Ғаллаоролликларни қандай уйғотишди?

Эртаси куни бу воқеа бутун Ғаллаорол бўйлаб тарқалди. Эшитганлар “Жудаям тўғри, кимдир масалани шундай қўйиши, ён-атрофдагиларни уйғотиши керак эди”, деган гапларни айтишди. Ҳафта ўтиб, кўзда тутилган одамлар жам бўлишди. Кўпдан кўп гап чиқар экан.

Салоҳиддин ота Назаров саксон бешинчи ёшга қадам қўйди. Бутун умри эл-улус орасида ўтганлиги учун табиатан атрофда рўй бераётган воқеаларга бефарқ бўлолмайди. Ҳозир ҳам телевидение орқали Президентимизнинг чекка вилоятлардан бирига ташрифи ҳақидаги махсус кўрсатувни зўр қизиқиш билан томоша қиларди. Ҳа, Юртбошимизнинг ҳар бир ташрифи алоҳида мактаб. Қаранг, юртимизда қандай ажойиб ўзгаришлар юз бермоқда. Ҳамма нарса инсоннинг яхши яшашига хизмат қилишига йўналтирилган. Бу янгиланишлар баҳри-дилингни очади. Лекин кўнгилни хижил қиладиган нарса — бундай ислоҳотлар Ғаллаоролда қачон бўлади? Битта ҳокимнинг 7-8 нафар ўринбосари бўлса. Папка кўтарган амалдор кўпу лекин натижадан дарак йўқ.

Шундай ўйлар билан ўтирганда туман ҳокими ўринбосари қўнғироқ қилди: ҳокимлик залида катта йиғилиш бўлади, сизни таклиф қиламиз. Телефон қилган одам қўшиб қўйди: мажлисда Президент администрациясидан масъул ходим иштирок этади.

Ҳа, дилидаги гапларни айтиш пайти келибди. Айтилган вақтга борса, одамлар энди йиғилаётган экан. Туман ҳокими Жалолиддин Оқбоев оқсоқол билан қуюқ кўришиб, тепага ҳайъат аъзолари ўтирадиган жойга таклиф қилди. “Сизнинг тажрибангиз бизга керак, Салоҳиддин ака” дея сўз қотди.

Анжуман аввалида туман раҳбари йиғилганларга кун тартиби бўйича маъруза қилди. Бугунги давр янгича талаблар қўяётгани, ислоҳотлар томошабинликни қабул қилмаслигини, ўзгаришлар ҳар бир фуқародан фаоллик кўрсатишни тақозо этаётганлиги хусусида гапирди.

Салоҳиддин ота залга назар ташлади. Қатнашчиларнинг баъзилари мудраб ўтирар, муҳокама этилаётган масалага эътиборсизлиги шундоқ кўриниб турарди.

— Бугунги йиғилишимизда Ғаллаоролда узоқ йиллар раҳбар лавозимида ишлаган Салоҳиддин Назаров иштирок этаяптилар. Оқсоқолга сўз берамиз, — туман ҳокими таклиф қилди.

Салоҳиддин отанинг илк сўзи ёз осмонида янграган момақалдироқдек бўлди.

— Сиз, ҳоким, жуда тўғри вазифалар ҳақида гапирдингиз. Президентимиз, давр­нинг ўзи ҳақиқатда ҳаётий масалаларни кун тартибига қўйяпти. Лекин ҳозир атрофингиздаги мана бу одамлар билан ислоҳот қилиб бўлмайди. Уларнинг ўй-хаёли қандай қилиб чўнтакни қаппайтириш билан банд. Ғаллаорол қай аҳволга тушди?! Битта амалдорингиз беш минг туп дарахтни пуллаб юборди. Туман маркази тобора хароб аҳволга тушяпти. Ғаллаорол ўз оти билан Ғаллаорол эди, бир вақтлар 100 минг тоннадан ошириб ғалла берган. Энди эса 8 — 10 минг тонна атрофида қоляпти. Биз шунчалик назардан қолдикки, Ғаллаорол станциямизга поездлар тўхтамайдиган бўлди…

Бундай оташин чиқиш ҳамманинг эътиборини ўзига тортди. Айниқса, юқори идорадан келган вакил “Тўғри, сизга раҳмат” деган сўзларни айтди.

