Машаққатли довонлар оша…

Муҳсинжон Ашуров амалга оширган ишлар бир олим, зиёли инсон учун етарли экани, шубҳасиз. Яъниким, шунча ишни дўндириб қўйган одам, “бас, энди бемалол дам олсам ҳам бўлади”, деса ярашади, албатта. Бироқ Яратганнинг ўзи қалбига чўғ солиб қўйса, бандаси нима қилсин?..

Биз одатда бирор таниқли, эл-юрт хизматида сочи оқарган заҳматкаш инсон ҳақида гапирсак, унинг қилган эзгу амалларини санаймиз. Бу яхши, албатта. Лекин айтилиши зарур бошқа омиллар, ҳаётий ҳақиқатлар ҳам бўладики, улар гоҳ унутилса, кўпинча гўзал эътирофлар, саноқлар соясида қолиб кетади.

Бор куч-қуввати, салоҳиятини фан ва саноатимиз ривожига бағишлаб келаётган жонкуяр юртдошимиз, академик Муҳсинжон Ашуров ҳаёти, унинг бугунги даражага эришиш учун қандай йўлларни босиб ўтгани, қисқача айтганда, олимни олим қилган омиллар ҳақидаги эътирофлар бир мақола тугул, китобга ҳам сиғмайди, аслида…

Самарқанд шаҳридаги 21-мактабнинг собиқ ўқувчиси Муҳсинжон Ашуров бир йигитга насиб этадиган кўплаб ютуқларга эришди. Мактабни аъло баҳоларга битириб, университетга кирди. Аспирантура сабоғини олиб, номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди, кейин фан доктори, академиклик… Ватанимиз ва халқимиз олдидаги фидокорона хизматлари учун давлатимизнинг юксак мукофотларига — Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби фахрий унвони, “Дўстлик” ва “Меҳнат шуҳрати” орденларига сазовор бўлди.

Муҳсинжон Ашуров зиёли оилада, маърифатли инсонлар тарбиясини олиб улғайган. Оила устуни — Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Хуррам ака Ашуров ички ишлар идораларида хизмат қилар, уй бекаси Сабоҳат ая зиммасида эса яхши рафиқа, яхши келин, яхши она бўлиш вазифаси бор эди.

Улар йигирма йил бир-бирига меҳр бериб, аҳил-иноқ турмуш кечиришди. Етти фарзанд­ни оқ ювиб-оқ тарашди…

Тақдир битигини бандаси ўзгартира олармиди. 1967 йилда Ашуровлар хонадони оғир синовга дуч келди. Хуррам Ашуров 46 ёшида дардга чалинди: шифокорлар унга инсульт ташхисини қўйдилар. Қонли урушларда ўзини йўқотмаган инсон, оғир дард билан ҳам етти йил мардона олишди…

45 ёшли Сабоҳат Ашурова олдида энди етти қоракўзга ҳам оналик, ҳам оталик вазифаси турарди. Шу кунга қадар ёнимда суянган тоғим — не ғамим бор, дея кўнгли тўқ яшаган экан. Садоқатли, суюкли умр йўлдошидан айрилганига кўникиш осон бўлган дейсизми садоқатли аёлга…

Катта рўзғорни катта матонат билан бошқарган Сабоҳат ая турмушнинг барча аччиқ-чучугига мардона дош берди. Фарзандларининг илм олиши учун нима зарур бўлса, барчасини муҳайё этишга интилди. Натижада фарзандларнинг бари онанинг ишончини оқлаб ўқимишли, олий маълумотли бўлди.

Мана, бир олим камол топган муҳит, оила қандай эди!

Бугун илмий жамоатчилик академик Муҳсинжон Ашуровни Ўзбекистон Республикаси саноатининг ривожига ҳамда фундаментал ва қаттиқ жисмли лазерлар физикаси соҳасига улкан ҳисса қўшган таниқли олим сифатида қадрлайди.

