Ал-Хоразмий мактабида миллатпарвар авлод камол топади
Президентимиз Шавкат Мирзиёев фаолиятининг илк кунларидаёқ юртимизда кадрлар муаммоси борлигини айтган эди. Кўп ўтмай, бу масалани таг заминидан ўрганиш ва ҳал этиш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида тизимли ислоҳотлар бошланди.
Аввало, мактабгача таълим соҳаси ривожлантирилиб, пойдевори мустаҳкамланди. Ўқув даргоҳлари ҳамда педагогларга эътибор кучайди. Айниқса, Олий таълим тизимида катта ўзгаришлар амалга оширилди.
Билимга чанқоқ болаларни чуқурлаштирилган ўқув масканларига жалб этиш, талаб юқори бўлган соҳаларга йўналтириш мақсадида ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев куни кеча ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги билим муассасасини келиб кўрди.
Мактабда фан кабинетларидан ташқари дарслар ҳамда факультатив машғулотларни инновацион усулларда ўтиш учун қўшимча имкониятлар яратилган. Artel, UCell, ZTE ва Huawei компанияларининг махсус синфлари очилган.
Шавкат Мирзиёев ушбу синфлар, улардаги муҳит, техник-ускуналарни кўздан кечирар экан, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди.
— Ҳамма ишларимиз, ислоҳотларимиз Ўзбекистоннинг эртанги куни учун. Келажагимиз замини эса — сиз, ёшлар. Кўзларингиздан кўриб турибман, сизлар билимли, Ватанимизга муносиб фарзанд бўлиб етишмоқчисизлар. Бунинг учун ҳамма шароитларни яратиб берамиз, — деди Президентимиз.
Шунингдек, мутасаддиларга илғор бинолар андозаси асосида мактабларнинг қурилиш лойиҳаларини ўзгартириш, методологияни мустаҳкамлаш орқали таълим сифатини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.
— Ал-Хоразмий бобомизга дунё ҳозиргача қойил қолади. Бугунги технологиялар, дастурий маҳсулотларга у яратган алгоритм асос бўлган. Сиз бундан фахрланишингиз, буюк аждодимиздек қунт билан ўқиб, доим изланишингиз керак, — деди давлатимиз раҳбари.
Мактабда ўқувчилар замонавий мобил ва компьютер дастурларини ўрганиши, ўз устида ишлаб, тажриба ошириши учун робототехника ва санотехника хоналари, инновацион ва виртуал лабораториялар ташкил этилган.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу билим даргоҳида Мирзо Улуғбек туманидаги IT-парк бўлинмасини ташкил этиш, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам шундай марказлар очиб, бу соҳага қизиққан ёшларга кенг шароитлар яратиш зарурлигини айтди.
А.Мамасодиқов