Бедор қалб битиклари

Атоқли адиб Хайриддин Султон қаламига мансуб “Ҳақиқат жамоли” китобини ўқир эканман, бир фикр хаёлимдан ўтди. Одатда Хайриддин Султон деганда, “Саодат соҳили”, “Ёзнинг ёлғиз ёдгори”, “Кўнгил озодадур” каби бадиий баркамол қиссалар, “Қоғоз гуллар”, “Бир йигитнинг бахти”, “Ё, Жамшид!” сингари гўзал ва латиф ҳикоялар кўз ўнгимизга келади. Ёхуд шу асарлар тилга олинганда ёзувчи Хайриддин Султон ёдимизга тушади, хаёлимизда жонланади.

Қарангки, гоҳ журналистикага, гоҳ бадиий адабиётга тортиб кетадиган мақолалар, публицистик асарлар ичида ҳам чинакам истеъдод-иқтидорни, самимий сўзни “таниб олса” бўлар экан. “Ҳақиқат жамоли”ни ўқиш жараёнида шу фикрга яна бир карра ишонч ҳосил қилдим.

Одатда, публицистика, мақола монанд битикларнинг умри қисқа бўлади, чунки уларда маълум бир давр, маълум бир воқелик акс этади, орадан озгина фурсат ўтгач, ўша битиклар эскиради, кераксиз, эътиборсиз қораламаларга айланиб қолади, деган иддаоларни кўп эшитамиз.

Аммо бу тарздаги қарашларга “Ҳақиқат жамоли” билан танишиб чиққач, ўқувчида эътироз туғилади. Чунки ушбу китобга жамланган, муаллиф чорак аср аввал ёзган айрим адабий мақолалар, публицистик битиклар, саҳифалар сўнггидаги саналарга эътибор бермасак, худди ҳозиргина ёзилгандек, бугуннинг муаммолари, қувончу ташвишлари қаламга олингандек таассурот уйғотади. Ҳар бири беҳад завқ-шавқ, мароқ билан ўқилади.

Масалан, тўпламдаги “Адабиёт нега ўқитилади?” сарлавҳали мақолани олайлик. Унда мактабларда адабиётдан сабоқ бериш, дарс­ликлар савияси масаласи кўтарилади. Одатда, эл-улус эътиборини тортадиган, бозори чаққон бундай мавзуларда сержазава, дар­ғазаб оҳангларда ёзишни хуш кўрамиз. Чунки муаммога ечим топишдан кўра ўзимизни элпарвар, юртпарвар сифатида намоён этишни хоҳлаймиз. Бундай ба­лан­д­пар­возлик, жанжалкашлик билан ўзимиздан ўқувчини ҳам, муаммони ҳал қилиши мумкин бўлган раҳбариятни ҳам бездириб ташлаётганимизни кўпинча сезмай қоламиз.

Аммо “Адабиёт нега ўқитилади?” муаллифи айрича йўл тутади. Оғир, мураккаб муаммони енгил, содда услубда, аччиқ ҳақиқатни ширали тил билан ўзига хос истеҳзо, нимкулгу орқали ифода этади. Маънавий қашшоқлик, жаҳолат адабиётдан узоқлашиш туфайли юз бераётганини, адабиётдан бездириш эса мактаблар остонасидан бошланаётганини жонли, очиқ мисоллар ёрдамида кўрсатади.

Туйқус ҳушёр тортамиз. Бугунги китоб, китобхонлик маданияти билан боғлиқ чигалликлар илдизи анча олисга, ўша шўролар даври маориф тизимига бориб тақалишини чуқур ҳис этамиз. Узоқ вақт жамият вужудида томир ёйган иллат бугун бемисл оғриқ бераётганини, катта фожиаларга сабаб бўлаётганини теран англаймиз. Бу борадаги ўткир муаммоларни бартараф этишга астойдил киришган Президентимизга, ҳукуматимизга хайрихоҳлик туйғулари кўнглимиздан кечади.

Тўпламдаги “Тарихлар ғамни тоза қилур” деб номланган мақола ҳам алоҳида диққатга сазовор. Унда “Тарих — улуғ мураббий, фақатгина биз ношуд шогирдлармиз” деган ҳикматли нақлга ҳам­оҳанглик сезилади. Пишиқ-пухта сатрлар, қайроқи иборалар, енгил ҳазил-мутойиба ўқувчини буткул ўзига ром этади. Мақолани Баёний, Ибрат домла сингари донишманд муаррихларнинг асарларига мухтасаргина шарҳ дея аташ мумкин.