Унинг қаттиқ жисмлар физикаси, радиацион физика ҳамда лазер кристалларининг спектро­с­копияси бўйича амалга оширган тадқиқотлари жаҳон илмий жамоатчилигининг эътиборини қозонган.

Олим ҳаёти ва фаолиятига оид маълумотларни кўздан кечирар эканмиз, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатида иш бошлаган дастлабки кунларданоқ, аввало, илм аҳли — мамлакатимиз илмий жамоатчилиги вакиллари билан учрашувидаги “Битта фан доктори, профессор, айниқса, академикнинг ҳақиқий олим бўлиб камол топиши учун давлат ва жамият унга камида 30-40 йил вақт, катта меҳнат ва маблағ сарфлайди. Академик деган юксак даражага эришиш бу — албатта осон эмас. Бундай бахт ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди” деган фикрларининг айни ҳаётий тасдиғини кўргандек бўламиз.

Муҳсинжон Ашуров 1971 йилда Самарқанд давлат университетининг физика факультетини битиргач, 1972 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ядро инс­титутида стажёр-тадқиқотчи сифатида меҳнат фаолиятини бошлади. Стажировкани эса Москвада ўтаб, ўша ерда аспирантурага кирди.

Инсон қаерда бўлмасин, ўзи туғилиб-ўсган тупроғини қўмсайди.

1978 йилда номзодлик диссертациясини ёқлаган Муҳсинжон Ашуров Ватанга, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ядро физикаси институтига қайтиб, у ерда оптик монокристаллар ўстиришнинг технологик базасини яратишга киришди.

Табиатан етакчилик қобилиятига эга қаҳрамонимиз, ўзига ўхшаган ёш, шижоатли олимларни атрофига йиғиб, кичик технологик гуруҳ ташкил этди. Биргаликда оптик кристаллар ўстириш технологияси устида ишладилар.

1980 йилда улар томонидан юртимизда дастлабки монокрис­таллар ўстирилди. 1981 йилдан бошлаб эса ЎзФА тарихида илк марта илмий маҳсулот — Фанлар академияси Ядро физикаси институтида ўстирилган кристаллар экспорт қилинди. Бу орқали институтнинг радиациянинг оптик ва лазер кристаллари хусусиятларига таъсирини ўрганиш имкониятлари янада кенгайди.

1978 йилдан 1991 йилгача мазкур институтда кичик илмий ходим, катта ва етакчи илмий ходим, лаборатория мудири, директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари лавозимларида меҳнат қилди. Интилишлари, изланишлари зое кетмади — 1989 йилда физика-математика фанлари доктори илмий даражасига эга бўлди, кўп ўтмасдан, унга профессор унвони берилди.

1995 йил — 46 ёшида Ўзбекистон Фанлар академияси академиги этиб сайланди.

Адабиёт аҳли орасида “ёзувчи пенсияга чиқмайди” деган ибора юради. Бу ёзувчи пенсия ёшига етгани билан, халқ ва жамият олдида бурчдор бўлиб қолаверади, умр бўйи меҳнат қилишдан, ижоддан тўхтамайди, деганидир.

Бу жонли иборани аслида ўзини Ватан ва халқ олдида ҳамиша бурчли ҳисоблайдиган ҳар бир фуқарога нисбатан қўллаш мумкин. Жумладан, биз ҳаёти ва фаолияти тўғрисида ҳикоя қилаётган ватандошимизга нисбатан ҳам.

Ҳозирги замон фани ва техникасини салмоқли ютуқлар билан бойитган бир қатор экспериментал ва назарий ишларнинг муаллифи бўлмиш академик Муҳсинжон Ашуров тадқиқотлари қаттиқ жисмлар физикаси, материалшунослик ва қаттиқ жисмли лазерлар физикаси соҳаларида йирик фундаментал ва амалий масалаларни қўйиш ва ҳал этиш имконини яратди. Жумладан, у гранат тузилмали лазер кристалларнинг гомологик қатори стехиометрияси бузилишининг табиатини очиб берди. Ушбу кристалларда кам учрайдиган ер ионларининг “ўзаро таъсир эффекти” деб аталган эффект мавжудлигини аниқлади, галлий гранатларининг радиацион бўялиши механизмлари идентификация қилинди, бу жараёнларда тузилмавий нуқсонларнинг роли ўрганилди. Олим лазер кристалларининг энг муҳим типлари радиацион чидамлилигини ошириш муаммосини ҳал этди.

