Давлатчилик қайғуси

ёки Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳокимиятни идора этишда катта-кичик лавозимларга тайинлаш борасидаги тутган йўл-йўриқлари ҳақида

Ўзбек давлатчилигида Соҳибқирон Амир Темур олий даргоҳ билан бирга маҳаллий ҳокимият лавозимларига муносиб номзодларни топиш, уларни тарбиялаш, ватан ва эл манфаати йўлида хизмат қилиши учун улардан фойдаланишда ҳам ўзига хос адолат йўлини тутди ва ҳаттоки, маҳаллий давлатчилик ижроия тизимидаги бошқарувнинг мумтоз шакл­ларини қайта тиклаб, ўтмишдаги халқчил бошқарувнинг энг яхши анъаналарини тиклашга эришди.

Ўзбек давлатчилигида Соҳибқирон Амир Темур олий даргоҳ билан бирга маҳаллий ҳокимият лавозимларига муносиб номзодларни топиш, уларни тарбиялаш, ватан ва эл манфаати йўлида хизмат қилиши учун улардан фойдаланишда ҳам ўзига хос адолат йўлини тутди ва ҳаттоки, маҳаллий давлатчилик ижроия тизимидаги бошқарувнинг мумтоз шаклларини қайта тиклаб, ўтмишдаги халқчил бошқарувнинг энг яхши анъаналарини тиклашга эришди.

Бу масала кўпроқ ҳуқуқшунослик нуқтаи назаридан ёритиб келинмоқдаки, бу борада қатор тарихчилар ўзларининг илмий асарларида муфассал тўхтаб ўтганлар, лекин маҳаллий ҳокимият лавозимларига тайинлаш масалаларини ўрганиш бугунги кун нуқтаи назаридан ёндашувни талаб этади.

Амир Темур билан биргаликда кўплаб халқ тарафида бўлганлар ватанни мўғуллардан озод этиб, уни гуллаб-яшнатиш, бунёдкорлик ва ободончилик ишларида, Буюк ипак йўли хавфсизлигини таъминлаш, савдо-сотиқни йўлга қўйиш, дипломатик муносабатларда, энг муҳими, қуйи поғона — маҳаллий ҳокимият масалаларида адолат устуворлигини таъминлашда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшганлар. Бу шахсларнинг ҳаётини ўрганмасдан туриб, Турон султони Амир Темурнинг кучли ва марказлашган салтанати бошқарув тизими моҳиятини тўла тасвирлаб бериш қийин кечади, албатта.

Давр тақозосига кўра, давлатчилик ишларида ҳарбий амалдор вазифаларига қуйи табақа — оддий навкарлар орасидан истеъдодли ёшларни топиб, уларни тарбия­лаш масалаларига етарли эътибор қаратилган. Қариндош-уруғчиликка мутлақо эътибор қаратилмаган. Амир Шоҳмалик — Амир Темурнинг Шайх Нуриддин, амир Ҳожи Сайфиддин, амир Аллоҳдод, амир Жаҳоншоҳ сингари номдор лашкарбошиларидан бўлиб, ўша давр бош­қарув тизимида ўзига хос ўрин тутган. Аммо ҳалигача бу шахснинг ўша даврдаги мавқеи, бажарган ишлари ҳақида тўла тад­қиқот олиб борилганича йўқ.

Қўлида қалам тутган, ўзини таниган ижодкор борки, у даврга жиддий кўз билан қарашга интилади, чунончи, Қалам Яратганнинг мўъжизаси бўлиб, у ҳар кимга ҳам берилмайди. Қуръони Каримнинг “Қалам” сурасида Қалам ва (у билан фаришталар) битадиган битикларга қасамки, (эй Муҳаммад (с.а.в.), сизПарвардигорингизнинг марҳамати билан мажнун эмасдирсиз, дейилади. Шундан ҳам кўринадики, ижодкор бошқалар ҳис этмайдиган неъмат соҳиби, у ижодга ўтирганда, энг кучли инсонга айланади, у ўзи ёзмайди, балки қалам сеҳри унга мадад беради. Сўзимиз исботи учун Робиндранат Тагорнинг “Россия мактублари” асаридаги иқтибосни келтирамиз. У ёзади: “Шўролар тузумининг… жиддий хатолари бор, бир кун келиб, у бир бахтсизликка сабаб бўлади”. Ва шундай бўлди ҳам: қудратли қуролларга эга бўлган давлат, ҳар қанча чиранмасин, парчаланиб кетди.

