“Темурийлар ренессанси ва “Бобурнома”

ёки “Соҳибқирон юрти”дан чиққан улуғ зотлар ҳақида фахрия

 

“Биз Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда зиёлиларимизга катта ишонч билан қараймиз”.

Бу фикрлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобидан иқтибос олинди.

Таниқли адабиётшунос Буробия Ражабованинг 2022 йили “Фан” нашриётида чоп этилган “Темурийлар Ренессанси ва “Бобурнома” монографияси қўлимга етиб келганида, даставвал, Юртбошимизнинг юқоридаги даъватли сўзлари ўйимдан кечди. Давлатимиз раҳбарининг доимо зиёли, олим, ижодкор инсонлар билан суҳбатлашишга интилишлари ва бундай мулоқотларни юксак қадрлашларига кўп бор гувоҳ бўлганман. Чунки, Президентимизнинг ишончу инончларига кўра, “олимлик – Аллоҳ нури тажассум этган улуғ бир мартаба. Бу мартабадан жамиятнинг бутун вужудига зиё таралади”.

Шу маънода, Б.Ражабова мазкур янги китоби мисолида, бир томондан, Президентимизнинг юксак ишончини оқлаган бўлса, иккинчи томондан, давлатимиз ва жамиятимизнинг Янги Ўзбекис­тонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек эзгу саъй-ҳаракатларига ўзининг мухтасар илмий-амалий ҳиссасини қўшди. Китобнинг нашр вақти айнан “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” тасдиқланган даврга тўғри келгани ҳам муаллифнинг нияти холислиги, эзгу амаллари ижобатга қаратилганидан далолатдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 январда қабул қилинган “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори эса мамлакатимиз маънавий ҳаётида мантиқан тўла асосга эга улкан воқеа бўлди.

Қарорда буюк аждодимиз асарларининг миллий ва умуминсоний моҳиятини, унинг ёш авлодимиз интеллектуал ва маънавий салоҳиятини ошириш, фарзандларимизни шу асосда Янги Ўзбекистон бунёдкорлари этиб тарбиялаш борасидаги улкан ўрни ва таъсирини инобатга олиб, Бобур Мирзонинг илмий ва ижодий меросини мамлакатимиз ва халқаро миқёсда янада чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш зарурлиги таъкидланган.

Шу кунларда шоҳ ва шоир бобомизнинг қутлуғ таваллуд санаси Президентимиз Шавкат Мирзиёев шахсан тасдиқлаган Дастур асосида – мамлакатимизда ва жаҳон миқёсида тизимли тартибда ҳамда кенг кўламда нишонланмоқда. Шундай қутлуғ айёмда “Темурийлар Ренессанси ва “Бобурнома” асарининг кенг китобхонлар эътиборига тушгани бежиз эмас.

Олима ўз асари аввалида, Бобур Мирзо талқини билан айтганда, “оқила, мудаббира” онажониси номига армуғон битар экан, улуғ шоир ва мутафаккир Абдураҳмон Жомийнинг: “Жаҳонда китобдан яхши ёр бўлмас, Давр ғамхонасида ғамгусор бўлмас”, деган байтини келтиради. Айни чоғда, китоб билан танишиш асносида ушбу салмоқли асарнинг ўз мухлисларига нафақат “яхши ёр” ва “ғамгусор” бўлишига, балки юртимиз зиё аҳлига маънавий мададкор бўлиб, ёшларимизга эса қанот бағиш­лашига ҳам амин бўлдик.

Б.Ражабова ўз китобининг дастлабки бобида Уйғониш даври ва Темурийлар Ренессанси ҳақида атрофлича тушунча беради. Бу хусусда сўз юритиш асносида, муаллиф ўз китобхонини олис тарихдан бугунги кун воқелигига моҳирлик билан бош­лаб келади.

Яъни: “Мамлакатимизда Учинчи Ренессанснинг маънавий пойдеворини мустаҳкамлаш мақсадида “Иккинчи Ренессанс адабиёти” рукнида тарихий-­адабий мавзудаги китоблар нашри ҳам йўлга қўйилди”, деб қайд этади китоб муаллифи.

Монографияда буюк Бобурийлар салтанатининг асосчиси бўлмиш Темурий подшоҳ ва дилбар шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг жаҳонда эътироф этилган “Бобурнома” асарида тилга олинган улуғ аждодларимиз ҳаё­­ти ва фаолияти Темурийлар Ренессанси маданий муҳити билан боғлиқ ҳолда атрофлича талқин этилган.

