Завод “банкротликдан” чиқмаган эдими?

(Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги диққатига!)

 

Суҳбатдошим   қорачадан келган, ўрта бўйли, алп келбатли норғул йигит. Исми-шарифи Баҳодир Мўминов. У куюниб яқин ўтмишидан ҳикоя қилади:

– Мен “Оҳангароншифер” акциядорлик жамиятида кўтарма кран машинисти бўлиб ишлардим. Иш куним ўн икки соатдан иборат эди. Менга тепадан пастда ишлаётганларнинг ҳаммаси яққол кўриниб турарди.Турмуш ташвишида бола-чақасини боқаман деб тинимсиз меҳнат қилаётган эркак ва аёллар. Кунига ўн икки соат ишласа-да, қорни оч бўлса-да чидайди бечоралар. Корхона ошхонаси эса   мана иш берувчининг айби билан беш йилдан бери ишламайди. Корхона ходимлари уйларидан егулик олиб келишади. Олти ойдан бери иш ҳақи олмаётган ишчиларнинг   музлатгичида нима ҳам   бўларди, дейсиз… Кимдир   уйидан олиб келган банкадаги ёвғон овқатини ейди.   Иситгич ҳам йўқ. Яна кимдир мураббо билан нонни туширади. Ҳолбуки, Меҳнат кодексининг 363-моддаси талабларига кўра иш берувчи ходим зарарли шароитда ишласа, унга бепул даволаш-профилактика озиқ- овқатини бериши шарт. Бизда эса асбест хомашёси ишлатилади. Асбест хомашёси Жаҳон Меҳнат ташкилоти томонидан зарарли хомашё деб топилган. Тўғри, овқат пули беришади, бир иш кунига 9500 сўм, бу пулни иш ҳақимизга қўшиб беришади. Аслида озиқ-овқат пули бу ихтиё­рий, лекин даволаш-профилактика озиқ –овқатини бериш эса   иш берувчи учун мажбурийдир.

– Бу ҳақда иш берувчига мурожаат қилмадингизларми?

– Э, бефойда. Бу тўғрисида гапирсангиз, хоҳласанг ишла, хоҳламасанг ишдан бўшаб кетавер, деб дағдаға қилишади. Бир-икки миллионга ишлашни хоҳловчилар ҳам серобдан сероб дейишади.

– Сиз ҳозир ишламаяпсиз шекилли?

– Ҳа. Шу йилнинг март ойида дабдурустдан “ишдан бўшайсиз”, деб қолишди. Нега десам, пенсия ёшига етибсиз дейишди. Мана Сизга огоҳлантириш хати, имзо чекинг дарров, агар имзо чекмасангиз тегишли далолатнома тузамиз дейишди. Ундан кейин огоҳлантириш муддатини товон пулига алмаштиринг, деб мендан ариза олиб қолишди ва охир-оқибат кейин билсам, 2023 йилнинг 13 март куни 28-сонли буйруқ билан ишдан бўшатишибди. Меҳнат кодексининг 100-моддаси 7-бандига кўра, иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинаётганда   касаба уюшмасининг розилиги олиниши керак эди. Буни ҳам эп кўришмади, шундай буйруқ бор де­йишди-да, шундан сўнг қадрдон корхонамиз дарвозаси мен учун қарсиллатиб ёпилди, қайта заводга киритишмади.

– Хўш, кейин нима бўлди?

– Яхши одамлар менга судга беринг деб маслаҳат беришди. Уларнинг гапига амал қилиб Оҳангарон туманлараро фуқаролик судига ариза бердим. Савол туғилади: бизлар нима учун ўзимизнинг ҳаққимизни сўраб судма суд чопиб юришимиз керак. Бироқ фуқаролик судларида инсоф бор экан, 2023 йил 25 август куни мазкур суд “Оҳангароншифер” АЖнинг 2023 йил 13 мартдаги 28-сонли буйруғини ғайриқонуний деб топди ва менга 32 млн. 520769 сўм иш ҳақи ва 2.158.258 сўм маънавий   зарарни ундириб берди. Барака топгур судья Ферузахон Мўминова аёл киши бўлса ҳам юраги бутун халқпарвар судья экан.Ферузахонга ўхшаган одил судьялар кўпаяверсин деб доимо дуодаман.