Биз бу ўринда ҳинд мутафаккирининг тарбия масаласидаги фикр­ларига ҳам эътибор қаратишимиз керак. “Бу шундай хатоки, маориф ишлари бир андозада юритилмоқда, бироқ андозага солинган инсон моҳияти барқарор бўлмайди. Инсоннинг ақли биқиқ муҳит ичра банди этилса, бориб-бориб завол топади ёки қўғирчоққа айланиб қолади”. Ана шуларни англагач, биз кўп такрорлайдиган Абдулла Авлонийнинг: “Тарбия биз учун ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир”, деган ҳикматли гапини кўнгилдан ўтказасиз, қўрқиб, ҳадиксираб ён-атрофга қарайсиз-да: “Мен-чи? Мен қандай тарбия бер­япман ўғил-қизимга?! Уларнинг руҳларида қандай ўзгаришлар рўй бераётганини назардан қочирмаяпманми?!” — дея ўйланиб қоласиз.

Нима учун Амир Темур ўзи “Темур тузуклари”ни ёзиб, қатъий қонунлар жорий этиб, давлатни бош­қарди. Унинг қуйи поғона амалдорлар учун кўрсатмалари тарихимиздаги энг ноёб ва бебаҳо хазинадир, афсуски, биргина шу кўрсатмаларни ўқимаган раҳбарлар ҳам топилади.

Қуйи раҳбарлар орасида маънавияти юксак, ишбилармон ва энг муҳими, ўз халқим деб жонини фидо этадиганлари топилади, лекин мансабни ҳамон даромад манбаига айлантираётган ва бурнининг остидан узоқни кўрмаётган “мансабпараст”лар борлиги ҳам ҳақиқат.

Бугунги даврга мослаб тўқилган бир ривоятда боладан сўрашади:

— Ким бўласан?

— Ҳоким!

— Нима учун?

— Зўр яшайман, одамларнинг ўзлари чўнтагимни тўлдириб қўйишади, хизмат машинам, данғиллама уйим, чиройли котибам бўлади, — деб жавоб беради.

Шахсан ўзим гувоҳман, катта бир вилоятнинг ҳокими ҳузурига кириб, Соҳибқирон Амир Темур ҳаётини ўрганиш борасида шартнома имзоладик. Ҳоким ўн кундан сўнг хабар олишимизни тайинлади. Тўғри, биз ҳомийга муҳтож эмасдик, вилоят учун зарур маънавий эҳтиёжни ўрнига қўйиб беришимиз керак эди. Узр, очиқ ёзмаётганим учун. Хуллас, ўн кундан сўнг ҳокимиятга қўнғироқ қилсак, ўша раҳбар Соҳиб­қи­рон Амир Темур номи ёзилган қоғозни четга ташлаб: “Кейинроқ!” дебди. Буни қарангки, ўша киши зарбага учрабди. Орадан ўн бир кун ўтиб ишдан олинибди. Орадан йигирма йиллар ўтди, аммо ўша ҳокимни қайтиб кўрмадим.

Амир Темурнинг энг катта мақсади юртини мўғуллардан озод этиб, унда бунёдкорликни авж олдириш, халқининг фаровонлиги ва тинчлигини сақлаш эди. У зот урушда вайрон бўлган ерларни ҳеч қачон харобалигича ташлаб кетмаган, аксинча, обод этган ва қуйи поғона раҳбарларга ҳам шу ишларини намуна қилиб кўрсатган.

Али Яздий ўзининг “Зафарнома” асарида бунёдкорлик у зотда туғма эди, деб ёзади ва Хоразм воқеаларига тўхталар экан, “подшолик марҳамати ҳижрий 793 (милодий 1391) йили Жанги Қавчиннинг ўғли Мусикани Хоразмни обод этишга жўнатди. У Қоон маҳалласини қўрғон қилиб ўраб олди ва обод қилди. Ҳозирги пайтда (XV аср 20-йилларида) Хоразмнинг энг обод жойи ўша эрур”, дейди.

