Гурунглардан очилган гурунглар ёхуд таниқли адиб Абдусаид Кўчимовнинг «Мен шоирман, истасангиз шу…» китобини ўқиб
«Биз жами ижодкорлар Абдулла Ориповнинг уйига борганда, унинг гурунгларига мафтун бўлиб термулиб ўтирардик, — дея давом этади китоб муаллифи. — У танидаги дард-азобларига мардона бардош бериб ўтирар, ҳеч эшитмаган гурунгларимизни шу кишидан эшитардик.
Мен шоирман, истасангиз шу,
Ўзимники эрур шу созим.
Бировлардан олмадим туйғу,
Ўзгага ҳам бермам овозим…
Абдулла Орипов.
Қўлимда буюк шоир Абдулла Орипов ҳақидаги жуда чиройли, жуда-жуда нафис қўш жилдли китоб. Китоб жилдига бор бўйича Абдулла Ориповнинг бетакрор сурати туширилган. Суратдаги мафтункор нигоҳдан бор бўйича шеър қуюлиб тургандек…
Китобда буюк шоир ҳаётининг сўнгги йилларидаги фаолияти акс эттирилган. Бу ҳақда китоб муаллифи «Мен Абдулла Ориповни қандай кўриб, қандай гаплашган бўлсам, шундайлигича ёздим. Ўзим билган, гувоҳ бўлган, эшитганларимга ҳеч нарса аралаштирганим ёки қўшиб чатганим йўқ. Деярли ҳеч нарса ўзимдан қўшганим йўқ. Камдан- кам ҳоллардагина айрим фикр-мулоҳазаларимни қистириб ўтган бўлишим мумкин… Ўқиганингиз Абдулла Орипов иштирок этган гурунглардан иборат», деб ёзади.
Китобхонни ардоқли шоирнинг умр йўлдоши Ҳанифа Мустафо қизининг «Ҳикмат соҳиби» сарлавҳали мақоласи қизиқтириши шубҳасиз. Унда садоқатли ва вафодор умр йўлдоши, сўз билан ўзига ўлмас ҳайкал қўйиб кетган буюк инсон ҳақида ифтихор билан ёзаркан, шундай дейди: «Болалигимизда: «Қадимда бир донишманд бўлган экан», дея бошланувчи ҳикояларни кўп ўқиганмиз. Ва ўша топқир донишмандга ҳавас қилганмиз. Донишманд ўзи қандай одам бўларкан, дея кўп ўйлаганмиз. Орадан йиллар ўтиб, мен донишманд одам қанақа бўлишини билдим ва шундай донишманд одам билан ҳайратлар ичра яшадим».
Даҳо шоир ва унинг рафиқаси ҳол-аҳвол сўраб борганларнинг ҳаммасини очиқ чеҳра билан кутиб олиб, иззат-ҳурматини жойига қўйишга тиришарди. Абдулла Орипов (дардман ҳолига қарамай) бир илоҳий қудрат билан уларнинг кўнгилларини чоғлантириш ниятида адабиётдан теша тегмаган гурунглар берарди. Бу гурунгларни китоб муаллифи Абдусаид Кўчимов «Олтин, ҳеч-ҳеч такрорланмас гурунглар эди», деб ёзади.
Айниқса, шоирнинг улуғ Навоий хақидаги манови фикрлари китобхонни беадад руҳлантириб юборади: «Навоий — ўзбек шоирими-йўқми?» деган мазмунда катта-катта мунозаралар уюштирилган экан. Шундай йиғилишларнинг бирида улуғ бобомизни чиғатой ўғуз миллатига тақаб, бу миллат Сирдарё бўйларида яшаган ва қирилиб кетган, демак Навоийнинг миллати йўқ деган хулоса чиқаришгача боришганлар. Безбетликни қаранг! Улар бизни тарихи йўқ, маънавиятимизни йўққа чиқармоқчи бўлишган. Йиғилишга кечроқ келган Арбели деган грузин академиги: «Улуғ грузин шоири Шота Руставелидан улуғ ўзбек шоири Алишер Навоийга саломлар бўлсин!» дегандан кейин эса зал беихтиёр қалқиб кетиб, ҳамма чапак чалиб юборади.
Абдулла Ориповнинг ихлоси устозлари орасида Ойбекка ғоят баланд бўлган. Бу оташин ёзувчининг шоирга Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлиши учун тавсия ёзиб берганида эмас, Ойбекдай улуғ одам Навоий романини юксак бадиият билан яратгани, бундан ҳам муҳими, шоирнинг ўзбекнинг чин фарзанди эканини бадиий тарзда ишонч билан кўтариб чиққани учун, матонати, довюраклиги учун юрак-юракдан қадрлайди. Абдулла ака улкан туркман ёзувчиси Берди Кербобоевнинг «Мен Ойбекни қардош Ўзбекистон адабиёти осмонидаги ой деб ҳисоблайман», деган гапини давраларда, йиғинларда кўп такрорлар эди.
«Ойбек ижодининг шуҳрати ўзбек халқининг шуҳратини оширади. Халқимизнинг ифтихор қилишига асос беради», дейди Абдулла Орипов гурунгда ғурур билан.
