Аёлини сийлаган юрт кам бўлмагай…

Мунаввара  УСМОНОВА

 

Муаллиф ҳақида:

Мунаввара Усмонова — 1965 йили Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги Марҳамат қишлоғида туғилган. 1988-1993 йиллар мобайнида Тошкент давлат педагогика институтининг ўзбек филологияси факультетида  таҳсил олди.

Шоиранинг “Дийдор”, “Сизга ўхшасин”, “Соғинч манзили”, “Юрагимдасан, Ватан”, “Бундай элни қайдан топасан”, “Керагимсиз”, “Она, мен келдим”, “Ватан − улуғ дарсхона”,  “Ҳаёт тумори”  каби китоблари  чоп этилган. 

2013 йилда “Шуҳрат” медали, 2021 йили Ўзбекистон Респуб­ликасида хизмат кўрсатган маданият ходими юксак унвони билан тақдирланган. Бугунги кунда “Саодат” журнали бош муҳаррири вазифасида меҳнат қилади.

 

     КЕЛДИМ,  ДЕГИН

Болам, келсанг қай маҳал,

Кўзим  йўлингга маҳтал,

Қошимга келиб ҳар гал,

Она, мен келдим, дегин!

 

Кечиксанг тундан сўраб,

Ҳолингни кундан сўраб,

Турарман йўлинг пойлаб,

Она, мен келдим, дегин!

 

Топган нонинг керакмас,

Мансаб, шонинг керакмас,

Жонинг омон бўлса бас,

Она, мен келдим, дегин!

 

Дўстми ё душман қалам,

Билмайин дилда алам,

Юрак ухламас, болам,

Она, мен келдим, дегин!

 

Гадо қилди бу ҳижрон,

Йўлимни тўсар довон,

Енгмасин десанг армон,

Она, мен келдим, дегин!

 

Кўрмагин ҳеч ёмон кун,

Бахтингни кўрай бутун,

Юрагимга бўл устун,

Она, мен келдим, дегин!

 

Яқинлашиб қолди куз,

Кўксимда бир ҳовуч туз,

Мадор бўлар битта сўз,

Она, мен келдим, дегин!

 

Умр – ўткинчи шамол,

Бир кун қаддим бўлар дол,

Шунда ҳам келмай малол,

Она, мен келдим, дегин!

 

Тилдан қолсам, сўзим  бўл,

Нури кетса, кўзим бўл,

Ортда қолар изим бўл,

Она, мен келдим, дегин!

 

Келса айтар кун видо,

Қисмат айласа жудо,

Бошимда айлаб дуо,

Яна мен келгум, дегин!

 

Мана, мен, келдим, дегин!..

Она, мен келдим, дегин!..

 

                    СОҒИНЧ

Мендан  сўранг соғинчнинг тусин –

Ранглари сомон.

Мен кўрганман соғинчнинг уйин –

Кулбаси вайрон.

 

Йўлаги бор соғинчнинг юрган –

Чеки йўқ армон.

Чечаги  бор соғинчнинг суйган –

Номи заъфарон.

 

Ридоси бор соғинчнинг кийган –

Минг ямоқ чопон.

Ўша соғинч бўлса мен билган –

Бағри тўла қон.

 

Кириб келар изн сўрамай –

Ё гадо, ё хон.

Қанча хўрлаб, қанча ҳайдамай –

Кўчамда сарсон.

 

Жисмимга ўралди, қийнади руҳни –

Оҳ, соғинч – илон.

Биламан, тарк этар мен қулни –

Чиққанида жон…

 

ОНАМ ВА МЕН…

– Она, мушкуллардан ҳоридим

– Ҳаёт синовларга ўч, болам!

– Яқинимдан дилим оғриди…

– Бу чигални аста еч, болам!

 

– Она, сиғмай қолдим, уйим тор…

– Менинг юрагимга кўч, болам!

– Она, ҳолсиз танга не даркор

– Дарҳол туршак сувин ич, болам!

