Сафар ака дунёсига бир сафар

Муаммони кўтариш бирламчи ҳолат, унинг ечимини билиш эса асосий мақсаддир. Шу маънода Сафар Остон сўнгги давр ўзбек журналистикасида ҳуқуқ мавзусида ёзадиган, бу тизимни соҳа мутасаддиларидан кам билмайдиган камдан-кам журналистлардан биридир.

Аксар кечқурунлари – овқатланиб, спорт каналларидан футбол томоша қилаётган вақтингизда қайсидир танишингиз қўнғироқ қилиб қолади. Саломлашмасданоқ айтгани: “Фалон канални кўраяпсизми? Сафар Остон зўр гапларни айтаяпти!” Албатта, бу пайтда футбол кўраётганингизни айта олмайсиз ва телефонни қўймасдан ўша каналга юзланасиз.

Сизга қўнғироқ қилаётган танишингиз сиёсату журналистикадан мутлақо узоқ одам. Бири фермер, бири ўқитувчи ёки тракторчи, эҳтимол пенсионер…

Бизку шу соҳа нонини еб, сочларимиз оқарган, устоздан қандай ёзиш ва ёзмасликни ўрганган одамлармиз, аммо оддий фермер ёки тракторчини Сафар Остон нега шунчалик қизиқтиради?

Сафар ака гапираётганини эшитиб, орзиқиб кутган футбол ўйинидан кўз юмиб, устоз интервью бераётган канал тугмасини босган пайтларимиз кўп бўлган. Ваҳоланки, ўша кун тушликдан сўнг у киши билан кўришган, бирор ярим соат суҳбатини олгандик.

Яна ўша саволни берамиз ўзимизга:

Нега?

Бизнинг касбимизда ва аксар бош­қа касбларда ҳам “олиб қочиш” деган ибора бор. Сўзни усталик билан бошқа ўзанга буриш, ҳақ гапдан қочиш. Тепадагиларга ҳам ва ўзингга ҳам заррача бўлсин, тегиб кетадиган гап айтмасликнинг уддасидан чиқиш ҳам ўзига хос маҳорат. Ҳатто айрим ноширлар ўзининг бу санъатидан фахр­ланиб юради.

Аксаримиз узоқ йиллар шу “санъатимиз” орқали тирикчилик қилиб келганимиз ҳам сирмас.

Устоз Сафар Остон айнан ана шу “олиб қочиш”дан кўп йироқ инсон, бундай услуб унга ёт! У бор гапни айтади, айтганда ҳам дадил айтади, асослаб айтади. Ўзига хос ишонч билан айтади.

Акамиз “Ёш ленинчи” (кейинчалик “Туркистон”, ҳозирда “Ёшлар овози”) газетасида спорт ва ҳарбий ватанпарварлик бўлимини бошқарган. Ўзбек футболи, “Пахтакор” жамоаси ҳақида шов-шув бўладиган чиқишлар қиларди. Афсонавий боксчи Руфат Рисқиев ҳақида ёзиш асносида улар қадрдон дўст бўлиб кетишди. Гимнастикачи Венера Зарипова, курашчи Собир Ходиев, қиличбоз Собир Рўзиев, футболчи Миржалол Қосимов хуллас, кимки зўрларимиз бўлса, бари ҳақида ёзди, ёзганда ҳам юқорида айтганимиздек эсда қоларли, юкли-тошли қилиб ёзди. Спортчилар ҳақида ёзганлари бешта китоб бўлиб чиқди.

