Официант тавбаси

Шўролар бойларни қирди. Ҳаммани ишчи ва деҳқонга айлантирди. Тенглик шио­­ри остида ўз-ўзига хизмат шиорини жорий қилди. Чунки бу мафкура инсоннинг инсонга хизматини “эксплуатация”, яъни “бошқанинг меҳнатидан фойдаланиш” деб баҳолади.

Академик ҳам, укадемик ҳам оқ-оппоқ кўйлак, сўнгги русумдаги галстук, қора кос­тюм-шим билан тушиб, машинасига ўзи бензин қуйиши, ошхонада навбатда туриб, ўзига егулик олиши, бўшаган идишларини ўзи ювгичхонага элтиб бериши ва ҳоказога мажбур эди. Оз сонли ресторанлардагина официантка хизмат қиларди, холос. Лекин ресторан ҳар ким кирадиган жой ҳам, ҳар кун кирадиган жой ҳам эмас эди-да. Нархи ёмон чақарди.

 

Мустақилликка эришганимиздан кейин умумий овқатланиш тизими хусусийлашди. Шукур, яхши ривожланди ҳам. Ресторанлар у ёқда турсин, оддий кафеларда ҳам официантлар хизмат қиладиган бўлди. Биринчидан, бизда иш кучи – арзон. Арзимаган ойликка официант ёллашади-да. Иккинчидан, официант хизмати учун еган-ичганингизнинг умумий миқдорига   10, 20 фоиз қўшишади ҳам. Нима, шу фоизлар официантга берилади, деб ўйлайсизми? Қаёқда? Шундоқ бўлганида официантлар аллақачон ҳаммадан бой бўлиб кетар эди.

Лекин ҳозир асосий гап бу ҳақда эмас.

Дарё яна ўз ўзанида оқа бошлади. Шукур, яна орамизда бойлар пайдо бўлди. Катта, кичик, эски, янги…

Янги бой, иши тушиб, бир оғайниси билан эски бойнинг ҳузурига борди. Жума эди. Эски бой:

— Кетдик, жумани ўқиб келайлик, кейин бафуржа гаплашамиз, – деди.

Янги бой умрида масжидга кирмаган, очиғи, ҳали ҳеч   қачон бошини саждага қўймаган эди.

— Бу ёғи қандоқ бўлади? – деди секин жўрасига.

— Илож йўқ. Бирга борамиз. Қавмга тақлидан ётиб-тураверасиз. Бўлмаса, айтиб қўяй, ишингиз битмайди, — деди у.

Тўғри, янги бой Қуръондан учта оятни ёдлаган.   Ота-онасининг қабрига борганда ўзи тиловат қилади. Бухородаги етти нақшбандий пир зиёратига бориб ҳам ўқиган. Лекин ҳайит намозларида ҳам масжидга чиқмаган-да.

Яширмай айтилса, шу пайтгача: “Ароқ ичмаган одамнинг бизнеси юришмайди. Ҳамма жиддий келишувлар бир пиёла ўша қурғурнинг устида ҳал бўлади”, — деган ақида билан яшаб, ишлаб келган-да.

Офисига яқин жойда кафе бор. Кўп киради. Уни ҳамма танийди. Хўжайин бир официантга тайинлаб қўйган. У келса, бунга фақат ўша хизмат қилади. Яхши бола. Энг муҳими, унинг дўқини кўтаради. Бу ҳам бирон маҳал дўқ қилмай овқат емайди-да. Нима учун?

Билмадим, ич-ичдан бойлигини билдириб қўйгиси келадими? Ҳамма унга диққат қилишини истайдими? “Пулини тўлаганимдан кейин талаб қиламан-да”, – деб ўзини оқлайди. Овқатни бир қайтаради, кабобни қайта пиширтиради, ароқнинг уч-тўрт хилини чақиртириб, охири биттасини базўр танлайди, борингки, чойдан ҳам   айб топиб, официантни бир яхшилаб   жеркийди-ку.

— Хўп, бўлади, хўжайин! — дейди официант, югуриб, дамлаб келган чойини қайтариб олиб кетади. “Тентакнинг кучи ҳапалакка етибди”, – деганларидек, ҳар гал аҳвол – шу-да. Шундан кайф қилади, лаззат топади, шу билан гўё мақтанади.

Янги бой тўй-маъракаларда амри маъруфларни кўп эшитган эди-ю, лекин имомнинг жума намозидаги маърузаси кутилмаганда унга жуда қаттиқ таъсир қилди. Мулла ҳам келиб-келиб бугун дилозорликнинг динимизда қаттиқ қораланиши ҳақида сўзласа-да. Айниқса, буюк Шайх Муслиҳиддин Саъдий Шерозийнинг:

Май бихўр, Мусҳаф бисўзу оташ андар

                                                                                         Каъба зан,

Сокини бутхона бошу мардумозорӣ макун! –

байтини шарҳлаб: “Май ич, Қуръонни ёқ, Каъбага ўт қўй, динингдан кечиб, бутхона сокини бўл, лекин банданинг кўнглига озор берма!” – дегани жуда ноқулай ҳолатга солди. Хаёлида ўша официант йигит келиб, имомга дардини тўкиб солган-у, мулло буни кўриб қолиб, айнан шу гапларни айтаётгандай ҳам туюлди. Ҳолбуки, бу ер бошқа шаҳар эди.

