кўргани бормасангиз нима бўлади? Бегимлар бундан хафа бўлмасалар керак», деб сўрадилар. Подшоҳ онамга мана бундай жавоб бердилар: «Моҳим, сиздан бу гапнинг чиқиши таажжубдир. Ҳазрат Абу Саид мирзонинг қизлари ўз ота ва биродарларидан жудо бўлиб, бу ерга келган, агар мен уларнинг кўнглини олмасам, унда нима бўлади?»

Мана шу мисолнинг ўзиёқ Заҳириддин Муҳаммаднинг нақадар олижаноб қалб эгаси эканини исботлайди. Бир жиян сифатида отасининг жигарлари — аммалари ҳолидан ҳар ҳафта, муборак жума кунида ҳол-аҳвол сўраши бугунги кун инсонлари учун ҳам гўзал ибратдир. Баъзан вақт масаласи, иш кўплигини пеш қилиб, аслида оқибатсизлик сабаб бизни соғинадиган, қўмсайдиган инсонларимизнинг ҳолидан хабар олмаймиз. Бу тарихий ҳикоя ҳам оқибат ҳақида гўзал намунадир.

Яна бир тарихий далил: 1506-1507 йилларда Мирзо Бобур Ҳиротга кетганидан фойдаланган Мирзо Муҳаммад Ҳусайн қўзғалон кўтариб, шаҳарни қамал қилиб, Кобул тахтини эгаллаган. Бобур мирзо бу жойни қайта қўлга киритгач, Мирзо Муҳаммадни хоинлигига қарамай, кичик холаси Хўбнигорхонимнинг эри – поччаси бўлгани учунгина кечирган, нафақат кечирган, балки эҳтиром кўрсатган экан. Бу ҳақда Гулбаданбегим шундай ёзади: «…холаларининг хотирини қилиб, Мирзо Муҳаммад Ҳусайннинг гуноҳини кечдилар. Холаларининг кўнглида бўлиб ўтган кулфат ғубори қолмасин деб илгаригидан ортиқроқ ҳурмат қилдилар». Гувоҳи бўлганимиздек, холасининг кўнглини оғритмаслик ғамини еган Бобур бу борада ҳам кўпчилигимизга ибрат десак, хато бўлмас.

Гулбаданбегим онаси Моҳимбегим ва ўзига нисбатан подшоҳ отасининг меҳрини ҳам чиройли тасвирлаган. Чунончи, у ўзининг Қобулдан Ҳиндистонга келиш воқеасини алоҳида иштиёқ билан баён этади. Улар Аграга базм устига келишади. Бироздан сўнг Гулбаданбегим отасининг олдига бориб таъзим қилади, шунда Бобур мирзо ундан ҳол-аҳвол сўраб, бир неча муддат тиззасига олиб ўтирган экан (ўшанда малика олти ёшда бўлган). Бу ҳақда Гулбаданбегим «…ўзимни шундай бахтли ҳис қилдимки, уни тасвир қилиб бўлмайди» дей­ди. Бундан ота ва қизнинг самимий руҳдаги муносабатини илғаш мумкин.

“Бобурнома” мутолааси жараёнида кузатиш мумкинки, подшоҳ Бобур ўғиллар тарбиясида анчайин қаттиққўллик қилган кўринади. Бу Ҳумоюн мирзога ёзган хатларидан сезилади. Аслида саройда ўз соҳасининг энг олди бўлган мутафаккир устозлардан тарбия олган йигитнинг имлоси ёмон бўлиши мумкин эмас. Шундай эмасми? Аммо барибир, подшоҳ Бобурнинг Ҳумоюндан кўнгли тўлмайди. Имло устида, ҳуснихат устида кўпроқ ишлаш, эътиборли бўлишни қатъий талаб қилади: «Яна мен дегандек, бу хатларингни битибсен ва ўқимайсен, не учунким, агар ўқур хаёл қилсанг эди, ўқийолмас эдинг. Ўқий олмагандан сўнг албатта тағйир берур эдинг. Хатингни худ ташвиш била ўқиса бўлур, вале асру муғлақдур. Насри муаммо ҳеч киши кўрган эмас. Имлонг ёмон эмас. Агарчи хейли рост эмас. «илтифотни «то» била битибсен. Қулунжни «ё» била битибсен. Хатингни худ ҳар тавр қилиб ўқуса бўладур, вале бу муғлақ алфозингдин мақсуд тамом мафҳум бўлмайдур».

«Бобурнома»ни мутолаа қиларканмиз, муаллифнинг дўстлари, навкарлари даврасида нақадар мард, танти, қўли очиқ инсон бўлганини тасаввур қиламиз. Дўстлар даврасида мутойиба йўлида шеърлар ёзилгани, мушоиралар бўлганини ҳам эслайди. Айниқса, Иброҳим Лўдийга берган баҳоси тасвирланган ўринда унинг раҳбарлар характеридаги қайси жиҳатларни ёқтирмаганини аниқ илғаш мумкин: «Тенгри таоло рост келтурди не йигитини рози қила олди, не хазинасини улаша олди. Қандин йигитини ризо қила олурким, табиатиға имсок (хасислик) кўп ғолиб эди. Ўзи ярмоқ йиғиштурмоққа беҳад толиб, бетажриба йигит эди. Не келиши саранжомлиқ эди, не туруши, не юруши эҳтимомлиқ эди, не уруши».

Айниқса, Бобур сийратидаги мулоҳазакорлик, босиқлик, танганинг ҳар икки томонини ҳам бирдай кўра олиш қобилиятини эътироф этиш лозим. У кимдир ҳақида маълумот берар экан, унинг фазилатларини санай туриб, камчилигини ҳам унутмайди. Ҳатто душманлари тасвирида ҳам уларнинг қусурларини санай туриб, ҳеч бўлмаганда «табъи назми» борлигини эътироф этади. Шу боис ҳам, унинг «Рос­ти шу эдики, ёзилди» деган гапи мутлақ ишонарли.

Мирзо Бобурнинг Ватанга қайтиш мақсади умрининг охиригача юрагида бўлган. «Ва­қое»да муаллифнинг бу ҳақдаги ичкин туйғуларига кўп марта дуч келамиз: «Бизнинг эҳтимомимиз ул сарилар бормоққа беҳад ва беғояттур. Ҳиндустон ишлари ҳам бир навъ сомон топиб келадур. Тенгри таолодин умид андоқким, бу оранинг иши Тенгри таоло инояти била бот саранжом топқай. Бу иш заб­тидин сўнг бетаваққуф, Тенгри еткурса, мутаважжиҳ бўлғумдур. Ул вилоятларнинг латофатларини киши нечук унутқай. Алалхусус мундоқ тойиб ва торик бўлғонда қовун ва узумдек машруъ ҳазни киши не тавр хотирдин чиқаргай».

Тан олиб айтамизки, бу маълумотлар Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шахс сифатидаги қирраларини очишда денгиздан томчи кабидир.

Ситора Тожиддинова,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × three =