Она тилимиз фидойиси бўлайлик!

Она тили шеърларда, адабиётда яйраб яшайди, баралла янг­райди, гуркираб яшнайди. Ҳа, шеърият — назм, адабиёт тилнинг хазинаси, хазинабонидир. Ҳазрат Навоий шарафлаганларидай:

 Бўлмаса эъжоз мақомида назм,

Бўлмас эди Тенгри каломида назм.

Машҳур авар шоири Расул Ҳамзатов таъкидлаганларидай: “Оналар – Аллоҳнинг ердаги ваколатли инсонлари. Оналар – дунёнинг биринчи шоир­лари”. Тил садолари оналаримиз аллалари, ширин сўзлари орқали юрагимизга сингади. Ана шу сўзларни умр бўйи асраш ва бойитган ҳолда келгуси авлодларга етказиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.Чунки тил яшаса миллат яшайди. Миллат давлат бўлиб, дунё харитасида ўзининг тарихий ўрнини эгаллайди.

Она тилига фидойиликни таниқли болқор шоири Қайсин Қулиевдан ҳар қанча ўргансак арзийди. Қайсин оға улғайган диёрда атиги 40 мингга яқин болқорлар яшарди. Тилшунослар яхши билишади, бундай камсонли миллатларда оналар алла айтишмаса, ашуг (бахши)лари куйламаса, шоир ва адиблари она тилида ижод қилишмаса уларнинг тилига унутилиш хавфи ҳар лаҳзада таҳдид солади. Буни юракдан ҳис қилган ёш Қайсин она тилида шеърлар ёзди ва мухлислар эътиборини қозонди. 1943 йилда, яъни 26 ёшли Қайсин Қулиевнинг номзоди адабиёт йўналишида Давлат мукофотига қў­йилди.

Аммо 1944 йилда болқор халқи ўз Ватанидан мажбуран кўчирилгани сабаб Қайсин Қулиевга Давлат мукофоти берилмади. Қайсин Қулиевга болқорлар диёрида, ҳатто Москвада яшашига рухсат этилганига қарамай, у халқи билан бирга Қирғизистонга келди. Чунки она тили ва шеър халқдан куч олади. Рус тилини яхши билгани учун Қайсин оға Қирғизистон Ёзувчилар уюшмасида рус адабиёти бўлимини бошқарди. У қирғиз тилини мустақил равишда ўрганди (шуни мамнуният билан эслатишим керак, Қайсин оға Навоийдай буюк шоири бор ўзбек адабиётини аслиятдан ўқиш учун ўзбек тилимизни ҳам мустақил равишда ўрганган) ва қирғиз адибларининг асарларини рус тилига таржима қилди. Шундай таржималаридан бири Давлат мукофотига муносиб кўрилди.Отаси қатағон йилларида қатл этилган Чингиз Айтматовнинг ҳикоялари ҳеч жойда нашр қилинмаётган вақтда “бошини кундага қўйган ҳолда” уни қўллаб-қувватлади, катта адабиётнинг эшикларини очди.

Устоз шоир рус тилини яхши билса ҳам болқор тилида ижод қилишда давом этди, жаҳон адабиёти хазинасига “Ярадор тош”, “Қояларга илтижо”, “Она тилимга бахшида қўшиқ”, “Муҳаббатим мадҳияси” каби шеър-дос­тонларини ва машҳур   “Қиш эди…” романини туҳфа этди. Унинг асарлари камсонли болқор халқи тилида ёзилган бўлишига қарамай ҳозирги кунда дунё­нинг 146 тилига таржима қилинди. Муҳими, Қайсин Қулиев каби фидойи болқор адиб­лари хизматлари туфайли дунёда болқор тили яшаяпти.

Онажоним ҳақда этмасман инкор,

Сизга меҳр билан сўзладим бисёр.

Ахир, ўз онасин севмаган одам,

Севмас ўзгаларнинг онасини ҳам.

