ОНАЖОНЛАР, РАНЖИМАНГ!

Ёки садоқатнинг, эътиқоднинг, эзгуликнинг чегараси бўлмайди

Тарки одат — амри маҳол дейдилар, билган ва кўрган во­қеаларим қалбимга тинчлик бермади. Гарчи маҳалла раиси, онахонларнинг яқинлари ҳазрати Жалолиддин Румийнинг “Фиҳи мо фиҳий”, яъни “Нимаки унададир — ундандир,” деган улуғ ҳикматларини эслатишса-да, бу воқеадан шунчалик мутаассир бўлдимки, уни муштарийларимизга улашишни лозим, деб билдим. Бу ҳақда сал кейинроқ…

Абдулла Қаҳҳорнинг “Кампирлар сим қоқди,” номли ҳикоясини ўқигансиз. Кампирлар ишлашиб, режани бажаришгач, марказқўмгача жар солиб “рапорт” — билдирги беришади. Ҳа, энди бу мустабид тузум маънавий мафкура(идеология)сининг ўзига хос бадиий “қизил портрети,” деса ҳам бўлади. Аслида-чи, аслида ўзини кўз-кўз қилиш миллатимиз феълига, менталитетига мутлақо хос бўлмаган нарса. Улуғ боболаримиз ўнг қўлинг берганини, чап қўлинг билмасин, деган ҳикматни бежиз айтишмаган. Болалик пайтларимизда Сурхон воҳасининг Кўҳитанг тоғ этакларида яйраб қўй боққанмиз. Ўтган асрнинг 50- йилларида бешқўтонлик чорвадорлар эрта баҳордан ана шу ерларни макон қилишарди. Айниқса, баҳор сер­ёғин келганда Кўҳитанг қир-адирлари жуда жозибали ва тароватли бўлиб кетарди. Ўсимлик дунёси чорвага жуда юқумли ва порам бўлади. Ундаги ҳар бир тепалик, сой ва жилғалар болалик ҳайрати билан юрагимиз қатларига муҳрланган. Адир этагида харобгина Музработ ота қабристони бўларди. Биз у ерда мол боқиш тугул яқинлашишга ҳам юрагимиз дов бермасди. Бешқўтон чўлига мустақилликдан сўнг ана шу қабристоннинг номини беришганда анча пайтгача ўзимга келолмаганман.
Нима эмиш Бешқўтон ўрисчасига қўпол эшитилармиш. Бу ҳар қалай, собиқ коммунистларнинг фикри ва тушунчаси эди…
Ана энди, муддаога ўтсак бўлади. Яқин танишимнинг акаси вафот этган экан. Телефон орқали жанозага айтди. Дарҳол ишни йиғиштириб бордим. Тумонат одам. Саратоннинг чилласида васият вожиб деб марҳумни Термиз шаҳридан Музработ ота қабристонига олиб бордик. Оралиқ масофа бир юз ўттиз чақиримдан узоқроқ, одамлар иссиқдан эзилиб кетишди. Етиб боргач, мангулик манзилини кўриб ҳайратда қолдим. Атрофлари тош билан жимжимадор қилиб ўралган. Мақбарадан тортиб, таҳоратхона, айвонлар, йўлаклар шарқона бунёд этилган. Бежирим ва маҳобатли темир дарвоза қўйилган. Ўн беш чоғли Хоразм, Самарқанддан келган усталар қўли қўлига тегмай ишлашяпти. Маросим ниҳоясига етгач, касбим тақозосидан у-бу нарсани суриштирдим. Усталар ва ишчилар биз айтилган ишларни бажараяпмиз, бошқасини билмаймиз дейишди.
Кимдир фалонча мулла бобо билади деди. Бир гал йўлим тушганда мулла бобони топиб учрашдим. Гап айлангач, шунча хайрли ва савоб ишларни қилаётган Ҳотамтой ким экан, бундай ҳурматли инсон ҳақида бир нарсалар қораламоқ ниятида келдим, деб сўрадим. “Ҳомийни нима қиласиз, бориб бажарилган ишларни кўринг” деди. Ўжарлик билан туриб олдим. Қария ранжиб оғир сўниш олди: “Болам, оталаримиз зарини, завжасини, зурриётини кўз-кўз этишмаган, омонатга хиёнат қилишмаган. Бу нарсалар ор ва номус ҳисобланган. Зар пинҳона, зан пинҳона, деган нақл шундан қолган бўлса керак. Бир куни бир аёл киши келди. Бошидан ўтганларни гапириб, агар менинг шартимга рози бўлсангиз, қабристон ва зиёратгоҳни эл кўргудай обод қиламиз деди. Биринчидан, менинг кимлигимни ҳеч кимга айтмайсиз. Иккинчидан, энг диёнатли, ўзингиз ишонган кишини иш бошқарувчи қилиб қўясиз. Аёлнинг севимли умр йўлдоши ва ўғли бир пайтлар шу қабристонга қўйилган экан. Ўзи Россияда ишлармикан, яшармикан билмадим. Бандасининг лафзи, васияти ҳам омонатдай гап, унга хиёнат қилиш Аллоҳга шак келтириш билан баравар. Болам, энди менга рухсат, жума намозига боришим керак”, дея суҳбатга мулла бобо якун ясади.
