Иштиёқ ихлосга айланса…
(Журналист Ҳусан Темировга мактуб)
Қадрли Ҳусан ака!
Аввал бошдан айтиб қўяқолай, Сизга мактуб ёзишимга икки мақсад туртки берди. Биринчиси, етмиш йиллик юбилейингиз билан муборакбод этиш. Иккинчиси, етмишга етаётган журналистлар орасида босма матбуотда кўринаётганларнинг кўп эмаслигини таъкидлаган ҳолда, худди шу мавзуга кўпроқ тўхталмоқчиман.
Ҳа, давр тез ўзгариб кетяпти. Аввал мақталадиган ёши улуғроқ журналистларнинг дунёқарашлари ва ёзувлари тараққий этаётган бугунги замонга мос тушмаяпти. Очиқ айтсам, қайтариқларга асосланган бир қолипдаги мақолалар муштарий энсасини қотирибгина қолмасдан, уни босма матбуотдан зериктириб юборади. Хусусан, деҳқончилигу боғбонликка асосланган тармоқ журналлари ҳам шу боисдан йўлсизликдан қийналмоқдалар. Бирон-бир янгича ибора, чиройли ифодалар ила зийнатланмаган мақолаларнинг боридан йўғи яхши эмасми?
Ижтимоий-иқтисодий журнал “Фермер” вазият тақозоси сабабли янгиланганини кўп ходимларимиз қаторида Сиз ҳам қўллаб-қувватлаганингиздан бениҳоя хурсандмиз. Ҳамнафаслик мақолаларингизда шундоққина акс этиб турибди. Масалан, “Ўтамайли машҳур тарвуз туфайли”, “Қиш кунларида баҳор нафаси”, “Томорқа таровати”, “Илм ва ирода”, “Назарга тушган далалар”, “Тандир таоми – танга даво” сарлавҳали кўплаб мақолаларингизда оҳори тўкилмаган образларни кўрганмиз. Мамлакатимизнинг жанубий вилоятларидан бирида фаолият кўрсатаётган махсус мухбир сифатида жонли ҳаётнинг ранг-туси, нафасининг бадиий талқинини яратмоқдасиз. Янгича руҳга илҳақлик мақола ва суҳбатларнинг сарлавҳасиданоқ ойдинлашади. “Тўрт йил давомида бобоси Хўжа ота билан бирга бўлиб, Қорабайир отларнинг парвариш жараёнларида ҳамкору ҳамнафас бўлди. Айниқса, бобосининг “Отнинг кокилида қиёматгача барака битилган” деган ҳикматли сўзлари унинг қалбидан мустаҳкам ўрин олди. Насл-насаби анча йилларга бориб тақаладиган йилқи зотларини асраб-авайлаш каби эзгу туйғуларни қадрлаш ўз мевасини бера бошлади. Отга бўлган меҳр-муҳаббат туфайли Жаҳонгир мактабга боришда, боғ-роғлардан кўз-қулоқ бўлишда отга суянди”, дея ёзибсиз “Қорабайирга боғланган тақдир” сарлавҳали мақолангизда. Ҳаётни яхши билишингиз, тил бойлигингиз мақола ва суҳбатларингизнинг жонли чиқишини таъминлаган, десак хато бўлмас.
Сиз туғилиб-ўсган Қарши туманидаги Дашти Файзиобод қишлоғи манзаралари менга таниш. Акангиз Саъдулла Умиров (Оллоҳ охиратини обод қилган бўлсин) тиббиёт фанлари номзоди сифатида эл-улус хизматида бўлгани кўпчиликка аён. Сизнинг саъй-ҳаракатларингиз боис у ҳақда “Эзгулик чироғи” ва “Яхшилар ёди” китоблари чиққани ибратлидир. Умуман олганда, киришимли, дилкаш, инсонпарвар ижодкоргина буни уддалай олади. Зотан, Қашқадарё телерадиокомпанияси раиси вазифасида ишлаган вақтларингизда ҳам ижодий салоҳиятингиз юқори бўлгани учун меҳнат фаолиятингизда асқотганлигига шубҳа йўқ.