Ғоят зукко, ўзбек ва жаҳон адабиётининг юксак билимдони Абдулла Орипов гурунгларда Абдулла Қаҳҳорнинг ўша машҳур романидаги Саъдийнинг қиёфадоши, атоқли шоир Усмон Носир деган гурунгини эшитганида ижодкор ҳайратдан ёқасини ушлайди. Бу ҳайратланувга Абдулла Қаҳҳорнинг «Лекин бизнинг ўша вақтда уйимиз йўқ эди. Икковимиз битта обшежитиеда турардик», деб гурунг бошлагани сабаб бўлади.
«Биз жами ижодкорлар Абдулла Ориповнинг уйига борганда, унинг гурунгларига мафтун бўлиб термулиб ўтирардик, — дея давом этади китоб муаллифи. — У танидаги дард-азобларига мардона бардош бериб ўтирар, ҳеч эшитмаган гурунгларимизни шу кишидан эшитардик.
Китоб мутолааси даврида китобхон Абдулла Ориповнинг атоқли шоир Усмон Носир ҳақида шеърий роман ёзганига қойил қолади. Шоирнинг ўзи бу ҳақда «Романим битай деб турганида, ўмариб кетишди. Мадаминбек ҳақидаги асарим ҳам шу кулфатга дучор бўлди», дейди.
«Мен шоирман, истасангиз шу» китобини ўқиганимда, Абдулла Ориповнинг гурунглари ҳам худди шеърлари каби бетакрор, бошқа ҳеч бир гурунгга ўхшамаслигига қойил қолдим. Юқорида тилга олинган Абдулла Қодирий асарларига муносабат фақатгина ўзбек ижодкорларига хос эмас, балки дунё ёзувчилари орасида ҳам бор экан. Масалан, Лев Толстой Шекспир асарларини ўқишни хоҳламаган, ёзувчи сифатида рад қилган. «Мен уни ўқиб эстетик завқ оламан дегандим. Шекспирнинг ёзганлари ҳозиргача давом этиб келаётган улуғ, доҳий ёзувчи сифати, шуҳрати ҳар қандай ёлғон каби ёлғон нарсадир», дейди.
Улуғларга осонмас. Чингиз Айтматов асарларини севиб ўқиймиз, керак бўлса, уйқуга ётгунча ёстиғимиз тагига қўйиб қўямиз. Ҳисоб-китобларга қараганда ҳали ҳеч бир ёзувчининг асарлари унинг асарларидек кўп тилларга таржима қилинмаган. «Мен шоирман, истасангиз шу» китобини варақлар экансиз, шундай ёзувчи ҳақидаги баъзи фикрларни ўқиб, ёқангизни ушлайсиз. «Ҳозир эса, — дейилади китобда, — Чингиз Айтматов ўлиб бўлгандан кейин дунёнинг қаерида қирғизни учратсангиз, гадойи ҳам, бойи ҳам сен қаерликсан деса, Чингиз Айтматовнинг юртиданман деб талтаяди. У миллатимизнинг байроғи бўп қолган деб гердайишади».
Китобни ўқиркансиз, улуғ ёзувчига Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳамиша эътиборли бўлганлигини сезасиз. Шунинг учун ҳам Чингиз Айтматов Ўзбекистонга қадам қўйса, энг аввал Ислом Каримовни, кейин эса Абдулла Ориповни йўқлаган.
2016 йил воқеалари юракни ўртайди:
— Кечки пайт уйимиз ёнидаги мактаб атрофида кезиб юрардим, — дея ёзади ёзувчи Абдусаид Кўчимов. -— Чўнтагимдаги телефон бўғиқ жиринглаб қолди.
— Мен Ҳанифа опангизман. Хьюстондан қўнғироқ қилаяпман. Абдулла акангиз гаплашмоқчилар.
— Лаббай, Абдулла ака. Соғликларингиз яхшими? Тузалиб қолдингизми?
— Ҳа … энди… дўхтирлар қўлига тушгандан кейин биласиз-ку. Ғафур Ғулом номидаги нашриётда 10 томлигимни тайёрлашаяпти. Лазизжонни биласиз, укамиз — шу йигит 10 томликнинг охирини хотиралар, эсселар бўлсин деяпти. Шунга кўра Озод Шарафиддиновнинг мувашшаҳини ва сизнинг мен ҳақимдаги эссенгизни киритгандим. Уларга шундай қилинглар, дедим. Сиз шунга розимисиз?..
— Албатта, устоз!
— Раҳмат ука…
— Менга кўп гапириш мумкинмас. Келинимга салом денг…
Ва ниҳоят, 2016 йилнинг ноябрида жаҳоншумул асарлар яратган Абдулла Ориповнинг юраги уришдан тўхтади. Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев марҳумнинг жасадини Америкадан олиб келиш ишларида бош-қош бўлди. Мотам маросимида ҳам тик турди.
Абдулла Орипов шундай ёзганди:
Унут баҳорларни, қишларни унут,
Унут осмонларнинг зангор
кўйлагин.
Юлдузларни унут, қушларни унут,
Уларни кўрмадим дея ўйлагин.
Дунёда жамики мавжуд нарсани,
Яралмаган дегин, йўқ деб бил,
эркам.
Ҳайратга солурсан шунда барчани
Шунда унутарсан балки мени ҳам.
Лекин тамаддунда ўзбек деган миллат бор экан, адабиёт, шеърият яшар экан Абдулла Ориповни ҳеч ким, ҳеч қачон унутмайди, доҳиёна, файласуфона яратилган шеърият дурдоналари тирик қалбларда ҳамиша барҳаёт яшайди.
Тоштемир Турдиев,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.