Хусусан, муаллиф “Бобурнома” асарида сўз юритилган 8 та аниқ йўналиш бўйича қизиқарли мавзуларни тадқиқ этгани жуда муҳим. Бу ўринда:

биринчидан, Темурийлар Уйғониш даври ва давлат арбоблари – Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Султон Ҳусайн Бойқаро, Бобур Мирзо;

иккинчидан, Темурийлар Уйғониш даври ва ижодкорлар – Султон Ҳусайн Бойқаро, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Кичик Мирзо, Амир Шайхим Суҳайлий, Шарафиддин Али Яздий, Зайниддин Маҳмуд Восифий, Атоуллоҳ Ҳусайний;

учинчидан, Темурийлар Уйғониш даври ва Темурий маликалар – Гавҳаршодбегимнинг бунёдкорлик ишлари, Эсон Давлат Бегимнинг мудаббирлиги, Хонзода Бегимнинг матонати;

тўртинчидан, Темурийлар Уйғониш даврида илм, фан, адабиёт, санъат, тарих ва маданият ривожи;

бешинчидан, Темурийлар Уйғониш даврида астрономиянинг ўрни– Самарқанд, Мирзо Улуғбек ва у қурдирган расадхонанинг аҳамияти;

олтинчидан, Темурийлар Уйғониш даврида ҳарб иши ва тактикаси;

еттинчидан, Темурийлар Уйғониш даврида тиббиёт масаласи – Алишер Навоий қурдирган “Дор уш-шифо” ва табибларнинг жонли образи тасвирланган лавҳалар;

саккизинчидан, Темурийлар Уйғониш даврида савдо ва пул муносабатлари – бозорларнинг тартибга солиниши, назорати ҳамда олтин ва кумуш тангаларнинг зарб қилиниши ва муомаласи билан боғлиқ тасвирлар, энг муҳими, Буюк ипак йўлининг тикланиши мавзулари хусусида сўз бормоқда.

Муаллиф томонидан фахр ила сўз юритилган миллатимизнинг улуғ зотлари орасида, ҳеч шубҳасиз, Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари пешқадам ўринда туради. Амир Темур шахси билан қанча ғурурлансак, ифтихор этсак, шунча муносибдир. Айнан буюк Соҳибқирон ўз фаолияти билан Темурийлар Уйғониш даврини бошлаб берган, бугунги саодатли кунларимизнинг пойдеворини қўйиб кетган.

Соҳибқирон бобомиз сиймоси ҳақида сўз борганда, Президентимизнинг: “Мен ҳар бир аскар, Ватаннинг ҳар бир посбони Амир Темур ва улуғ лашкарбошиларимиз ўгитларини, уларнинг ҳарбий меросини чуқур билиши керак, деб қайта-қайта таъкидлаб келаман. Бу ўлмас ва бебаҳо мерос ҳозирги кунда ҳам ҳар биримизнинг қалбимизга чексиз ғурур бахш этади, муқаддас тупроғимизга садоқат туйғуларини кучайтиради”, деган эътироф­ларини алоҳида таъкидлаш мақсадга мувофиқдир.

Темурийлар сулоласининг рўйхати 193 нафар шаҳзода ва 300 дан зиёд маликадан иборат эканининг ўзи ҳайратомуз факт! Бу сулола жами 488 йил (!) ҳукмронлик қилгани ҳақида гапириш учун эса, тил ожиз. Тарихда бу қадар узоқ яшаган сулола бўлган эмас.

Амир Темурнинг 35 йиллик ҳукмронлиги даврида 27 мамлакатни бирлаштирган улкан салтанат барпо этилган. Бу салтанатнинг ҳудуди Ҳиндис­тондан Сирдарё ва Зарафшонгача, Тангритоғ (Тянь-шань)дан Босфорга қадар ёйилган эди.

Айни вақтда Марказий Осиёдаги бу воқеаларнинг акс-садоси бошқа бир қатор мамлакатлар учун ижобий янгиланишларга сабаб бўлганини ҳам қайд этиш даркор. Қисқача айтганда, Амир Темурнинг ҳокимият тепасига келиши билан ҳарбий иш соҳасида муҳим ўзгаришлар юз берган, улар Шарқу Ғарб ҳарбий-назарий тафаккури тарақ­қиётида катта роль ўйнаган.

Шу нуқтаи назардан, Б.Ражабованинг: “мамлакатимиз ва хорижда қилинган баъзи тадқиқотларда нохолислик билан Темурий ва Бобурийларга нисбатан “буюк мўғуллар” атамаси қўлланади. Биз бундай камситувчиларнинг фикрларига мутлақо қўшила олмаймиз”, деган фикрлари жуда ўринлидир. Биз сўз юритаётган монографияда бундай нохолис атамаларнинг илмий истеъмолда ишлатилиши нотўғри экани илмий-тарихий манбалар асосида исботлаб берилгани диққатимизни тортди.

Б.Ражабова “Бобурнома”да Амир Темур ҳақида 31 та маълумот қайд этилгани ҳақида ёзади. Олима, айниқса, Бобур Мирзо ўз асарида: “Темурийлар давлати бошқарувида бўлган Хуросон давлати ва Мовароуннаҳр давлатига нисбатан содда, халқона тилда, тушунарли қилиб “Темурбекнинг юртида” иборасини маҳорат билан қўллагани”ни фахр ва ҳайрат билан таъкид­лайди.

Тадқиқот асносида Амир Темур ҳазратлари билан бир қаторда, Бобур Мирзо ва “Бобурнома” алоҳида ва доимий эътибор марказида тургани жуда муҳим. Бинобарин, аввало, “Бобурнома”ни мутолаа қилар экан, “китобхон бутун асар давомида ўз саргузаштлари ва ажойиб ҳаёти билан замонасининг воқелигини акс эттирган тарихий шахс Бобур образини кўз олдига келтиради”.