Муаллиф ҳозирги давр ўқувчиси ўша алломаларнинг битикларини ўқиб англаши қийин бўлган ўринларни енгил кулгуга йўғрилган беадоқ андуҳ билан изоҳлаб беради. Улуғ аждодларимиз шону шавкатига маҳлиё бўлибгина қолмай, хонлар замонида авж олган жаҳолат, маишатпарастлик, фитна-фасод каби иллатлардан аччиқ сабоқ олишга, зарур хулоса чиқаришга ундайди. Мақолада мавжланиб турган ўтмишнинг ғам-алами, бугуннинг хавотири, эртанинг умиди ўқувчи қалбига сингади, кўнглини ўртайди.

Замонамизнинг етук алломаси, исломшунос олим Алоуддин Мансур шахсиятига ёрқин чизгилар бериб ўтилган “Баҳрамандлик бахти” мақоласи ҳам ўзининг фасоҳати, балоғати билан яққол ажралиб туради.

“Алоуддин Мансур бизга ҳар сафар Маърифат олиб келарди.”

Чуқур самимият, эҳтиром бал­қиб турган, нозик дидли, ҳассос адибларга хос тарзда иншо этилган ушбу сатрлар ҳам ўқувчининг кўнглини, кўзини яшнатади. Ал­ҳол, ушбу иборада йирик асарларга татигулик ишора, фалсафа, нуқтаи назар мавжуд.

Шу боисданми, ҳарқалай, “Баҳрамандлик бахти”дан баҳра олиш жараёнида кўнглимда бир иштибоҳ кечди: ёзувчи Хайриддин Султон қаламига мансуб “Ёзнинг ёлғиз ёдгори” қиссасининг дунёга келишига закий инсон Алоуддин Мансур билан бўлган учрашувлар, мулоқотлар туртки бермадимикан?

Назаримда, шундай. Ўша машҳур, ҳузуннинг, сукуннинг ёруғ сурати бўлган қисса ҳақидаги ўйлар оғушидан чиқиб-чиқмай, суҳбат жанридаги “Ҳақиқат жамоли” мақоласини ўқишга тутиндим. Бу ҳам адабиёт, адабий жараён, ижод изтироблари ҳақидаги, бугун ҳам ўз долзарблигини, аҳамиятини йўқотмаган мўъжазгина асар. Мутолаа авжида адиб ва журналист суҳбатига беихтиёр аралашгинг келиб кетади.

Тўпламдаги “Адабиёт нега ўқитилади?” сарлавҳали мақолани олайлик. Унда мактабларда адабиётдан сабоқ бериш, дарсликлар савияси масаласи кўтарилади. Одатда, эл-улус эътиборини тортадиган, бозори чаққон бундай мавзуларда сержазава, дарғазаб оҳангларда ёзишни хуш кўрамиз. Чунки муаммога ечим топишдан кўра ўзимизни элпарвар, юртпарвар сифатида намоён этишни хоҳлаймиз.

Айниқса, “Ёзнинг ёлғиз ёдгори” қиссаси, журналист таъкидлаганидек, мўътабар минбарлардан унга отилган тошлар ҳақида ўқиганингда, ногоҳ қонинг қайнаб, қўллар ўз-ўзидан мушт бўлиб тугилади. Чунки талабалик йилларимизда ушбу қиссага қўйилган асоссиз айбловлар, эътирозлар қулоғимизга чалинган. Гоҳ ғазабланганмиз, гоҳ адабий-бадиий дидсизликдан аччиқ кулиб қўйганмиз.

Танқидда тилга олингандек, қисса қаҳрамони Адаш Карвон қанақасига фаолиятсиз, пассив образ бўлиши мумкин?! Аслида у исёнкор шахс-ку. Ахир бўрон, довул қўпса, ерга чуқур илдиз отган чинорлар шамолларга қўшилиб ҳавода учиб юрмайди. Уларнинг сокин ва мағрур чайқалиб туриши тўзонга қарши курашишидан, матонатидан дарак. Адаш Карвон ҳам худди шундай: қува-қув, торта-торт авж олган, очкўзлик, олчоқлик ҳукм­рон дунёга қарши сукути, ҳокисорлиги билан қаршилик кўрсатаяпти, исён қилаяпти.

Асар муаллифи ибораси билан таърифлаганда, теварак-атрофдаги одамларнинг барчаси маънавий юзтубан кетганида, ҳаром-харишга ботганида жамики уқубатларга чидаб, бир бурда нонини ҳалол топиб еган одам, менингча, чинакам курашчи қаҳрамондир.