Шифер цехининг собиқ ишчилари Д.Ниёзова, З.Йўлдошева ва Б.Тожиевларнинг куюниб айтишича уларни ҳам шу йил март ойида пенсия ёшига етгансиз деб қўлларига огоҳлантириш хатини тутқазишган. Табиийки, улар корхонада узоқ йиллар ишлаб иззат-икром кутишган. Яқин беш ой ҳисоб-китобни кутишди ва умидларини узиб фуқаролик судларига ҳақларини сўраб даъво аризаси киритишга мажбур бўлишди. Д.Ниёзованинг айтишича, корхона жамоа шартномасида ижтимоий кафолатлар бисёр, улар фақат қоғозда холос, жумладан, ҳар йили меҳнат таътилига чиққанда бир ойлик иш ҳақи миқдорида соғлиғини тиклаш учун моддий ёрдам бериш кўзда тутилган. Бироқ бундай ёрдам 2016 йилдан бери берилмайди.

Суҳбатимизга Ураимқул Ирисқулов қўшилди:

— Менинг ёшим 82 да, — деди у чуқур хўрсиниб. — Шу заводнинг асосчилариданман. 1989 йилда мен цемент заводининг шифер цехини ажратиб олиб “Оҳангароншифер” ижара корхонаси тузган эдим. 1994 йилда у корхона акциядорлик жамиятига айлантирилди. Дастлабки йиллардаёқ   заводимиз оёққа туриб мамлакатдаги энг машҳур заводларнинг бирига айланди. Ҳар йили меҳнат нафақасига чиққан ходимларга баракали пул мукофоти, қимматбаҳо совғалар бериб иззатини   жойига қўйдик. Корхона касаба уюшмаси қўмитаси томонидан уларга даволаниши учун пул ўтказиб берилди ва туристик саёҳатлар уюштирилди. Бу йил   декабрда заводимиз ташкил этилганига 60 йил тўлади. Корхонамизнинг 30 ва 40 йиллигини зўр тантана билан нишонлаган эдик. Энди эса эҳ… мана, мен ҳам яқиндагина қадрдон корхонамизда корхона раҳбарининг ишлаб чиқариш бўйича маслаҳатчиси эдим ва менга ҳам шу йил июнь ойида дабдурустдан “лавозимингиз қисқартирилди” деб қолишди. Ёши улуғ одамга бу жуда таъсир қиларкан. Шуни сал тушунтириб айтишса бўларди-ку! Мен ҳам март ойидан бери ойлик олмайман. Қани, бу ерда инсон қадрини улуғлаш ва меҳнат кишисига эътибор? Жумладан, маъмурий идора ходимлари учун автобус йўлга қўйилмаган ва улар беш километрли масофага пуллари бўлмаганлиги учун баъзан пиёда бориб келишади. Муҳтарам Юртбошимиз инсонни рози қилинглар, эртага бугунги кундан кўра яхши яшасин деяпти. Булар эса…

Дарҳақиқат, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Мен Президент сифатида иш бошлаган биринчи кунданоқ “Биз халқимизга хизмат қилгани келганмиз. Биз халқимизни   рози қилиш учун келганмиз” деган гапларни доим такрорлайман дегандилар.

Шубҳасиз, Ураимқул Ирисқулов ўз ишининг моҳир устаси ва шифер технологияси бўйича биринчи рақамли етук ва ноёб мутахассис. Яъни, у шифер ишлаб чиқаришининг “пири” десак янг­лишмаган бўламиз. “Оҳангароншифер “ АЖда эса мутахассислиги   агроном бўлган бир кимсани эса шифер цехига бошлиқ қилиб қўйишибди.

— Мен заводимни жуда-жуда севардим, — дей­ди йиғламсираб Нигора Қўчқорова. — 2022 йил бошида мен диспетчер бўлиб ишлардим. Маълумки, диспетчерлар заводнинг юраги, қисқача айтганда “тунги директор” ҳисобланади. Биз тўрт киши диспетчер эдик. Орамиздаги бир кишини ёқтирмаганлари учун ва бу кишидан қутулиш учун   унга қўшиб бизларни ҳам қисқартириб юборишди. Мен тўғри гапни айтганлигим ва ҳақимни талаб қилганлигим сабабли мен учун қора кунлар бошланди. Заводда ҳамма бир-бирига душман ва пичир-пичир гаплар. Муҳит жуда ёмон эди. Туртиниб ишладим. Шу йил март ойи­­да ишдан бўшашга мажбур бўлдим ва олти ойдан бери ойлик ололмадим. Биласизми, мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Меҳнат ҳуқуқи инспекциялари, прокуратура ва касаба уюшмалари… Биз касаба уюшма аъзоси бўлсак-да, юқори касаба уюшма органлари бизни эмас, иш берувчини ҳимоя қилишди. Жумладан, Р.Холиқулов деганлари ўзини корхона касаба уюшмаси қўмитаси раиси деб билади, лекин судларда иш берувчидан ишончнома олиб Меҳнат кодексининг 43-моддасига зид иш тутиб иш берувчини зўр бериб ҳимоя қилишини қандай тушуниш мумкин. Хуллас, судга бердим ва шу йил 25 август куни Оҳангарон туманлараро фуқаролик суди менинг даъво аризамни   қаноатлантириб менга 11 миллион сўмга яқин иш ҳақимни ундириб берди. Қўйинг-чи, бизларни фуқаролик судларидан бошқа бирортаси ҳимоя қилмади. Хотамжон Маткаримов раис бўлган Оҳангарон туманлараро фуқаролик судига адолат учун таъзим қиламан. Фуқаролик судларида инсоф бор экан!

– Судлар фақат қонунга бўйсуниб иш кўради, — дейди раис Хотамжон Маткаримов. — Агар иш берувчи меҳнат қонунчилигини бузса, биз уни мансабдор деб аяб ўтирмаймиз, ва албатта, меҳнат ҳуқуқи бузилган фуқарони аввалги иш жойига тиклаймиз. Тўғри, баъзан ходим мунтазам корхона ички меҳнат тартибини бузиб келса ва иш берувчи уни қонуний бўшатса бу ҳолларда ҳам биз фақат қонунга амал қиламиз.

Оҳангарон туманлараро фуқаролик судларига   ишга тиклаш ва иш ҳақини ундириш бў­йича давъо ариза билан мурожаат қилганларнинг аксариятини “Оҳангароншифер” АЖ ходимлари ташкил этаркан…

Давлатимиз ва ҳукуматимиз меҳнат кишиларига алоҳида ғамхўрлик қилиб 2023 йил 30 апрелдан янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини кучга киргизиб берди. Эндиликда эски кодекснинг 100-моддасидаги 7-банд олиб ташланди, пенсия ёшидагилар хоҳласа ва кучи етса бемалол ишлашлари мумкин. Янгиланган Меҳнат кодексининг 333-моддасига биноан   энди иш берувчи ходимга ҳар бир кечиктирилган куни учун иш ҳақини пеня билан тўлашга мажбур. Шунинг­дек, ушбу кодекснинг 173-моддасига кўра эндиликда меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганда ходимларга ўн беш йиллик меҳнат стажидан кейин ишдан бўшатиш нафақаси   икки баробар қилиб тўланади.

Шунингдек, меҳнат таътилининг энг кам муддати мазкур кодекснинг 217-моддасига кўра 21 кун этиб белгиланди. Жамоа шартномаларида эса ҳар бир иш берувчи ва ходимларнинг вакиллик органи бундан ҳам кўп таътиллар муддатини белгилашлари мумкин.

Янги Меҳнат кодекси иш берувчига қаьтий мажбуриятар белгилаган. Жумладан, кодекснинг 244-моддаси иш берувчи ходимларга иш ҳақини ҳар ойда камида икки маротаба бериши ҳамда ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар келишилган ҳақни ўз вақтида бериши мажбурий қилиб қўйилган. Агар иш берувчининг ҳисоб-китоб рақамида маблағи бўлмаса, у тижорат банкидан кредит олиб иш ҳақини ходимларга бериши шарт!

Суҳбатга шифер цехининг пешқадам машинис­ти Ҳасан Расулов қўшилиб шундай деди:

– Дадам ҳам шу корхонада ишлайди. Айтишича, илгарилари касб ва умумхалқ байрамлари бизда юксак савияда ўтган. Ҳар бир байрамда ходимларга энг кам иш ҳақининг икки-уч баробари миқдорида байрам пули берилган. Энди эса бу байрамларни унутдик, шундоқ ёнимизда цемент заводида ишлаётганларга беҳад ҳавас қиламиз, уларда ишчилар ошхонаси ишлаб турибди.Бу йилги қурувчилар кунини цемент заводи раҳбарияти қойилмақом қилиб нишонлади, ҳатто шаҳардаги ўйингоҳда катта байрам концерти ташкил этилди. Бу корхонада пенсияга кетаётганлар катта иззат-икром билан жўнатилади ва ҳар бири 60 ва 70 миллиондан ҳисоб-китоб пули олишмоқда. Бизда эса…

Ҳасанбойнинг кўзларида ёш томчилари ялтиради…

Яна бир исми шарифини сир тутишни сўраган бир ходимнинг айтишича корхонада шифер цехининг варақ қолиплаш машинаси машинистлари   корхонада энг кўп иш ҳақи оладиган мутахассислар ҳисобланади. Бироқ уларнинг ойлик иш ҳақи уч миллионга ҳам бормайди. Корхона раҳбарияти эса Меҳнат кодексининг 4-моддасига хилоф равишда иш кўриб, одам ажратиб, ўзига ёққан ходимларга 6 ва 7 миллион сўмдан иш ҳақи белгилаган.

Шу йил 23 июнда корхона акциядорларининг умумий йиғилишида корхонадаги лавозимлар жадвали янгиланди, унга кўра бухгалтерия ходимлари тўлиқ қисқартирилди ва бухгалтерия   ишини аудиторлик фирмасига берамиз дейишди. Энг қизиғи шундаки, қисқартирилган 7 та бухгалтерия ходимидан тўрт нафари аудиторлик фирмаси ниқобида ишга қайтиб келишди ва мана шу тўрт ходим эса атиги бир йил мазкур корхонада ишлаган ходимлар эди. Ушбу корхонада йигирма йил ишлашган тажрибали ходимларга эса Меҳнат кодексининг 167-моддасига зид равишда иш бермай   кўчага ҳайдаб юборилди.

Маълумки, меҳнат қонунчилигида корхона иш берувчининг айби билан бекор турса ходимларга   ўртача иш ҳақи тўланади дейилган. Жумладан, ўтган йили корхона бир маромда ишламади ва 2022 йилнинг декабрь ва 2023 йилнинг январь, февраль ойи учун ишчиларга ўртача иш ҳақи ўрнига энг кам иш ҳақи, яъни 920 минг сўмдан ҳақ тўланди. Бундан табиийки, ишчилар норози бўлишди ва мурожаатни ўрганган Тошкент вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бош­қармаси мутахассислари корхона раҳбариятига 2022 йилнинг декабрь ва 2023 йилнинг январь ойлари учун ўртача иш ҳақини тўлаб бериш ҳақида 2023 йилнинг 6 март куни   ёзма кўрсатма беришди ва бош ҳисобчи Р.Ражабовга эса меҳнат қонунчилигини бузгани учун маъмурий жарима қўлланди. Буни қарангки, корхонанинг зўравон раҳбарлари қонуний кўрсатмани бажаришдан бош тортишди ва яна шу масалада заводга келган бандлик бошқармаси ходимларини заводга   қасддан киргизмади. Яна бир томони шундаки, корхона раҳбарияти корхона ишламай турса-да ва қонун барчага баробар бўлса-да оддий ишчиларни қийнаб ва   ўзларига   маъқул келган ходимларга корхона бекор турганда тўла иш куни қўйиб корхона маблағи талон-торож қилинган. Бу борада ҳокимият ва прокуратурага мурожаат қилинганда бу мўътабар идора ходимлари эса биз суд ишларига ва акциядорлик жамиятлари ишларига аралашишга ҳаққимиз йўқ деб ўзларини четга олишди.

2020 йилнинг 6 июль куни “Оҳангароншифер” АЖ Оҳангарон туманлараро иқтисодий суди томонидан банкрот, деб эътироф этилганди. Бироқ корхонанинг ношуд суд бошқарувчилари заводнинг тўловга қобилиятлилигини тиклаш ўрнига корхона қарзини янада кўпайтириб юбордилар ва 2023 йилнинг 6 март куни кредиторлар   йиғилишида ҳаммани чалғитиб   гўёки завод тўла банкротликдан чиқди деб байрам қилишган эди. 2023 йилнинг 22 август куни Оҳангарон туманлараро иқтисодий суди томонидан яна “Оҳангароншифер” АЖга нисбатан тўловга қобилиятсизлик иши қўзғатилди. Демак, завод банкротликдан чиқмаган экан-да.

“Нуроний” жамғармасининг шаҳар бўлими ке­йинги вақтларда маҳаллаларда ҳам ўзларининг кенгашларини тузишди. Бироқ Оҳангарон шаҳрини шаҳар қилган шифер заводида мана шундай кенгаш тузилмаганлиги таажжубланарлидир.

Инсон қадри, шаъни ва қадр-қиммати муқаддас. Бу эса янги таҳрирдаги Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган ва ҳеч бир мансабдор инсоннинг қадрини камситишга ҳаққи йўқ. “Оҳангароншифер” АЖнинг ишчилари ҳам сарсон бўлиб юрмай яхши ишлаб яхши иш ҳақлари олишга, эътиборга тўла ҳақли.

Минг афсусуки, бу аҳволга мутасаддилар ҳозирча томошабин бўлиб туришибди.

Озод ХУШНАЗАРЗОДА,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 − 4 =