Биласизми, камина укангиз “Маърифат” газетаси таҳририятида ишлаган вақтларимда спорт мавзусини кўп ёритардим. Бир гал бош муҳаррир Саъдулла Ҳаким (Оллоҳ раҳмат қилган бўлсин) мени спорт журналистлари қаторида Навоий вилоятига юборди. Сафимизда машҳур футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаев ҳам бор эди. Ўшанда тоғлар ҳавосидан баҳраманд бўлдик. Салқин боғдаги тамадди чоғида Ахбор акадан: “Вилоятлардаги шарҳловчилардан қай бирларининг ўйинни шарҳлаш услубини ёқтирасиз?” деб сўраганларида: “Уларнинг орасида қашқадарёлик Ҳусан Темировни ҳурмат қиламан. У футболни майда деталларигача илғайди. Шарҳ мобайнида томошабинларни зериктирмайди. Шарҳлашдан ташқари уларнинг салоҳияти тўғрисида мақолалар ёзади”, деди. Бу ҳам ўзига яраша эътирофдир. Қолаверса, ҳукуматимиз томонидан “Шуҳрат” медали билан тақдирланганингиз камтарона меҳнатингизга берилган ҳаққоний баҳодир.
Эсимда, “Қишлоқ ҳаёти” газетасида ишлаб юрган кезларингизда бахшилар ҳақида бадиа ёзган эдингиз. Шу бадиадаги, айниқса, мана бу тўрт қатор мени завқлантирган:
Тоғлар боши – оппоқ қор,
Тинмай берар сувини.
Бир томонда Қашқанг бор,
Гулга буркар юртингни.
Қодир бахши лафзига тегишли бу сатрлар сўзга чечанликни, ҳозиржавобликни англатади, албатта. Ул зот ҳам Деҳқонобод қору тоғлари бағирларидан отилиб чиққан юлдуз эди. Улкан оқин, “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш”, “Юнуспари”, “Авазхон” халқ достонларининг моҳир куйчиси Қодир бахшининг ўғли Қаҳҳор бахши ҳақидаги битикларингиз, лолақизғалдоқлар чиройи мадҳ этилган эсселарингиз кўнгилда ҳис-ҳаяжон уйғотади.
Табиийки, буларнинг барчасига ихлосга эврилган иштиёқ сабабчидир. Журналистлик касбига бўлган иштиёқ йиллар мобайнида ихлос “либосини кийиб” йўлларингизни ёритганидан воқифмиз. Бинобарин, тасаввур қилишимча, худди шу жараён Сизни мамлакатимизда моҳир журналист мақомида танилишингизга, эътирофга сазовор бўлишингизга сабабчи бўлган.
Қадрли Ҳусан ака!
Мактубим охирида сизни шу кунларда нишонлаётган қутлуғ етмиш ёшингиз билан муборакбод этаман. Эл-улус равнақи йўлида амалга ошираётган ишларингизда омад тилайман!
Ҳурмат ила
Улуғбек ЖУМАЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.
Ижоднинг қўш қаноти
Вақт ёшлик билан кексалик ўртасидаги кўприкдир. Лекин у шунчалик қисқа фурсатда ўтиб кетадики қандай ва қачон ўтганлигини сезмай қоламиз. Йўловчи бир манзилга етиб, бир нафас тин олар экан, ортга боқиб, юрган йўлини сарҳисоб қилади. Кўрган манзараларини, воқеаларини таҳлил қилади, хулоса чиқаради. Инсон умрини ҳам йўлга менгзаш мумкин.
Албатта, умр йўлларида гоҳ машаққат сўқмоқлари, гоҳо қувонч манзиллари бор. Шу боисдан ҳар бир инсоннинг ҳаёти камида битта китоб. Китобнинг қалинлиги мазмуни умр мундарижасига боғлиқ.
Таниқли журналист, спорт шарҳловчиси Ҳусан Темиров билан ҳаётнинг паст-баланд йўлларида қирқ йилдан буён елкадошмиз. Энг садоқатли дўстларим рўйхати бошида шу инсоннинг номи туради. Вақт — югурик. Ҳаёт ташвишлари, дунё чархпалаги айланиб кечагина шогирд бўлган инсоннинг ўзи бугун устозга айланиб, етмиш ёшга етди. Ҳусан Темиров туғилиб ўсган Дашт қишлоғидан дилига тугиб чиққан орзуларни амалга ошириш учун нима иш қилса астойдил қилди, ўзини ҳам, қаламини ҳам аямади. Ҳаётда бир ҳақгуй журналист, моҳир раҳбар сифатида турли хил савдоларни бошидан кечирди. Аммо ҳар қандай шароитда ҳам ҳақлигини исботлай оладиган кучли ирода эгаси эканлигини кўрсатди.