…Мақоламизни устознинг навбатдаги чиқишини кўриш ва у кишидан ўрганиш учун севимли футбол томошасидан кечганимиздан бошлаб эдик. Аслида… Сафар аканинг мустақил юртимизда спортнинг бир қатор турлари, шу жумладан, футболнинг оммалашувига қўшган ҳиссаси алоҳида бир мавзу. Бу савобли ишлари ҳали “Спорт” газетасига бош муҳаррир бўлишидан кўп олдин бошланган…

Шу йўсин у республика спорт газетаси “Физкультурник Узбекистан-Ўзбекистон физкультурачиси” газетасига бош муҳаррирликка тайинланди. Фақат статистик маълумотлар, мусобақа протоколларидан иборат газетани аввало номини, кейин мазмун мундарижасини мутлақо янгилади. “Спорт” ва “Ўзбекистон футболи” газеталари ташкил этилди. Мухлислар бу нашр­ларни газета киоскаларида навбатга туриб олиб, ўқийдиган бўлишди.

Унинг ижод йўли, касбига садоқати, довюраклиги, кимларгадир ёқмаса-да кўпчилик манфаати учун ҳақиқатни айтишга ҳаракат қилиши бугунги ёш журналистлар ўрганиши керак бўлган мактаб деб ўйлаймиз. Бу ўз даври учун кутилмаган жасорат, бошқа ҳамкасблари учун бетимсол ибрат намунаси эди.

…Журналистикада “ихтисослашиш” деган тушунча бор. Бу журналистнинг ўзи қаламга олаётган соҳани камида шу тизим ходими даражасида билишини англатади. Тўғрида, ўзинг билмаган тармоқ ёки тизимдаги ҳақиқий аҳволни яхши билмай туриб, унинг ичига кириб бормасдан қандай қилиб муаммоларини кўтариб чиқиш мумкин? Муаммони кўтариш бирламчи ҳолат, унинг ечимини билиш эса асосий мақсаддир. Шу маънода Сафар Остон сўнгги давр ўзбек журналистикасида ҳуқуқ мавзусида ёзадиган, бу тизимни соҳа мутасаддиларидан кам билмайдиган камдан-кам журналистлардан биридир.

…Ўтган асрнинг 83-89 йилларида совет ҳукумати топшириғи билан хал­қимиз бошига навбатдаги қатағон солинганини бугунги кекса авлод яхши билади. Ҳар куни ҳар бир вилоятдан ўнлаб раҳбар шахслар қамоққа олинарди. Улар бўйнига тўқилган жиноятни илиш учун терговчилар турли хил ғайриинсоний усуллардан фойдаланишарди. Қайсидир раҳбарни айб­дор қилиш учун у билан бирга ишлаганларни, ҳатто оила аъзоларини қамоққа олиб азоб беришарди.

Москвада нашр этиладиган газета ва журналларда, телевидение кўрсатувларида ўзбек халқи шаънини ерга урадиган мақолалар, кўрсатувлар кўпайгандан кўпайиб борарди. Худди 37-йилларда бўлганидек, одамлар қўрқув ва саросимада яшарди. Собиқ марказдан юборилган терговчи ва прокурорлардан одамлар азроилдан қўрққандек қўрқишарди. Чунки уларнинг айтгани айтган, дегани деган эди.

Ана шундай бир оғир шароитда кутилмаганда “Ёш ленинчи” газетасида Сафар Остоновнинг “Топталган тақдирлар” сарлавҳали бир саҳифалик танқидий мақоласи эълон қилинди. Унда собиқ марказдан юборилган, республикамиз прокуратурасини бошқараётган Бутурлин, Усатов, Гайданов, Лаптев, ички ишлар вазирлигига хўжайинлик қилиб турган Дидоренко, Таитов каби қатағончиларнинг ноқонуний ишлари хал­қимизга нисбатан ўтказилаётган зуғумлари, айбсиз одамларни, хусусан, аёлларни асоссиз равишда қамоққа олиб, ушлаб ўтиргани мисоллар асосида фош этилди.

