Йиллар ва манзиллар оша

Не ерда бўлсанг, эй гул, андадур чун жони Бобурнинг,

Ғарибингға тараҳҳум айлагилким, андижонийдур!

Заҳириддин Муҳаммад Бобур

Ер юзининг қайси ҳудудида яшамайлик, қайси тилда сўзлашмайлик, соф ниятли, тараққийпарвар барча инсонларни ягона бир маслак, олийжаноб бир ғоя бирлаштириб туради. Бу туйғу — бизнинг илм-фан, адабиёт ва санъатга, эзгуликка бўлган ихлосимиз, муҳаббатимиздир. Хусусан, Бобур мирзонинг илмий-ижодий мероси ҳаммамизни шу йўлда жипслаштириб, улуғ аждодимиздан қолган ўлмас маънавий меросни янада чуқур тадқиқ ва тарғиб этишга чорлайди.

Айнан шундай ҳиссиёт “Аҳбоб, йиғилмоқни фароғат тутингиз!” дея барчамизни дўстлик ва ҳамкорликка, хайрли амалларга даъват этган Мирзо Бобур ҳазратларининг бебаҳо ўгитларига ғоят монанд ва ҳамоҳангдир.

Кейинги йилларда мамлакатимизда бобуршунослик соҳасини ривожлантириш, умуман, буюк боболаримизнинг илмий-маънавий меросини теран ўрганиш ва оммалаштириш билан боғлиқ катта ишлар бевосита Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари ва қўллаб-қувватлашлари билан амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. 2023 йил 25 январь куни имзоланган “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги тарихий қарори учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевга Бобур мирзонинг барча ихлосмандлари номидан самимий миннатдорчилик билдирамиз. Унда белгиланган тадбирлар, амалга оширилажак қутлуғ ишлар буюк тарихимизни янада ёрқинлаштиради, қалбларга ифтихор бағишлайди, халқимизни улуғлашга хизмат қилади.

Президентимизнинг ҳар гал Андижон вилоятига ташрифлари давомида биз у кишининг Бобур мирзо сиймосига билдирган юксак ҳурмат ва эътиборига гувоҳ бўламиз.

Бобур мирзонинг илмий, ижодий ва ҳарбий мероси Шарқу Ғарбда бирдек машҳур экани, XVI асрдан бошлаб то бугунги кунга қадар ер юзидаги юзлаб олим ва адиблар бу улуғ шоир ва мутафаккир ижодига мунтазам мурожаат этиб келишаётгани, унинг асарлари инглиз, япон, араб, немис, ҳинд, француз, голланд, урду, рус, уйғур, қозоқ, қардош қорақалпоқ ва бошқа кўплаб хорижий тилларга қайта-қайта таржима қилинаётгани, албатта, бежиз эмас. Хусусан, илм-фан соҳасида беназир бўлган мемуар асар “Бобурнома”нинг итальян тилидаги гўзал нашри китобхонлар эътиборига ҳавола этилгани, “Бобурнома” асарининг қорақалпоқ тилидаги табдили ҳам қарор доирасида амалга оширилаётган хайрли ишларга мисол бўла олади.

Мирзо Бобурнинг илмий-ижодий мероси улкан, давлатчилик ва саркардалик фаолияти алоҳида мақомга эга.

Қарорда кўрсатилганидек, бу борада халқаро миқёсда изланишлар уюштириш ва уларнинг натижаларини эълон қилиш ҳамда кенг жамоатчиликка таништириш зарур қадамлардандир.

Аввало, қарор ижросини тўла таъминлаш учун қисқа муддатда фонднинг чора-тадбирлар дастури аниқ режалар асосида ишлаб чиқилди ва бу ўз нав­батида йил давомида самарали ишлашга замин яратди. Қарорда фонд учун ҳам муҳим вазифалар белгиланган. Зеро, фонднинг олдига қўйган мақсадлари қарордаги вазифалар билан муштаракдир.

Бобур мирзо ва бобурийлар ҳаёти ҳамда фаолиятини тарғиб қилиш, улар қолдирган илмий-маданий меросни излаб топиш, ноёб қўлёзма асарлар, Бобурийларга тааллуқли маданият бойликларини аниқлаш, юртимизга олиб келиш борасида бугунгача қилинган ишларни янада кучайтиришга шароит яратилди.

“Бобур энциклопедияси”нинг ўзбек тилидаги янги, тўлдирилган учинчи нашри ҳамда унинг рус ва инглиз тилларидаги нашрларини тайёрлаш, “Бобур” китоб-альбоми, шунингдек, Бобур асарлари луғати, Бобур девонининг мукаммал нашрларини тайёрлаш ҳамда “Бобурнома” асарининг замонавий ўзбек ва қорақалпоқ тилларидаги табдилини яратиш ишларига республиканинг етук олимлари, ижодкорларини жалб қилиш, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва фаолиятига бағишланган юқори сифатли медиа маҳсулотлар ҳамда видео­фильмлар, экспедиция фаолиятига оид фильм ва кўрсатувларни телевидение орқали ёритиб бориш, интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб этиш, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ўзбек, рус, инглиз тилларида фаолият юритадиган халқаро илмий бобуршунослик электрон платформаси ва унинг мобиль иловасини яратиш, “Бобур мероси” халқаро сайёҳлик тарғибот дастурини амалга ошириш ҳақида топшириқлар берилган эди.

