Ўзбекистон учинчи ренессанс остонасида. Тарихий илдизлар ва ҳозирги замон

“Биз Учинчи Ренессанс масаласини стратегик вазифа сифатида олдимизга қўйиб, уни миллий ғоя даражасига кўтармоқдамиз”.

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад этиб белгиланди. Шунинг учун, аввало, Ренессанснинг тарихий илдизлари ва асосларини, Учинчи Ренессанснинг мазмун-моҳиятини ҳар биримиз чуқур англаб олишимиз зарур.

Сўнгги даврда Марказий Осиё ва қўшни ҳудудларда олиб борилган тарихий, археологик ва этнографик тадқиқотлар мазкур минтақада қадимги Шарқ цивилизациясининг шаклланиши ва ривожланишида ўзига хос ўрин тутганлигини кўрсатувчи кўплаб ашёвий далилларни юзага чиқарди. Уларга асосланиб, “Марказий Осиё цивилизацияси”, “Ўрта Осиё цивилизацияси”, “Турон ёки Туркистон цивилизацияси” каби тарихий тушунчалардан илмий тадқиқотларда кенг фойдаланилмоқда.

 

“Ренессанс” сўзи – французча “Renaissonce”, итальянча – “Rinascimento” – қайта юзага келмоқ, янгидан туғилмоқ, қайта тирилиш, уйғониш – деган маъноларни англатади.

“Уйғониш” истилоҳи илк бор ХVI асрда меъмор, мусаввир ва санъат тарихчиси Жорж Вазари (1511-1574) томонидан Ғарбий Европада буржуа муносабатлари ривожланишининг дастлабки босқичи билан шартланган тарихий даврни тавсифлаш учун қўлланилган. Ушбу истилоҳнинг ҳозир биз билдирган маъноси фаранг тарихчиси Жюль Мишле (1798-1874) томонидан ХIХ асрда жорий қилинди.

Тарих фанига “Мусулмон Ренессанси” тушунчаси таниқли Австрия шарқшуноси Адам Мец (1876-1946) томонидан ХХ аср бошларида, янада аниқроғи, 1909 йилда киритилган. Олим “Шарқ” атамасини тарихий мазмунда ишлатиб, бунда Ўрта ер денгизидан то Европа қитъасигача (субконтинентгача) бўлган юртларни ва бу ҳудудларда IX-XII асрларда маданият юксакларга кўтарилганлигини кўзда тутган. Мазкур ўлкалар қадимий цивилизация бешигидир.

Собиқ совет даврида тарих ва ўқув адабиётларида фақат Ғарб Уйғониш даври ҳақида гап борарди. Шарқдаги Уйғониш жараёни ҳақида эса лом-лим дейилмаcди. Чунки тарих фанида   европоцентризм ғояси ҳукмрон, Ғарб илғор, Шарқ қолоқ ақидаси устувор эди. Ваҳоланки, ўша даврда австриялик олим А.Мец, рус олими Н.Конрад Шарқ Ренессанси ҳақида холисона фикрларини билдиришган. Ўзбек олимларидан И.Мўминов, М.Хайруллаев, Ф.Сулаймонова, Б.Қосимов, Т.Ширинов ҳам Шарқ Уйғониш даври ҳақидаги теран фикрларни салмоқли асарларида баён этган.

Темурийлар Ренессанси – Мусулмон Ренессанси Шарқ тамаддуни тожидаги жавоҳирлардан бири саналиб, уни ўрганишга бағишланган баъзи тадқиқотлар яратилди.

Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида тарихда биринчи маротаба: “Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман”, дeб таъкидлагани бежиз эмас.

Марказий Осиё минтақаси, хусусан, бугунги Ўзбекистон ҳудуди тарихда илм-фан, маданият ва санъатнинг қадимий бешиги сифатида мавжуд бўлиб келган. Бу ҳақда исломга қадар мавжуд манбаларда ҳам маълумотлар келтирилган. Жумладан, “Авесто”да ҳам маънавий муҳит, илм-фан ва таълим-тарбия хусусида ўз даври учун илғор ғоялар илгари сурилган.

Ўзбекистон ҳудудлари тарихан Буюк ипак йўлининг маркази ва унинг турли тармоқлари кесишган нуқтада жойлашган. Шунинг учун Шарқ ва жаҳоннинг турли мамлакатларидан диний ва дунёвий билим олиш истагидаги инсонлар ҳамиша Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Насаф (Қарши), Кеш (Шаҳрисабз), Тошкент, Фарғона каби кўҳна маданият марказларига интилганлар.

Биринчи Шарқ Уйғониш даври — IХ-ХII асрларда минтақамизда юз берган “Мусулмон Ренессанси” ҳисобланади.