Б.Ражабованинг монографиясини ўқиш давомида ҳам ҳамиша Бобур Мирзо сиймоси кўз ўнгингизда гавдаланиб туради. Чунки китобдаги олтита бобдан тўрттаси, яъни 2-боб – “Бобурнома”да Амир Темур тасвири”, 3-боб – “Равзат ус-салотин”да Амир Темур ва Бобур подшоҳ зикри”, 5-боб – “Бобурнома”да хотин-қизлар образи” ҳамда 6-боб – “Бобурнома”да ғоя ва тасвир” деб аталгани ҳам бу фикримизни тасдиқлайди.

Британиялик таниқли шарқшунос ва тарихчи Вильям Рашбрук Заҳириддин Муҳаммад Бобурга “Ўн олтинчи асрнинг бунёдкори”, деб юксак баҳо берган.

Ўзбек олимаси ҳам Бобур Мирзо шахси ва “Бобурнома” асарининг имкон қадар янги қирраларини кашф этишга интилган. Буни, жумладан, “Бобурнома”да муҳрланган карам, афв, адолат, вафо, эҳсон, меҳр-оқибат сингари фазилатлар тимсолида Бобур шахси ва ижодига хос яхшилик ҳамда инсонпарварлик талқини, бобурона услуб билан битилган инжа тасвирлар теран таҳлилга тортилгани яққол кўрсатиб турибди.

Китобнинг 4-боби Темурийлар Уйғониш даврининг буюк шоирлари Алишер Навоий билан Абдураҳмон Жомийга бағишланган. Б.Ражабова ҳар икки улуғ сиймонинг ҳаёти ва ижодий фаолиятини Ренессанс жараёнлари туфайли юзага келган юксак маданий муҳит билан уйғунликда тадқиқ этади. Олиманинг ёзишича, “Бобурнома”да Алишер Навоий ҳақида – 14 та, Абдураҳмон Жомий ҳақида эса 7 та тарихий лавҳа ва маълумотлар баён этилган.

Шу ўринда Алишер Навоийнинг асарлари билан Фахри Ҳиравийнинг “Равзат ус-салотин”, Ҳасанхожа Нисорийнинг “Музаккири аҳбоб” каби тазкиралари ўзаро қиёсан ўрганилганига алоҳида эътибор қаратмоқчимиз. Фик­римизча, айни ёндашув монографияда акс этган энг муҳим илмий янгиликлар қаторига киради.

Монографиянинг яна бир муҳим янгилиги – Султон Ҳусайн Бойқаро билан Мирзо Бобур муносабатларининг илмий негизда холис очиб берилгани, назаримизда.

Олима таъбири билан айтганда, “Ўша даврда “Темурбекнинг юртида” тарих майдонига чиққан ёш темурий ҳукмдор Бобур учун энг баланд поғонада турган темурий ҳукмдор бу – Султон Ҳусайн Бойқаро эди”.

Фикр-мулоҳазаларимиз якунида “Бобурнома”да қўлланган айрим теран маъноли тушунча ва атамалар, хусусан, “мураббий ва муқаввий” сўз бирикмасининг мазмуни Б.Ражабова томонидан ниҳоятда синчковлик ва чуқур илмий-назарий асосда шарҳлаб берилганини эътироф этамиз.

Олима таъкидлаганидек, “Бобур мемуарда қўллаган мураббий ва муқаввий, тарбияти ва тақвияти бирикмаларини фақат ўз асарида тилга олган Темурийлар Уйғониш даври вакилларига нисбатан ишлатган. Бу ҳолат уларнинг яратувчанлик қобилиятларига ҳамда моддий ва маънавий соҳаларда амалга оширган бунёдкорлик, саховат, футувват, бахшиш характеридаги ишларига, ақл ва қўл ихтироларининг яратилиши, мамлакат бўйлаб жорийланишига ҳамда кўпайишига бош қўшгани, молиялаштирганига ҳам ишорадир”.

Албатта, ушбу салмоқли монографиянинг бутун мазмун-моҳияти ва туб илмий янгиликларини биргина мақола ё тақриз доирасида ифодалаб бериш имконсиз. Шунинг учун иккита хулоса билан кифояланамиз.

Биринчидан, Буробия Ражабованинг “Темурийлар Ренессанси ва “Бобурнома” монографияси мамлакатимизнинг маданий ва илмий-маърифий ҳаётида улкан воқеа бўлди. Асар муаллифи мавзуни нафақат адабиётшунос ва ҳуқуқшунос, балки тилшунос ва тарихчи сифатида ҳам теран таҳлил этгани алоҳида эътибору эътирофга арзийди.

Иккинчидан, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги нафақат мамлакатимиз, балки дунё кўламида нишонланаётган айни кунларда мазкур ажойиб китоб шу икки қутлуғ тўйга мўъжаз ва муносиб туҳфа бўлди.

Акмал САИДОВ,

академик

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven − one =