Бугунги болалар жуда зукко, уларни алдаб бўлмайди

Президентимизнинг 2017 йил 30 сентябрдаги “Ўзбек­истон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан Республикада мактабгача таълим алоҳида тизим сифатида шакллантирилди. Шу тариқа, мамлакатимиздаги мактабгача таълим муассасалари фаолия­ти ўрганиб чиқилганда, узоқ йиллар давомида ушбу тизим эътибордан четда қолгани маълум бўлди.

Ўтган даврда Самарқанд вилояти мактабгача таълим тизимида амалга оширилган ишлар тўғрисида бош­қарма бошлиғи Шуҳрат РАҲМОНОВ билан суҳбатда бўлдик.

— Кейинги йилларда мактабгача таълим тизимида олиб борилган ислоҳотлар Янгиланиш даврининг дебоча босқичларидан бири эди. Айтингчи, вилоят миқ­ёсида ҳам замонга монанд амалий ишлар қилиндими?

— Биринчи навбатда, мактаб ёшигача бўлган болаларни боғчаларга жалб этиш, тарбияни таълим билан бирга олиб борилишини йўлга қўйиш учун мактабгача таълим дастури ишлаб чиқилди. Замон биз ўйлагандан кўра шиддат билан илдамлаб бораяпти. Бугунги болалар кечаги болаларга қараганда ўзгача фикрлайдиган, атрофга энди оддий, содда болаларча эмас, балки мулоҳаза билан маънили разм солаяпти.

Мактабгача таълим тизимининг жорий этилгани бежиз эмас, таълим ва тарбия қанчалик барвақт олиб борилса, бола давр билан баробар фикр юритадиган, ён-веридаги воқеа ва ҳодисаларга ўзгача назар билан қарашни ўрганадиган бўлади. Бир сўз билан айтганда, янги авлод баркамол бўлиб вояга етадиган давр бошланаяпти.

Вилоят мактабгача таълим тизимида янгича мазмунда, сезиларли равишда ижобий ўзгаришлар ва ислоҳотлар олиб борилмоқда. Айниқса, мавжуд давлат боғчаларининг моддий-техник базасини тубдан яхшилаш, соҳага замонавий таълим методларини жорий қилиш, нодавлат, давлат-хусусий шерикчилик ва оилавий шаклдаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш орқали барча болаларни кенг қамровда боғчаларга жалб этиш осонлашди. Бундай дейишимга сабаб, бугунги МТТлар замонавий типда ташкил этилмоқда. Уларнинг онгини ўстиришда математика, физика ва кимёга оид амалий ўйин турлари боғчаларимизга кириб келди.

Маданий ҳордиқ олиш, бадантарбия машқлари билан шуғулланиш ҳамда кўнгилочар ўйингоҳлар ҳам бола эътиборини тортади. Оилаларда мактаб ёшигача бўлган фарзандларини ўзи истаган муассасага бериш имкони ҳам туғилди. Асосийси, бугунги кунда хорижий тилларга ихтисослаштирилган боғчалар фаолият юрита бошлади.  

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, эндиликда боғчага борган бола билан боғчага бормаган бола ўртасида катта фарқ сезилади. Бу боланинг дунёқараши, психологияси, юриш-туриши, одоб-ахлоқида яққол намоён бўлади.

— Албатта, тезкор ривожланаётган даврга қараб қадам ташлашни вақтнинг ўзи талаб этаяпти. Вилоятнинг айрим   туманларида тарқоқ қишлоқлар бор. Баъзи қишлоқларда 20-30 чоғли хонадонлар мавжуд. Ана шу ҳудудлардаги болаларни ҳам боғчаларга жалб этиш ишлари нечоғли йўлга қўйилган?  

— Аввало, сизга шуни айтсам, вилоятда 2017 йилда жами 564 та боғчалар фаолият юритган. Шундан, 555 таси давлат, 8 таси нодавлат ва 1 та хусусий ташкилотга қарашли эди. Ачинарлиси, 305 068 нафар мактабгача ёшдаги болаларнинг 63 006 нафари (20,9 фоиз) мактабгача таълим билан қамраб олинганди.

Қувонарлиси, 2020 йил 1 октябрга келиб, жами 2 022 та мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритмоқда. Шундан 674 таси давлат, 1347 таси нодав­лат(73 таси хусусий, 1 197 таси оилавий ва 77 таси ДХШ асосида) ва 1 таси ташкилотга тегишли.

Кўриниб турибдики, вилоят бўйича жами 323916 нафар 3-7 ёшгача бўлган болаларнинг 169436 нафари (52,3 фоиз) мактабгача таълим ташкилотларига жалб этилди. Лекин бу кўрсаткич ҳали етарли эмас.

Албатта, янгиланаётган тизимнинг афзалликларини аҳоли онгига етказа билсак, жойларда одамларнинг ўзи ҳам хусусий МТТ очиш ташаббуси билан чиқади. Мен бунга аминман.

— Шу кунларда ривожланган давлатлардаги ўта ривожланган тизимни мамлакатимизда жорий этишни тезлаштирдик. Аммо бунга ҳали одамлар тайёрмиди, сиз нима деб ўйлайсиз? Бугун аҳолининг кўпчилик қисми янгиланишларни тезда қабул қила олмаётгани рост. Тарғибот йўналишида вилоят Мактабгача таълим бошқармасида қандай ишлар амалга оширилаяпти?

— Гапингизга қўшиламан. Анча йиллар олдин бозор муносабатлари жорий этилган эди. Лекин орамизда бозор сиёсатини, иқтисодини ҳалигача тушуниб етмаганлар топилади. Айрим туманларимизда аҳолининг дунёқараши, фикрлаши эски замондан қолган иш юритиш услубига мослашиб қолган. Яъни, “давлат таъминлаб берсин”, деган. Ўтган давр мобайнида одамларда “йўқ, давлат эмас, ўзимга ўзим таъминлашим керак”, деган фикр пайдо бўлди. Кўриниб турибдики, аҳоли аста-секин бўлса-да, албатта, англаб етмоқда. Биз энди эскича яшай олмаймиз. Ҳатто, иш фаолиятимизни ҳам бугунги давр талабига мослаштиришимиз керак.

Албатта, ҳар қандай янгиликлар кишилар онгига аста-секинлик билан сингиб боради. Ҳеч бир замонда шахс шуурига янги давр юксалишларини мажбурлаб сингдириб бўлмаган. Одамлар, аввало, ўзи анг­лаб етиб, кундалик фаолиятига ўзгариш кирита бошласа Янги Ўзбекистоннинг мус­таҳкам пойдеворини яратишимиз тезлашади. Бугунги янгиланишлар, биринчи нав­батда, одамларда кўникма ҳосил қилиш, ҳар бир шахс ўз эркинлигини ўзи таъминлаши лозимлигини амалда исботлашга қаратилган.

Сизга мамнуният билан шуни айтишим мумкин, биргина Самарқанд вилоятини оладиган бўлсак, янгиланиш даврига ҳамоҳанг қадам ташлаётган одамларимиз сони кун сайин кўпайиб бораяпти. Хусусий мулкка эгалик қилиш, амалдаги қонунчилик асосида иш юритиш, давлатимиз томонидан яратилган ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимига мослашиш жадаллашмоқда. Бугунги шахсда мақташга арзигулик ўзгаришлар бор.

Дейлик, 2020 йилнинг ўтган 9 ойи давомида қуввати 66610 ўринли 57 та мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилди, жумладан, 22 та (3 415 ўринли) давлат боғчалари, 6 та (400 ўринли) хусусий ва 29 та (2795 ўринли) давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчалар иш бошлади. Бундан кўринадики, одамларда мактабгача таълим тизимига талаб ошмоқда.

Давлатимиз мамлакатимизга хориж инвестициясини киритишидан мақсад, аввало, хорижнинг илғор технологиясини ўзимизда жорий этишга қаратилган. Собиқ Иттифоқ даврида компьютер, уяли алоқа воситалари ва бошқа технологиялар одамларнинг ухлаб тушига ҳам кирмаган эди. Мустақилликнинг илк йилларида мамлакатимизга компьютер, тикув-тўқув ва бошқа техникаларнинг эскирган вариантлари кириб келди. Гарчи, бу Европа учун ишлаш муддатини ўтаган, ташландиқ эса-да, биз учун янгилик эди.

Эндиликда одамларнинг дунёқараши ўзгарди. Нима эски, нима янги эканини анг­лаб етадиган авлод пайдо бўлаяпти. Биз Янги Ўзбекистон, Янгиланиш даврини, яъни Учинчи Ренессанс даврини бош­лаш арафасидамиз. Энди аҳолига улар истаётган сифатли, энг муҳими, самарали ишлайдиган ўта замонавий техник воситаларни ишлаб чиқаришга, таълим тизимига олиб киришимиз керак. Янгича яшаш вақти аллақачон келди.

2020 йилнинг ўтган 9 ойида ана шундай техник жиҳозларга эга умумий лойиҳа қиймати 69 миллиард 463 миллион сўм, шундан кредит маблағи 46 миллиард 78 миллион сўм, ўз маблағлари ҳисобидан 23 миллиард 385 миллион сўмлик 2 795 ўринли 29 та давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилотларидан 4 тасида қўшимча келишувга асосан 250 та янги қувват яратилди.

Шундай қилиб, жорий йилда инвестиция дастури доирасида яна 47 та 6385 ўринли мактабгача таълим ташкилотларини қуриш ва фойдаланишга топшириш белгиланган.

Бундан ташқари, туманларда бўш турган ижтимоий соҳа объектлари ва ҳокимликлар балансида турган жами 18 та бинолар туман ҳокимларининг қарорлари   асосида мактабгача таълим тизими балансига ўтказилиб, маҳаллий бюджет ҳамда ҳомийлар маблағлари ҳисобидан таъмирланиб, 2100 ўринли мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этиш кўзда тутилган.

— Ўзингизга маълум, қиш мавсуми арафасида турибмиз. Вилоятнинг чекка ҳудудларидаги боғчаларнинг кўплари ҳалигача чўян печларда иситилади. Дарахтларнинг қуриган шох-шаббалари ўтин сифатида ишлатилади. Хоналар ис газига димиқади. Айтингчи, бу йилги қишда болаларнинг мусаффо, тоза, иссиқ хоналарда, эркин таълим-тарбия олишларига қандай шароитлар яратилмоқда?  

— Тўғри, вилоятимиз ҳудуди анчайин кенг, айниқса, тоғ олди, чорвага ихтисос­лашган дала қишлоқларда аҳвол сиз айт­ганингиздек эди. Аммо 2020-2021 йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйи­­ча алоҳида чора-тадбирлар белгиланди. Боя айтганимдек, энди одамлар алимсоқдан қолган матоҳларга кўнмайди. Шунинг учун 88 та мактабгача таълим ташкилотларини жорий таъмирлаш ишларига 7,4 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бугунги кунда 80 тасида таъмирлаш ишлари 91,0 фоизга бажарилган.

Шуни ҳам айтиб қўяй, бугунги имкония­тимиз вилоят бўйича таъмирталаб боғчаларни тўлиқ қамраб олишга етмайди. Аммо бу дегани таъмирлаш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилади дегани эмас, белгиланган режа асосида барча таъмирталаб боғчалар замонавий кўринишга келтирилади. Бу ишларга ҳомийларни жалб этаяпмиз. Режага кўра, хусусий, оилавий ва давлат-хусусий шерикчилик асосида янги боғчалар қуриш ва фойдаланишга топшириш ишлари ҳам олиб борилаяпти.