Бу мақоланинг чиқиши катта шов-шувга айланиб кетди. “Десантчилар” оёққа туришди. Биз гувоҳмиз — ўшанда қўрқувда яшаб келаётган одамларда умид учқуни пайдо бўлган эди. Таҳририятга ҳар куни ўнлаб одамлар келишарди. Кимдир раҳмат айтиш учун, кимдир ёрдам сўраб… Аммо Сафар аканинг тақдири хавф остида эди. Қанча-қанча раҳбарларни, республика раҳбарларини ҳам қамоққа олаётган қатағончилар учун бир журналист­ни бадном қилиш ёки жазога тортиш ҳеч гап эмас эди. Биз таҳририят ходимлари катта хавотир билан воқеалар ривожини кузатардик. Сафар акани Гайданов прокуратурага икки марта чақиртиради. Лекин ака бормайди. “Гайдановнинг менда гапи бўлса ўзи келсин” дейди. Ўзбекис­тон Компартияси Марказий Комитетининг иккинчи секретари Анишчев (аслида у ўша вақтда республикага хўжайин эди) топшириғи билан газета муассиси — республика ёшлар ташкилоти Марказий Комитетида Ўзбекистон ССР прокуратурасининг тергов ишлари бўйича ўринбосари О.Гайданов иштирокида мақола муаллифи Сафар Остонов, Бош муҳаррир Жаббор Раззоқов ва унинг ўринбосари Қулмон Очилов муҳокама этилади. Гайданов муаллифни нохолисликда, асоссиз гапларни ёзганликда айблайди. Қаттиқ баҳс-мунозара бўлади. Сафар Остонов “мени нега бу ерга чақиртириб сўроқ қиляпсиз, норози бўлсангиз судга беринг”, дейди. Ёшлар ташкилоти раҳбари “ҳозир ошкорлик, майли, мақолага эътирозингизни ёзинг, газетада эълон қиламиз” деб масалани юмшатади. Икки кун ўтиб, Олег Гайдановнинг таҳририятга очиқ хатини олиб келишади. У мақолани бутунлай рад этиб, муаллифни жиноятчиларни ҳимоя этаяпти, деб айб­лайди. Унинг очиқ хати эълон қилинади, ўша сонда Сафар Остоновнинг “Очиқ хатга очиқ жавоб” сарлавҳали мақоласи чоп этилиб, Гайдановнинг даъволари асоссизлигини исботлаб беради.

Бундай воқеалар Сафар ака Остонов ҳаётида бир неча бор бўлган. Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб ёзган мақолалари учун уни шаҳар прокуратурасига чақириб сўроқ қилинган, тушунтириш хатлари олган. Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Дидоренко ҳузурига чақиртирган, пўписа қилмоқчи бўлган.

“Топталган тақдирлар”дан сўнг “Тергов тегирмони”, “Ҳуқуқлари-мизни ҳимоя қилишингизни сўраймиз”, “Бизни отувга ҳукм қилишмоқчи эди” каби қатор мақолалари айнан қатағончиларга қаратилган чиқишлар эди. Булар ҳақида ҳозир гапириш осон, ўша пайтда Сафар аканинг қанчалик асаблари емирилган, руҳан азоблар тортгани фақат ўзига ва Яратганга аён.

Сафар аканинг Аҳмаджон Одилов ва бир гуруҳ деҳқонларнинг Москвада, Олий судда кўрилган ишида қатнашиб, ёзган мақоласи ҳам бир жасорат бўлган. СССР Олий судининг нохолис олиб борган суд мажлиси, судланувчиларнинг қонуний талабларини бажармагани тўғрисидаги мақола учун ҳам у сўроқ қилинган, уни айблашмоқчи бўлишганди.

