Улкан тоғ қаршисида

9 апрель – Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун

ёки хазиналар қулфи нега очилмаяпти?

1991 йилда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт томонидан 160 минг нусхада чоп этилган “Темур тузук­лари”га ёзилган сўзбоши: “…бу асарни чоп қилиб, тўғри иш қилинаётир. У, авваламбор, тарихий ўтмишни билишни истаган кўп сонли ўқувчи хоҳиш-истагининг ҳисобга олинишидир. Ахир “Ҳар бир халқ ўз тилига, ўз тарихига эга. Ўз аждодларини билишни истайди. Бу наҳотки социализмга зид бўлса? Йўқ, зид эмас, албатта”, деган сўзлар билан тамомланган. Китоб босишга рухсат этилган 22 январда қизил империя тахти ҳали мустаҳкам эди, фақат ўта кескин фикрловчи одамларгина унинг тагига сув кетганини сезаётганди. Эътибор қилсангиз, ҳатто ушбу китоб сўзбошида ҳам озгина иштибоҳ бор. Ҳа, ўша дамлар рўшноликка энди даричалар очилаётган, халқларнинг ўз аждодларини таниши кўп ҳам жиноят эмаслиги қимтиниб-тортиниб, паст овозда, ўраб-чирмаб айтила бошлаган давр­лар эди. Бугун ўша кунлар ҳам тарихга айланди, энди биз орадан 33 йил ўтиб, миллий шон-шарафимиз ҳақида баралла дунёга жар солаяпмиз. Бир асрнинг учдан бир қисми давомида тарих бутунлай ўзга ўлчамларни тақдим этди. Жумладан, Соҳибқирон Амир Темур мавзусида ҳам улкан маърифий ишлар амалга оширилди.

Буюк аждодимиз тарихини ўрганиш борасида бажарилган ишлар ҳамманинг кўз олдида намоён. Бу ҳодиса миллий ҳаёт тарзимизга шу даражада сингиб кетдики, энди муҳташам юксакликдан бизнинг бўй-бастимизни дунё аҳли кўрмоқда, ҳар соҳада шу мезон билан баҳо бермоқда. Буюк бобокалонимиз чинакамига миллий ифтихоримизга айланди. Ана шу мезоннинг ўзи бу мероснинг ворислари зиммасига улкан юмушларни ортмоқда. Албатта, теран уммоннинг бағри хазиналарга бой ва туганмас бўлганидек, бу мавзуда ҳар қанча сўз юритсак, шунча кам бўлиб қолаверади. Чунки бутун инсоният тарихи, дунёнинг мавжудлик асрори ана шу ҳақиқатда мужассамлашган. Шунинг учун бу борада талабчанлик билан изҳор қилинган фикрлар ҳеч кимда иштибоҳ туғдирмайди. Ахир ҳали ҳеч ким олам асрорларини тўла инкишоф қила олмагани бор гап.

Соҳибқирон бобомиз ҳақидаги маълумотлар турли кўринишларда, салмоқли кўламда бизгача етиб келган. Энди асосий вазифа худди сомон ғарами ичидан олтин игнани излаб топ­гандек, тарихий далилларни вақт ва илм талабидан келиб чиқиб, саралаш ва кенг жамоатчиликка тарих ҳақиқатини ҳаёт ҳақиқати билан уйғунлаштириб, жамоатчиликка етказишда қолган. Дунё тафаккур аҳли Амир Темурдек муҳташам зотнинг ҳаёти ва фаолиятига жуда катта қизиқиш билан қараб келган ва бу қизиқиш асло сўнган эмас. Замона зайли ҳозирги миллий зиёлилар бу борадаги асосий масъулиятни зиммаларига олишини шарт қилиб қўйди, чунки бу борада энг адолатли ва тўкис гапни Соҳибқироннинг ватандошлари айтиши фарз ва қарз. Албатта, бу йўналишдаги юмушлар ҳаёт қадар давом этаверади, илм-фаннинг мантиғи шуни тақозо қилади.

Демак, юмушнинг қанчалик дол­зарб­лиги, муҳимлиги аниқ, қилинаётган ва қилинажак ишлар ана шу мезонлар билан баҳоланади. Масалан, ҳазратнинг таржимаи ҳоли юзасидан ҳар бир далил оламшумул тарихнинг бир қисми сифатида изчил мантиқийликка асосланиши, ҳар бир ҳолат атрофлича далилланиши, яъни қаҳрамон шахсиятининг мантиғи яққол намоён бўлишига хизмат қилиши бор гап. Бир ҳолат: қадимда ҳам, ундан кейин ҳам, ҳозир ҳам бу зот кимлигига қизиқиш катта бўлганини дунёнинг энг йирик тилларида турли жанрдаги асарлардан, халқ китобларидан, оғзаки ижод намуналаридан билиш мумкин. Энди оддий савол туғилади: ана шу хазина таснифланганми? Ёки бир йўналишдаги асарлар қиёсий ўрганилганми? Ва, ниҳоят, энг оддий мантиқий савол: ҳазрат Соҳибқироннинг мукаммал таржимаи ҳоли яратилдими?