1381 йилда Хуросонда (ҳозирги Афғонистонда) олиб борган ишлари ҳам таҳсинга сазовор. Мурғоб водийсида тўхтагач, барча саркардаларига сув чиқариб, бу ерларни обод этишни буюради. Ҳофиз Абру “География” асарида улар томонидан қазилган ариқларнинг номларини бирма-бир санаб ўтган: Дилкушо ариғи, Ганжравон ариғи, Дарбанд, Ганжхона ариғи, Умар Тобон ариғи, Оқ Буғо ариғи, Қутлуғ Темур ариғи, шоҳ Жондор ариғи, Келачи ариғи, Қутлуғ хотун ариғи, Менгли хожа ариғи, Али Малик ариғи.

Эътибор берсангиз, аксарият ариқларнинг номлари қазиш ишларида бошчилик қилган саркардаларнинг исмига қўйилган. Яна бир жиҳати, бу ерда Қутлуғ хотун номи тилга олинмоқда. Бундан қазиш ишларида номдор аёллар ҳам иштирок этганлиги маълум бўлади. Бу ҳам Амир Темур адолатидан дарак эмасми?!

Амир Темур 1399 йилда Қорабоққа келганида, Азарбайжонлик З.Пирриевнинг маълумотларига кўра, мазкур ҳудудда кўпгина ободончилик ишларини амалга оширган, хусусан, Бойлаконда қурилган суғориш канали маҳаллий хўжаликларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган. Мазкур канал Кушк ва Жонкўпри деб номланган жойдан, Арапс дарёсидан бошланиб, Бойлакон яқинидаги Саржабил деган жойда, Пиркамар қабри ёнида тугайди. Унинг узунлиги 60-70 километр эди. Бундан ташқари, Бойлакон шаҳарчаси деворларини ҳам тиклади: унинг узунлиги 240 қулоч, эни 11, баландлиги 15 қулоч бўлган. Девор бўйлаб эни 30, чуқурлиги 20 қулоч бўлган ҳандақ ҳам қазилган. (3.3.Пир­риев. Озарбайжон).

Амир Темурнинг шахсий сифатларини ўрганар эканмиз, дунёнинг ўша пайтдаги энг имонли тарихчиларидан бири бўлмиш Низомиддин Шомийнинг (“Зафарнома”, Т.,“Ўзбекистон” нашриёти, 1996 й., 20-бет) қуйидаги сўзларига эътибор қаратиш лозим:

“Унинг адолати-ю, сиёсати ўрнатилган кунларда Мовароуннаҳрнинг энг чекка жойларидагина эмас, балки Хитой ва Хўтан чегарасидан Деҳли ва Канбойит атрофларигача, Бобул-Абвобдан то Миср ва Рум ҳудудигача бўлган ерлардан савдогарлар у ёқда турсин, болалару бева хотинлар ҳам ипакли матолар, олтин-кумуш ва энг зариф тижорат молларини келтирардилар ва олиб кетардилар. Ҳеч бир кимса уларнинг бир донасига ҳам кўз олайтиролмайди ва бир дирҳамига ҳам зиён етказмайди. Бу чексиз неъмат ва поёнсиз марҳаматлар Амир Соҳибқироннинг сиёсати ва адолати натижасидир”.

Ёки ўз даврининг кўзга кўринган тарихчиси Муиниддин Натанзий ёзадики, Амир Темур: “Адолат ўрнатишда шу қадар ғайрат қилдики, унинг салобатидан фил пашшага тавозе қиларди”.

Унинг давлатчилик борасидаги дастлабки ишлариданоқ ана шу сиё­сатни аниқ белгилаб олиб, унга қатъийлик билан амал қилганини кўрамиз. Масалан, 1370-75 йилларда тарқоқ Мовароуннаҳрни бирлаштириш бош масала эди. Жумладан, Ҳусайн Сўфи билан қонли тўқнашув эмас, мулоқот ва аҳдлашув орқали масалани ҳал этиш мақсадида унга бир эмас, уч марта элчи юборади. Бу ўринда ҳам унинг Қуръони Каримнинг “Ёсин” сураси, 14-оятидаги: “Ўшанда биз уларга иккита (элчи)ни юборганимизда, (улар) иккисини ёлғончига чиқаришгач, учинчи (элчи) билан қувватлантирдик”, деган сўзларга амал қилганига гувоҳ бўламиз. Учинчи элчи билан масала ҳал этилмагач, Амир Соҳибқирон қуда-андачилик анъаналарини йўлга қўйиб, тўнғич ўғли амирзода Жаҳонгир Мирзо баҳодирга Хонзодани олиб бердики, бу билан узоқ ўзаро аҳиллик ва бирлик кўзланган эди. “Қудачилик – минг йиллик”, деган пурмаъно гап бор бизда.

