Сарҳисоб ва келгуси режалар суҳбати

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан Миллий матбуот марказида Уюшманинг 2021 йилда олиб борган фаолияти якунлари ва 2022 йилга мўлжалланган иш режаси муҳокамасига бағишланган тадбир ўтказилди. Унда Уюшма Бошқаруви аъзолари, Уюшма қошидаги Ижодий кенгашлар раислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Йиғилишда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров  2021 йил давомида уюшма томонидан амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот берди.

– Уюшмамиз томонидан 2021 йилда жами 157 та давра суҳбати, 87 та тақдимот, 29 та семинар, 46 та медиа-тур, 59 та учрашувлар ҳамда республика даражасида 3 та, ҳудудлар кесимида эса 36 та кўрик-танловлар ўтказилди. Шу билан биргаликда 3 та ҳамкорлик меморандуми имзоланди – деди О.Ўсаров.

Журналистик фаолият билан шуғулланаётган ёки ушбу соҳага алоқадор йўналишда иш юритаётган киши борки, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмасининг фаоллик билан ўтказаётган ҳар бир тадбиридан бевосита бохабар.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 26 июндаги Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча ҳудудларда “Жамият ва оммавий ахборот воситалари” мавзусида минтақавий семинарлар ташкил этилгани, Фарғона вилояти билан ҳамкорликда 2021 йил февраль ойида Фарғонадаги “Чимён” сиҳатгоҳида респуб­лика медиафоруми ўтказилгани журналистикани янада ривожлантириш ва кадрларни рағбатлантиришда муҳим босқич бўлди.

Қолаверса, Уюшманинг Самарқанд вилояти бўлими билан ҳамкорликда “Мамлакатдаги ислоҳотларни ёритишда жанрлар ва журналист маҳоратининг аҳамияти” мавзусида Жиззах, Навоий, Самарқанд вилоятлари журналистлари иштирокида минтақавий семинар ўтказилганлиги алоҳида эътироф этилди.

Тадбирда Уюшманинг 2022 йилга мўлжалланган иш режаси асосида белгиланган чора-тадбирларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 2022−2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳамда уни “Инсон қад­рини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг жорий йилдаги устувор йўналишларини белгилашда аввалги йиллардан фарқли равишда бутунлай янгича ғоя ва мақсадлар асосида ёндашишни мақсад қилгани айтиб ўтилди.

Олимжон Ўсаров жорий йилнинг 24-31 март кунлари Навоий вилоятида “Миллий журналистика: анъаналар давомийлиги ва замонавийлик” мавзусида рес­публика медиафоруми ўтказилиши, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида мамлакатимиз истеъдодли ёш журналистларининг “Умид ёғдуси” семинари, шунингдек, март ойида Жиззах вилоятига пресс-тур уюштириш кўзда тутилаётганини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган хорижий журналистлар  ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида таниқли журналист Сафар Остонов хотирасига бағишлаб мини футбол мусобақаси ҳамда кўп­лаб журналистларни устози бўлган Сайди Умиров хотирасига бағишлаб шахмат мусобақаси, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари журналистлари ўртасида шахмат бўйича Марказий Осиё биринчилиги мусобақаси ўтказилиши ҳам режалаштирилгани эътиборга молик.

— Ҳаммамизга аёнки, Хитой, Корея, Россия каби давлатларнинг Журналистлар уюшмалари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланган. Жорий йил давомида мазкур мамлакатларга ва Туркия, Тожикистон, Озарбайжонга журналистларнинг тажриба алмашишини таъминлаш мақсадида ижодий сафарлар уюштириш, шунингдек, бир қатор чет эл давлатларининг етакчи журналистларининг юртимизга ташрифи ҳамда улар иштирокида мастер класслар ташкил этиш режалаштирилган, — деди О.Ўсаров.

Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Ижодий кенгашлар фаолиятини янада жонлантириш юзасидан қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир давомида “Yurida-Matbuot” дастури тақдимоти ҳам ўтказилди ва Уюшма томонидан лотин алифбосидаги матнларнинг орфографик бехато ёзилишини таъминлашга мўлжалланган “Yurida-Orfo” дастури сертификатлари бир қанча таҳририятларга беғараз ёрдам сифатида топширилди.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 + three =