Шу кунга қадар хорижий нашр­ларда Муҳсинжон домланинг 160 дан ортиқ илмий ишлари чоп этилган, шунингдек, у бир неча монография муаллифи, 12 та ихтиро патенти соҳибидир. Раҳбарлигида 1 та докторлик ва 9 та номзодлик диссертацияси ҳимоя қилинган.

Булар олим илмий фаолиятининг бир қисми, холос.

У киши жамоат арбоби сифатида ижтимоий соҳада ҳам фаоллик кўрсатиб келмоқда. 1995–2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлигига сайланиб, миллий қонунчилигимизни такомиллаштиришга муносиб ҳисса қўшган бўлса, 1998 йилдан бери Ўзбекистон — Греция дўстлик жамиятининг раиси сифатида икки халқ ўртасидаги дўстона алоқалар, ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда.

Муҳсинжон Ашуров амалга оширган ишлар бир олим, зиё­ли инсон учун етарли экани, шубҳасиз. Яъниким, шунча ишни дўндириб қўйган одам, “бас, энди бемалол дам олсам ҳам бўлади”, деса ярашади, албатта. Бироқ, Яратганнинг ўзи қалбига чўғ солиб қўйса, бандаси нима қилсин?..

Олимнинг ярим асрлик фаолиятини диққат билан кузатган одам бир жиҳатга эътибор бермаслиги мумкин эмас. Яъни, Муҳсинжон Ашуров ҳеч қачон фақат назарий билимлар билан чекланиб, турли формула-ю қоидалар, қимматбаҳо фикр-ғоялар битилмиш қоғозларга “кўмилиб” қолган киши эмас. У ҳамиша назарияни амалиёт билан биргаликда олиб боришга интилади.

“Сўзда эмас, амалда кўрсат!” — бу академик Ашуровнинг ҳаётий шиорларидан. Албатта,  бу шиорни у катта минбарлардан туриб баралла айтган эмас, аммо ҳаётда бунга росмана амал қиладики, ақлли шогирдлар учун шунинг ўзи кифоя. У толиби илм­ларга бирор назарий фикрни айтар экан, уни албатта амалиётда ҳам кўрсатиб беради.

Аллома Гёте бетакрор “Фауст”­ида ёзганидек:

Назария қуруқ ёғочдир, дўстим,

Аммо яшнар ҳаёт дарахти…

Муҳсинжон ака ўзининг ажойиб назарий фикрларига асосланган амалий иш-ҳаракатлари билан ҳаёт дарахтини яшнатиб келаётган чинакам заҳматкаш олимдир.

Домла китобларсиз, илмий ишларсиз, лаборатория тажрибаларисиз бир кунини ҳам тасаввур эта олмайди. Уни бош­қалардан ажратиб турадиган сифатларидан бири ҳам шу: янгиликка интилади, билими, тажрибаси, баъзан эса шахсий интуициясига суяниб, назарий фикр ва ғояларини қўрқмасдан ҳаётга жорий этади.

Муҳсинжон домлага қараб, гоҳида одам сал журъатлироқ, яна озгина таваккалчироқ ҳам бўлишим керакмикан, деб ўйлаб қоласан киши.

Тўғрисиям шу-да. Бундай қарасангиз, ўзбекдай мияси ғиж-ғиж ақлга тўла, инновацион фикрлайдиган халқ дунёда йўқ. Мен бир нарсага ишонаман: агар миллий характеримизга хос ортиқча андиша, ўзгаларни ҳаддан ошиқ кўкка кўтариб, ўзимизни ўта ҳокисор тутиб юборишдек айрим одатларимиздан кечолсак, зарур пайтда бир-биримизни қўл­лашни ҳам билсак, бир-биримизга далда бўлолсак, илмда юксак чўққиларни забт эта оламиз.