Агар бу саволларга “инсоф маҳкамаси” талаби билан жавоб бериладиган бўлса, ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар навбатда турганлиги маълум бўлади. Тўғри, ўтган йилларда бу борада анча ишлар амалга оширилди, тарихий, бадиий, ҳужжатли-хронологик, саҳна асарлари яратилди, кўплаб мақолалар эълон қилинди, илмий ишлар юзага келди (ҳатто бу ҳолдан эсанкираб қолган баъзи қитмир кишилар “Темурчи кўпайиб кетди” деган гап ҳам чиқаришди). Албатта, бундай оммавийлик яхши, қалам аҳлининг ўз фахрли аждодига меҳрини, биринчи навбатда муносабатини ёзувда ифодалаганини қутлаш лозим. Лекин масаланинг бир нозик томони — турли уйдирма-ю тўқималардан асл тарихий ҳақиқатни ажратиб олишнинг мураккаблашиб кетиши, ҳатто моҳиятдан узоқлашишнинг кўзга ташлангани бўлиб қолди. Баъзан ҳаммабоп, жаҳоншумул мавзуда асосий мақсад бир четда қолиб, ўз шахсини ёки билимдонлигини, ҳатто фидойилигини кўз-кўз қилиш, олдинга суриш ҳоллари ҳам учради.

Ана шундай шароитда тарихий тадқиқотларни мувофиқлаштириш йўқлиги баъзан панд бергани ҳам рост. Масалан, бир-икки йил олдин бир хориж реклама агентлиги очиқчасига туҳмат билан чиқди. Ёки Гўри Амир хилхонасининг очилиши билан боғлиқ воқеаларни турли ракурслардан қийшиқ талқин қилиш давом этмоқда. Ёки Соҳибқироннинг Русга юриши, Йилдирим Боязид билан тўқнашувини изоҳлашда ўша давр шароитини ҳисобга олмаслик, бугуннинг талаблари билан воқеликка баҳо бериш ҳоллари учрамоқда. Шунинг­дек, Хитой юришини турли манфаатлар чиғириғида айлантиришга зўр бериш кўзга ташланмоқда. Инсоф билан айтганда, бундан етти аср олдин ўтган воқеаларни ҳозирги мезонлар билан баҳолаш, ўз манфаатидан келиб чиқиб ёндашиш, умуман, маърифийликка тўғри келмайдиган ҳолат.

Тарихни ўрганиш баъзи иззатталабликларнинг илдизига сув қуймаслиги, аксинча, ўша кунлардан сабоқ олиб, бугун ўша хатоларга йўл қўймасликдан сабоқ бериши керак. Ўтмишга разм солишдан асосий мақсад ҳам, аслида, шу.

Ана шундай ҳолатда ўша кунлар суратини бутун ўлчамлари, манфий-мусбат томонлари билан акс эттирувчи мукаммал асарларга эҳтиёж кучли бўлади. Ҳолбуки, ҳар бир кичик унсурга аниқлик киритиш, тарихий асарларни шарҳлаш, улар қатида йиллар давомида яширинган, вақт чанг-ғубори билан хира тортган ҳақиқатни топиш борасида юмушлар етарли. Мана, кичик бир мисол. Ҳамма жойда қайд қилинадиган “Куч — адолатда” деган гапнинг тарихи ҳаммани қизиқтиради ва унинг шарҳини исталган киши тарих китобларидан қидиришга ҳақли. Бу ҳақда таянч манбалардан ҳисобланувчи Низомиддин Шомий ва Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”ларидан тайинли маълумот топиш қийин. Лекин таъкидланганидек, мавзуга доир манбалар кўп, қизиқувчан мухлис бу билан чегараланиб қолмай, изланишда давом этади.