 

– Она, дўстим экан риёкор…

– Ёлғонларнинг мағзи пуч, болам!

– Юрагимда кетмас алам бор…

– Вақт ҳакам, алам ҳеч, болам!

 

– Нега мажруҳ сабру саботим?

– Бор, тоғларни бориб қуч, болам!

– Учар эдим бўлса қанотим,

– Шамол пешин тутиб уч, болам!

 

– Мажолсизман, недан билмадим…

– Дуоларим сенга куч, болам!

– Она, бедорликдан чарчадим…

– Шеърдан, шоирликдан кеч, болам!

 

* * *

Менинг қўлларим қадоқ,

Юрагимда ўсар тоғ,

Ҳали бола ёшимда,

Кетмон чопганман.

 

Менинг билакларим доғ,

Куйган, гоҳ сачраган ёғ,

Ўйнаб кулар чоғимда,

Нонлар ёпганман.

 

Синган тирноқларим ҳам,

Пардозига вақтим кам,

Тирналиб, тортса ситам,

Йиғлаб ўпганман.

 

Шу элнинг боласиман,

Бир кўзи қорасиман,

Шу тупроққа бош уриб,

Тилло топганман…

 

               СИНГЛИМГА

Кеча оқшом сим қоқиб қолдинг,

Овозингдан келарди титроқ.

Афсус билан дейман, опаман,

Нега ҳол сўрмадим аввалроқ?

 

Сен-ку фиғон қилмадинг, аммо

Титроқларинг кўчди жонимга.

Ҳасратларинг бўлишармидим,

Бўлсам эди ҳозир ёнингда.

 

“Опа, сизни соғиндим!” дейсан,

Мен биламан, кўзинг жиққа ёш.

“Хўп, соғинсанг нега келмайсан?”

Ўйланаман, бунча бағрим тош.

 

“Бир кун мен ҳам бориб қоларман,

Йўл олис-да… болаларим ёш.

Юрагим кўп толиқди бугун,

Нимагадир кўнглим жуда ғаш”.

 

Қучоғингда ухлайди боланг,

Унсиз йиғлаяпсан, биламан.

Олисман-у, жонимда  ноланг,

Сени қалбим билан кўраман.

 

Бу беш кунлик дунёни мингга

Бўлганларга қилмайман ҳавас.

Билмам, недир қийнайди дилни

Кўксим бўлди андуҳга қафас.

 

Ёдингдами, бир кун сим қоқсам,

“Йўлдаман, тез қайтаман”,– дединг,

“Бораяпман дадам  қабрига,

Сиздан дуо айтаман”, – дединг.

 

Сен бўзладинг  отам бошида,

Мен ғам чекдим  болишни қучиб.

Сен бош урдинг тупроқ, тошига,

Мен йиғладим ёшимни ичиб.

 

Сен майсани силаб тиз чўкдинг,

Андуҳ менинг қаддим букарди.

Сенинг кўнглинг тўкилди, мен-чи,

Юрагимда ҳасрат кўкарди…

 

Узу-у-н  кўйлак этакларида

Сўқмоқ  йўлни супуриб қайтдинг.

Мен-чи, узу-у-н  эртакларимни

Қора кийган тунларга айтдим.

 

Сим қоқасан: “Опа, мен қайтдим,

Суҳбатлашсак бўлар бемалол”.

Овозингда жаранг, тетиклик,

Ўтирибман бедор, бемажол.

 

Бўлсанг эди ҳозир ёнимда…

 

* * *

Қуш шўрликка тегди овчи найзаси,

Қаноти қайрилиб  ерга қулади.

Бир лаҳзалик экан осмон ораси,

Буни одам билмас, қушлар билади.

 

Нурсиз нигоҳида илтижо, алам,

Чуғурлаб йўл кутар полапонлар оч.

Ови барорига севинар одам,

Аллалар айтади кекса қайрағоч.

 

Бир тишлам луқмага шунча жаҳолат,

Қушни-да, инини куйдиради ғам.