Амир Ҳусайнга қарши қўшин торт­ганда, амирлар Малик ва Абдуллоҳлар ғаддорлик йўлига ўтишган эди. Уларни қўлга олиш керак, деб маслаҳат берганларида, Амир Соҳибқирон бунга рози бўлмади. “Бу кунлар давлатимизнинг бошлан­ғич паллаларидир. Қайси подшоҳ ўз ишини ғаддорлик ва бевафолик асосига қурса, кишиларга озор бериш ва ҳалок қилишга ошиқса, унинг давлати чайқалиб, қарорсизликка юз тутади”, деди ва одамларга эътибор бериш ва уларни ҳимоя қилиш асосий вазифа эканлигини алоҳида таъкидлади.

Чиндан ҳам, Амир Темур даврида қонунчилик биринчи ўринда бўлиб, айниқса, инсон тақдири борасида эҳтиёткорлик билан иш кўрилар, ахлоқсизлик, бузғунчиликларнинг олди олинар эди. Мисрлик олим Муҳаммад Жамолиддин: “Унинг ёмонлик ва ахлоқсизликни кўрарга кўзи йўқ эди”, деб айтади.Чиндан ҳам, “Мамлакат куфр билан туриши мумкин, лекин зулм бор ерда туролмайди”. “Темур тузуклари”, “Ўзбекистон НМИУ, 2011 йил, 136-бет).

Соҳибқирон Амир Темур узоқни кўриб иш тутувчи инсон эди. У ёлғиз узоққа боролмаслигини, бандаи ожиз эканлигини ва ҳар онда хатога йўл қўйиши мумкинлигини теран анг­ларди, шу боис ҳам, у пайғамбар авлодлари, саййидлар билан бирга улуғ машойихларни ҳам ўзига яқин тутди ва уларнинг кўрсатмаларига доимо қатъий амал қилди. Биз бу ўринда яна Амир Темур эҳтиром кўрсатган тўрт машойих ҳақида сўз юритмасдан ўтолмаймиз.

Улардан бири Шамсуддин Кулол бўлса, иккинчилари Амир Кулолдир. 1991 йиллар бошларида ёритилган айрим мақолаларда бу икки тарихий шахсни янглиштирган жиҳатларни ҳам кўрамиз. Шамсиддин Кулол Шаҳрисабзда яшаган, қабри ҳам ўша ерда. Амир Кулол эса, бугун яхши биламизки, Бухорои шариф яқинидаги Сўхори қишлоғида яшаган. Учинчилари, Мир Саййид Барака бўлиб, Амир Темур билан Термиз шаҳри яқинида учрашган ва унга давлат рамзлари бўлмиш — ноғора ва байроқни тақдим этган, яъни бу Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳукм­дор сифатида тан олинишини билдиради. Тўртинчилари, Зайниддин Тойободий бўлиб, у Амир Темурга “Рости-друсти” ёзуви туширилган олтин узукни ҳадя этганини ҳамда адолатли бўлишни тайинлаганини, шунингдек, саййидлар ва илм аҳлига иззат-ҳурмат, Аллоҳнинг бандаларига меҳр-муҳаббат кўрсатиш ҳақида панд-насиҳат қилганини ҳам яхши биламиз. Бу ҳақда тарих фанлари номзоди, йирик манбашунос олим Омонулло Бўриевнинг қатор тадқиқотларида муфассал маълумот берилганини таъкидлаб ўтишимиз жоиз.

Амир Темур ғанимлари томонидан турли найрангларни ишга солинишини яхши билгани учун ҳам аниқ қонунлар мажмуасини ишлаб чиққан эди. Бу пухта қонунлар давлат одамларини ноҳақ айбловлардан ҳимоя қилишга қодир эди. Масалан, молия вазири хатога йўл қўйса, қандай йўл тутилган?

— Аввало ишни текшириб кўриш;

— давлат маблағини зарурат юзасидан биринчи марта ўзлаштириб олган бўлса, совға-салом тариқасида бериш;

— агар икки баравар ортиқ бўлса, ортиғини маошидан ушлаб қолиш;

— уч баравар бўлса, салтанат хазинасига қайтариш.

