Файзсиз қолган “ФАЙЗ” маҳалласи

15- ва 19-кўпқаватли уйларнинг орқа томонида уй қурилиши бошланиб, биринчи қавати битар-битмас тўхтаб қолган ва ҳозирда хароба, ташландиқ жойга айланган, каттагина майдон эътиборимизни тортди. Тахминан бир гектарга яқин жойнинг бир бурчаги чиқинди ташланадиган ҳудудга айланибди.

Маълумки, 2018 йилдан буён “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида мамлакатимизда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Аммо Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги “Файз” маҳалласи бу йўналишдаги ишлардан четда қолганга ўхшайди. Маҳаллий аҳоли тилида “Мясокомбинат” номи билан аталадиган бу жойга мутасаддилар умуман эътибор қаратишмаяпти. Бу ердаги коммунал хизмат кўрсатиш, йўллар ва кўпқаватли уйлар атрофидаги манзара шундай дейишга асос бўлади.

Узоқ йиллар истиқомат қилиб келаётган одамларнинг айтишича, 1980 йилларда бу жойлар обод маскан бўлганди. Ҳудудда Тошкентдаги энг катта гўштни қайта ишлаш корхоналаридан бири — “Тошкент гўшт комбинати” фаолият кўрсатарди. Аҳоли иш билан банд эди. Ўша пайтларда йигирмага яқин 4 қаватли уй, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш масканлари қурилганди. Йиллар ўтиб “Тошкент гўшт комбинати”нинг фаолияти тўхтагач, гўё бу ерда ҳаёт бир нафас тўхтагандай бўлди.

15- ва 19-кўпқаватли уйларнинг орқа томонида уй қурилиши бошланиб, биринчи қавати битар-битмас тўхтаб қолган ва ҳозирда хароба, ташландиқ жойга айланган, каттагина майдон эътиборимизни тортди. Тахминан бир гектарга яқин жойнинг бир бурчаги чиқинди ташланадиган ҳудудга айланибди. Буни чиқиндилар уюмидан билдик, на бир чиқинди ташланадиган идиш бор, на бир девор билан ўралган, на олиб кетадиган эгаси бор… Қолган ҳудудда кесилган дарахт шохлари, бетон бўлаклари, хуллас, бир уюм ахлатхонадан қўланса ҳиди анқийди.

— Ёшим 67 да, шу ерда исти­қомат қиламан, — дейди З.Шарипова. — Сиз кўриб турган чала қурилиш 1986 йилларда бошланганди. Кейин тўхтаб қолди. Ўшандан бери аҳвол шу, ёз ойлари қўланса ҳидига туриб бўлмайди. Турли юқумли касалликлар тарқаладиган маконга айланган. Ҳеч кимнинг иши йўқ.

Бу жойнинг ёнидан каттагина ариқ оқади. Ёз жазирамасида одамларнинг ариқ бўйида салқинлашини қўя туринг, улар юрак ҳовучлаб ўтиришади, болалар билиб-билмай сув ичиб қўймасин ёки чўмилмасин деб. Ариқнинг атрофидаги ахлат йиғилиб қир ҳосил қилган.

— Телевизорда жойларда қилинаётган ободончилик ва бунёдкорлик ишларини кўриб: “Бизнинг ҳам маҳалламиз ободонлаштирилса”, деб ҳавас қиламиз, — дейди 82 ёшли Рима исмли онахон. — Бу жой 30 йилдан бери ташландиқ. Бунинг ўрнида болалар майдончасими, спорт мажмуасими, хуллас, нимадир қурса бўларди. Ўзингиз кўриб турибсиз, кўпқаватли уйларда яшайдиган болалар учун тайинли ўйин майдони йўқ. Ҳозир бу ерда кемирувчи жониворлар ва турли ҳашаротлар кўпаймоқда.

Онахоннинг гапида жон бор. Бу жой спорт мажмуасими ёки болалар майдончаси қуриш учун жуда қулай. Сабаби электр, газ, сув, иссиқлик таъминоти ва канализация тармоқлари мавжуд.

Қурилиши тўхтаб қолган уй, ташландиқ ҳудуд ҳақида маълумот олиш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғини идорасига кетаётганимизда йўлда кўлмакларни айланиб ўтиб, мактабга келаётган болаларга кўзимиз тушди. Буни қарангки, ташландиқ ернинг ёнгинасида 44-умумтаълим мактаби бор экан.

Эрталабки соат 9:00 да “Файз” маҳалласи идорасида ҳеч ким йўқ, эшиги қулф. Биз маҳалла раиси ёки мутахассислари келиб қолар, деган ўй билан 2 соат, яъни соат 11:00 га қадар кутдик, аммо на маҳалла раиси, на профилактика инспектори ва на бирор-бир масъул ходимдан дарак бўлмади.

Энди тасаввур қилинг, бир фуқаро маълумотнома олиш ёки бирор бошқа масала юзасидан маҳалла раисиними, профилактика инспекториними излаб келса, сарғайиб 2 соатдан зиёд вақт кутса-ю, улардан дарак бўлмаса… Одамларда маҳаллага, профилактика инспекторига бўлган ишонч қоладими?!

Қурилиши битмай қолган уй, қаровсиз жой бўйича саволларимизга жавоб олиш мақсадида Зангиота туман ҳокимлигига йўл олдик.

Туман ҳокими топшириғи билан ҳокимнинг қурилиш масалалари бўйича муовини Аваз Мавлянов “Файз” маҳалласидаги қурилиши тугалланмай қолган уй бўйича бизга маълумотларни тақдим этди.

Маълум бўлишича, туман ҳокимининг 2017 йил 8 сент­ябрдаги 2203-сонли қарорига асосан, қурилиш ости майдони 866,97 кв.м бўлган ва қурилиши тугалланмаган кўпқаватли уй туман ҳокимлиги тасарруфига ўтказилган. Ушбу битмаган бино-иншоотни тадбиркорга бириктириш юзасидан Тошкент вилояти доимий комиссиясига мурожаат қилингани ҳам айтилди, аммо қачон мурожаат қилинган, деган саволимиз барибир очиқ қолди.

Шунингдек, Ўртаовул ҳудуди бош режаси тасдиқлангандан сўнг ушбу қурилиши битмаган бино ер майдонида замонавий кўпқаватли уйлар қурилиши 2020 йилга режалаштирилаётган экан.

Ҳамид Ахрор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × one =