Қодирий даҳоси — ҳамиша барҳаёт
Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги
Кейинги йилларда пойтахтимизнинг Эски шаҳар қисмида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, кўп қаватли уйлар ва бошқа ижтимоий объектлар барпо этилаётгани Эски шаҳар кўркига кўрк қўшиб, уни пойтахтимизнинг диққатга сазовор ҳудудларидан бирига айлантираётир.
Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 26 декабрь куни Тошкент шаҳри ва вилоятида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишар экан, ушбу ҳудуд ва унинг аҳамияти ҳақида қимматли фикрларни билдирди.
Ўзбек романчилик мактабининг асосчиси, ватанпарвар адиб Абдулла Қодирий хотирасига эҳтиром кўрсатиш, миллий адабиётимиз ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини улуғлаш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан Тошкент шаҳридаги Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи олдида ижод мактаби ва музей бунёд этилди. Боққа кираверишда буюк ёзувчи ҳайкали ўрнатилди. Бу эса Эски шаҳарни мазмунан бойитди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу зиё масканларини ҳам бориб кўрди. Давлатимиз раҳбари дастлаб улуғ адиб ҳайкалининг очилиш маросимида иштирок этиб, унинг пойига гул қўйди.
Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ўзбек тили ва адабиётини, бадиий ижод сирларини чуқур ўрганишга ихтисослашган. Мазкур таълим маскани Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги фармойиши билан ташкил этилди. 2019-2020 ўқув йилида унинг 5-, 6-, 7- ва 8-синфларига ижодий имтиҳонлар ва тест синовлари асосида 121 нафар ўқувчи саралаб олинди.
Икки қаватли мактабда ўғил-қизларнинг таълим-тарбия олиши учун барча шароит яратилган. Хоналар кенг, ёруғ, шинам ва қулай. Фан кабинетлари замонавий технологиялар ва ўқув анжомлари билан таъминланган. Кутубхона адабий асарлар, бадиий адабиётларга бой. Очиқ ва ёпиқ спорт залларида ўғил-қизлар турли спорт тўгаракларига қатнашиши, саломатлигини мустаҳкамлаши учун зарур қулайликлар мавжуд.
Президентимиз бу ерда яратилган шароитлар билан танишди, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди.
— Абдулла Қодирий ижод мактабида ўқиётган бу болалар янги Ўзбекистон келажагининг бунёдкорларидир, — деди давлатимиз раҳбари. — Барча умумтаълим мактаблари ушбу ўқув даргоҳидан маънавиятни, маърифатни ўрганиши лозим. Чунки бу ерда таҳсил олаётган болалар нафақат маънавиятли, балки ўз Ватанини юракдан севадиган истеъдод эгалари. Биз ижод мактабларида ватанпарвар ёшларни тарбиялашни мақсад қилганмиз.
Бундан ташқари, Президентимиз “Турон” кутубхонасини ҳам кўздан кечирди. Ушбу кутубхона ўтган аср бошларида жадид маърифатпарварлари томонидан ташкил этилган бўлиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан яна Эски шаҳарга кўчириб келинди. Бу ерда китобхонлар учун ҳамма имкониятлар яратилган, ўқув заллари замонавий компьютерлар, “Wi-Fi”, нусха кўчириш ускуналари билан таъминланган. Кутубхонада имконияти чекланган шахслар фойдаланиши учун ҳам махсус зал мавжуд, брайл алифбосидаги адабиётлар етарли.
Давлатимиз раҳбари қарийб 400 минг китоб фондига эга мазкур кутубхона адабиётларидан юртдошларимизни кенг баҳраманд этиш, бунинг учун пойтахтимиздаги маҳаллалар, мактаблардан аҳоли ва ёшларнинг экскурсияларини ташкил этиш, бир сўз билан айтганда, бу ерда ҳаёт қайнаши зарурлигини таъкидлади.
– “Турон” кутубхонаси кўчирилиб, беватан қилиб қўйилган эди. Бугун кутубхона яна Эски шаҳарга қайтарилгани жадид боболаримиз руҳларини шод этди. Фитрат, Чўлпон, Қодирий, Мунаввар қори каби боболаримиз бир пайтлар иморат қурмаган, бойлик орттирмаган, не-не машаққат билан топган маблағига кутубхона қурдирган. Улар мана шу кутубхонани ўзларидан ҳайкал қилиб кетган, десак бу ҳам адолатдан бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Дарвоқе, ҳар бир халқнинг, миллатнинг номини юксакка кўтарадиган миллий қаҳрамонлари, зиёлилари, маърифатпарварлари бўлади. Улуғ адибимиз Абдулла Қодирий ҳам ушбу мақомларнинг ҳар бирига лойиқ эди. У буюк ёзувчи, шоир, драматург ва публицист сифатида ўзидан катта мерос қолдирган. Миллий маънавиятимиз учун, элни маърифатли, илмли қилиш учун ўз ҳаловатидан кечган. Шунга қарамай, у узоқ йиллар эсланмади, улуғ ишларига муносиб қадрланмади. Унинг бадиий даҳосига эҳтиром кўрсатилмади. Адолат эгилади, букилади, аммо синмайди, деганлари каби ёзувчи қадрлаган қадриятлар барибир қарор топди.