Бобур мирзо сиймосини абадийлаштириш ва уни муносиб эътироф этиш мақсадида, авваламбор, ҳукуматимиз раҳбарининг топшириғига кўра Андижон вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда 2023 йил 14 февраль куни Бобур мирзо таваллудининг 540 йиллиги муносабати билан “Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусидаги халқаро анжуман ўтказилди. Халқаро анжуманда республикамизнинг таниқли бобуршунос олимлари билан бир қаторда Америка Қўшма Штатларининг Мичиган университетидан профессор Темур Хўжа ўғли, Швециядан профессор Шаръий Жузжоний, Озарбайжоннинг Боку давлат университетидан профессор, бобуршунос олим Рамиз Аскер, Туркиядан профессор Билол Южел, Қозоғистондан бобуршунос олим Ислом Жеменей, Қирғизистондан таниқли адиб ва ёзувчи Бегижон Аҳмедов каби етук олимлар қаторида Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекис­тондаги элчихонаси маданият бўлими раи­­си жаноб Амир Сайид Карамий, Ҳиндистон давлатининг Ўзбекистондаги элчихонаси маданият марказидан жаноб Ражив Госвами ва жаноб Ситеш Кумар ва бошқа нуфузли меҳмонлар ўз маърузалари билан иштирок этдилар.

Анжуман доирасида “Асрлар узра порлаган сиймо” конференция материаллари тўплами чоп эттирилди.

Анжуман давомида профессор Ислом Жеменей томонидан амалга оширилган “Бобурнома” асарининг қозоқ тилидаги таржимаси, Ҳиндис­тон маданий марказининг собиқ раҳбари Чандер Шекхар томонидан нашрга тайёрланган “Ўзбекис­тон ҳудудидаги Ҳиндистонга оид маданий ёдгорликлар”, озарбайжонлик шарқшунос олим Рамиз Аскернинг “Алишер Навоий лирикаси”, “Ўзбек адабиётининг тадқиқлари”, “Беш рисола” китоб­лари, британиялик адабиётшунос Керол Ермакова томонидан инглиз тилига ўгирилиб, нашр қилинган Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар. Бобур” романи, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди бошқаруви раиси Ботир Убайдуллаев томонидан филология фанлари доктори, профессор Зулхумор Холманованинг “Бобурнома” — тил қомуси” китоби, филология фанлари номзоди Буробия Ражабованинг “Сўзлар билан сўзлашув” асари, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Дилором Ёрматованинг “Жаҳон Оро бегим ёки Соҳибат-аз-Замона”, “Мармарга битилган севги” китобларининг тақдимотлари ҳам анжуман доирасида бўлиб ўтди.

Шунингдек, анжуман давомида бобуршунослик илмининг ривожланишига катта ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ олимлар Бобур номли халқаро жамоат фондининг фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.

Анжуман сўнгида Америка Қўшма Штатларидаги Мичиган университети профессори Темур Хўжа ўғли билан фонд ўртасида жамоатчилик асосида Америка бўлими ташкил этилиб, ўзаро илмий-маданий алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан келишиб олинди ҳамда ҳар иккала томон ўртасида келишув меморандумлари имзоланди.

Шунингдек, қарор ижросини таъминлаш мақсадида Андижондаги “Бобур ва жаҳон маданияти” китоб музейида фонд томонидан “Бобур мирзони англаш” мавзусида Бобурнинг ҳаёти, илмий ва ижодий фаолиятига бағишланган асарларнинг қўлёзма ва нашр нусхалари кўргазмаси ўтказилиб, китоблар кўргазмаси доирасидаги ёш ижодкорлар иштирокида ташкил этилган учрашувда фонд вакиллари билан бирга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, Ўзбекис­тон Бадиий академияси вилоят бўлими, Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи ходимлари иштирок этиб, мавзу доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда келгуси режалар борасида фикр алмашдилар.

Қарорнинг 10-бандида таъкидланган вазифага асосланган ҳолда Бобур номли халқаро жамоат фонди томонидан Халқаро бобуршунослик электрон платформасини яратиш ишларини амалга оширишга киришилиб, тарих фанлари доктори, профессор Абдумажид Мадраимов раҳбарлигидаги жамоа шакллантирилди. Жамоанинг ҳар бир иштирокчисининг вазифалари аниқ тақсимланиб, илмий-ижодий гуруҳнинг Халқаро бобуршунослик электрон платформасини яратиш тўғрисидаги лойиҳаси вазифаларини бажариш вақти шартнома имзоланган 1 июнь санасидан сўнг тўрт ой муддатни ташкил этиши белгилаб олинди. Айни пайтда Андижон вилояти ҳокимлигининг бевосита қўллаб-қувватлашлари билан Халқаро илмий бобуршунослик электрон платформасини яратиш ишларининг 1-босқичи муваффақиятли ниҳоясига етказилган бўлиб, платформа www.baburid.uz домени билан фаолият юритмоқда.