Эсингиздами, ибн Сино ҳазратлари таржимаи ҳолида кези келса ёши улуғ баъзи устозларинингда камчилигини рўй-рост айтади. Қарасам, дейди у зот, бу киши (устозининг номини айтиб) биладигани шу экан, менга ундан ортиқчасини ўргата олмаслигини ўзи тан олди. Кейин ўзим мустақил ўқиб-ўрганишга киришдим. Яна ул зот тағин айтадиларки, 17-18 ёшларимгача мен дунёнинг илмини сув қилиб ичиб юбордим. Ҳозир (таржимаи ҳол кейинчалик, анча улғайганларидан сўнг ёзилган) ўшанда ўрганганларимдан ортиқ ҳеч нарса билмайман…

Демак, одамда ўзига нисбатан ишонч ҳам бўлиши керак экан! Ортиқча андиша, журъатсизлик илмда панд бериши мумкин.

Доимо янгиликка интиладиган Муҳсинжон Ашуров 1991 йилда Ҳукумат қарори асосида ташкил этилган “Фонон” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасига раҳбар этиб тайинланди. Ва айтиш мумкинки, бу ҳолат унинг шу кунга қадар ўйлаб юрган ғояларини ҳаётга янада кенгроқ татбиқ этиш, амалий ҳаракатлар қилиш учун катта имконият бўлди.

Ўтган йиллар мобайнида мус­тақиллигимиз билан тенгдош ушбу корхонада унинг бошчилигида Ўзбекистон заргарлик буюмлари, республика орден ва медалларини тайёрлаш ишлари ҳамда монокристаллар ҳосил қилиш ва уларнинг хусусиятларини ўрганиш бўйича бир қанча муҳим тадқиқотлар амалга оширилди.

2012 йилгача ЎзФА Ядро физикаси институтида бўлим бошлиғи вазифасини бажариб келган қаҳрамонимиз, айни пайтда бош илмий ходим лавозимида хизмат қилмоқда.

Олим раҳбарлик қилаётган бўлим “Фонон” ИИЧБ билан ҳамкорликда бир неча йил давомида радиациянинг ядровий заррачалари детекторлари – қўрғошин вольфромати ва кварцли оптик толаларнинг иш характеристикасига таъсири муаммосига оид Халқаро грант бўйича ишларни бажарди. Бу детекторлардан Швейцариядаги Халқаро ядровий тадқиқотлар маркази (ЦЕРН)да фойдаланилади.

2000 йилларнинг бошларида академик М.Ашуров давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши билан Ўзбекистонда техник кремний ҳамда кремнийнинг поли ва монокристалларини ҳамда улар асосида микроэлектроника элементларини, шу жумладан, Қуёш элементлари ва фотоэлектрик модулларни ишлаб чиқаришга яроқли кварц конларини аниқлашга ва геология-қидирув ишларини хорижий инвестиция­ларни жалб этган ҳолда, кенг миқёсда, босқичма-босқич амалга оширишга киришди. Шу асосда мамлакатимизда йилига бири 5 минг ва яна бири 12 минг тонна техник кремний олиш қувватига эга 2 та замонавий завод қурилиб, ишга туширилди.

Айни пайтда эса М.Ашуров Россия ФА академиги И.А.Шербаков билан биргаликда қишлоқ хўжалиги ўсимликларининг ривожланишига ёрдам берадиган, зараркунанда ҳашаротлар ва касаллик қўзғатувчи микроорганизмларнинг ҳаёт фаолиятини қисқартирадиган паст ҳароратли плазмалардан фойдаланишнинг илмий асослари устида иш олиб бормоқда.