Жорий йилда адиб таваллудининг 125 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланди. Юқорида таъкидланганидек, унинг пойқадами теккан манзилларда муҳташам мажмуалар барпо этилди. Ўқув даргоҳлари, илм масканларида ёзувчи ҳаёти ва ижодига бағишланган турли тадбирлар ташкил этилди.
“Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан ёзувчи ҳаёти ва фаолияти ҳақида бадиий фильм, асарлари асосида қисқа метражли фильмлар, шунингдек, юртимиз театрларида 18 та спектакль яратилди. Мазкур спектакллар ўзбек тилидан ташқари, қорақалпоқ ва рус тилларида ҳам намойиш этилди.
Жорий йил 27 декабрь куни Ўзбек Миллий академик драма театрида адиб таваллудининг 125 йиллигига бағишланган яна бир тантанали тадбир ўтказилди.
— Она Ватанимиз, халқимиз бугун янги давр шукуҳи, орзу-умидлари билан яшамоқда, — деди тадбирда сўз олган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид. — Давлатимиз раҳбарининг юксак эътибори шарофати билан миллий маънавиятимизни юксалтиришга муносиб ҳисса қўшган ёзувчи ва шоирларимиз қадр топиб, номлари абадийлаштирилмоқда. Жумладан, буюк адибимиз Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги кенг нишонланиши ва ёзувчининг “Биз янги даврга оёқ қўйдик, бас, биз ҳар бир йўсунда ҳам шу янги даврнинг янгиликлари кетидан эргашамиз” деган сўзлари бугунги саъй-ҳаракатлар билан ниҳоятда ҳамоҳангдир. Адиб уй-музейи сифатида барпо этилган муҳташам меъморий мажмуа 21-аср янги уйғониш даврининг миллий-маънавий, кўркам обидаси бўлиб, Қодирий қадриятининг беназир тимсоли сифатида узоқ йиллар неча-неча авлодлар қалбидан жой олмоғи муқаррар. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ижод фонди ҳомийлигида ёзувчининг бир жилдлик танланган асарлари, Абдулла Қодирий замондошлари қомусий мажмуаси ва бошқа бир қатор китоблар чоп этилди. Булардан мақсад бугунги ва келгуси авлодни улуғ адибнинг бадиий меросидан баҳраманд қилишдир.
Адабий-бадиий кечада санъат усталари иштирокидаги концерт дастуридан ташқари, “Ўткан кунлар” романининг “Бахт ва бахтсизлик” деб номланган бўлими асосида “Ой шўъласида” бадиий фильми намойиш этилди. Тадбир иштирокчилари давлат ва жамоат арбоблари, ёзувчи ва шоирлар ҳамда Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ўқувчиларининг чиқишларидан ҳам баҳраманд бўлди. Айниқса, буюк адибнинг набираси Хондамир Қодирийнинг сўзлари барчани тўлқинлантирди. Ёзувчининг ўз қўллари билан қурган, ҳозирги кунда уй-музейига айланган даргоҳ бугун унинг авлодлари томонидан нақадар эъзозланаётгани ҳам, улуғ адибга муносиб ворис бўлишга интилаётган кичик Қодирийлар ҳам кўпнинг таҳсинига сазовор бўлди.
Х. Аҳмаджонова.
Адиб ижодидан
Абдулла Қодирий
Аҳволимиз
Кўр бизнинг аҳволимиз, ғафлатда қандай ётамиз,
Жойи келган чоғида виждонни пулға сотамиз.
Ўғлимизга на адаб, на фан, на яхши сўйламак,
На худони буйруғи бўлган улум1 ўрготамиз.
Коримиз шундан иборат бўлди ушбу вақтда,
Ўнтадин бедона боқиб ёзу қиш сайротамиз.
Ҳамда ҳар кун такяларда наша кўкнори чекиб,
Баччаға кокил солиб, оҳ-воҳ илан ўйнотамиз.
Қаримиз, боёнимиз, балки бу вақт оҳвондамиз,
Ногаҳон кўрсак агар бир бесоқолни қотамиз.
Ўртадан чиқса агар миллатни яхши суйгучи,
Биз ани даҳрий2 санаб, тўфангча бирла отамиз.
Келингиз ёшлар, зиёлилар бу кун ғайрат қилинг,
Ухлаганларни агар Қодир эсак уйғотамиз.
1.илм
2.атеист
1915 йил.