Ижоднинг қадрланиши истеъдод нуфузини оширади

Пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent“ меҳмонхонасида “Энг улуғ, энг азиз“ анъанавий кўрик-танловининг Республика босқичи ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган танлов жорий йилда “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида ташкил этилди.

Танловга 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” давлат дастури, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар — келажагимиз”, “Беш ижобий ташаббус” каби муҳим дастур ва режалар доирасида олиб борилаётган туб ислоҳотларни кенг ёритувчи ижодий асарлар қабул қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда бўлиб ўтган кўрик-танловларда жами 904 нафар номзод ўзининг 6 минг 600 дан ортиқ ижодий ишлари билан қатнашди. Танлов давомида босма оммавий ахборот воситаларида чоп этилган мақолалар, телевидение ва радио орқали эфирга узатилган кўрсатув ва эшиттиришлар, ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари, тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари, кино санъати, шунингдек, интернет нашрлар, ижтимоий тармоқларда эълон қилинган долзарб мавзудаги материаллари танлов низомида белгиланган 6 номдаги номинация бўйича баҳоланди. Ҳудудларда ўтказилган танлов натижаларига кўра, 209 нафар ғолиб ҳамда унда фаол иштирок этган 114 нафар ижодкор муносиб рағбатлантирилди.

Кўрик-танловнинг Республика босқичида 186 нафар ижодкор 2000 дан ортиқ энг сара ижод намуналари, бадиий асарлари билан иштирок этди. Хусусан, 34 нафар журналист босма оммавий ахборот воситаларида чоп этилган 850 та мақола, 29 нафар телеижодкорнинг телевидение ва радио орқали эфирга узатилган 275 та кўрсатув ва эшиттиришлари, 52 нафар ёзувчи ва шоирнинг 92 та бадиий асари, 65 нафар юртдошимизнинг 750 та тасвирий санъат, фото асарлар ва дизайн ишлари, кино саънати йўналишида 6 та бадиий, 10 та ҳужжатли, 2 та мультфильм жанридаги, жами 19 та асарлари, шунингдек, интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган 20 дан ортиқ муаллифнинг 86 та материали тақдим этилди.Рақамлардан кўринадики, анъанавий танловнинг нуфузи йил сайин ортиб бормоқда.

— Бу йилги танлов ижодкорлар ўртасидаги ҳақиқий рақобатга сабаб бўлди. Буни танловга келиб тушган материаллар сонининг ортганидан ҳам кўришимиз мумкин, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администирацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бошқарма бошлиғи Гулрухсор Ҳотамова.— Ўз навбатида иштирокчилар ва материалларнинг кўплиги ҳакамлар ҳайъатига ҳам жуда катта масъулият юклади. Ижодий ишлар Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Бадиий академияси, “Ўзбеккино” миллий агент­лиги вакилларидан ташкил топган танлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, мазмун-моҳия­ти, долзарблиги, ижодий маҳорат мезонларига кўра холис баҳоланди. Ижодий ишларни баҳолашда юқорида айтганимиздек, профессионал маҳорат, мукаммал бадиий савия, бугунги кунда кечаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг ва атрофлича очиб бериш, теран таҳлилий мушоҳада сингари жиҳатларга асосий эътибор қаратилди.

— Ижод, ижодкорлик инсонга ато этилган ноёб неъмат, — деди танловнинг ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари номинацияси ғолиби, шоир Эшқобил Шукур. — Унинг қадрланиши истеъдод нуфузини улуғлайди. Меҳнат, ижоднинг юксак қадрланиши ижодкорнинг улкан бахтидир. У фахр туйғуларини бағишлайди. Биз энг улуғ, энг азиз байрам арафасида турибмиз. Ушбу айём қадримизни, қалбимизни кўтарадиган, юксакларга ундайдиган байрам. Танлов учун тақдим этган “Бобо сўз изидан” китобим она тилимизни асраб-авайлаш, сўзларнинг маъно-мазмуни, туб илдизини очиб беришга хизмат қилади.

— Танловда таҳририятимиз ғолиб чиққанидан хурсандман, — деди совриндорлардан бири «Андижанская правда» газетаси бош муҳаррири Саид­аҳмад Шукуров. — Биз жамоамиз билан бирга мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари, замондошларимиз фидойиликлари, миллатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳити тобора мустаҳкамланиб бораётгани ҳақида кўплаб мақолалар чоп этдик. Андижон вилоятида ҳам катта ўзгаришлар бўлаяпти. Халқимизнинг турмуш даражасини ошириш учун ташкил этилаётган корхоналар, замонавий уйлар, обод қишлоқлар ўз-ўзидан бўлмаётганини материалларимизда кўрсатишга ҳаракат қилаяпмиз. Бу борадаги ижодий ишларимизни янада бойитиб ғолибликка муносиб бўлишга ҳаракат қиламиз. Танлов ташкилотчиларига, ҳакамлар ҳайатига миннатдорлигимни билдираман.

Маълумки, бугунги кунда барча соҳалар қатори маданият ва санъат, адабиёт, оммавий ахборот воситалари, наш­риёт ҳамда матбаачилик равнақини янги босқичга кўтариш, мавжуд ҳуқуқий-норматив базани такомиллаштириш, соҳанинг моддий-техник салоҳиятини мустаҳкамлаш, ижод аҳлининг машаққатли меҳнатини моддий ва маънавий жиҳатдан муносиб рағбатлантириш, кадр­лар тайёрлаш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш ва ислоҳ қилиш борасида улкан ишлар олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда ўзбек оммавий ахборот воситалари том маънода “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилмоқда. Соҳадаги ўзгариш ва янгиланишлар, оммавий ахборот воситаларига берилаётган эътибор туфайли журналистика қаддини кўтарди, журналистлар дадил ва журъат билан ёза бошлади. Юртимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар, ўзгариш ва янгиланишлар, энг муҳими, ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳақида таҳлилий-танқидий материаллар сони кескин кўпайди. ОАВ ўзининг энг муҳим — давлат ва халқ ўртасида кўприк вазифасини бажараётгани туфайли, уларга бўлган ишонч мустаҳкамланиб боряпти. Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Президенти Админис­трацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳам юртимиздаги оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, уларни қонунчиликдаги ўзгариш ва қўшимчалар ҳақида ўз вақтида ва тезкорлик билан хабардор қилиш, янги ОАВни ташкил қилишда кўмаклашиш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китоб ва китобхонликни кенг тар­ғиб қилиш, уларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини янада ошириш, матбаачиликни ривожлантириш йўлида зарур чора-тадбирларни кўриб келмоқда.

Бир сўз билан айтганда, соҳага қаратилаётган юксак эътибор мамлакатимиздаги ижодкор зиёлиларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда зарур ша­роит ва имконият яратишда муҳим аҳамият касб этяпти. “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танлови ҳам ана шу мақсад ва вазифаларга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

Жобир Хўжақулов.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × one =