У одамларга яхшилик қилиб завқланадиганлар тоифасидан бўлиб камтар, самимий, дили пок, бағрикенг инсон. Қаерда ва қандай лавозимда ишламасин, ўз ишига садоқат, масъулият асносида ёндашиш, одамлар билан лутф асносида сўзлашиш, ходимларнинг кўнглига йўл топа олиш сингари фазилатлари эвазига ҳурмат қозонди. Инсонийлик хусусидаги очерк ва публицистик мақолалари кўпчиликка манзур. Ҳалоллик, фидойилик, инсонпарварлик, ёшларни ҳамиша қўллаб-қувватлаш туйғулари дўстимизнинг ҳаёти ва фаолиятининг асоси бўлиб келмоқда. Яхшилик, эзгу ном кишидан қоладиган энг катта хазина эканлигини чуқур англайди. Шу маънода унинг йўл-йўриғи, кўмаги билан ҳаётда ўз ўрнини топган, қанчадан-қанча шогирдлари ўзларига устоз деб эътироф этишлари бежиз эмас.
Ҳусан Темиров Қашқадарё вилоят телерадиокомпаниясида 14 йил мобайнида раҳбар бўлиб ишлади. Телемарказ қурилишининг бошланишидан охиригача ўзи бош-қош бўлиб, моддий техника базасини мустаҳкамлади. Кадрларни танлашга алоҳида эътибор қаратди, муаммоларни ҳал қилмагунча тиним билмади. Ҳозирги кунда ушбу телемарказ Қарши шаҳрининг кўркига кўрк қўшиб турибди. Бунда Ҳусан Темировнинг ҳам алоҳида ҳиссаси борлигидан Қашқадарё эли фахрланади. Унинг жўшқин ва ҳаяжонга тўла репортажларини футбол ихлосмандлари мароқ билан тинглашади. Аслини олганда, футболга иштиёқ туйғуси Қашқадарёда кучли. Ана шу қизиқиш ҳиссиётини моҳир сухандон, таниқли футбол шарҳловчиси сифатида Ҳусан Темиров маромига етказиб ифода этмоқда. У спортнинг чин фидойиси, туғма шарҳловчи, футболнинг ҳақиқий ишқибози.
Ҳусан Темиров анча йиллар республика “Қишлоқ ҳаёти” газетаси Қашқадарё вилояти бўйича ўз мухбири вазифасида хизмат қилди. Ҳозирги кунда юртимизнинг аграр соҳа ҳаётини ёритишга ихтисослашган яна бир нашри “Фермер” журналида фаолиятини давом эттираяпти.
“Фермер” журналининг Қашқадарё вилояти бўйича махсус мухбири сифатида деҳқону чорвадорлар, боғбонлар, ҳунармандлар фаолияти тўғрисида жўшқин ҳаёт нафаси акс этиб турган мақола ва лавҳалари кўпчиликда ёруғ таассуротлар қолдирган. Айниқса, футбол мавзусидаги мақола ва суҳбатлари бетакрорлиги боис ажралиб туради. Булар — ижоднинг қўш қаноти.
Энг муҳими, дўстимизнинг фарзандлари ҳам бугун элнинг корига ярамоқда. Шерзод — нефть-газ соҳаси мутахассиси, Чарос — олима, тарих фанлари доктори, Беҳзод — иқтисодчи, Комила — муаллима, Дурдона — мактабда аълочи ўқувчилардан.
Бир-биридан қобил ва фазилатли икки ўғил ва уч қиз, шириндан-шакар невараларига суюкли ота, ардоқли буважон бўлиб, пиру бадавлатликда умргузаронлик қилиб келаяпти. Унга умр зиёдалиги, омонлик, сиҳат-саломатлик тилаймиз. Кўнгил поклиги, қалб ва руҳ хотиржамлиги, ақл соғломлиги, тану жон омонлиги доимий ҳамроҳингиз бўлсин, дўстим.
Жумақул ҚУРБОНОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
сиёсий фанлар номзоди.