Айрилиқ азоби

Ўша кун — энг ёмон хабар эшитган куним…

Тонгда телефонимнинг тўхтовсиз қўнғироғидан чўчиб уйғондим. Телефонимнинг яшил тугмачасини босдимда шоша-пиша саломни ҳам унутиб “Тинчликми?”, дея сўрадим.

Гўшак ортидан синглимнинг “Онам оғирлашиб қолди. Иложи бўлса келинг…” деган овози эшитилди.

Дарҳол йўлга отландим. Бироз­дан сўнг яна телефоним жиринг­лади. Бу гал жияним онам вафот этганини йиғлаб айтди. Бу нохуш хабарни эшитган заҳотим турган жойимда қотдим. Карахт эдим.   Кимдир менга туртилиб кетиб, узр сўради. Шундагина Самарқандга тезроқ етиб бориш ҳақида ўйлай бошладим. Таксига ўтирдимда ҳайдовчига машинасини тезроқ ҳайдашни илтимос қилдим. Тошкент билан Иштихон туманининг йўллари шунчалар олис эканлигини шу куни ҳис қилдим. Манзилимга етиб боргунча ёнимдаги йўловчиларга эътибор ҳам бермай дод солиб йиғлаб бордим. Йўловчилар эса мени овутишга ҳаракат қилишарди.

Дарвозамиз олдида ўтирган акаларим, қариндошларимга эътибор ҳам бермай онамнинг ётоғига мўраладим. Гўёки онам тирикдек, мени кутиб ётгандек.

Афсуски, дийдор қиёматга қолибди. Атига бир соатга кечикибман. Онамни аллақачон қабрис­тонга қўйиб келишибди. Дод солиб опамларга: “Нега мени келишимни кутмадиларингиз? Ахир, мен ҳам йўлга чиққандим-ку! Онамни кўришим керак эди-ку!” дея саволларга кўмиб йиғладим.

“Муллалар марҳумани тезроқ чиқариш керак деб қўйишмади…” дея Муқаддам опам мени маҳкам бағрига босди.

Эртаси куни қуёш чиқмасдан мозор бошига бордик. Онамнинг қабри бошида Қуръон тиловат қилдик. Индинига худойи қилинди. Эрталабдан кечгача одамларнинг кети узилмади. Тўртинчи куни… онасиз қолиш азоби… Онамсиз уйимиз ҳам, ҳовлимиз ҳам ҳувиллаб қолди.

Бу дунёга сиғмай кетяпман, онажон! Энди бизни у ҳовлида ким кутиб олади, ким?

Хонбиби ҲИММАТ қизи

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen + 6 =