Дадамни куйдирмаган оловлар

Қуёш бош кўтариб, оламни чароғон қилганига анча вақт бўлганидан кейин ҳам эринибгина ўрнимдан тураман. Пойтахтнинг нуфузли кийим дўконларидан сотиб олинган шоҳона кас­тюм-шим ҳамда қаттиқ, чарм туфлигимни кийиб ишга отланаман.

Кўча жуда ҳам иссиқ. Юз одимча юриб-юрмасимданоқ дарров бўғила бош­лайман. Машинада бўлсам ҳам унинг очиқ ойнасидан кираётган иссиқ ҳаво менга жуда ноқулайлик туғдиради. Бў­йинбоғимни бироз бўшатиб, кўйлагимнинг энг юқоридаги тугмасини ечганча, қўлимдаги газета билан ўзимни бироз елпиган бўламан.

Йўлларни кузатиб кетарканман шаҳарнинг кенг асфальтларидан кўтарилаётган ҳароратнинг алангали “тўлқинлар”и (сароб) диққатимни тортади. Худди мана шу “тўлқинлар”га сихга тортилган балиқни тутсам пишадигандек гўё.

Кучли иссиқдан томоғим қақраб, пешонамдан нўҳатдек-нўҳатдек терлар чиқиб, кийган кўйлагим танамга ёпишганча шахсий “кабинетим”га кириб келаман. Чироқларни ёқишдан ҳам аввал қиладиган биринчи ишим кондиционерни электрга улаш-у, музлаткичдан муздек шарбатни олиб, юмшоқ креслода беш дақиқа тин олиш бўлади.

Мана шу беш дақиқа давомида деразадан ташқарига қараб, тандирнинг оғзидан чиқаётган иссиқдек гуркираётган ҳароратга қайта кўзим тушиб, ўзимнинг салқин “кабинет” да ўтирганимга шукр қиламан-у, беихтиёр далада ишлаётган, қурилишда офтоб найзаси остида меҳнат қилаётган одамларни кўз олдимга келтираман. Ҳеч кузатганмисиз, қанчалик иссиқ бўлмасин, бу уларнинг, биз ҳамиша фидойи, қалби қайноқ, меҳнаткаш деб улуғлайдиган опа-сингилларимиз, ака-укалар ва ёши улуғ заҳматкашларимизнинг ҳаракатларига асло таъсир ўтказмаётгандек кўринади. Уларнинг бошқача шижоат билан жавлон уриб ишлаётганларини кўрган одам борки, бир ҳайратланади, бир уларга қўшилиб ишлагиси келиб кетади. Аммо очиқ айтиш керак, улардек ишлаш ҳаммага ҳам эмас…

Менинг дадам ҳам қурувчи уста бўлган. У вақтларда кунлар ҳозиргидан ҳам кўра узунроқ, ҳозиргидан ҳам кўра иссиқроқ бўларди назаримда. Аммо шундай бўлса-да дадам ўз ишини завқ билан бажараётгандек бўларди. 3 литрлик банкага қуйилган қайноқ чойни совушга улгурмасидан бир кўтаришда яримлатар эдилар. Ишлаган сайин билаклари бақувватлашиб, янада куч-қудрати ортаётгандек кўринарди менга.

Ўша вақтларда оппоқ кийимларни кийиб олиб, дадамнинг гапи билан сояга туриб олганча уларга савол берардим: дадажон, бу жазирама иссиқлар сизни куйдирмайдими? Бемалол ишлайверасиз-а. Мен зўрға кўзимни очиб турибман.

Дадам жуда содда, лекин бироз қўпол ва қўрсроқ бўлсаларда, оддий сўзлар билан одамни ўйлантирадиган, чуқур хаёлга толдирадиган гапларни айтарди. Менинг юқоридаги саволларимга ҳам: “ўғлим, бу иссиқлар нима бўпти. Мени сизларнинг келажагингиз, қандай одам бўлиб улға­йишингиз борасидаги оловли хаёллар қийнайди холос. Мана кўряпсан-а, менинг ишим қанчалик қийинлигини. Фақат сен, сен… ҳеч қачон бунақа иш қилмаслигинг керак. Нуфузли жойларда, яхши шарт-шароитда ишлашингни хоҳлайман. Ана шуларга эришишинг учун бугун ёниб ишлаяпман. Ҳаракатларинг билан орзуимдагидек катта одам бўлишингга ишонтира олсанг менга бу иссиқлар асло таъсир ўтказа олмайди” дерди.

Бу гапларни тинглар эканман, дадамнинг терлаган пешоналарига, офтобдан қизариб кетган юзлари, кўзларига тикилардим. Гоҳида ғайратим жўшиб кетиб, уларга ёрдамлашмоқчи ҳам бўлардим ўзимча, бироқ дадам умуман мени бунақа ишларга йўлатмасди.

Балки ишонмассиз, лекин ота қора терга ботиб, иссиқда ёниб ишлаётганда кондиционерли хонада, юмшоқ креслога жойлашиб олиб, китоб ўқиб ўтириш ўғил учун жуда ҳам оғир. Мен мана шу оғриқни ўзимда кўп ҳис қилганман. Бунга эса дадам сабабчи. Ўзи иссиқда, жазирамада куйиб, мени салқин, ҳашаматли хонада сақлаган дадажоним!

Неча-неча одамларга уйлар қуриб берган дадам бугун нафақада, устачилик қилмаяпти. Ҳали жуда кексайиб кетмаган бўлса-да, бизни деб қилган оғир меҳнатларининг оқибатида, оловли кунларда тинимсиз чеккан заҳматлари изсиз кетмаган. Соғлигини анча йўқотиб қўйган. Аммо сира нолимайди, “ҳаммаси зўр ўғлим, мени ўйлама, ўзингни ишларинг яхшими?”, дейди ҳар сафар. Ўзимни қанчалик хурсанд кўрсатиб, бирма-бир амалга ошаётган режаларим билан мақтанишга уринмай, ҳамиша бўғзимга нимадир тиқилгандек бўлаверади.

Айниқса, ҳар гал Тошкентдан башанг ки­йимларда, қора кўзойнак тақиб қишлоққа борганимда менга севиниб қарайдиган, ҳар бир қадамимдан қувониб, ютуқларимни барчага мақтаниб айтадиган дадамнинг қалбида болалик вақтларимда қандай ҳарорат бўлганини ҳозир уларнинг қўлларини ушлаганимда, бағримга босганимда ҳис қилгандек бўламан.

Ва яна ўша жазирама иссиқда, дадамнинг терлаган ҳолда келажагимдан умидвор бўлиб айтган гапларини ёдимга олсам ҳеч бир иш қийиндай туюлмай қолади. Шу кунларга етиб келишим учун ўзини минг бир чўққа урган дадамдан чексиз маннатдорлик ҳисси билан бирга айбдорлик янада ортади.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × four =