Энди нима қилиш керак? Бу саволга ҳам Салоҳиддин ота ўзи ечим таклиф қилди:

— Туманимизда 300 та қишлоқ бор. Ҳар бир қишлоқдан икки нафардан ҳақиқий ватанпарварни чақирсак, 600 та бўлади. Улар дил-дилидан ўз юрти учун ёнадиган, Ғаллаоролим менинг ўз уйим, уни обод қилиш, аввало, бизнинг вазифамиз дейдиган одамлар бўлиши керак. Менга Форишдан Эркин Қозоқов телефон қилди. У ерда ислоҳотлар шу қадар авжига чиқибдики, ҳозир Форишни танимай қоласиз. Битта гап айтай. Фориш тарихи ҳақида 600 бетлик китоб яратилибди. Ҳар куни мактабларда шу китобдан бир неча саҳифа ўқилар экан. Буни тинглаган болаларнинг кўзи ёнармиш. Ана шундай кайфият бизда борми?! Менда таклиф бор. Бошланишига чин ватанпарварлар билан гаплашайлик-да, туман аҳлига Мурожаат қабул қилайлик.

Эртаси куни бу воқеа бутун Ғаллаорол бўйлаб тарқалди. Эшитганлар “Жудаям тўғри, кимдир масалани шундай қўйиши, ён-атрофдагиларни уйғотиши керак эди”, деган гапларни айтишди. Ҳафта ўтиб, кўзда тутилган одамлар жам бўлишди. Кўпдан кўп гап чиқар экан. Ҳар ким кўнглидаги гапни айтди. Ғаллаоролликлар орзу-армони, ўй-андишаси ифода топган Мурожаат вужудга келди.

1926 йилда ташкил этилган Ғаллаорол тумани бутун Ўзбекистон миқёсида алоҳида мавқега эга бўлган. Бу заминдан не-не олиму фозиллар, вазирлар, маданият ва санъат арбоблари етишиб чиққан. Ғаллаорол 60 минг тоннагача мева-сабзавот тайёрлаган. Бугун шу кўрсаткичнинг ярми ҳам йўқ. Кўпни кўрган, бой тажриба тўплаган ёши улуғ инсонлар туманимизнинг азалий шуҳратини тиклаш мумкин, деб ўйлайди. Биз киндик қони тўкилган, бугунги кунда эл-юртга танилган ғаллаоролликларга мурожаат қиламиз. Кичик ватанингиз гуллаб-яшнашига арзирли ҳисса қўшишга аҳд қилсангиз, қандай яхши бўлади.

Аҳолининг каттагина қисмини ташкил этувчи оловқалб ёшлардан умидимиз катта! Сизлар чинакам жўшқинлик ва ташаббускорлик кўрсатиб меҳнат қилиш, янгиликлар яратиш борасида ўзлигингизни кўрсатиш пайти келди. Янгиланган Ўзбекистонда янги давр талаблари асосида фаолият юритиш ёшларимиз ғайрат-шижоатида намоён бўлиши керак. Илгари фалон мактабдан битирувчиларнинг 70-80 фоизи олий ўқув юртига кирди, деган кўрсаткичлар фахр билан тилга олинарди. Ке­йинги пайтларда бу рақам жуда пасайиб кетди. Орияти, ғурури бор ёшлар астойдил изланиб яхши натижаларга эришишлари керак. “Тоза жойга фаришта келади” деганларидек, шаҳару қишлоқларимиз қанчалик кўркам бўлса, заминга файзу барака қўнади. Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, электр энергияси ва газ етказиб бериш ночор аҳволда. Бу борада хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари жон ко­йитсалар, эл-улус рози бўлади.