Платформа ва унинг мобиль иловаси яратилиши нафақат Бобур мирзо ихлосмандлари, бобуршунос олимлар ва тадқиқотчилар учун улкан имкониятларга йўл очади, балки интернетнинг ўзбек тилидаги илмий сегментини янада бойитишга ҳам хизмат қилади, дейиш мумкин. Платформа ишчи гуруҳи ўз олдига улкан мақсадлар қўйган.

Бобур мирзо асарлари билан дунёнинг турли бурчакларидан туриб танишиш давлатимизнинг обрў-эътибори янада юксалишига, уч тилда яратилаётган Бобур энциклопедияси ва халқаро илмий бобуршунослик платформаси Бобур ҳаёти ва фаолиятини, унинг ижодий меросини жаҳонга тарғибу ташвиқ қилишда кучли восита бўлиб хизмат қилади. Фонд ушбу Халқаро бобуршунослик электрон платформаси илмий базасининг қамровини янада кенгайтиришни мақсад қиларкан, платформани муваффақиятли тарзда якунлаш ва унинг мобиль иловасини яратиш бизнинг олдимизда турган энг муҳим вазифадир.

Фонд томонидан шу кунгача Бобур халқаро илмий экспедицияси сафарлари давомида қўлга киритилиб, “Бобур ва жаҳон маданияти” музейи эскпонатлари қаторидан ўрин олган ноёб манбалар илмий истеъмолга киритиб борилмоқда.

Бобур номли халқаро жамоат фонди Россия Фанлар Академиясининг Туркшунослик инс­титути билан илмий ҳамкорлигини давом эттириб, Бобур мирзонинг тарихий ва ижодий меросини илмий нуқтаи назардан таҳлил этиш, тизимга солиш, изоҳлар билан таъминлаш ва тарғиб этиш мақсадида 5 жилдлик “Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурийлар. Қомусий, илмий ва илмий-оммабоп материаллар тўплами” араб­шунос олим Шокирхон Рустамхўжаев томонидан нашрга тайёрланиб, Бобур мирзо таваллудининг 540 йиллиги муносабати билан нашрдан чиқарилгани яна бир ютуқларимиздан биридир. Муҳаррир Ваҳоб Раҳмоновнинг сўзи билан айтганда, ушбу беш жилдлик қомусий библиографияни “жаҳон бобуршунослиги қомуслари” деб аташ мумкин. Зеро, бунда асосан Марказий Осиё, Россия, Украина, Белоруссия, Озарбайжон, Япония, Миср, Эрон, Буюк Британия, Франция, Испания, АҚШ ва қисман Ҳиндистон бобуршуносларининг мақолалари жамланган.

Хусусан, Бобур мирзо таваллудининг 540 йиллиги муносабати билан “Бобурнома” асарининг замонавий ўзбек тилидаги табдили таниқли бобуршунос олимлар Ваҳоб Раҳмонов ва Каромат Муллахўжаевалар томонидан қайта нашрга тайёрланиши, ёш ва умидли олима Элмира Ҳазратқулованинг “Бобур — адабиётшунос” номли моног­рафияси нашрлари ҳам шулар жумласидандир.

Бобур мирзо ижодининг мухлиси бўлган дунё­даги барча дўстларимиз томонидан адабиёт, санъат, илм-фан ва маданият айёми сифатида ўтган йил давомида нишонланган қутлуғ сана — Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги қизғин нишонланди. Президентимизнинг тарихий қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Қўқон университети томонидан “Халқаро Бобуршоҳ” мавзуидаги илмий-амалий конференция 2023 йил 13-14 апрель кунлари, Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети томонидан “Заҳириддин Муҳаммад Бобур меросининг Шарқ давлатчилиги ва маданияти ривожида тутган ўрни” мавзуидаги илмий-назарий анжуман 2023 йил 25-26 сентябрь кунлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида адабий-маърифий кеча эса 30 октябрь кунлари ўтказилди.

Ўтган 31 йиллик давр ичида Фонд ва илмий экспедиция ниҳоятда самарали фаолият юритди.

Юқорида айтилган ишларни амалга оширишимиз баробарида Бобур мирзо асарлари етиб борган, аммо биз етиб боролмаган кўп манзиллар ҳали борлигига амин бўлмоқдамиз. Бобур номли халқаро жамоат фонди бу улуғ зот қолдирган илмий-ижодий меросни ўрганиш борасида истиқболли режаларни амалга ошириш билан боғлиқ саъй-ҳаракатларини давом эттираверади.

Зокиржон МАШРАБОВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган маданият ходими,

Бобур номли халқаро жамоат фонди раиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 + 4 =