Албатта, мақолада адиб журналист саволларига жавоб бераркан, баъзи бир ижодкорларда кузатилгандек, жазава-жаҳл силсиласида ўзини оқлашга киришиб кетмайди. Зиёлиларга хос назокат, фаросат билан фикрини, қарашларини билдиради. Мутолаа жараёнида англаймизки, адиб нуқтаи назари — бу адабиёт нуқтаи назари, унинг азалий қонунияти.

Дунё адабиётининг улкан намояндаси, халқимизнинг улуғ адиби Абдулла Қодирий асарлари тал­қинига бағишланган “Андиша”, “Шоирона, дарвешона бир маъно” каби адабий мақолалардан филология, педагогика илмининг иси келади.

Муаллиф ҳар икки битикда Абдулла Қодирий романларидаги, нафақат оддий китобхон, балки унча-мунча “фил.фан.кан.”, “фил.фан.док.”лар ҳам илғаши мушкул бўлган нозик қирраларни топиб, теран таҳлилга тортади. Китоб сўзбошисида таниқли адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев қайд этгандек, герменевтик таҳлилнинг теран бир намунасини тақдим этиб, қодирийшунослик ривожига жиддий туртки беради.

Албатта, ҳар икки адабий мақолада ардоқли адибимизнинг миллий руҳият билимдони эканлигидан, санъаткорлигидан қанчалар ҳайратлансак, муаллифнинг қодирийона фасоҳатидан, гўзал ва сермазмун шарҳидан, сўз айтиш маҳоратидан шунчалар завқланамиз, ҳузурланамиз. Дилларимизда қайта-қайта ўқиш иштиёқи, рағбати уйғонади.

Умуман, “Ҳақиқат жамоли” тўпламидаги қай бир адабий мақолани, бадиий публицистикани олиб қарамайлик, уларнинг ҳеч қайсиси шунчаки, сиёсий-маъмурий талабларга кўра ёзилмаганини, ҳар бирида юрак тафти, юрак дастхати борлигини сезамиз.

Мен уларни бедор қалб битиклари, деб атагим келади. Чунки муаллиф ҳаётда, жамиятда кечаётган яхши-ёмон воқеликка лоқайд, бефарқ қўл силтаб қўйишни лозим кўрмайди, бир ижодкор, бир адиб сифатида айрим ҳодисаларга хайрихоҳлик кўрсатса, баъзи бир нохуш, ножоиз ҳолатлардан куйинади, муносабат билдиришга шошилади.

Жумладан, “Бир ўйлаб кўрайлик” мақоласида муаллиф шўро тузуми сўнгги нафасини олиб турган йилларда жамиятдаги парокандалик касридан юртимизга кириб келган “Гўзаллик танлови” деб аталган ғайриахлоқий, ғайриинсоний тадбирни ўткир истеҳзо, аччиқ кулгу тиғи остига олади. Бу номаъқул расм-русумлар миллатимиз маънавиятига таназзул, фожиа олиб келишини асосли далиллар билан рўй-рост кўрсатади, халқ­ни огоҳликка даъват этади.

“Қўрқинчли туш каби” деб номланган мақолада адиб ўтган асрнинг 90-йилларида қўшни Тожи­кис­тон Республикасида рўй берган биродаркушлик урушига, қонли тўқнашувларга эътиборини қаратади. Ҳар сўзи, ҳар сатридан мунг, ғусса, ҳамдардлик силқиб турган бу битикда уруш балосининг туб моҳиятини, туб илдизларини моҳирона очиб беради.

Афсуски, сиёсат деганлари доим ҳам ахлоқ, маънавият деган тушунчалар билан чиқишавермас экан. Минг надоматки, тарихнинг энг катта сабоғи — тарихий воқеа­лардан сабоқ олмаслик экан”, дея ўкинади адиб.

Ҳар қандай қонли тўқнашувлар замирида адолатсизлик, ҳақсизлик ётишини, урушларнинг олдини олиш учун энг аввало зулмга йўл қўймаслик зарурлигини қатъий таъкидлайди. Мақолада келтирилган: “Мамлакат куфр билан туриши мумкин, лекин зулм бор жойда туролмайди”, деган серҳикмат нақл бугуннинг ҳам шиори каби жаранглайди. Уни ҳамма кўрадиган баланд бир жойга ёзиб қўйгинг келади.