Туман далаларида турфа хил ноз-неъматлар етиштирилади. Лекин бозорларда файз йўқ, нарх-наво осмонда. Халқ­нинг турмуш даражаси айнан бозорларда акс этади. Келинглар, ишни оқилона ташкил этиш ҳисобига бозорларда тартиб ўрнатайлик.

Ғаллаорол шаҳри ва тумандаги айрим аҳоли пунктларида ер устига яқин бўлган сизот сувларини қочириш, янги коллекторлар қуриш, мавжудларини таъмирлаш устувор вазифалардандир.

Туман бўйича 90 минг гектар қишлоқ хўжалиги экинларига яроқли ерлар мавжуд. Бу жуда катта имконият. Шунча экинзорнинг умрини беҳуда ўтказаётганимиз кечирилмас хатодир. Ахир бир вақтлар тупроқ унумдорлигини ошириш бўйича Ғаллаорол мактаби яратилган эди-ку! Бу борада ишларни оқилона ташкил этсак, аввало, халқимиз баҳраманд бўлади. Айнан бизнинг туманда деҳқончилик академияси яратилган, биздан бошқалар ўрганиб келган. Туманимизнинг тўрт томонида тоғлар бор. Ана шу ҳудудларда писта, бодом боғлари яратилса, катта хазинага эга бўламиз.

Бизнинг халқимиз, Юртбошимиз айтганидек, бахтли яшашга ҳақли. Биз ҳамиша эслаймиз, Президентимиз 1996 — 2001 йилларда вилоятимизда ишлаганларида инсон ҳаётини яхшилаш учун бирор масалани ёддан кўтармаслик кераклигини уқтирардилар. Ўша талаблар қанчалик адолатли эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатди.

Бу фикрлар туман ҳокимлиги ва Нуронийлар кенгаши аъзолари номидан тайёрланган Мурожаатда баён этилди ва туман газетасида эълон қилинди. Ҳамма бу Мурожаатни қизиқиб ўқиди. Ғаллаорол туман маркази қурилиш майдонига айланди. Одамларнинг юқори кайфиятда ҳаракат қилиши ҳамманинг ҳавасини уйғотди. 2019 йил баҳори ва ёзида ислоҳотлар шиддат билан амалга оширилди. Туман марказидаги бозорда 400 та дўкон қурилди. Катта йўл ёқасида 73 та ихчам дўконлар барпо этилди. Замонавий имкониятларга эга 327 квартирали тўрт қаватли уй-жой бинолари бунёд этилди. 11 та янги боғча қад ростлади. 3 та янги мактаб қурилди, 11 та мактаб реконструкция қилинди. Қўйтошда 60 ўринли тикув фабрикаси вужудга келди. Санъат саройи (кутубхонаси билан), шифохона, мактаблар янги маскан сифатида эл кўзида намоён бўлди. 12 маҳаллада 7500 хонадонга газ келтирилди. 54 км. йўлга асфальт ва шағал ётқизилди. Саноқли ойлар ичида йилларга татийдиган ўзгаришлар рўй берди. Усмат муюлишида Жамшид Ҳасанов ташаббуси билан янги шифохона бунёд этилди. Бу қурилишлар неча-неча одамларни иш билан таъминлади.

Қурилиш туфайли туман ҳудудида обод­лик манзаралари кўзга ташланган сайин одамларнинг эртанги кунга ишончи ошяпти. Руҳий бардамлик бевосита ислоҳотлар иштирокчиси бўлган ғаллаоролликларга куч-қувват ато этяпти. Аҳолининг ҳар бири рўй бераётган ўзгаришларга ўзини дахлдор деб билиши айни муддаодир.

Қисқа фурсатда аввалги кўринишлар ўтмишга айланмоқда. Ғаллаорол янгиланган Ўзбекистонда яратилаётган кўркам ва ҳавас қиладиган умумий фонга уйғунлашиб бормоқда.

Шундай ўзгаришлар бардавом бўлсин. Бу истак ёши улуғ, мўътабар нуронийларнинг дуосида янграмоқда.

Шуҳрат Жабборов,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 − 2 =