Лекин бирор жойда фалон хизматчи осилсин, деган кўрсатмани кўрмайсиз.

Буларнинг барчасида Амир Соҳибқироннинг Қуръони Каримни яхши билиши ва унга амал қилиши, жаҳолатга қарши маърифати устувор эди, десак янглишмаймиз. “Оли имрон” сурасининг 7 оятида: “… дилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маънолар бериш учун унинг (Қуръоннинг) муташобиҳ оятларига эргашадилар. Ҳолбуки, ундай оятлар таъвилини (асл маъносини) фақат Аллоҳнинг Ўзигина билур”, дейилган. Бу ўринда аниқлик киритсак, “муташобиҳ”, яъни маъноси Ўзидан бош­қага номаълум оятлар, деганидир.

У салтанатини Аллоҳнинг ердаги кичик корхонаси, деб билди ва ҳар кимни ўз қобилиятига яраша мансаб ишларига тайинлади, ҳар нарсанинг ўлчовини белгилаб, шунга мувофиқ иш юритди.

Маълумки, Чингизхон қўшинида маош берилмаган, аммо кўрамизки, Амир Темур ўз аскарларининг жасоратларини, меҳнатларини қадр­лаган:

оддий сипоҳийга – минган отининг баҳосида;

ҳар бир баҳодирга – икки ёки тўрт от баҳосида;

ўнбошига – қўл остидаги сипоҳийларга қараганда, ўн баравар ортиқ;

юзбошиларга – ўнбошиларга қараганда, икки баробар;

мингбошиларга эса уларникига қараганда, уч баробар зиёда маош берилган.

Яна бир гап. Амир Темур дипломатияси ҳақида жуда кўп ёзилган, биз уларни қайтариб ўтирмаймиз, фақат бир жиҳатига тўхталамиз, холос. Соҳибқирон Амир Темур дипломатиясининг иккинчи жиҳати — назарий асосини нима ташкил этган, деган саволга деярли барча темуршунослар бир хил, яъни Ислом дини ташкил этганини қайд этишган. Аслида ҳам шундай. Бу нарса унинг саъй-ҳаракатларида ҳам ўз ифодасини топганлигини кўрамиз. Бир мисол, Озарбайжондан ўта туриб, Шабис­тар қишлоғидаги Имом Шабистарий қабрини зиёрат қилади. Бундан ҳайратланган айрим кимсалар савол назари билан қараганда, яна Соҳибқироннинг ўзи бунга аниқлик киритиб: “Бу инсон шиалардан, Қуръон оятига амал қилиб, ўз шеърларида Аллоҳнинг дини Ислом эканлигини қаттиқ туриб исботлаган”, дейди.

Амир Темурнинг яна бир хусусияти шуки, илм аҳли билан суҳбатлашганда, ўзига нисбатан қарши фикр айтилса-да, оғир-босиқлигича қолиб, ноҳақ ҳақоратлашга йўл қўймасди.

ХIV-ХV асрларда вужудга келган ҳуруфийлик Эрон, Озарбайжон, Рум ва Сурияда тарқалган бўлиб, улар: “Олам абадий, инсонда Худонинг қиёфаси акс этган, олам тараққиётининг ҳар бир босқичида Худо қиёфаси инсонда мужассамлашиб намоён бўлади”, деган фикрни олға сурдилар.

Озарбайжон адиби, дўстимиз Юнус Ўғуз Амир Темур билан шоир Насимийнинг учрашувини, ўзаро қаттиқ баҳслашувларини бадиий талқин этган. Эмишки, мулоқотни кузатиб турган мавлоно Абдулжаббор ва беклар уни жазолашни талаб қилганлар, аммо биламизки, адабиётни жон дилидан севган, илм-фан кишиларини эъзозда тутган Соҳибқирон Амир Темурдек зот бундай инсонларга ҳамиша мурувватли бўлган. Қаттиқ баҳсдан сўнг ҳам Насимийга самимий қараб: “Сен озодсан, шоир, кетишинг мумкин”, деган бамайлихотир оҳангда.

Абдулжаббор такрор ўрнидан туриб: “Бу ҳуруфийни озод қўйиб юбориш мумкин эмас, умматимизни йўлдан оздиради”, дейди ташвиш билан.

