Наркокурьерлар қўлга олинди

жиноий гуруҳ аъзолари қарийб 6 кг.га яқин гиёҳвандлик моддаларини ичига ютишган экан…

Давлат божхона қўмитасининг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси, “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситалари контрабандаси фош этилди.

Хусусан, “Тошкент” халқ­аро аэропортида 4 нафар хорижлик фуқаролар — М.Т., С.М., Я.А. ва Н.Н.ларнинг божхона назоратидан ўтиши чоғидаги хатти-ҳаракатлари, безовталаниши божхона ходимлари эътиборини торт­ди. Аввалига уларнинг қўл юклари ва эгнидаги кийимлари кўздан кечирилди. Бир қарашда ҳаммаси жойидадек, аммо йўловчилар нимадан безовта эканлиги барибир шубҳали эди.

Шундан сўнг, хорижлик йўловчилар аэропортдаги божхона постига ўрнатилган инсон тана аъзоларини сканерловчи “Body scanning” қурилмаси ор­қали кўздан кечирилди. Буни қарангки, экрандаги тасвирлар эътиборни торт­ди. Қурилма ушбу йўловчиларнинг организмида, аниқроғи йўғон ичак каналларида ёт жисм­лар борлигини кўрсатди.

Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида ушбу шахслар белгиланган тартибда пойтахтимиздаги Шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий марказига олиб келиниб, шифокорлар томонидан холислар иштирокида тиббий кўрикдан ўтказилди.

Кўрик натижасида 4 нафар йўловчининг ички аъзоларига махсус ўрамлар яширилганлиги аниқланди.

Экспертиза хулосасига кўра, 4 нафар наркокурьерларнинг ички аъзоларида яширилган жами 268 та ўрамлар ичида умумий вазни 4 кг. 152,52 гм.ни ташкил этувчи героин гиёҳвандлик воситаси яширилганлиги аниқланди.

Тезкор тадбир давомида Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Айритом” чегара божхона постида ҳам яна бир наркокурьер қўлга олинди. М.М.исмли шахснинг ички аъзоларида 67 дона овалсимон шаклдаги ўрамларда 1 кг. 42 граммдан ортиқ опий гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.

Шунингдек, божхоначилар “Тошкент” халқаро аэропорти орқали хорижга йўл олган С.М.нинг қинғир режасини фош этишди. Гап шундаки, ушбу шахс ўз ички аъзоларига 35 дона овалсимон шаклдаги ўрамларда 544,75 граммдан ортиқ героин гиёҳвандлик воситасини яширган экан. Шундан сўнг, тезкор ўтказилган тадбирлар натижасида, унга мазкур гиёҳвандлик воситаларини етказиб берган жиноий шериги, хорижий давлат фуқароси Қ.Р. ҳам ушланди.

Шундай қилиб, божхона ходимлари томонидан умумий оғирлиги 5 кг.739 гр.дан ортиқни ташкил этувчи героин ҳамда опий гиёҳвандлик воситаларини ичига ютган ҳолда олиб ўтмоқчи бўлган жами 7 нафар наркокурьерлар ҳамда мазкур жиноятларнинг асосий ташкилотчилари бўлган 3 нафар хорижий давлат фуқаролари қўлга олинди.

Мазкур аниқланган барча ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов органига юборилди.

Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − eight =