Рамазон баракаси

Чошгоҳдан сўнг бироз кўзим илинибди. Билиб турибман ойим бир неча бор турғизиб кеттилар. Кўзимни очолмаяпман. Ойим ошхонада туриб гап қотди: “Турақол, болам, ҳаво айниб турибди, ёмғир бошланмасдан бозорга тушиб чиқ, кеча опаларинг  ифторликка борамиз, дегандай бўлувди. Дастурхонга қўйгулик  ҳеч нарса қолмаган”. Кўзимни очолмаяпману ўйлайман: “Ия, нега ҳеч нарса йўқ бўлар экан, ахир кечагина бозорлик қилиб келгандим-ку”. Ўрнимдан турдим-да, наридан бери ювиниб, яна ўша эски, ямоқ урилган бўлса-да, ойим топ-тоза қилиб ювиб қўйган ки­йимларимни кийиб,  қадрдон мардикор бозорига қараб юра бошладим. Ҳамон хаёлимда турли, маънили, маънисиз фикрлар  гир айланади. Қўшнимиз Маҳмуд ака “Собиржон, ишгами?” деганларида жуда секин юраётганимни  сезиб қолдим:

— Ассалому алейкум, Маҳмуд амаки, тузалиб қолдингизми? Кўринишингиз анча  яхши, — дедим кўнглини кўтарган киши бўлиб.

— Ҳа , Алҳамдулиллаҳ,  Оллоҳ меҳрибон, — деди у киши кўришаётиб.

Маҳмуд амаки серғайрат одам бўлган. Кўп йиллар заводда қоровуллик қилган. Ишдан бўш кунлари  ошпазлик қилиб, элнинг хизматида бўлган. Афсуски, ҳозир қанд касаллигига йўлиқиб, қийналаётганди. Оёқ бармоқларидан қорасон касаллиги бош­ланиб, бир неча марта  пичоқнинг остига ётиб чиқди. Ҳозир ногиронлар аравачасига ўтириб қолганига қарамай, доимо ибодатда. Ёлғизи Салима опа турмуши ўхшамай, қайтиб келган. Бозорком Каримбойнинг иккинчи хотинига қарашади, уйи­­да у бу  ишларини қилиб юради.

Бир пайт Салима опанинг  қизи олдимизга яқинлашиб, салом берди:

— Ассалому алейкум, Собир амаки, яхшимисиз? Кеча уйларингиз  олдида ўйнаётгандим,  Мунаввар бувим чақириб нон, гуруч, ловия, олмалардан ойингга олиб боргин, деб бердилар. Раҳмат ҳам демабман. Раҳмат айтиб қўйинг, намозларимда Мунаввар бувимни дуо қиляпман, — деб қолди.

Бир икки кун аввал меҳрибонимнинг “Салимахон ёлғиз бошига жуда қийналаяпти-да”, деганлари ёдимга тушди.

…Маҳмуд амаки билан  наридан бери хайрлашиб,  йўлимда давом этдим. Аксига олиб  ёмғир шивалаб турибди, бозорда одам кам. Унда-бунда менга ўхшаганлар қунишиб ўтирибди. Ишчи ёллагани келганлар ўзларига маъқул келганларни олиб кетяпти.  Шомга яқин уйга сўппайиб кириб келдим. Ойим овқат тараддудида эди: “Келақол, болам, ёрдамлашиб юбор, опаларинг ҳам келиб қолади”.

— Ойи, уйда ҳеч вақо йўқ дегандингиз-ку ?

— Ҳа, ризқимизни Аллоҳнинг ўзи етказди. Раҳматли дадангнинг ўртоқлари рўзадорларга ифторлик учун ул-бул нарса тарқатишаётган экан.  Ҳар бир одамнинг баракаси бўлади-да, болам.

Кўча эшикдан жиянларимнинг тоға, бувижон деган шовқинли овозлари эшитилди…

Енгил тин олдим. “Меҳмон келар эшикдан, ризқи келар тешикдан” деганлари шу бўлса керак-да.

Сетора ФАЙЗУЛЛАЕВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 + six =