Назаримда, сўнгги йилларда адабий муҳитда бадиий публицис­тика ўз қиёфасини, ўз хусусиятини йўқотиб қўйгандай туюлади. Оддийгина хабар, лавҳа, репортаж каби қораламаларни ҳам ушбу нафис жанрга хослаб қўядиган бўлдик. Ёқубжон Хўжамбердиев, Қулмон Очил, Абдухолиқ Абдураззоқов, Сафар Остонов, Аҳрор Аҳмедов каби ижодкорларимиз қаламидан тўкилган, ўз вақтида ўқувчилар юрагини забт этган чинакам бадиий публицистик асарлар бугун гўё эртакка айланиб қолди.

Мана, “Ҳақиқат жамоли”да бу ажойиб, ҳозиржавоб жанрнинг гўзалликларидан, завқ-шавқидан баҳраманд бўлдик, унинг ҳам сўз айтиш, муносабат билдириш, юракларга сингиш имкониятлари кенг эканига яна бир карра ишондик.

Жумладан, тўпламдаги “Лаҳзанинг умри”, “Қўшиққа ҳайкал қўйган юрт”, “Мовий нилуфар диёрида” сингари бадиий публицистика намуналари ўзининг соҳир лиризмга бойлиги, бадиий жозибаси билан дилларни хушнуд этади.

“Мовий нилуфар диёрида” адибнинг Вьетнам давлатига сафари таассуротлари асосида ёзилган. Унда сатрлар шу қадар тиниқ ва жонлики, ўқувчи ўзини ўша уммон қирғоқларида юргандек ҳис этади, димоғига тропик ўт-ўланларнинг бўйи урилгандек туюлади. Гуллаб-яшнаш палласига кирган олис бир мамлакатга хайрихоҳлик, ҳамжиҳатлик кўнгилларда кечади.

Қизиқ, мақолада уруш ҳақида деярли сўз юритилмаса-да, уни ўқиш жараёнида кишида урушга нисбатан нафрат туйғуси уйғонади. Билмадим, нега? Балки, тинч-сокин ҳаёт тасвирлари қуюқ бадиий бўёқларда, содда, теран берилгани учундир.

Муаллиф ўқувчини вьетнамлик машҳур адиб билан таништирар экан: “Оқсоқол адибнинг хотираси тиниқ, сўзлари қисқа-қисқа, лекин мақолдек маънодор”, дея лўнда, жонли сатрларда жанубий-шарқий осиёга хос қарияни шундоққина кўз олдимизда гавдалантиради. Қу­лоқларимиз остида вьетнамча оҳанглар жаранглагандай бўлади.

Умуман, “Ҳақиқат жамоли”даги ҳар бир мақола, ҳар бир публицис­тик асарда ўқувчининг завқини тоширадиган, юзига табассум югуртирадиган, тафаккурга ундовчи, сермаъно қуйма сатрлар, қайроқи иборалар кўплаб учрайди.

Фурсатдан фойдаланиб, уларнинг айримларини намуна тариқасида келтириб ўтиш мумкин:

“Таржима — омонат,

бировнинг мулки” (93- бет),

“Сўз санъати ўрнини гап санъати эгалламоқда” (111- бет),

“Андиша билан

битилган китоблар” (95-бет),

“Дунёдаги энг улуғ ўлик ҳам изтироб чекмоққа қодир эмас” (69-бет),

“Бизда таклифчи кўп,

ижрочи йўқ” (73-бет)

“Ҳинд юртини забт этган фотиҳ ўлароқ, у ўлканинг бойликларини юртига ташиб кетмади, аксинча, она Ватанидан неки олиб келган бўлса, барини шу диёрнинг ободончилигига, тараққиётига сарфлади” (39-40-бетлар).

Албатта, кичик бир дил изҳорида “Ҳақиқат жамоли”дек йирик китобнинг, бир-биридан сермазмун, нафис битикларнинг барча хусусиятларини таъриф-тавсиф этиш мушкул. Қолаверса, бу синчков, билимдон соҳа мутахассисларига ҳавола. Мен бир оддий қаламкаш, мухлис, бадиий сўз шайдоси сифатида мутолаа жараёнида туғилган таассуротларимни, завқ-шавқимни, ҳаяжонимни имкон қадар ифодалашга интилдим, холос.

Хулоса тарзида айтиш мумкинки, шамол эсиши, намхуш ҳаво кезиниб қолиши, осмоннинг олис бир чеккасида яккам-дуккам булутларнинг пайдо бўлиши замин узра оби-раҳмат ёғишидан дарак берганидек, қўлимиздаги ушбу тўплам ҳам севимли адибимиз адабиёт ихлосмандларига янги бир, одатдагидек, бадиий юксак асар туҳфа этиш арафасида турганидан мужда бўлса, не ажаб.

Биз хушнуд кайфиятда ўша асарларни кутиб қоламиз.

Луқмон Бўрихон

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − 8 =