Шарқ Уйғониш даврида буюк алломалар, қомусий билим соҳиблари, машҳур мутафаккирлар етишиб чиққан. Аниқ фанлар соҳасида Муҳаммад Хоразмий, Абу Бакр Розий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Умар Ҳайём, Мирзо Улуғбек, фалсафа соҳасида Абу Наср Форобий, Ибн Рушд, Муҳаммад Ғаззолий, Азизиддин Насафий, тиббиёт соҳасида Абу Али ибн Сино, тилшуносликда Маҳмуд Замахшарий, шеъриятда Абу Абдулло Рудакий, Абулқосим Фирдавсий, Ҳофиз Шерозий, Низомий Ганжавий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, рассомчиликда Камолиддин Беҳзод баракали ижод қилганлар. Уларнинг жаҳоншумул илмий-ижодий кашфиётлари умумбашарият тараққиёти ривожига мислсиз ҳисса қўшди.

Иккинчи Шарқ Уйғониш даври — ХIV-ХVI асрлардаги иккинчи “Темурийлар Ренессанси”дир. Бунда Амир Темур бунёд этган улуғ салтанатнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

Ҳозирги даврда жаҳонга   “ҳали-ҳануз ўз таъсирини ўтказаётган Ўрта Осиё цивилизацияси асосчиси”, қолаверса, тарихда ҳам ўчмас из қолдирган буюк давлат арбоби, музаффар саркарда, моҳир дипломат, жонкуяр илм-фан ҳомийси, буюк бобокалонимиз Амир Темур асос солган салтанат ўзига хос салмоқли ўринга эгадир. “XV аср тақдирини белгилаб берган буюк сиймо” — Соҳибқирон ва унинг ворислари Туркистон, Хуросон, Форс, Озарбaйжон ва Араб дунёсида бир ярим асрга яқин ҳукм суриб, марказлашган салоҳиятли туркий давлат ташкил этганди.

“Туркистоннинг суянган   тоғларидан бири” — Амир Темур асос солган тамаддун XIV–XVI асрлар Турон тарихининг “олтин даври” – Уйғониш даврининг алоҳида босқичи “Мусулмон – Ренессанси” (А.Мец), “Шарқ Уйғониши” (Н.И.Конрад), ҳозирда “Темурийлар Ренессанси” номлари билан жаҳонда эътироф этилди ва тарихга абадий муҳрланди. Машҳур француз олими Люсьен Керен таъкидлаганидек, “европалик ижодкорлар Амир Темурни Шарқ Ренессансининг бунёдкори сифатида қадрлайдилар”.

XV асрда бугун Соҳибқирон Амир Темур бобокалонимиз асос солган ва унинг муносиб авлодлари давом эттирган муҳташам салтанат, юртимизда иккинчи Уйғониш, яъни иккинчи Ренессанс даврини бошлаб берган. Бу даврда Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи сингари беназир олимлар, Лутфий, Саккокий, Ҳофиз Хоразмий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобур мирзо каби мумтоз шоир ва мутафаккирлар майдонга чиқди. Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Маҳмуд Музаҳҳиб, Камолиддин Беҳзод сингари мусаввирлар, кўплаб хаттот ва созандалар, мусиқашунос ва меъморларнинг шуҳрати дунёга ёйилган.

Бу даврда шаҳарсозлик, меъморлик, тасвирий ва амалий санъат, наққошлик, зардўзлик, металлга бадиий ишлов бериш, хаттотлик, илм-фан ва таълим-тарбия, бадиий ижодиёт, китобат санъати ва кутубхоначилик, мусиқашунослик каби соҳалар ниҳоятда ривожланган. Туронзамин Ренессанси таъсири Хуросон ва Ҳиндистон, ҳаттоки Европа мамлакатларига ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Европа халқлари Темурийлар Ренессансини теран таҳлил қилганлар.

Амир Темур илм-фан ва маданият равнақига кенг имкониятлар яратган, дин пешволари, олимлар, санъатшунослар, ёзувчилар, шоирларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатган. Бу олиймақом сиёсат натижасида Шарқ Уйғониш даврининг иккинчи босқичига асос солинган.

XIV асрдаги улкан ва ёрқин сиймо — Амир Темур жаҳон тарихида қудратли ва гуллаб-яшнаган давлат барпо этиб, Ўрта аср дунёсининг асл маданий ва маънавий марказларидан бирига айланган, инсон ақли ва истеъдодининг ноёб ижоди бўлиб, бугунги кунда ҳам сақланиб қолган мислсиз меъморий обидалари билан ер юзининг сайқали сифатида эътироф этиладиган Самарқанд шаҳрини ўз салтанатининг пойтахтига айлантирган атоқли саркарда ва давлат арбобидир.

Кўплаб тарихчи олимларнинг фикрича, Шарқ, хусусан, Марказий Осиё минтақаси IX-XII ва XIV-XVI асрларда бамисоли пўртанадек отилиб чиққан икки қудратли илмий-маданий юксалишнинг манбаи ҳисобланиб, жаҳоннинг бошқа минтақаларидаги Ренессанс жараёнларига ижобий таъсир кўрсатган. Шарқ Уйғониш даври — Шарқ Ренессанси сифатида дунё илмий жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда тан олинган.

