Прокуратура ёшларни иш билан таъминлашга кўмак бермоқда

Президентимиз 2021 йил 27 январь куни ўтказган видеоселектор йиғилишида секторлар раҳбарларига ёшлар билан янгича ишлаш тизимини яратиш, ёшлар бандлигини таъминлаш вазифасини юклаган эди.

Яқинда Самарқанд шаҳар прокуратураси ташаббуси билан “Касблар фестивали” ташкил этилиб, “Ҳар бир тадбиркор — ёшларга мададкор” шиори остида “Меҳнат ярмаркаси” ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида “1+1” лойиҳаси доирасида 107 нафар ёш 34 нафар ҳунармандга, 69 нафар қиз, 10 нафар тикувчига жами 176 нафар йигит-қиз касб-корликнинг турли хил йўна­лишларида фаолият олиб бораётган моҳир усталарига бириктирилди.

Бундан ташқари, 11-синф ўқувчиларининг 100 нафари дарсдан ташқари, бўш вақтларида касб-ҳунарга ўқитилмоқда, ўқишлари якунида уларга ишга жойлашиш имконини берувчи сертификатлар топширилади.

“Ёшлар” ва “Аёллар” дафтарида рўйхатда турганларнинг 361 нафари профессионал таълим тизимидаги касб-ҳунар мактаби ва техникумларда ташкил этилган қисқа муддатли қайта тайёрлов курсларига ўқишга жалб қилинди, шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, 361 нафар рўйхатда турганлар билан ҳудудий бандлик бўлимлари, иш берувчи ташкилот ва профессионал таълим бошқармаси ўртасида 4 томонлама шартнома имзоланиб, ушбу шартнома шартларига кўра, улар таълим тизимидаги мутахассис кадрлар томонидан ўқитилади, ҳудудий бандлик бўлимлари стипендия тўлайди ва иш берувчи ўқув курси тугаганидан кейин ишга олиши лозим бўлади.

Ёшлар ва хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш уларни “камбағалликдан чиқариш” мақсадида эса “Касблар фестивали” давомида “Ёшлар дафтари”га киритилган 20 нафар ёшга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун имтиёзли кредитлар ажратилиши белгиланган сертификатлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож 3 нафар хотин-қизга тикув машиналари топширилди.

Шунингдек, ташкил этилган “Меҳнат ярмаркаси”да Самарқанд шаҳрида фаолият олиб бораётган 20 та саноат корхонаси ўзининг 783 та бўш иш ўрни билан қатнашди, ярмаркага асосан 2-сектор ҳудудида яшовчи уюшмаган ёшлар, “озодликдан маҳрум қилиш” билан боғлиқ бўлмаган жиноий жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар, муқим иш ўрни бўлмаганлиги сабабли, вояга етмаган фарзандларига ўз вақтида алимент тўлашга қийналаётган оталар ва ишсиз ёшлар таклиф этилди.

Тадбир давомида 60 нафар ёш, ИИБ пробация хизматида рўйхатда турган 18 нафар маҳкум доимий ишга жойлаштирилиб, 7 нафари қайта тайёрлов курсларига юборилди.

Шунингдек, Ургут тумани прокуратураси мутасаддилари томонидан ҳам тизимли иш юритиш тартиби йўлга қўйилган.

Хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун тадбиркорликка жалб қилиш, шу тариқа, рўйхатдан чиқариш вазифалари тизимли амалга оширилмоқда. Бунинг учун “saxovat.argos.uz” маълумотлар базаси фаолияти йўлга қўйилган.

Ҳозирги пандемия шароитида боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг мунтазам равишда ҳолидан хабар олиш, кундалик эҳтиёж маҳсулотларини етказиб бериш ҳам тизимли олиб борилаяпти.

Шунингдек, “Саховат ва кўмак” доирасида 1901 оила рўйхати шакл­лантирилган бўлиб, улар 13 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланмоқда. Қўшимча равишда, иқтисодий етишмовчиликлар кузатилаётган 70 та оила аниқланиб, улар “Темир дафтар”га киритилган.

Тумандаги “Юқори Санчиқул” ва “Деҳқонобод” маҳаллаларида яшовчи 50 нафар фуқарони иш билан таъминлаш мақсадида 1 донадан инкубатор (жўжа очириш мосламаси) ускунасини олиб беришга келишилди.

“Сариқтепа” маҳалласи ҳудудидаги 150 гектар бўш ер майдони шу маҳаллада истиқомат қилувчи вақтинча ишсиз 120 нафар ёшларнинг ҳар бирига 0,5-0,8 гектардан ажратиб берилди. Уларнинг “Ёшлар боғи”ни ташкил қилиш ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда.

“Ургут сифат парранда” МЧЖга Туркияда ишлаб чиқарилган инкубатор ва Хитой маҳсулоти озуқа ем тайёрловчи дастгоҳ олиб келинди. Шундай қилиб, эндиликда туманда истиқомат қилаётган вақтинча ишсиз ёшларнинг каттагина қисми иш билан таъминланадиган бўлди.

Ҳа, Самарқанд шаҳар ва Ургут туман прокурорлари бугун нафақат жиноятчиликка қарши, балки уни келтириб чиқарадиган асосий омил — ишсизликни камайтириши, аҳолини қийнаётган энг оғриқли масалаларни ҳал этиш билан ҳам курашмоқда.

Убайдулла ХЎЖАНИЁЗОВ,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × three =