Юқоридаги мисраларни юрак қони билан ёзган Қайсин оға ўз она тили фидойиси бўлиш билан бирга камсонли миллатларнинг тилларини асрашда ҳам жонбоз­лик кўрсатди. Мустабид тузум ғояпарастлари мамлакатда ягона тилни ривожлантиришни тарғиб қила бош­лашди. Улар ўзларининг пуч иддао­ларини олимларга тасдиқлатиб олиш мақсадида ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида Москвада Фанлар академиясининг мажлисини ўтказишди. Депутат бўлгани учунгина Қайсин Қулиев шу мажлисда нутқ сўзлашга муваффақ бўлди: “Айримлар камсонли миллатларнинг тили ўлади, деб гапираётганидан хабарим бор. Буни олимлар эмас, ҳаётнинг ўзи ҳал қилади. Она тили — ҳар биримиз учун табаррук тупроқ ва меҳрибон онамиз нафаси…” Бу нутқдан олимлар сергак тортишди.

Ўша даврда олимлар зийрак эди, ҳар хил пуч иддаоларни қўллаб-қувватламасди. Биргина мисол: мус­табид тузум раҳбарлари машҳур академик Анд­рей Сахаровни барча унвон ва мукофотларидан маҳрум этишгач, Фанлар академиясига унинг академиклик унвонини бекор қилиш тўғрисида буйруқ беришди. Сизга ҳам маълум, Фанлар академиясидаги олимлар бу бемаъни буйруқни бажаришмади.

Афсуски, мажлисда камсонли миллатларнинг тилларини ёқлаб нутқ сўзлаган Қайсин Қулиев кейинги 12 йил давомида депутатликка сайланмади. Иккинчи жаҳон уруши жангларида тобланган шоир она тилини ёқлаб янги шеърларини ёзди:

Тил халққа суворийдай, навкардай доим посбон,

Донишманддай, деҳқондан

                                      ҳар ишда доим дастёр.

Шу боис тил халқ каби мангуликка дахлдор,

Агар ўлса у, ҳалок бўлар мисли қаҳрамон.

Бу мисраларни ўқиган ғояпарастлар ҳам мамлакатдаги 150 дан ортиқ тиллар қаҳрамонларча ҳалок бўлса қандай фожиалар рўй беришини кўз олдиларига келтиришди. Кейинроқ Қайсин оға қуйидаги оташин мисраларида она тилининг инсон ҳаётидаги ўрнини оддий сўзларда бадиий ифода қилди:

Она тилим! Жонли неъматсан бешак,

Бизга куч берасан ва завқли ижод.

Биз сени эшитсак, сенда гаплашсак,

Демак, биз ҳаётмиз, демак, биз ҳаёт.

Дунёдаги тиллар фидойи инсонлар қаҳрамонликлари туфайли йиллар, асрлар оша бизгача етиб келган. Чингиз Айтматов Қайсин Қулиев китобига ёзган сўзбошисида устозининг “Менинг эътиқодим шу: шоир она Ватани учун оғир дамларда олдинги сафларда бўлиши керак. Қўрқоқлик ва лоқайдлик шоирларга ёт хислатдир, бу она тилида тасаввур қилишни билмаслик ва жозибасини ҳис эта олмасликка ўхшайди” сўзларини иқтибос келтириб, фик­рини шундай давом эттирган: “Эътибор беринг, она тилида тасаввур қилиш қаҳрамонликка тенг­лаштириляпти. Қаҳрамонлик фақатгина аскарларнинг жангда кўрсатган ботирлиги эмас”. Дарҳақиқат, она тилини асраш ва уни ривожлантириш фидойиликни, баъзан қаҳрамонлик кўрсатишни талаб қилади.

Бизнинг Қайсин Қулиевга нисбатан вазифамиз бирмунча осон ва лекин жуда масъулиятли. Чунки бизнинг Ватанимиз – Ўзбекистон мустақил давлат, ўзбек тилимиз давлат тили мақомига эга. Ҳар биримиз она тилимизни янада ривожлантириш ва жаҳондаги ўзининг юқори мавқеини эгаллаши учун Қайсин оғага нисбатан кўпроқ фидойилик, зарур пайтда қаҳрамонлик кўрсатишимиз керак бўлади. Ахир, дунёда ўзбеклар, ўзбекча сўзлашувчилар кўп бўлгани билан она тилимизни ривожлантирадиган макон битта бу — ­ЎЗБЕКИСТОН!

Асрор МЎМИН,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan