Сен туркий дунёнинг ғолиб хаёли
Рауф ПАРФИ
Муаллиф ҳақида: Рауф Парфи 1943 йил Тошкент вилоятининг Шўралисой қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири.
Шоирнинг “Карвон йўли” (1968), “Акс-садо” (1970), “Тасвир” (1973), “Хотирот” (1974), “Кўзлар” (1976), “Қайтиш” (1981), “Сабр дарахти” (1986), “Сукунат” (1991), “Тавба” (2001) шеърий тўпламлари чоп этилган.
Рауф Парфи Байроннинг “Манфред”, Нозим Ҳикматнинг “Инсон манзаралари”, Карло Каладзенинг “Денгиз хаёли” ва бошқа жаҳон шеърияти классикларининг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.
Шоир 2005 йили вафот этган.
Шу ожиз ҳолимда шоирманми мен?
Чўлпон
Она тилим, сен руҳимнинг қаноти,
Абуттурк нафаси, Олтой чечаги.
Хун давридан омон келди Ғиротинг,
Қутлуғ Энасойнинг эзгу эртаги.
Ўрхун бўйларида тошга айландинг,
Кўкларга санчилдинг, Турон бўлдинг Сен,
Мангулик сафарга қачон шайландинг?
Қачон бу аламга — кучга тўлдинг Сен?
Порлоқ осмонингда қузғунлар учди.
Э воҳ, ёғийларинг солди яғмони.
Ёғийларинг жигар қонингни ичди.
Жигар-қон жарангги тутди жаҳонни,
Онасен. Кечирдинг, қонидан кечдинг,
Бироқ кечирмадинг асло ёлғонни.
Дунё оқ эмасдир, йўқ, қора бардош,
Куйиб ёдимиздан кечганлар айтсин.
Сўзларида заҳар, кўзларида тош,
Элидан, тилидан кечганлар айтсин.
Тунлар босиб келар дунё ҳасрати
Кунлар гизли туғён, босиб келар шеър.
Нечук қисмат эрур, шоир қисмати?!
Тушларимни бузар ҳазрат Алишер…
Йиллар баҳоримни учирди чалқиб,
Музларга кўчирди ўтлуқ ёзимни.
Ахтардим муҳитда хас каби қалқиб —
Мен ўз Юлдузимни, ўз Қуёшимни…
Юлдуз сен, Қуёш сен, сен она халқим,
Сен учун синдирдим синмас созимни.
Оҳ, шоир қисмати, ярқироқ, гулгун,
Завқларга тўлар у, бир сўзни излар.
Дунёда ҳеч бир зот билмас, не учун,
Айрича кулар у, айрича бўзлар.
Йўлсизлик йўлдоши, толеи нигун
Ҳеч қачон тўярми ахир ёвузлар.
Бу халқ душмани, деб тутсалар бир кун,
Барибир, у халқнинг номидан сўзлар.
Бошида қора қиш, оппоқ баҳорлар,
Юраги яриму бутун иймони,
Талотум оламни шивирлаб чорлар.
Тани омонатдир, нақд эрур жони,
Кўкрак қафасида ловуллаб порлар
Буюк муҳаббатнинг қонли нишони.
ОНА ТИЛИМ
1. Абут-Турк тарихдан балки бир ҳикмат
Бироқ сен борсан-ку Турон элинда.
Шоир, Сўз айтмакка сен шошма фақат,
Улуғ Алишернинг қутлуғ тилинда.
Ул олис қуёшдир куйиниб ёнар,
Олис хотиротлар ўчмас фалакда.
Ҳақдан, Ҳақиқатдан кўринг, ким тонар?
Дунёвий аламнинг тийғи юракда.
Ватан деб аталган бешик, онажон,
Мен учун ёпилган эшик, онажон,
Мен сокин солланиб илғаб борарман.
Ватан деб аталган тобут қўйнида,
Чувалган булутни қордек қорарман,
Руҳимнинг панжаси чақмоқ бўйнида.
2. Ҳеч зот уза билмас узилган жонни,
Ҳақиқатни уза билмас ҳеч қачон.
Элим, она тилим, руҳимнинг қони,
Бир имдод сўрайман сендан, онажон.
Чаёнзор йўлидир борар йўлларим,
Таним ёнмактадир ишқсиз очунда,
Кўкларга тўқинар сўнгак қўлларим,
Оёқларим менинг тупроқ ичинда.
Барчанинг бошида бирдек беомон,
Манхус замонларнинг ўлик шамоли, —
Бузғун йигирманчи аср аъмоли…
Менинг она тилим, мунис, меҳрибон,
Сен Туркий Дунёнинг ғолиб хаёли —
Сени ёзажакман, тирилган жаҳон.
3. Улуғ Туркистоним, олтин далалар,
Офтоб сочқи сочар бош узра балқиб,
У сенинг тилингда айтар аллалар,
Қоним, она тилим, оҳ, она халқим.
Навоий байтига ўхшайди йўллар,
Бу тошлар Ҳамзанинг қотили, ҳайҳот!
