Ватан — меҳр қўрғони

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллигига

 

Искандар РАҲМОН

 

Муаллиф ҳақида:

Искандар РАҲМОН — 1937 йили Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Тошкент давлат тиббиёт инс­титути (ҳозирги Тошкент тиббиёт академияси)да таҳсил олган. Қуролли Кучлар фахрийси, истеъфодаги тиббий хизмат подполковниги, соғлиқни сақлаш аълочиси, Ўзбекис­тон Ёзувчилар ва Журналистлар ижодий уюшмалари аъзоси.

Унинг она Ватанга муҳаббат, бурч­­га садоқат, ҳарбий-ватанпарварлик мавзусидаги 30 дан зиёд назмий ва насрий асарлари эълон қилинган. 50 дан ортиқ шеърлари таниқли хонандалар, ҳарбий хизматчилар, ижодий гуруҳлар томонидан ижро этилган. Айни пайтда Искандар Раҳмон Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Бош­қаруви ҳузуридаги “Ёшлар билан ишлаш гуруҳи” ҳамда Ўзбекис­тон Республикаси Мудофаа вазирлиги Фахрийлар ташкилоти марказий Кенгаши аъзоси.

 

ЎЗБЕКИСТОН ПОСБОНЛАРИ

Сизга салом, энг олий калом,

Ўзбекистон мард посбонлари!

Сизга таъзим, Сизга эҳтиром,

Эй баҳодир, паҳлавонлари!

 

Орзуингиз – Ватан тинчлиги,

Шарафлидир касбу корингиз.

Сафларингиз ихчам, зичлиги

Қудратингиз, куч-мадорингиз.

 

Ўз измида ҳушёр ҳамиша,

Эзгу ишга сафарбар шерлар!

Еру осмон, тоғ-довон оша

Марду майдон, музаффар эрлар!

 

Ўзбекистон гуллаган диёр,

Осмони тинч, беғубор бўлсин!

Жарангласин тарона, алёр,

Посбонлари доим бор бўлсин!

 

ВАТАН – МЕҲР ҚЎРҒОНИ

Эр кишининг кўнглида

Эгарланган от бўлар.

Она-Ватан туйғуси

Дилига жо, ёд бўлар.

 

Ватан – меҳр қўрғони,

Иймон унинг қалқони.

Эр йигитлар Ватаннинг

Марду майдон посбони.

 

Нақорат:

 

Она-Ватан кўркидир,

Ифтихори йигитлар!

Эл бошига иш тушса,

Халоскори йигитлар!

 

Омон бўлсин ҳамиша

Жасур ўғлон, йигитлар!

Қадамидан ўт чақнар,

Кўкси қалқон йигитлар!

 

Ёниб яшаш ёлқини

Куйдирсин хас-ёвларни!

Ёниб яшаш тўлқини

Бузсин тўсиқ, ғовларни!

 

ЭЛИМ ОЙ,

ЮЛДУЗИМАН

Жамолимга бир қаранг,

Камолимга бир қаранг,

Иқболимга бир қаранг,

Тимсолимга бир қаранг!

 

Нақорат:

Элим ой, юлдузиман,

Офтобиман, юзиман!

Тўмариси, ўзиман,

Тиғдай ўткир сўзиман,

Ойбарчини, қизиман,

Посбониман, кўзиман!

 

Энг навқирон ёшимда,

Ҳумо қуши бошимда,

Дўст, қардошим қошимда,

Омад, бахт ёр ишимда!

 

Нақорат:

Ўзбекистон – Ватаним,

Эй, бебаҳо гулшаним,

Бош кўтарса бир ғаним,

Мушт бўлади жон-таним!

 

ЧАВАНДОЗМАН, ШОВВОЗМАН!

Учқуримнинг манглайи қашқа,

Ёвқуримнинг манглайи қашқа,

Отлар аро хислати бошқа,

Элга холис хизмати бошқа!

Чавандозман, шоввоз йигитман,

Ёв устида қора булутман!

 

Тулпоримни кун-тун қарайман,

Ёлларини силаб, тарайман,

Уни миниб сувлар кечаман,

Тоғу тошда елдай учаман!

Чавандозман, шоввоз йигитман,

Ёв устида қора булутман!

 

Отим чопса дўпиру дўпир,

Ғов бўлолмас ўнқиру чўнқир.

Олов чақнаб туёқларидан

Еру осмон титрайди дир-дир!

Чавандозман, шоввоз йигитман,

Ёв устида қора булутман!

 

Бедовим-ла хизмат измимда,

Кеча-кундуз бедор, ҳушёрман!

Ғаним ўйин шу он, бир зумда

Пуч қилишга шайман, тайёрман!

Чавандозман, шоввоз йигитман,

Ёв устида қора булутман!

 

ИСТИҚЛОЛНИНГ ПОСБОНЛАРИМИЗ

Ўзбекистон – она уйимиз,

Тинчликдадир фикр-ўйимиз,

Жаранглайди қўшиқ-куйимиз,

Истиқболнинг ўғлонларимиз!

Истиқлолнинг посбонларимиз!

 

Юракларда Ватан туйғуси,

Диёримиз порлоқ келгуси,

Она юртга тиргак бўлғуси,

Истиқболнинг ўғлонларимиз!

Истиқлолнинг посбонларимиз!

 

Еру кўкда, сарҳадда ҳушёр,

Метин сафда хизматга тайёр,

Ёв ҳийласин қилгувчи тор-мор,

Истиқболнинг ўғлонларимиз!

Истиқлолнинг посбонларимиз!

 

Мақсадимиз – эл осойиши,

Матлабимиз – эл кушойиши,

Тинчлик, зафар – дил намойиши,

Истиқболнинг ўғлонларимиз!

Истиқлолнинг посбонларимиз!

 

            ОЙҚИЗ

Ойқиз, ойдек жамолинг,

Лабингда нуқта холинг,

Қалам қошинг, ҳилолинг,

Бўлсин менга раво қиз,

Муҳаббатинг даво қиз.

 

Сен кезмасанг боғимда,

Соғинганим чоғимда,

Кўзгинам, қароғимда

Кўнглим уйи зиёсиз,

Сенсиз, меҳригиёсиз.

 

Ойқиз, боққин кўзимга,

Ишон йигит сўзимга,

Ёр бўлмасанг ўзимга

Умрим ўтар маъносиз,

Сенсиз, гули раъносиз.

 

Лаблари лола, Ойқиз,

Қалби зилола, Ойқиз…

 

БАЙРАМИНГИЗ БЎЛСИН МУБОРАК!

Ўзбекистон мард ўғлонлари,

Баҳодирлар, паҳлавонлари,

Тинчлигимиз чин посбонлари,

Байрамингиз бўлсин муборак!

 

Қайда бўлманг, ерми, осмонда,

Тоғми, дала, чўл, биёбонда,

Бу муқаддас она маконда,

Байрамингиз бўлсин муборак!

Ватан ишқи кўнглингиздадир,

Юрт тақдири қўлингиздадир,

Нигоҳимиз йўлингиздадир,

Байрамингиз бўлсин муборак!

 

Сизга таҳсин, ботир йигитлар,

Оловюрак нодир йигитлар,

Кўкси қалқон чайир йигитлар,

Байрамингиз бўлсин муборак!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six + three =