Янгиликлар. Хабарлар. Воқеалар

Ўзбекистон “Йил мамлакати” мақомида

Буюк Британиянинг “The Economist” нашри анъанавий тарзда ҳар йили демократия соҳасида энг катта ютуқларга эришган давлатни “Йил мамлакати” деб эълон қилади.

Мукофотнинг бу йилги умумий таҳлилий ҳисоботида дунё мамлакатлари орасида миллатлар ва динлар ўртасидаги кучли зиддиятлар ҳукмронлик қилгани қайд этилган.

“Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам берилиши, минтақадаги энг катта қамоқхонанинг ёпилиши, хорижий журналистларнинг мамлакатга киришига кенг имкониятлар яратилгани ва қўшни давлатлар билан алоқани яхшилашда қатор чегара пунктларининг очилиши ушбу мамлакатнинг “Йил мамлакати” мукофотига сазовор бўлишига асос бўла олади”, дейилади “The Economist” нашрида.

Учинчи буғ-газ қурилмаси

Навоий. Президентимизнинг Японияга расмий ташрифи доирасида кўплаб келишувлар имзоланди. Кунчиқар мамлакат Ўзбекистондаги қатор лойиҳалар, хусусан, ИЭСларни модернизация қилиш учун кредит ажратиши учрашувлар давомида айтилди.

Япония бош вазири Синдзо Абэ ОАВ учун ўтказилган брифингда мамлакат Навоийдаги янги ИЭС қурилиши учун иенада кредит берилишини маълум қилди. Ушбу кредит ҳисобидан «Навоий ИЭСни модернизациялаш» дастури доирасида юқори энергия самарадорлигига эга бўлган учинчи буғ-газ қурилмаси (Навоий-3) барпо этилади.

Урганчда янги институт

Хоразм. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва “Ўзагротехсаноатхолдинг” таркибидаги “Урганчкорммаш” акциядорлик жамиятининг Урганч шаҳрида нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи Урганч Ranch технология институтини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши кутилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Учта янги объект

Қорақалпоғистон. Тахтакўпир туманида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилган учта ижтимоий инфратузилма объектларини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Қурилиш ва таъмирлаш ишлари БМТ Тараққиёт дастурининг «Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик фондини ташкил этиш орқали Орол фожиасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароити салоҳиятини мустаҳкамлаш» қўшма дастури кўмагида амалга оширилди.

Лойиҳа доирасида Қораой МФЙ, Пурхон-ўзак қишлоғида узунлиги 1,5 километр бўлган сув қувурлари «Туямўйин — Нукус — Тахтакўпир» марказий магистралига уланди. Бу орқали 250 киши тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имконига эга бўлди.

Ўз мухбирларимиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 + seventeen =