Адолат аввало қонун устуворлигида

Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, хусусан, Конс­титуциямизнинг муҳим жиҳатларини ёшларимизга ўргатиш бугунги куннинг асосий вазифаларидан биридир. Олий суд судьялари ва ходимлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали тадбирда шу ҳақда сўз борди.

— Бундан 27 йил муқаддам мустақил Ўзбекистонимизнинг Конституцияси қабул қилинган эди. Албатта, бу давр тарих учун жуда қисқа фурсат. Аммо ўтган вақтда Ўзбекистон мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланиб, жаҳон ҳамжамия­тидан муносиб ўрин эгаллади, том маънода улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди. Бу машаққатли йўлда эришган барча ютуқларимиз, энг аввало, Конституцияда белгиланган тамойилларни ҳаётга қатъият ила жорий этишимиз билан боғлиқдир. Чунки айнан Конституциямизда хал­қимиз узоқ йиллар орзу қилган миллий мустақиллигимиз ва ривожланиш йўлимиз, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари белгилаб берилган. Конституциямиз ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда. Бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда, — деди тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар Бош Қомусимизда ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга экани, жиноят содир этишда айб­ланаётган шахснинг айби судда аниқ бўлмагунча у айбдор ҳисобланмаслиги тўғрисидаги нормалар белгилаб қўйилгани алоҳида таъкидланди.

— Ушбу конституциявий қоидани амалда тўлиқ таъминлаш мақсадида кейинги йилларда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси ва раҳбарлигида суд-ҳуқуқ тизимида том маънода тарихий ислоҳотлар қатъият билан амалга оширилаётганига ҳар биримиз гувоҳ бўлиб турибмиз,— дейди Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси томонидан ўтказиб келинаётган “Адолат – қонун устуворлигида” танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган маросим ҳам бўлиб ўтди.

— Ушбу танловни ташкил этишдан кўзланган мақсад — суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, судлар фаолияти тўғрисида кенг жамоатчиликка холис ва ҳаққоний ахборот етказаётган журналистларни рағбатлантиришдан иборат, — деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов.

— Танловда “Телевидение ва радио йўналишида энг фаол журналист” номинациясида 2-ўрин билан тақдирландим, — деб қувончини биз билан бўлишди “Севимли” телеканали мухбири Мўътабар Нурмуҳаммедова. — Ғолиблар сафида бўлганимдан ғоят мамнунман. Мен “Севимли” телеканалида суд-ҳуқуқ тизимини кўп йиллардан бери ёритиб келаяпман. Иш жараёнимда ҳуқуқий билимимни оширишга имкон яратилди. Бугун судья­ларнинг иш фаолияти кечагидан тубдан фарқ қилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Авваллари журналистлар судларнинг эшигидан ҳатто мўралаши ҳам осон эмас эди. Бугун бу ўзгаришларни гапирмасликнинг иложи йўқ.

Танловга 2019 йил 1 январдан 15 ноябргача республика миқёсидаги газета, журналларда чоп этилган, интернетда ёритилган, телевидение ва радиода берилган суд тизимидаги ислоҳотларни ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарғиб қилишга, аҳолининг бу борадаги ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга йўналтирилган мақолалар, интернет материаллари, кўрсатувлар, эшиттиришлар қабул қилинган.

Танлов ғолибларига диплом ва эсдалик совғалари тантанали топширилди.

Феруза Раҳимова,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − 12 =