Ижодкорнинг қалб изҳори

Амирқул Карим шоир, публицист, таржимон сифатида адабиёт мухлисларига яхши таниш. Унинг яқин 30 йил ичида республикамизнинг нуфузли нашриётларида босилиб чиққан “Шабнам тераётган қуёш”, “Кўк қушлари” шеърий тўпламлари, “Тарихнинг узилган парчаси”, “Истиқлол тарихидан лавҳалар”, “Боқий атиргуллар”, “Мукаммал инсонни излаб” бадиий – публицистик китоблари, Соҳибқирон шахси ва салтанати тарихи ҳақидаги “Амир Темур ўгитлари”, “Буюклик йўли” китоблари муаллиф ижодининг энг яхши намуналари сифатида кўпчилик томонидан эътироф этилган ва ўқувчилари томонидан севиб ўқилмоқда.

А.Карим В.Череванскийнинг “Амир Темур” тарихий қиссаси, Нобель мукофоти лауреати Ж.Стейнбекнинг “Жавоҳир” қиссаси, рус шоири, таниқли хонанда В.Висотс­кийнинг “Тақиқланган қўшиқлар” шеърий тўпламининг моҳир таржимони сифатида ҳам ўқувчиларига яхши таниш.

Яқинда А.Каримнинг “Oltin meros press” нашриётида бирданига учта – “Басё юрти мўъжизалари”, “Боқий атиргуллар”, “Идел мавжлари” китоб­лари босилиб чиқди.

Таниқли журналист А.Каримнинг Японияга сафари натижасида юзага келган “Басё юрти мўъжизалари” китобида кунчиқар юрт иқтисодий мўъжизаси сири, япон хал­қи маънавиятининг ўзига хос жиҳатлари, миллийлик ҳамда демо­кратик анъаналар уйғунлигига эришиш тажрибаси, халқ оғзаки ижоди, адабиёти, оммавий ахборот воситалари, Ўзбекистон ва Япониянинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, фан, маориф, таълим, санъат, маданият, спорт соҳаларидаги ўзаро дўстона алоқалари, ҳамкорлиги ҳақида ҳикоя қилинган.

Шунингдек, китобда Ўзбекистон билан Япония алоқалари тарихи, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг яқинда кунчиқар мамлакатга ташрифидан кейин, бу икки мамлакат ўртасидаги турли соҳалардаги алоқалар бўйича янги саҳифалар очилгани ҳақида янги, аниқ факт, рақамлар, қўшимча маълумотлар келтирилганки, бу омиллар ўқувчи мушоҳадасини янада бойитишга асос бўлади, дейиш мумкин.

Китобдан “Кунчиқар юрт мўъжизаси”, “Японлар севган Ўзбекистон”, “Садако турналари”, “Рёанжи боғининг ҳикмати”, “Япония ОАВ”, “Урф ва одат: японча табассум”, “Икебана”, “Япония шеърияти. Мацуо Басё”, “Япония насри. Акутагава Рёноскэ” сарлавҳалари остидан жой олган публицистик мақолаларда япон халқининг урф-одатлари, анъана, маданиятининг ўзига хос жиҳатларидан тортиб, шеърияти-ю адабиёти ҳақида жуда қизиқарли, батафсил, айтиш лозимки, маҳорат билан ёзилган.

“Басё юрти мўъжизалари” китоби сиёсатшунослар, шарқшунос, японшунос мутахассислар, шунинг­дек, кунчиқар юрт ташқи ва ички сиёсати, адабиёти, санъати билан қизиқувчи юртимиз кўпминг сонли китобхонларига манзур бўлади, деб ишонч билдириш мумкин.