Овчи ўлжасидан  бўлмас хижолат,

Уни ит оғзидан олган бўлса ҳам.

 

             СИЗДАН КЕЙИН

Сиздан кейин қандай яшайин, Ота?

Юрагим ўрнидан қўзғалса керак.

Ҳар кун дийдорингиз кўролмасам ҳам,

Борингизга  қувониб бўйларим терак.

Сиздан  кейин қандай  яшайман, Она?

Юрагим титилиб тўзғиса керак.

Райҳон исингизга тўёлмасам ҳам,

Ташна нигоҳингиз мен учун тилак.

Сизлардан сўнг қандоғ яшашим тайин,

Қалбим тўғонлари нураса керак.

Чирқираб, бўзлаган дилни аллалаб,

Жаннатлар ҳақида айтаман эртак.

 

Сиздан кейин шундай яшайман, Ота.

Сиздан кейин шундай  яшайман, Она…

 

* * *

Энг аввало тинглашни билдим,

Дард айтишса, йиғлашни билдим.

Ғазаб тутса йўқликда сачраб,

Сўнг яна жон улашни билдим.

 

Юрт дардида яшадим ҳар дам,

Ажралмадим одамлардан ҳам.

Мажруҳларнинг ёнида хаста,

Мискин билан бирга чекдим ғам.

 

Ағёрдан ҳол сўрадим йўқлаб,

Бўлмаслигин билсам ҳам оқлаб,

Алам қилар нодон ёнида,

Телба бўлган кунимни ёдлаб.

 

Одамларни суйиб яшайман,

Гоҳ куйиб, гоҳ кўниб яшайман.

Икки инсон яшар руҳимда,

Мен бирини кўмиб яшайман…

 

* * *

Излаяпман туну кун тинмай,

Гоҳо ойдин, гоҳо тун ўрар.

Бораяпман, қай манзил, билмай,

Ҳатто зулмат ҳолимни сўрар.

 

Билмам, яна қайга йўл солдим,

Безовта дил, ҳориди юрак.

Эгам, сени англашдан олдин

Мен ўзимни топмоғим керак.

 

           КЕЧИРМАНГ

Она мени қўйиб юборманг,

Уйиб олинг қовоғингизни.

Бойлаб олинг остонангизга,

Кўзга суртай оёғингизни.

 

“Кетма, болам”, деб айтинг, она,

Умр кетар экан югуриб,

Ортга тортиб юрак ўртайди,

Етти қадам ташламай туриб.

 

“Мен кексайиб қолдим, ҳолим йўқ,

чойни ўзинг дамла, болам”, денг.

Менга қўйган тансиқ таомнинг,

Биргалашиб ўзингиз ҳам енг.

 

Яхши бор, деб, жилмайиб турманг,

Бедор қилсин маъюс юзингиз.

Нуктадонлик қилар ҳар жойда,

Соғинтирган, бедил қизингиз.

 

“Икки кунга келдингми”, дея,

Гирён бўлар ҳолимни сўраб.

Мен ортимга қайрилмай кетдим,

Ночор кўнглим боряпти йиғлаб…

 

Соғинтирсам энди кечирманг,

Топганимни йўлга сочаман.

Ичикиб зор йиғлаб юргандан,

Ёнингиздан эшик очаман.

 

Нон ёпамиз, райҳон экамиз,

Ташналикдан ариймиз, она.

Шоирлигим не бўлса бўлар,

Биргалашиб қариймиз, она.

Она мени қўйиб юборманг…

 

                           НЕГА

Нега менга бундай дил бердинг, Эгам?

Ҳар нега ўкиниб фидо бўлайми.

Шодлигим жомини чертиб турар ғам,

Тўкилиб, тўкилиб… адо  бўлайми…

 

Кўксимга урилар қутурган уммон,

Тўфондан минг бўлак бўлиб

сачрайман.

Беватан гўдаклар, сарсону ҳайрон…

Хаёлимда бориб уни асрайман.