Наҳотки умрбод ўртаса ўйлар,
Умрбод занжирбанд этса хотирот?!
Занжирбандман, она тилим Она Сўзингга,
Кундайин сўларман, ойдек тўларман,
Мил каби тортарман Сени кўзимга.
Мен ғариб бандангман. Бир Сўз тиларман,
Бошимни қўярман Сенинг изингга,
Қудсия анфосин айтиб ўларман.
ТУРКИСТОН ЁДИ
Нақадар узундир, оғирдир бу йўл,
Далалар ястаниб ётар кўк каби.
Тиғлаб хотирамни осмон — чеки йўқ,
Тизгинсиз бу шиддат кенглик асаби.
Бу кенгликда ўйлар мени ғижимлар,
Ул ўз қофиясин судраб келадир.
Қанча қочсанг шунча қилгай ҳужумлар,
Ўқ сингари хотирамни тиладир.
Теграмда зич ҳаво — она Туркистон,
Оъргай томиримни кўр ҳаяжоним.
Бу майдон ичинда мен тўкмаган қон,
Менинг уни дея аяган жоним.
Яна йироқларга чорлайдир мозий,
Ватан тушунчаси келар етаклаб
Айрилган, хўрланган улус овозин,
Шоирнинг бешиги айтар эртаклар.
Яссавий мақбари мунғаймиш мағрур.
Товушга айланди ҳар бир ғишт ранги.
“Дунё менинг деганлар…” Нидо келур.
“Каркас қушдек…” Қадим сўзлар жарангги.
“Оълғон даъво қилганлар…” Сўзлар шоир.
“Оқни қаро деганлар…” Айтинг, кимлар?!
Мақбара бошимга йиқилар ҳозир,
Яна товуш: “Ҳаром еган ҳокимлар…”
Парчин-парчин бўлди ёдим симлари,
Симлар — кўзларимга мил тортган чизгу.
Ўтган улуғларни эслайман барин,
Хотирот мозори — Туркистон мангу.
Кеча содиқ ўғлинг ўтди дунёдан,
Сахий инсон эди, у шоир эди.
Санчилиб яшайди бир умр ёдда,
Кетаётиб, мен йиғлаб, бўлдим, деди.
Йиғла энди кўзим, сен-да йиғлаб ол,
Тўйсин кўз ёшингга бу туркий стам.
Тўйсин, Ватан ёди чидар бемалол.
О, сабр дарахти, қутлуғ Туркистон.
Нақадар узундир, оғирдир бу йўл.
АБДУРАУФ ФИТРАТ
Нега сени чулғаб олди бунча тиконлар?
Нега чиқди юрагингдан юзга бу доғлар?
Абдурауф ФИТРАТ
I. Ажаб мудҳиш қаро тун кафан тутар,
Бир замон тинмайдир, изғирар шамол.
Дарё кўпирадир, одамни ютар,
Ул гўзалдир, ул ирганчдир, ул хаёл.
Риёзат қамчиси каби савайдир
Алкан ёмғир бузғун танизоримни…
Улуғ Туркистонни кимлар севмайдир?!
Фиравнлар севмас менинг боримни.
Фироқнинг нағмасин чалар най синиқ,
Исрофнинг ичиндан силқир бу наво,
Таралар, ҳув, чўккан тоғлардан тиниқ.
Риёлар, ришватлар… Заҳарли ҳаво.
Азон товушини тинглайман оғир.
Туркистон. Қора тун. Шамол ва ёмғир.
II. Айтадир ой дардин булут қўйнида,
Булутлар ҳурпайган, на-да қорадир.
Дорлари муҳаққаҳ азлом бўйнида,
Унутилган, хўрланган халқ борадир.
Рақам қилди менга манфур жаҳолат,
Алам ортган карвон борар мунғайиб.
Уринадир, суринадир, бу ҳолат
Фақат пайдо бўлур ва бирдан ғойиб.
Фасиҳалар кўринар сочлари олов,
Ивирсир арвоҳлар кўзи-қўли қон…
Туркистон, Туркистон, мукаррам ялов…
Рад этдимми сени, қолдимми бежон?
Аламим шаъмлари сўндими, она?
Тилагим юлдузи тўндими, она?
III. Айрилиқ шамшири бошимда синди,
Борлиғим чопилди, ичдим қонимни,
Дунё тарихини ўқиб юкиндим,
Уйқудан уйғотдим Туркистонимни.
Ризқимизни ахир кимларга бердик,
Ахир одам эдик, муҳтож, нотавон.
Улар хирмон-хирмон, биз нушқурт тердик,
Фарёдимиз етиб бормас ҳеч қачон.
Фалокат устига фалокат тутди,
Интиқом, интиқом, дедим, югурдим…
Туркистон, Туркистон, Туркистон ўтди –
Разолат қабринда бош эгиб турдим.
Ай улуғ тоғларим, ай шонли Турон,
Токай уйғонмассан, ай қонли Турон.