Амир Темур эса: “Инсон қалбини фатҳ этган шоирни, беҳад гўзал мисралар соҳибини қонига сабаб бўлиб, қонли қўлим билан тарихга кирмоқчи эмасман!” – дея ўз қарорини кескин оҳангда баён этган ва шоир чиқиб кетгач, унинг қуйидаги мисраларини жўшқин оҳангда ўқиган:

Мунаввар наргисинг турку,

ақл уйин торож этди,

Мўғул қайга борар бўлса

тушар торожу яғмога.

Насимий чун сени топди,

бу оламдан воҳид ўлди,

Кечибон мову манликдан

етишди зоти яктога.

Билъакс, Саййид Имомиддин Насимий қилич ҳукмрон бўлган ўша замонда, 1417 йилда Ҳалабда Миср султони Муайяддиннинг ғазабига дучор бўлиб, тирикла­йин териси шилинади.

Амир Темур чиндан ҳам кечиримли зот эди, неча бор лафзини ҳаром қилиб, қайта-қайта хиёнат қилган Зиндачашмни ҳам, нонкўр Тўхтамишхонни ҳам кечира билди, билъакс, у зот пайғамбаримизнинг Ҳадиси шарифларидаги: “Одамнинг эзгуроғи бошқа одамларга фойда келтиргани”, деган ҳикматга қатъий амал қиларди. Хуллас, Соҳибқирон Амир Темурни ислом дини амалларига бир умр риоя этгани, пайғамбар авлодлари, саййидларни, уламоларни, тасаввуф аҳлини эъзозда тутгани ва гоҳида Қуръони Каримга суяниб, ўзи учун керакли адолатли қарорлар қабул қилиши асносида кўрамизки, аввало, инсон тақдири, қадр-қиммати, ор-номуси, энг муҳими, тахтни тахт, оилани оила ўрнида эътироф этиб, ўзи ҳам чин инсон сифатида яшагани биз учун намунадир. Тўғри, уруш — вайронагарчилик, харобалар, ўлим ва азоб-уқубатдан бошқа нарса эмас. Соҳибқирон Амир Темур зарурат туфайли, биринчи галда юрт озодлиги учун курашга чиқди, бу йўлда жон жигарлари — энг мард ва садоқатли ўғли Жаҳонгир мирзо ва ёвқур Умаршайх мирзоларни йўқотди, энг суюкли қизи Оқа бегимдан айрилиб, давлат ишларидан кўнгли ҳам совиди.

Аммо эл ва юрт, инсоният тақдири туфайли яна тахтга қайтишга мажбур бўлганини ким билмайди, дейсиз. Эронни мўғулларнинг янги истилосидан сақлаб қолди, мўғулларнинг кўпдан-кўп оғир солиқларини бекор қилиб, рус князликларининг ривожланишига йўл очди, Европани Усмонийлар тажовузидан қутқарган ҳам шу зот эди. Буни ҳамма билади ва тан олади. Хўш, нега биз бу қайтариқларга яна урғу беряпмиз? Нега бугун яна Амир Темур ва ислом дини мав­зуида, қисқа бўлса-да, сўз юритдик?

Бизнинг тарихимизда Амир Темурдай улуғ сиймо бор экан, унинг қолдирган мероси, панд-ўгитлари бугунги ҳаётимизга ҳамоҳанг экан, олдимизда турган бугунги муаммоларни ечишда бизга қўл келаётган экан, уларни ўрганмасдан, таърифламасдан, тарғибот қилмасдан ҳаққимиз йўқ.

АҚШлик ҳарбий тарихчи Ричард Нильсон: “Амир Темур ўз салтанатига фақат бир маданиятни мажбуран киритмасдан, аксинча, турли маданиятларни қўшиб бугунгача яшаб келаётган Овроосиё ғоясини ишлаб чиққан биринчи шахс эди”, дея жуда тўғри баҳо берган эди.

Демак, Амир Темурнинг қуйи поғона лавозимларга амалдорлар тайинлаш борасидаги қарашларини тўлароқ акс эттириш бугунги ишларимизга ҳамоҳангдир, зеро, Соҳибқирон Амир Темур ўзлари айт­ганидек, “Биз ўз салтанатимизни одамларга эътибор бериш ва уларни ҳимоя қилиш асосига қураётганлигимиз сабабли уларни юпантириб, хотиржам этамиз”.

Тўлқин Ҳайит.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 1 =