 

Кўнглим ҳувиллайди кетса турналар,

Бағримга ин солар қушлар галаси.

Тушимда тунлари эшик тимдалар,

Аёзда жон берган мушук боласи.

 

Тонгда қумри сайрар,

булбуллар куйлар,

Терак япроғидан таралар наво.

Менга, жаҳолатда боласи куйган,

Онанинг фарёдин келтирар сабо.

 

Бағримни нимталаб буғдой сепаман,

Юрагим қонидан ниш урар лола.

“Она”, дер, хаёлда уни қучаман,

Оламнинг четида оч қолган бола.

 

Нега менга бундай дил бердинг, Эгам?

Чарчадим, дунёнинг ташвишин тортиб.

Гоҳида ўйласам, қилади алам,

Мен нима қилолдим ўзимдан ортиб…

 

                         АЁЛ

Яратганнинг мўъжизаси эрур аёл,

Ул чароғбон ватаннинг ҳар жойидадир.

Аёл гоҳи офтоб эрур, гоҳо ҳилол.

Жаннат асли оналарнинг пойидадир.

 

У Тўмарис бўлди элнинг достонида,

Жангга кириб, ёвни енгиб ғолиб қайтди.

Ор-номус деб, фидо бўлган ўғлонига,

Фиғон айлаб, кетар чоғда алла айтди.

 

Олов бўлди, қалов бўлди, жони фидо,

Бир жонини мингга бўлиб, қолди бутун.

Юрагига нурлар ато этди Худо,

Буюк Темур бешигини тебратган кун.

 

Хоксор аёл, андишага бўлиб тимсол,

Бўстонидан бир ғунчасин олдирмади.

Навоийдек авлиёни туққан аёл,

Тарихларда номини ҳам қолдирмади.

 

Олис йўллар этса ҳамки ҳолин абгор,

Шоҳ Бобурнинг юрагига бўлди малҳам,

Вафо пеша бўлмаганда Қутлуғнигор,

Ер юзига кўрк бўлмасди Тожмаҳал ҳам.

 

У Нодира, у Увайсий, Анбар отин,

Самарбону бўлди қўлга қалам олиб.

Гул баргидан яратганми аёл зотин,

Бўстон этди, назми,

дардин куйга солиб.

 

Армонлардан орзуларга бериб қанот.

Ғам андуҳин матонат-ла маҳв этолди,

Йўли вафо, ёри эди сабру сабот

У ўзбекнинг Зулфияси бўлиб қолди.

 

Ҳунарманддир, дунё ичра ўз номи бор,

Олтин унар тупроғидан, деҳқон аёл,

Тадбиркордир, муаллимдир,

у шифокор,

У онадир, у бекадир тенгсиз аёл.

 

Аёлини сийлаган юрт кам бўлмагай,

Дадил бўлар аҳдларимиз,

шахдларимиз.

Бу Ватанда энди дарду ғам бўлмагай,

Ўз аёлин жондан суйса мардларимиз.

 

                  БУ БОҒЛАР

 

Бу боғлар – бир боғлар

                               бўлади ҳали…

Зулфия

 

Бу боғлар – бир боғлар бўлдики, мана,

Назм бўстонида нурли баётсиз.

Баҳорлар келади, кетади яна,

Сиз кетмас баҳорсиз, мангу ҳаётсиз.

 

Айтган сўзингиздан чирой, жон олиб,

Ёруғ изингизда гулзорлар унди.

Барибир танҳосиз, соғиниб, тўлиб,

Сизни сўроқлайди  баҳорлар энди.

 

Кўнгил либосингиз исми номус-ор,

Андиша нақшлари  қарашингизда.

Миллат аёлининг кўркамлиги бор

Ҳаттоки сочингиз тарашингизда.

 

Ибратим, ҳайратим, дилим, дилхоҳим,

Ҳижрон юкин ортган улуғ карвоним.

Вафо байроғидек юксалган моҳим,

Сиз миллат фахрисиз, Зулфияхоним.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 3 =