Маълумки, Соҳибқирон тарихи ҳақидаги халқ китоблари ҳам сон-саноқсиз бўлган ва уларнинг қай бирларидадир қай бир далил яширинган. Шу тамойил билан “Темур қиссаси” ёки бошқа номлар билан аталган (масалан, “Темурнома”, “Жангномаи Темурбек” сингари) китобларга юзланамиз. 1992 йилда чоп этилган “Зафар йўли” (Ўз аҳволи ва атвори, юруш ва қўнуши, мусолиҳа ва муҳориба воқиъотин туркий луғот бирлон ёзғон китоб. Таржимаи ҳол) китобида Соҳибқирон тилидан шундай ҳикоя қилинади: “Мен 21 ёшга тўлганимда саёҳат қилмоқчи бўлдим. Лекин аввал шайх Зайниддин Абу Бакр Тайободийдан дуойи фотиҳа олмоқчи бўлдим. Шайх… белимга камар боғлаб, бошимга кулоҳ кийгизди ва бир чиғаноқ узук тортиқ қилди, унинг кўзига “Рости-русти” сўзлари ёзилган эди” (13-бет. Нашрга тайёрловчи: тарих фанлари доктори Ашраф Аҳмедов). Бошқа бир халқ китобида мана бундай қайд учрайди: “…сана етти юз эллик олтида (756/1355) Қутуб ул-орифин Шайх Зайнуддин Абу Бакр Тойибодий хизматига етишдим…. бош кийимларини менга кийдириб, ақиқдан бўлган бир узук бердилар. Унинг кўзидаги нақш “Ростию расти” эди, яъни рост бўлсанг, ҳар балодан халос бўлгунгдир” (эди). (“Темур қиссаси”. 2017 йил. Нашрга тайёрловчи ва таржимон: тарих фанлари доктори Ҳайдарбек Бобобеков).

Мана, кафтдагидек кўриниб турибдики, бир далил турли вазият ва ифода услуби билан шарҳланаяпти. Имлоси сақланган кўчирмада турли хилликларга шарҳ бериш ҳам ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолардан. Аниғини айтганда, тарихий манбаларда учрайдиган минглаб киши исмлари ва жой номларининг ягона имлоси (идентификация) ҳам тасдиқлангани йўқ. Шундай қилиб, узук кўзидаги “Рости-русти” сўзлари мантиқан “Куч — адолатда” деб ўгирилди ва бу жамоатчилик томонидан қабул қилинди.

Шубҳасиз, кўчирма келтирилган икки матн, уларнинг манбаси, умуман, халқ китоблари, уларнинг илмий қиммати юзасидан Сизда кўп­лаб саволлар туғилди, аммо вазият нуқтаи назаридан уларга бу ўринда жавоб бериш имконияти чекланган. Умуман, бобокалонимиз таржимаи ҳолига доир ўнлаб нодир манбаларда, “Темурнома” йўриғидаги халқ китобларида далиллар сочилиб ётибди. Уларни ўқиб, Соҳибқирон ҳаётида туш, ҳазрат келтирган ривоят ва ҳикоятлар, Қуръони каримдан келтирилган кўчирмалар, ўз ҳаётидан ҳикоялар (ов лавҳалари, оддий одамлар билан суҳбатлар, таҳликали ҳолатлар шарҳи, илоҳий пайғомлар), умуман, бобомиз шахсиятини далиллайдиган кўплаб мисолларни илмий тадқиқ қилиш кун тартибида турибди. Шунда докторлик ишларига мавзу қандай танланади, уларга қай даражададир ҳавойи (“Амир Темур маънавияти?” дегандек) мавзулар эмас, аниқ амалиётдан келиб чиқиб, ғоялар берилса бўлмасмикан, деган мулоҳаза ҳам туғилади.

Нафсиламрини айтганда, ҳали ҳал қилиниши лозим бўлган кўплаб масалалар кун тартибида турган шароитда бизнинг илмий жамоатчилигимиз нима билан банд, деган савол кўндаланг бўлиши табиий. Шу ўринда оҳорли мисол. Яқинда, аниқроғи 31 март куни ЎзТВнинг “Ўзбекистон тарихи” телеканалида “Тарих тилга кирганда” деган кўрсатув намойиш этилди. Унда тарих фанлари доктори Шоҳиста Ўлжаева, Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев, музей илмий ходими Комил Султонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Тўлқин Ҳайит қатнашди. Иштирокчилар соҳага бегона эмас, анча иш қилган, жамоатчиликка яхши таниш кишилар. Кўрсатув мавзуси “Соҳибқирон Амир Темур” деб номланган экан. Анча тажрибали бошловчи Дилафрўз Шоназарова томошабинлар экрандан узоқлашмаслиги учун роса жон куйдирди ва унинг эътирофича, “Кўрсатув жуда қизиқарли ўтди”.

