Ўқувчи қачон устозига эргашади?

Ёшлари билимли   юрт қудратли бўлур, деб бежизга айтишмайди. Ҳар бир давлатнинг, ҳар бир миллатнинг бугун   ва эртага дунё   саҳнида тутган мавқеи ҳамда нуфузи унда таълим- тарбия олаётган   ёшларнинг салоҳияти, замонавий   фан сирларини ўзлаштириш даражаси   билан ўлчанади. Давр   талабидан келиб чиққан ҳолда   Муҳтарам Президентимиз   асосий   эътиборни таълим сифати   ва самарадорлигига   қаратишни қайта-қайта таъкидлаб келмоқда. Шу сабабли ҳам бу борада қатор қонун ва қарорлар, фармон ва дастурлар қабул қилиндики, баҳона излаш,   нолиш асло мумкин эмас.

Агар болаларимиз умумтаълим мактабида   фанларни   тўлақонли ўзлаштириб, мус­тақил ҳаётга мустаҳкам пойдевор билан   қадам қўймас экан, боғчадаги беғубор   болалик ва мактабдаги бетакрор   ёшлик бесамар кечган бўлади. Бунинг товонини ким тўлайди? Боғчами,   мактабми, ота-онами, мураббий ва   ўқитувчиларми, ёки жамиятми?!

Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги деярли барча умумтаълим мактабларида энг замонавий илғор педагогик технологиялар жорий этилган. Ўқув   дарслик­лари, кўргазмали ўқув   қуроллари, сўнгги русумдаги компьютер технологиялари билан   жиҳозланган. Демак, ҳамма масъулият ва мажбурият муаллимнинг, мактаб   жамоасининг ҳамда ота-онанинг   зиммасида. Дунёда бирорта ота-она йўқки, фарзанди одобли, билимли, қобилиятли ва ўз танлаган касбининг эгаси бўлишини истамаса! Билингки, қайси ўқитувчи, мураббий иш   шароитидан, таълим-тарбиядан   нолиса, ўзида ҳам бир камчилик бор! Муаллимда билимдан ташқари, малака, тажриба, кўникма, сабр-бардош ва   таълим- тарбия маҳорати ҳам бўлиши керак. Ўқувчи шундагина   устозига эргашади, унга   тақлид қила бош­лайди.

Мактабимиз 880   ўринли бўлиб, бугунги кунда 1400   нафар ўқувчига 94 нафар малакали педагог ходим таълим-тарбия бериб келади. Илгари тумандаги   32-мактабда ишлардим. 2021 йил сентябрдан бу даргоҳда фаолиятимни бошладим. Ўтган   ўқув йили бошиданоқ эҳтиёждан келиб чиқиб 12 нафар тажрибали ўқитувчини   ишга олдик. Биз биринчи навбатда ўқитувчиларни ўз устларида кўпроқ   ишлашларини талаб қилиш билан бирга, бунга шароит яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз. Натижа ёмон эмас. Жорий   ўқув йили якунига келиб тоифали ўқитувчилар 61   нафарга етди, бу муаллимлар   жамоасининг 71 фоизини ташкил этади. Илгари бу мақомга 39 нафар педагог эга   бўлган.

Мактабимизнинг бир йўла беш нафар хорижий тиллар ўқитувчиси Моҳинур Жумаева, Нодира   Усмонова, Нодир Ибрагимов, Мақсуд Муротов, Гавҳар   Турдиевалар халқаро С1 даражасига   эга бўлиб, тегишли   сертификатни қўлга киритишди. Сурайё Қодированинг педагогик маҳорати бир неча бор вилоятда оммалаштирилди. Бундан ташқари, таълим самарадорлигини ошириш мақсадида Денов тадбиркорлик ва педагогика институти билан   ҳамкорликда “Билол” ўқув   марказини ташкил этдик. Бу марказда ўз истаклари билан 123 нафар ўқувчи   сабоқ олмоқда. Мактабимиздаги   “Ментал” математика ўқув курсида 167   ўқувчимиз фан сирларини астойдил ўрганишмоқда. Ҳаракатда баракат, дейдилар. Бу йил Самарқандда “Ментал” арифметика бўйича ўтказилган рес­публика чемпионатида 7-синф ўқувчимиз Аброр   Ҳамдамов биринчи ўринни эгаллаб, олтин медаль соҳибига айланди.

Албатта, астойдил қилинган эзгу   иш самарасиз кетмайди.   Ўтган ўқув йилида мактабни тамомлаган 92 нафар ўқувчидан 27 таси ОТМга, 18 таси касб-ҳунар мактабларига кирган бўлса, қолган ёшларимиз оилавий тадбиркорлик йўналишида иш билан банд қилинди. Ўйлайманки, 112 нафар битирувчимиз бу йил бундан-да юқори натижаларни қайд этишади. Бу йил 11-синф ўқувчиси Худоёр Аҳмедов мактабни тугатмасданоқ инглиз тили бўйича IELTS   7 даражасига эришиб, бир қатор хорижий олийгоҳларга кириш грантига   эга бўлди. 9-синф ўқувчимиз Раҳимжон   Ибрагимов эса кимё фани олимпиадасининг   туман босқичида 1-, вилоятда 4-ўринни қўлга киритди.

Тажрибали ўқитувчи-мураббийларимиз олимпиада,   кўрик- танловларга ўқувчиларни тайёрлаш борасида астойдил ишлашмоқда. Мактабнинг собиқ ўқувчиси,   халқаро тоифадаги спорт устаси Барно   Мирзаева 2016 йил Гуанжоуда ўтказилган олипиадада 2-, Осиё   қитъаси ёшлари мусобақасида фахрли 3-ўринни эгаллагани сўзимнинг ёрқин исботидир. Бу анъана давом этмоқда. “Умид ниҳоллари” спорт мусобақасида енгил атлетика бўйича ўқувчиларимиздан Алишер   Рашидов, Рухшона   Чориевалар туман босқичида иккинчи ўринга лойиқ   топилди. Шунингдек,   маънавий- маърифий тадбирлар,   беш муҳим ташаббусни   амалиётга узвий боғлаш   борасида ҳам арзирли ишлар олиб бориляпти. Масалан, мактабимиз кутубхонасига ҳомийлик асосида   24 миллион сўмлик бадиий китоблар ва   услубий қўлланмалар олинди.   “Энг яхши китобхон   мактаб” лойиҳаси бўйича   ота-оналар иштирокида 8 миллион сўмлик бадиий китобларга эга бўлдик. “Бир миллион дас­турчи” лойиҳаси доирасида   256 нафар ўқувчимиз тегишли сертификатни қўлга киритишди.

Мактаб моддий-техник таъминотини яхшилаш, молиявий самарадорликни оширишда бюджет маблағларига қараб турганимиз йўқ. Ўтган ўқув йилида ўн   йилдан буён таъмирталаб ва яроқсиз ҳолда бўлган мактабнинг юз   ўринли ошхонаси, учта синф хонаси 85 миллион сўмлик ҳомийлик ва ўқув марказимиз маблағи ҳисобига сифатли таъмирланди. Шунингдек, жорий йил март ойи­­да ўтказилган   ташаббусли “Ореh budjet”да   фаол қатнашиб 880 миллионни олишга эришдик. Ушбу маблағ асосида мактабимиз ёзги таътил вақтида сифатли таъмирдан   чиқарилади. Булар ҳаммаси бир ярим йилда амалга оширилган ишлар, холос.

Ўткир РАЖАБОВ,

Денов туманидаги

31-мактаб директори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three − one =