Машҳур француз темуршуноси Л.Керен таъкидлаганидек: “Амир Темур инсоният ривожига ажойиб миниатюралар, тенги йўқ сирланган сопол идишлар, шеърият ва илҳомга тўла фалсафий асарлар яратилишига имкон яратган ўзининг улуғвор даври билан улкан ҳисса қўшган. Соҳибқирон бобомиз “Темурийлар Уйғониш даври” деб аталмиш сермаҳсул маданий меросга асос солган”.

Мамлакатимизда Учинчи Ренессансни ХХ асрда маърифатпарвар жадидлар амалга оширишлари мумкин эди. Нега деганда, бу фидойи ва жонкуяр зотлар бутун умрини миллий уйғониш ғоясига бағишлаб, ўлкани жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, миллатимизни ғафлат ботқоғидан қутқариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этганлар.

Шу йўлда улар ўзларининг азиз жонларини ҳам қурбон қилганлар.

Бу даврда Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Убайдулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат, Ибрат домла, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий, Ашурали Зоҳирий, Ҳожи Муин ва бошқа яна юзлаб улуғ инсонлар миллий уйғониш ва миллатпарварлик ҳаракатининг олдинги сафларида турган. Улар янги усул мактаблари билан бир қаторда, одамларнинг дунёқараши ва турмуш тарзини ўзгартиришга қаратилган газета-журналлар, нашриёт ва кутубхоналар, театрлар ташкил этганлар.

Президентимиз жорий йил Ўқитувчи ва мураббийлар кунидаги нутқида алоҳида эътироф қилганидек, жадидларимиз ўз олдига қўйган эзгу мақсадларни амалга оширишга мавжуд вазият, ижтимоий тузум йўл бермаган. Улар ўша давр турли кимсаларининг туҳмат-маломатларига дучор бўлдилар. Дастлаб Рус подшоҳлиги, кейинчалик шўролар ҳукумати уларни аёвсиз қувғин ва қатағон қилган. Оқибатда миллий уйғониш ва тараққиёт ҳаракати Ватанимиз учун ёрқин хотира сифатида қолди.

Юртимиз озодлиги ва халқимиз бахт-саодати йўлида жонини фидо қилган жадидларнинг илмий-маърифий, адабий-бадиий мероси ҳозирги даврда ҳам катта аҳамиятга эгадир.

ХХ аср 90-йиллари бошларида Ўзбекистон миллий мустақилликка эришгач, Ренессанснинг учинчи янги босқичи учун қулай шароит вужудга келди. 2014 йил 14-15 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган халқаро илмий анжуманда юртимиз учинчи Уйғониш даври бўсағасида турганлиги алоҳида таъкидланганди. Бинобарин, қарийб 30 йил давомида, айниқса, асрларга татигулик кейинги уч-тўрт йиллик қисқа даврда беқиёс ва кенг қамровли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда биз учинчи Уйғониш даври остонасида турибмиз. Агар Ўзбекистон Президентининг кейинги тўрт йилда маърифат, таълим ва илм-фанни ривожлантириш йўлида имзолаган қонун, фармон ва қарорлари, тасдиқлаган Давлат дастурлари, илгари сурган янгидан-янги ташаббусларининг мағзини тўла чақиб кўрсак, навбатдаги Маърифат Ренессансининг маркази Ўзбекистон эканига ҳеч кимда шубҳа қолмайди.

Президентимиз 2020 йил 31 августда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимда таъкидлаганидек, “Бугун жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда, “Янги Ўзбекистон” ибораси тилга олинмоқда. Бу кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залварли ютуқларимизнинг эътирофидир. Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш — Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади”.

Чиндан ҳам, биз ана шундай бебаҳо меросга кўпинча фақат тарихий ёдгорликка қарагандай муносабатда бўлиб келмоқдамиз. Бундай тенгсиз бойликни амалий ҳаётимизга татбиқ этишда бепарволик ва эътиборсизликка йўл қўймоқдамиз. Ваҳоланки, бундай ноёб мерос жаҳондаги саноқли халқларга насиб этган.

Масалан, биргина Ўзбекистон Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондларида сақланаётган 100 мингдан ортиқ нодир қўлёзмаларга жаҳон аҳли ҳавас қилади. Алломаларимизнинг ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос ҳамиша барчамизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлайди.

Албатта, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш жараёни беш-ўн йил давом этмай, анча катта ва машаққатли даврни талаб қилади. Бунинг учун, аввало, минглаб истеъдодли кадрлар, иқтидорли замонавий ёшлар, фидойи инсонлар ниҳоятда зарур.

Президентимиз раҳнамолигида юртимизда улуғ ниятлар билан пойдевори қўйилаётган янги Уйғониш даврининг ёрқин саҳифаларга бой буюк тарихи яратилмоқда.

Энг асосийси, фарзандларимизнинг истеъдод ва қобилияти, эзгу интилишларини тўлиқ рўёбга чиқариш, ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари учун барча имкониятларни яратиб бериш бундан буён ҳам Ўзбекистонда давлат ва жамиятнинг бош мақсади бўлиб қолади.

Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш — Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон — кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас”.

Акмал САИДОВ,

Ўзбекистон Фанлар академияси академиги.

Очил БЎРИЕВ,

Қарши давлат университети профессори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − eleven =