Гап, асосан, Соҳибқироннинг таржимаи ҳоли устида айланди. Сиз балки бу мавзуда жиддий бир манба қўлга киритилибдими ёки муҳим бир тадқиқит юзага келиб, кўплаб мавҳум саволларга аниқлик киритилибдими, деб ўйлаётгандирсиз. Аммо “тинглаганим рост бўлса агар”, айтилганларнинг ҳаммаси 33 йилдан буён так­рорланиб келинаётган гаплар эди. Рости, мулоҳазаларни тинглаб, бу кўрсатув нимани мақсад қилганига тушунмадим. Ўтган йиллар давомида жамоатчилик турли воситалар орқали бу мавзуда анча-мунча маълумотга эга бўлди. Энди ватандошларимиз “Соҳибқирон” сўзининг маъносини-ю, Темурбекнинг отаси маърифатли одам бўлганини, Чингизхон шажараси билан туташлигини-ю, ҳокимиятга келгунча тортган машаққатларини яхши билади.

Юқорида таъкидланганидек, ўтган йиллар давомида бу мавзуда ўнлаб турли жанрдаги китоблар яратилди, улар қайта-қайта нашр этилди. Шу ўрганишлар жараёни темуршуносликни янги босқичга кўтариш, қулочни яна ҳам кенг ёзиб, энди халқаро даражада фикр юритиш, ҳозиргача биз хориждан ўрганиб келган бўлсак, энди уларга дарс беришимиз лозимлигини таъкидламоқда. ТВда янграган фикрларни эшитиб, бу юртдошларимиз зоҳид файласуф Диоген Синопскийдек турмуш тарзини танлаган эканми ёки таҳаннус ибодатини адо этишга берилиб кетибдиларми, деб ўйлайсиз. Олимлар томонидан янграган “Туғлуқ Темур билан шартнома тузиб…”, “Илёсхўжа бостириб келганда оловлар ёққан”, “хашакларни отнинг думига боғлаб, бақириб чиққан, шундан кейин қайтиб кетган” сингари мулоҳазалар на илмга, на мавзуга тааллуқли. Гапларнинг келишидан “Сайрамда ёш Аҳмад сўймай қочирган хўроз Кешга келиб қолган эканми?” деган хаёлга борасиз…

Умуман, ҳар қанча бўлганда ҳам томошабинга янги ёки тасаввурларни кенгайтирадиган ахборотларни етказган маъқул. Ҳолбуки, юмушлар анча жиддий, ҳатто фидойилик билан ишга киришишни талаб қилади. Энг долзарб вазифалардан бири — ҳазратнинг барча мулоҳазаларни ўзида жамлаган ва бетимсол талъатини тўла ифодалайдиган мукаммал таржимаи ҳолини яратиш бўлиб қолмоқда (бир далил: шўро олимлари йўқсиллар доҳийсининг мукаммал таржимаи ҳолини яратган эдилар ва у ўн саккиз китобдан иборат эди, балки йигирмата ҳам бўлгандир). Ҳолбуки, инсоният тарихида жиддий юмушларни бажарган, дунёнинг кўплаб жумбоқларига ечим топган, саволларига жавоб қайтарган зотнинг ҳаёт йўли инсон қавми учун қизиқарли. Ҳозиргача бу борада кўп­лаб саъй-ҳаракатлар бўлган. Айниқса, хорижлик олимларнинг уринишларини алоҳида таъкидлаш лозим. Дастлабки ҳаракатлар Гонзалес де Клавихо, Иона ота томонидан бўлгани маълум. Кейин жуда кўплаб Ғарб олимлари бу тарихни ёздилар. Яқин ўтмишда эса Люсьен Керен ёки Жан Поль Ру ўз кучини синаб кўрди. Бу юмушлар шунчаки тажриба бўлиб, мақсадга тўла эришилгани йўқ. Ана шу мезоннинг ўзи бу мероснинг ворислари зиммасига улкан юмушларни ортмоқда. Қолаверса, бу битикларда ҳақиқий тарихга, ислом дини руҳиятига, миллий менталитетимизга тўғри келмайдиган ўринлар кўп. Демак, бу юмушни бизнинг олимларимиз бутун кўркамлигини намойиш этадиган даражада уддалашлари мумкин.

Тарихимизга мурожаат афкор омма қаршисида улкан тоғнинг юзидан пардани кўтаргандек таассурот қолдирдики, бу тарихнинг ворислари қилиниши шарт бўлган ишлар қаршисида бироз шошиб қолгандек тасаввур пайдо бўлмоқда. Негаки, амалга оширилиши лозим бўлган ишларнинг кўлами жуда улкан, босқичма-босқич, пиллапояма-пиллапоя кашф этилиши керак бўлган муҳташам обидага ўхшайди.

Ҳаким САТТОРИЙ,

ёзувчи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − 13 =