— Биз, моддий аҳволига қараб, ожизларча одамларни бою камбағалга ажратамиз. Ўзини “бой” санаганлар камбағалларга нисбатан беписанд бўлмасин! Ахир, Худонинг олдида ким бою ким камбағаллигини билмаймиз-ку! Ҳаммани тенг яратган. Аллоҳ олдида ҳеч кимнинг ҳеч кимга зуғум қилишга, ҳеч кимнинг ҳеч кимни бедарак жеркишга ҳаққи – йўқ! Банда ҳаммаси учун битта-битталаб жавоб беради…

Янги бой маърузани тинглаяпти-ю, официант йигитни бўлар-бўлмасга жеркиганлари кўз олдига келди. Бир зум кўзини юмиб, хато қилганини ўйлади. Кўзини очса, имом унга қараб гапиряпти, десангиз:

— Мана, айримларимиз топган уч-тўрт сўмимизга ғўддайиб, тоза беписанд бўламиз. Ўзимизни бир кўрсатиб қўйиш учун, ҳеч баҳона тополмасак, кафега кирганда официантга зуғум ўтказа бошлаймиз. Ҳатто, хотинимизга қилмаган инжиқликлар кўрсатамиз. Тажанглик, олифтагарчилик қиламиз. Эркалигингизни уйин­гизда қилинг! Ё сўзингиз ўтмай қолганми? Муттаҳам ерингиз борми? Инсон таом ейиши учун бировни ранжитиши керакми? Таом ейиш ҳам ибодатдек гап. Ибодатнинг моҳиятида эса шукроналик ётиши лозим, норозилик эмас. Машойихлар айтишадики: “Таомни андоқ егилки, сен уни егайсан, наинки, у сени еса!” Умрда ҳеч қачон   инжиқлик, тажанглик, асабийлик қилиб, таомдан айб топиб, уни ҳозирлаган кишини жеркиб, ҳар нарсага дуд қайтариб, бир нарса емайлик! Таом еб, лаззатланишимиз кимнингдир биздан жеркиш олиб, маънан кўнгли қаттиқ оғриши эвазига бўлмаслиги керак! Асло! Бу ҳолда бир нарса еганимиздан оғзимизга ҳеч нарса олмаганимиз минг карра афзал. Чунки еганингиз сизга ҳам ҳазм бўлмайди – сиз овқатни эмас, овқат сизни ейди. Азизлар! Орамизда кимдир официантни жеркиган бўлса, ўзини унинг, уни ўзининг ўрнига қўйиб кўрсин! Кимдир кимнидир ранжитган бўлса, вақтида ундан кечирим сўрасин-да, тавба қилсин! Узрини сўрамай, тавба қилса ёки ранжиган киши уни кечирмаса, бу тавба асло қабул бўлмайди…

Маърузадан кейин янги бой умрида илк дафъа саждага бош қўйди. Ўзидан ўтганини бир Худо билди-ю, бир жони.

Кичик бой катта бой билан ишларини битирди-ю, ўша куниёқ шаҳрига қайтиб, офиси яқинидаги кафега етиб борди. Официант йигит қўлини кўксига қўйиб, унга пешвоз чиқди. Жой кўрсатди. У ўтирди. Официантдан ҳам олдига ўтиришини сўради.

— Гап бор, – деди, — эшит! Шу пайтгача сени нима деб ранжитган бўлсам, ҳаммаси учун кечирим сўрайман. Тавба қилдим. Лекин сен кечирмасанг, тавбам қабул бўлмас экан. Бугун масжидда имом ҳазратлари айтдилар.

— Мен-ку кечираман. Аммо бир шартим бор.

— Қандай шарт?

— Мен ҳам тавба қилдим. Тавбам қабул бўлиши учун Сиздан кечирим сўрайман. Агар биров бировни ранжитган бўлса-ю, у бундан тавба қилса, лекин ўша ранжитган одамдан аввал кечирим сўрамаса, кечирим сўраганида ҳам, у кечирмаса, бу тавба қабул бўлмаса, Сиз ҳам мени кечиришингизга тўғри келади.

— Қўйсанг-чи, – деди янги бой, – мен сендан асло хафа эмасман, ранжитганинг ҳам йўқ.

— Тўғри-ку-я, лекин Сиз ҳар гал мени жеркиганингизда қаттиқ дилим оғриган. Аламимни олиш учун Сизга олиб борган ҳар чойнак чойга аввал яхшилаб бир туфлар эдим-да…

Султонмурод ОЛИМ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × three =