Ҳозирда мавжуд 48 та иситиш қозонлари ўрнига тежамкор иситиш ускуналари ўрнатилди. 32 та қозонхоналар таъмирланди. Вилоятдаги 26 та давлат мактабгача таълим ташкилотларида, сиз айтган, “буржуйка печлари” ўрнига, энерго тежамкор иситиш тизими ўрнатилди. 88 та давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги 523 та “буржуйка печлари”ни эса энерго тежамкор иситиш тизимига ўтказиш ишлари маҳаллий ҳокимлик ва ҳудудий секторлар ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

— Замонавий боғчалар яратиш баробарида болаларга таълим-тарбия беришда етук кадрларга ҳам эҳтиёж бор. Бу масала тизимда қандай ҳал этилмоқда?

— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 майдаги “Мактабгача таълим тизими учун кадрлар тайёрлашни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Самарқанд вилоятидаги 11 та педагогика коллежлари Мактабгача таълим вазирлиги тасарруфига ўтказилгани келажакда етук кадрлар тайёрланишига замин яратади.

Айтиш керакки, 2019-2020 ўқув йилида вазирлик тасарруфидаги 11 та педагогика коллежларида таҳсил олган 2831 битирувчи ўрта-махсус касб-ҳунар таълими дипломини олди. Улардан 1726 нафари умумтаълим мактабларининг 9-синфини битирган ўқувчилар, 1105 нафари эса 11-синф ҳажмида тўлов-шартнома асосида ўқиганлардир.

Мактабгача таълим ташкилотларида фаолият кўрсатиш учун талаб қилинадиган 6 та, яъни “Мактабгача таълим”, “Мактабгача таълим ёрдамчи тарбиячиси”, “Мусиқий таълим”, “Жисмоний тарбия”, “Ошпаз, қандолатчи” ва “Мактабгача таълим ташкилотлари маиший масалалар менежери” мутахассисликлари бўйича қабул жараёни давом этмоқда.

Тизимда ишлаётган педагог кадрлар салоҳиятини ошириш масаласига келсак, айни дамда Мактабгача таълим тизими раҳбар ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида 482 нафар раҳбар ва педагог ходимлар, вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказида 400 нафар тарбия­чилар, Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази Самарқанд филиа­лида 60 нафар жисмоний тарбия йўриқчиларининг малака ошириши режалаштирилган.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида эса вилоят мактабгача таълим тизимининг 393 нафар раҳбар ва педагог ходимлари, 309 нафар тарбиячилар, 45 нафар жисмоний тарбия йўриқчилари малака ошириш курс­ларида ўқув машғулотларини ўташди. Шунингдек, йил охиригача яна 265 нафар раҳбар, 633 нафар педагог ходимларнинг малакаси оширилади.

Қўшимча равишда, жорий йилда Давлат бошқарув академиясининг Самарқанд ҳудудий филиалида бошқармамизнинг 11 нафар ходимларидан 9 нафари “Замонавий бошқарув ва бошқарув маҳорати” йўналишида 72 соатлик курсда малака оширди.

— Ҳозирги пандемия шароитида боғчаларга қамраб олинмаган болаларнинг эртаси учун ҳам аниқ режалар борми?

— Биринчи навбатда, ота-оналар билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Биргаликда болаларнинг бўш вақтларини мароқли ўтказишда педагоглар ва ота-оналар гуруҳи ташкил этилиб, доимий машғулотлар олиб борилмокда. Шу билан бирга, онлайн тарзда машғулотлар, топшириқлар, турли ўйинлар, кўргазмалар ёрдамида тавсиялар бериб бориш йўлга қўйилган. Тар­бияланувчиларнинг бажарган амалий ишларини рағбатлантириб бориш юзасидан онлайн кўрик-танловлар ҳам ташкил этилган.

Убайдулла ХЎЖАНИЁЗОВ суҳбатлашди.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan