Сўздан лолалар ундирган шоир

Ижод аҳли, хусусан, шоирлар — сўз одамларидирлар, чунки улар сўз билан яшайдилар, сўз билан ишлайдилар, сўздан илҳом олиб, бошқа бирон-бир усулда таърифу тавсиф этиб бўлмайдиган энг нозик, энг ҳассос, инжа ҳис-туйғуларни сўз билан тасвирлаб, сўздан мўъжиза яратган ҳолда ўзга қалбларни   дунёнинг энг олий мавжудот бўлган ҳазрати инсонгагина хос бўлган юксак маънавият осмони қадар юксалтира оладилар.

Аввало, сўз, кейин олам яралган, дейилади муқаддас битикларда. Ҳа, сўз — шу қадар сеҳрли ва қуд­ратли мўъжиза! Аммо, бу мўъжизавий неъматни ҳамма ҳам бирдек юксак қадрлай билмайди. Ҳатто,  улуғ истеъдод  эгалари бўлган ижодкорлару шоирлар ҳам гоҳо замонасозлик қилиб, баъзан эса ўз нафси илинжида хато, номақбул сўзларни ҳам айтиб қўядиларки, бу ҳол кейинчалик ижодкорнинг  зукко мухлислар назаридан қолишига, ўзининг  эса виждон азобида қийналишига, ўз сўзи олдида хижолатдан бош эгишига сабаб бўлади.

Яхшиямки, ҳаётда, ижодда — том маънодаги катта ижодда — замонасозлик, нафсбандалик иллатидан баланд турувчи, ҳамиша ва ҳар қандай шароитда ҳам тўғри сўзни айта оладиган, бошига не келса ҳам сўзга хиёнат қилмайдиган мардона ижодкорлар бор. Бунга ҳазрати Мир Алишер Навоий бобомиздан тортиб, то жадидчи ижодкорлар, шунингдек, узоқ ва яқин ўтмишимиз, бугунимиз қалам аҳли орасидан жуда кўп­лаб номларни келтириш мумкин.

Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 32 йиллиги  байрами муносабати билан  юксак давлат мукофоти – Ўзбекистон халқ шоири унвони билан тақдирланган шоир Абдулла Шер ҳам  қачон ва қандай шароитда айтилганлигидан қатъи назар, асло ўз сўзидан хижолат тортмаган, аксинча, ҳақиқат ва адолатни муқаддас билган ҳолда, ҳамиша тўғри сўзни баралла айта олган мана шундай  шоир­лардан биридир.

Яқинда Нурафшон шаҳридаги вилоят Ёшлар марказида шоир Абдулла Шернинг юксак унвонга сазовор бўлганлиги ва қутлуғ 80 ёши муносабати билан ўтказилган “Мен  лолалар ундирдим сўзлардан” деб номланган адабий кечада ижодкорнинг мана шундай маънавий жасорати, тўғри сўзга ва адолатга бўлган садоқати алоҳида эътироф этилди.

Адабий кечада иштирок этиб, сўз олган Ўзбекистон халқ шоирлари: Усмон Азим, Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ботир Эргашев, рес­публика Маънавият ва маърифат маркази раиси Минҳожиддин Ҳожиматов, Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари  Отабек Султонбеков, Чирчиқ давлат Педагогика университети профессори Баҳодир Ҳусанов, шоиралар – Зулфия Мўминова, Фароғат Худойқуловалар Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Шер ижоди, ижодкор маҳорати, фақатгина ўзига  хос бўлган юксак инсоний фазилатлари ҳақида сўзлаб, шоирнинг турли даврларда ёзилган шеърларидан иқтибослар  келтирдилар.

Айтиш мумкинки, Нурафшон шаҳри аҳли ҳаётида улкан воқелик бўлган бу маънавий тадбир адабиёт ва шеърият мухлислари қалбида сўз сеҳрига бўлган муҳаббат ва эҳтиромни янада юксалтириб юборди.

Маъмур Бозор Али.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 5 =