Саҳнада ҳам меъёр бўлгани яхши

Биз тезкор ва шиддатли даврда яшай бошладик. Ахборотлар ҳам шу қадар кўпки, бирини ҳазм қилмасингдан, ижтимоий тармоқда янгиси чиқиб туради. Ачинарлиси, бир-биримизга тош отишдан, бир-биримизга мағзава ағдаришдан, туҳмат қилишу нафсониятимизга тегишдан уялмай қўйдик. “Қовунчи” ҳокимлар сафига айрим санъаткорлар ҳам қўшилиб қолаяпти. Баъзан эса очиқлик-ошкораликни суиистеъмол қилиб ҳад, меъёр, андиша, мулоҳаза деган тушунчаларни унутиб қўйдик.

Очиғини, айтаман, ҳозир бирон одам билан икки оғиз суҳбатлашишга ҳам чўчийдиган бўлиб қолдик. Негаки, инсон сифатида самимийлик, бир-бирини ҳимоя қи­лиш ўрнига, сўз келганда балчиққа қориш, билиб-билмай ижтимоий тармоқда ҳақорат қилиш одатий ҳолга айланди.

Абдулла Қурбонов ва Жаҳонгир Отажонов машмашалари тугамай туриб, эл таниган айрим санъаткорларнинг ижтимоий тармоқлардаги бепаллаки, намойишкорона чиқишлари ақли бутун одамни бефарқ қолдирмайди. Бунинг оқибатида санъатни қисмат деб билган, мумтоз қўшиқлар ижрочилари ҳам ёмонотлиқ бўлиб қолмоқда.

Яқинда Бойсун туманининг энг чекка ҳудуди бўлган “Мачай” маҳалласи аҳолисига хонанда Наргиза Азимова бепул концерт дастурини тақдим этди. Бу қишлоқ аҳлига яқин йиллар давомида биронта хонанда келиб концерт бермаган экан. Одамларнинг шодлигини, қувончини сўз билан ифодалаш мушкул. Беихтиёр бўлар экан-ку, дегинг келади.

Албатта, савоб ва хайр­ли ишлар кимгадир мақтаниш, кимдир эътироф этиши учун қилинмайди. Бу барчамизнинг инсоний бурчимиз ва виждон олдидаги вазифамиз. Қолаверса, муборак ҳадисларда: “Яхшилик қилиш қўлингдан келмаса, ёмонлик ҳам қилма”, дейилган.

ХI асрда яшаган Кайковуснинг машҳур “Қо­буснома” асарида (“Ҳо­физ ва созандалар” бобида) айнан хонандаларга ибрат бўладиган панд-насиҳат ёзиб қолдирилган: “Эй фарзанд, агар ҳофиз бўлсанг, хушфеъл, қувноқ бўл, ҳамиша пок, хушрўй ва хушзабон бўлғил ва ўз ишингга машғул бўлғил, ярамас хулқ, қўпол башара бўлмағил…”.

Республикамизда мунтазам ўтказиб келинаётган давлат тадбирлари, катта-катта нуфузли байрам концерт томошалари шу пайтгача фақат фонограмма орқали ижро этилган бўлса, бугун нуфузли концерт дас­турларида тўлиқ жонли ижрога ўтилгани эришилган янги муваффақият саналади. Энди жонли ижрода куйлай оладиган ҳақиқий ва маҳоратли хонандалар ва созандаларга йўл очилди. Куйлай олмайдигани эса ўз-ўзидан саҳнадан тушиб қолаверади.

Чекка-чекка туманлардан ҳам ёш истеъдодларни излаб топиб, катта саҳнага тайёрланаётгани, албатта, қувонарли ҳолат. Кейинги уч йил мобайнида ана шундай ёш истеъдодлардан Ясмина, Тўлқин Тожиев, Камрон Мамадалиев, Улбўсин Ўринбоева, Отабек Назиров, Бекзод Содиқов сингари иқтидорлар кашф этилди.

Шунингдек, устоз санъаткорларнинг ижро репертуаридаги мумтоз ашулалар ёш ижрочилар талқинида ўзгача бир рангин жилоларда жаранглай бошлади. Юнус Ражабий номидаги “Мақомчилар” ансамблининг бадиий раҳбари Ўзбе­кистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов раҳбарлигида миллий мумтоз ашулаларимиз ёш хонандаларга ўргатилиб, мусиқалари сайқалланиб, ўзгача тараннум этил­япти.

Президентимиз янгиланиш жараёнини бошлаб бердилар. Янгиланиш дегани бу — покланиш, фикрнинг онгу тафаккурнинг, ақл идрокнинг, руҳиятнинг янгиланишидир. Очиқлик дегани — қотиб қолган, музлаб қолган фикрдан узоқлашиб, янги ҳаётга кўчиш деганидир. Асло бир-бирини таҳқирлаш дегани эмас, балки фикрлар алмашинуви, тафаккурнинг ўсиши деганидир. Жаҳолат бор жойда маърифат бўлмайди. Биз ана шу нуқтаи назар билан бугунги ҳаётга боқа олсак ва ҳар биримиз маърифат ва эзгулик сари чоғлансак, турмуш тутумимизда, ҳаёт тарзимизда ўзгариш бўлади.

Матлуба Темур қизи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 − 5 =