Амирқул Каримнинг “Боқий атиргуллар” адабий-бадиий бадиҳаси жой олган китобчасида дунё­даги энг мўътабар туйғулар — эзгулик, меҳр-муҳаббат, мурувват, одоб-ахлоқ ва беғубор самимийлик ҳақида ёзилган. Китобчадаги ҳаё­тий лав­ҳаларда муаллифнинг болалиги ҳақидаги ёрқин хотиралари — йўлларини пўрсилдоқ тупроқ қоплаган қишлоқ, кенг далалардаги рассом мўйқалами ҳам таърифлашга ожизлик қиладиган гўзал манзаралар, бўлиб ўтган қизиқ-қизиқ воқеа­лар соғинч, ички бир энтикиш билан эсланади ва ўқувчи ҳам беихтиёр ўша олис, узоқ-узоқларда қолиб кетган болалигидаги беғубор, беташвиш дамларга қайтади, эслаб, қўмсаган ҳолда, оғир хўрсиниб қўяди.

Бадиҳада ота билан бола муносабати, уларнинг бир-бирларини тушуниб етиш йўллари ҳақидаги ички кечинмалар муаллифнинг болалигида ота-она меҳрини қандай туйганлиги, бу бебаҳо, лаззатли туйғуни туйишга эришиш йўлида ота ва онанинг фарзандига меҳр-муҳаббати, ҳаётдаги ўрни, намуна бўладиган томонлари, ўша дамларда отаси билан бўлиб ўтган ҳаётий воқеалар билан боғлиқ тарз­да кўрсатиб берилган.

Мазкур бадиҳанинг ёшлар, ҳатто ота-оналарга ҳам ибрат бўладиган томонлари шундаки, инсон хоҳ ёш, хоҳ катта ёшда бўлсин, ўзаро тушунишга ҳаракат қилиб, бир-бирининг кўнглига йўл топа билиши керак.

“Боқий атиргуллар” китобчасининг кирилча ва лотин алифбосида чоп этилгани янада кўпроқ ўқувчиларнинг бадиҳани ҳеч бир монеликсиз ўқишлари учун қулай бўлганлигини таъкидлаб ўтишни истардик.

“Туркий халқлар шеърияти” рукни остида босилиб чиққан “Идел мавжлари” китобида Татаристон шоирлари шеърларидан ўзбек тилига ўгирилган таржималар жамланган.

Татар адиблари асарлари илк таржимонлари – Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний, Миртемирларнинг анъаналарини давом эттирган ҳолда, Амир­қул Карим татар халқ қўшиқларидан бир нечтасини, жумладан, буюк татар халқ шоири Абдулла Тўқайнинг “Она тилим”, “Туғилган овулим”, “Бўлмаса”, “Алла” шеърларини татар тилидан ўзбек тилига моҳирона ўгирган. Шунингдек, А.Карим ёш татар адибларидан Рифат Салехов, Юлдуз Минуллина, Эльвира Хадиева, Лилия Гибадуллинанинг шеърларини рус тилидан ўзбек тилига таржима қилган ва ушбу тўпламга киритган.

“Идел мавжлари” тўпламидан шоир Тоҳир Қаҳҳорнинг татар шоирларидан Дардман, Зариф Башарий, Зиннур Мансуров, Ренат Харис, Сибат Ҳаким, Миразиз Уқмасий, Нажиб Думавий, Шайхзода Бабич, Нурий Арслоновнинг шеър­ларини татар тилидан ўзбек тилига қилган таржималари ҳам жой олган.

Кўплаб татар мумтоз ва ёш шоирлари ижодидан ўзбек тилига таржима қилиниб, тўплам ҳолига келтирилган шеърият гулдастасининг ўқувчиларини ўзига жалб қиладиган яна бир жиҳати, яъни тўпламда татар шоирларининг шеърлари матни она тилларида ҳам берилган.

Бу шеърлар жамланмаси катта аудиторияга эга бўлган ўзбек китобхонлари, шунингдек, мамлакатимизда истиқомат қилаётган кўпминг сонли қардош татар миллати ўқувчиларининг ҳам эътирофига сазовор бўлади, деган ишонч­дамиз.

Юсуф Ҳамдамов,

ЎзМУ доценти.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 + four =