Ҳамиша сени деб жўш урар юрак

Қосимжон АКБАРОВ

 

Муаллиф ҳақида:

Қосимжон АКБАРОВ — 1957 йили Мингбулоқ туманида туғилган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналис­тика факультетини битирган. 2001 йилдан “Мингбулоқ” газетаси муҳаррири вазифасида фаолият юритиб келмоқда. “Шуҳрат” медали соҳиби, Ўзбекис­тон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.

 

      ОЧАР ОЙ ЮЗ

 

Оқaр ойдин, ёғар ёғду,

Ётар ёғдуда ёлғиз ёр.

Сабаб: маст уйқуда ҳамма —

Эмас уйқуда ёлгиз ёр?

Кўзининг ёшлари милт-милт

Само бошида парвона.

Кўзининг ёшлари милт-милт

Кезар қайғуда ёлғиз ёр.

Ўрилган сочларин ўйнаб

Шамоллар тиндилар бир зум.

Ўрилган соч каби ғам мўл,

Ўзи ўтруда ёлғиз ёр.

Бу бунда зор-зор йиғлаб,

Вафосиз унда кулгайму?

Йиғи мўл топди, ҳасратким,

Ўшал кулгуда ёлғиз ёр.

Юзин кўзгусига чизди

Кўзи инжусидан излар.

Дилин кўзгусидан доғин,

Ювар ё сувда ёлғиз ёр?

Ва ё кўнгил уйига сув сепар-

Мужгонлари намлик.

Супурмак изларин истаб,

Бу дам орзуда ёлғиз ёр?

Сенингдек дилфигор кўпдир,

Унингдек нобакор кўпдир.

Менингдек ғамгусор бирмас,

Йиғинг беҳуда, ёлғиз ёр.

Очар ой юз, учар юлдуз,

Елар ел пардани юлқиб,

Чекиб оҳ, юз ювиб

Кўз ёшидин ёғдуда ёлғиз ёр.

 

              УМР

 

Кунга-кундин ўзга савдо,

Ўзгача озори-ё,

Ё бозорнинг ишқидир бу,

Ишқнинг бозори ё?

У атир кийган ҳавони,

Бу муаттардан сўранг,

Бизга асрори ниҳондир,

Кўҳна дунё бори-ё.

Ҳажри шомининг заволи —

Зулфи мушки, истаманг,

Воҳ, қуриб кетганму биздек

Бемадорга дори ё?

Бир тарафда нозу зарда,

Ғунчалар ғавғолари.

Бир тараф гулдасталарнинг

Янграган “ёр-ёр”и ё.

Мактубни майда-майда

Сочди йиртиб. Мен дедим:

Ё баҳорда ёғди қорлар?

Настаринлар қори ё?

Сокин ўлгин, сўзни асра,

Сози оздир, ози-соз.

Бирнинг инкори қизиқдур,

Биттанинг иқрори ё.

 

       ИШҚ БОҒИДА

 

Мен ийра-олу болу,

Лаблар тиниқмагунча,

У тийра-ёр қўлига,

То қони оқмагунча.

Ойни олиб бўларму,

Олуни бир-бир уздим.

Кулган қуёшчаларнинг

Осмони торми шунча?

Сен тошга чиқмагунча

У уйга кирмагайдур,

У ерга тушмагуйдур

Мен шохга чиқмагунча.

Айт, нега манглайингга

“Рўймол“ илодур олу?

Бошу бўйнингни билмас,

Қизармадик озмунча.

Қон йиғлади лабингда,

Мисли уфқда офтоб.

Васлига ким муяссар

Жонини тикмагунча.

Олу шакарда қайнаб,

Ошиқ бўлиб ширин сўз —

Нордон ўшал ва бул ғўр,

Ўтда чиниқмагунча.

Бу боғда олу болу

Ёрим бўлибдилар жам.

Базмида камчилик бор

Ўзим йўлиқмагунча.

 

              КЎНГИЛ

 

“Йўқман” дея овоза қилиб,

Эшигингга кетибсан илиб…

Шу суҳбатга мен бир гувоҳу,

Илҳом гўё сакради оҳу.

Кулса агар толеъда баҳор,

Йиллар оша кўришсак дийдор.

Розим менинг – ҳасрату армон –

Уюрлари ўйнаса ғужғон.

Ташлаб каманд, этмас эсанг банд,

Ва ўзники билмасанг ҳарчанд,

Ҳаёлларинг бўлса паришон,

Уйингда йўқ экансан, ишон.

Гўё ўйин тарк айлаган руҳ,

Андуҳимга уларкан андуҳ.

Бир сезим йўқ бўлса ҳолингга,

Холи қўйсам яхши ҳолингча.

Ё боғдами, ё тоғда, қирда –

Сен ҳам мени учратиб бирда.

Очсанг кўнгил дастурхонингни,

Сезмас эсам жон-жаҳонингни.

Ва банд бўлсам оғир ўйимда,

Йўқ эканман мен ҳам уйимда.

Ҳатто туриб уйингда бедор,

Уйингда йўқ бўлмоқлигинг бор.

 

            ИЛТИЖО

 

Роббим, ўзинг яратгансан,

Ҳолим мени танг қилма.

Тупроқ қилгин – сув сепилган,

Кўтарилган чанг қилма.

Чанг тўзиғи – бошга чиқар,

Кўзга солар ҳамлани.

Тупроқ эса кафтда тутар,

Бошда тутар ҳаммани.

 

            АНГЛАДИМКИ…

 

Ҳаёт қизиқ экан, қарагин дўстим,

Биров чопон кияр, биров-чи пўстин.

Биров оддий яшаб ўтар ҳаётдан,

Биров бўлмоқ истар дунёга устун.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × two =