Хуллас, академик Муҳсинжон Ашуров меҳнат фаолияти, бугунги замонавий тил билан айтганда, ҳамон “он-лайн” режимида, кўз тегмасин!

Биз кўпинча ибратли жиҳатларни ё тарихимиздан ёки четдан қидиришни яхши кўрамиз. Хорижлик олиму фозиллар, шоир-ёзувчилар, санъаткорлар ҳақида тўлқинланиб гапирамиз.

Ҳолбуки, яхшилаб эътибор берсак, бугунимиздан ҳам, ўзимиздан ҳам анча-мунча ибратли жиҳатларни топа оламиз.

Ўзимизнинг олиму зиёлилар, шоиру адиблар ҳаётида ҳам ўрнакка лойиқ ҳодисаларни кузатишимиз мумкин.

Академик Муҳсинжон Ашуров ҳаётда, илмий фаолиятида нимага эришган бўлса, бунда яна бир инсоннинг улкан ҳиссаси борлигини миннатдорлик ила таъкидлайди. Бу инсон — олимнинг ёшлик ва камолот йиллари, илм йўлида чеккан заҳматларию севинч ва қайғули кунларининг гувоҳи; ёлғиз гувоҳигина эмас, унга неча ўн йиллар давомида елкадош, ҳамдард ва ҳамнафас бўлиб келаётган умр йўлдоши Хайринисо Ҳакимжоновадир.

Бундан 35-40 йиллар муқаддам, Тошкент давлат университетида (ҳозирги ЎзМУ) ўқитувчилик фаолиятини бошлаган кезларидаёқ устозлари Хайринисога катта умид билдирган ва бунга уларнинг тўла асослари бор эди. Негаки, ёш, ғайратли муаллима ўткир зеҳнияти, меҳнатсеварлиги, илмий ва педагогик иқтидори билан талабалар ва ҳамкасблар меҳрини қозонган эди. Йиллар ўтган сайин унинг илмий жамоатчилик, жамият олдидаги ҳурмат ва эътибори юксалиб борди.

Муҳсинжон домла умри давомида икки мунис аёлдан қарз­дор эканини айтади: бири у кишини дунёга келтириб, камолга етказган волидаи муҳтарамаси бўлса, иккинчиси — илм ва ижод билан (олимлик ҳам ижодкорликдир, аслида!) хотиржам шуғулланиши учун барча шароитларни яратиб берган, турмуш ташвишларига елка тутиб яшаган суюкли рафиқаси, фарзандларининг меҳрибон онасидир.

Улар биргаликда икки ўғил ва бир қизни тарбиялаб, элга қўшдилар. Фарзандларнинг бари ўқимишли, илмли, одоб-ахлоқли инсонлар бўлиб вояга етди.

У киши том маънодаги олим, зиёли шахс сифатида — маънавиятимизнинг чинакам дўстидир. Кибриё Қаҳҳорова, Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Зокиржон Машрабов, Ҳасан Бўриев, Эркин Аъзам, Турсунали Қўзиев сингари халқимизнинг суюкли адиб ва зиёлилари, олимлари билан дўстона муносабатлари бунга далилдир.

Шу кунларда домланинг танишлари, дўст-биродарлари, шогирдлари орасида дув-дув гап: эмишки, у киши 70 ёшга тўлибди. Ишонган — ишонди. Ишонмаганлар “лоф ҳам эви билан-да”, деб қўйди.

Уларни ҳам тушунса бўлади. Фарзанди тенги ёшлар билан теппа-тенг эмас, улардан-да кўпроқ ғайрат ва шижоат билан ишлайдиган, вужудида навқиронлик, қалбида ёшлик ўтини сақлаб қолган инсонни қандай қилиб… етмишда деб ўйлаш мумкин?

Очиғи, буям бир саодат аслида. Устознинг шундай қутлуғ кунларида, улуғ ёшларида ҳам ёшларга ибрат, ўрнак бўлиб юришларига ҳавас қилса арзийди.

Элмурод Карвонли.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 + twenty =