Ўзимча чамаладим, бу ерда камида икки миллиард сўмдан кўпроқ иш бажарилган. Мана сизга онанинг, умр йўлдошининг саховати ва матонати! Мана сизга Садоқатнинг, Эътиқоднинг, Эзгуликнинг тимсоли! Мавлоно Румий ҳазратларининг “Ичиндаги ичиндадир,” деган каломининг ботиний моҳияти шунда эмасми, деб ўйладим.
Ҳаммамиз гувоҳмиз, ўтган йилдан бери пандемия туфайли халқимиз, давлатимиз оғир синовларни бошдан кечирди. Музработ туманидаги “Меҳнатобод” маҳалласида хайрли ишлар бўлаётгани қулоғимга чалиниб қолди. Маҳалла бешта қишлоқдан иборат. 827 хўжаликда 4747 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалланинг катта автомобиль трассаси бўйлаб жойлашган қисмидаги фуқаролар бирор жойга бориш учун икки чақиримдан ортиқроқ йўл юришига тўғри келарди. Сабаби асфальт йўл ёқалаб катта анҳор ўтган. Ўтган йили айни пахта терим пайтида кўприк қурилгани туфайли маҳалла аҳлининг узоғи яқин, оғири енгил бўлди. Маҳалла раисига шу нарсани давлат режасига киритганларингиз зап хайр­­ли иш бўпти, деганмизда кутилмаган жавобни олдик.
Маълум бўлишича, туманиннг “Шаффоф” маҳалласида яшовчи зиёли онахон Мавлуда Алимназарова тўсатдан бетоб бўлиб қолибди. Аҳволи оғирлашгач, турмуш ўртоғи ва ўғилларини чорлаб: “Ҳажга бораман деб узоқ йиллардан буён пенсия пулимни йиғиб юргандим. Шуни Мавлон ота қабристонини ободонлаштиришга ва кўприк қуришга сарфлайсизлар,” деб васият қилибди.
— Бу кенгга кенг, торга тор дунё. Охиратлари обод бўлсин, бу кўприк онахоннинг маблағи ҳисобига ёдгорлик сифатида ҳашар йўли билан қурилди, — дейди “Меҳнатобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рустам Алимназаров. — Туман ҳокимлигининг қарори билан Мавлон ота қаб­ристонига беш гектар ер ажратилганди. Қабристонга ўтиш жойи сал ноқулай бўлганлиги учун бу ерда ҳам мустаҳкам кўприк қуриб, унинг атрофини панжара билан ўраб, чиройли дарвоза ўрнатишди. Яна юз метр жойини асфальт қилишди.. Буларнинг бари марҳума онахоннинг етмиш миллиондан ортиқ маблағи ҳисобига амалга оширилди. Яқинда яна бир онахонимиз Зулфизар Жумаева йиғиб юрган нафақа пуллари ҳисобига маҳалланинг икки километр йўлига тош тўктириб таъмирлатди.
Яна бир ибратли ҳол, рўзаи Рамазон ойи шарафига ҳамда Хотира ва қадрлаш куни олдидан қабристонни ободонлаштириш мақсадида ўнлаб савобталаб инсонлар шахсий жамғармаси ҳисобига ҳашар уюштиришган. Кимлардир юзлаб арча ва гул кўчатларини экишган. Йўллар равон қилинган, шинам айвонлар, дарвозалар ва панжаралар рисоладагидек бўялган. Кўрганнинг кўзи қувонади. Мана миллий қадриятларимиз, миллатимизнинг фақат ва фақат ўзига хос бўлган феъли, менталитети!
Бугун бир ночор қарияга бир кило шакар, ёки ногирон кишига бир қути ёғ ҳадя қилишдан олдин ойнаижаҳон мухбирларини, газеталар вакилларин чорлаб, оғзини кўпиртирганча дунёга жар солаётган айрим “савоб талаб ҳотамтойлар” бу ўйинлар ҳидоят, саховат, ҳадя эмас, таъма ва мақтанчоқликдир! Ёки хижолатли ҳолатдаги бандани янада хижолат қилишдан бошқа нарса эмас! Савоб учун Аллоҳ йўлида миллионлаб, миллиардлаб маблағ сарфлаб, яна исми шарифларини сир тутишни илтижо қилган онахонлар ҳадянгизни, эзгу тилак ва илтижоларингизни Яратган қабули даргоҳ қилсин. Биргина ўтинчимиз, омонатни ошкор қилганимиз боис одобсизлик дея биздан ранжимасангиз бўлди.

Сафар ОМОН,
“Hurriyat” мухбири.
Сурхондарё.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 + 3 =