Яқинда “Маҳалла” телеканалида “Ҳаёт ҳақиқатлари” деб номланган кўрсатувда ушбу воқеалар ҳам тилга олинди, Сафар акага нисбатан жисмонан чора кўришга ҳаракат қилинганини ҳам гувоҳлар гапиришди. Ҳали-ҳали одамлар шу кўрсатувни гапириб юришади…

Акамиз анча йиллардан бери халқ­да “отахон газета” деб эътибор топган “Ўзбекистон овози” газетасини баланд мақомларда бошқариб келмоқда. Тўғриси, замон шитобларида кўплаб нашрлар тижорий йўлларга кириб кетмоқда, кўплари ёпилар алпозда ишлаяпти. Бош муҳаррир акамиз отахон газетанинг азалий қадриятларини сақлаб келмоқда, халқ­чиллик бош мезон бўлиб колмоқда. Ҳозир бу катта иш, катта маҳорат…

Кўпинча қайсидир бир муаммо бўйича мурожаатчининг арзи асосида мақола тайёрлаш кераклигини устозга эслатганимизда… у киши нафақат бу ташаббусни қўллайдилар, балки масаланинг туб моҳиятини очиш, мақола ёритилгач, шу фуқаро муаммоси ечимини топиши учун нима қилиш керак ва ҳатто ҳали ёзилмаган мақолага қандай сарлавҳа қўйиш кераклигини ҳам сира эринмасдан айтиб, керакли ўринларда қайси қонуннинг қайси моддаси ёки амалдаги кодексларнинг қай бандига урғу бериш кераклигини ҳам уқтиради.

Биз шогирдлар, дўстлари ўрганиб қолганмиз, Сафар акани шанба, якшанба кунлари ҳам ишхонадан топамиз. Бирор жойга — бир пиёла чойга таклиф қилсак, “раҳмат, иш кўп, борсам барибир хотиржам ўтиролмайман”, дейди. Шанба кунлари ҳам одамларни қабул қилади, эринмай гаплашади, ҳужжатларни ўқиб чиқади, маслаҳатлар беради, жойлардаги раҳбарлар, прокурор, судья, милиция­нинг бошлиқларига ҳат ёзади, сим қоқади, тушунтиради. Қанчалаб, одамларнинг иши битади, адолат тикланади, йиғлаб келганлар дуо­лар қилиб кетишади. Бундай ҳолатларнинг шахсан ўзимиз кўп бор гувоҳи бўлганмиз, кўзларимизга ёш келган, ич-ичдан оғамизга тан берганмиз. Бир вақтлар ёшлар газетасидаги устозимиз Рустам Шоғуломов айтган гап ёдимизга тушаверади. “Сафар ўзи кичкина бўлса ҳам, отнинг калласидай юраги бор”. Бу гап тўғри эканлигига йиллар асносида қайта-қайта гувоҳ бўлиб келяпмиз.

Сафар ака катта миқёсдаги жамоат арбобига айланиб бўлган. Деярли ҳар куни турли-туман тадбир, конференция, семинар, давра суҳбатларида қатнашади, сўзга чиқади, аниқроғи, сўзга ёзиб қўйилган бўлади. Айримларига зўрға улгуриб кириб боради ва уни тўғри минбарга чиқаришади. Дадил, аниқ, батафсил гапиради, ҳатто регламентдан чиқиб ҳам кетади, муҳими, ҳеч ким зерикмайди, эсда қоладиган гапларни айтади.

Сафар аканинг бош муҳаррир сифатида иши қанчалик тиғиз бўлмасин, жамоат ишлари қанчалик кўп бўлмасин, ёзишдан тўхтамайди. Жорий йилнинг ўзида унинг аёллар қамоқхонасидан ёзган “Йиғлаётган аёл”, “Мўйноқда тонг отмоқда” сарлавҳали публицистик мақолалари, айниқса, жамоатчилик томонидан эътироф этилди.

Тўғриси, ҳар бир юртнинг, миллатнинг қиёфасини, маънавиятини белгилайдиган инсонлар бўлади. Ўша одамларга қараб ўша халққа баҳо берилса, кўп ҳам адашилмайди. Сафар Остонов ҳам ана шундай бахтга, балки масъулиятга мушарраф инсонлардандир…

Рўзибой Ҳасанов,

Аҳрор Аҳмедов.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × three =