Дунёни лол қолдирган ўзбек доираси
Ўзбек миллий маданияти ва санъатида доирачилик мактабининг алоҳида ўрни бор. Шу муносабат билан “Ўзбекконцерт” давлат муассасасида ўзбек доира санъатининг дунёга танилишида катта ҳисса қўшган санъаткор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, доира зарби устаси Аббос Қосимов билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўз ижро йўналишига эга санъаткор “тескари зарб” ижрочилик йўлидан фойдаланиб, юртимизда илк бор карнай-сурнай, ноғора каби миллий созларимизнинг имкониятлари нақадар кенглигини бутун дунёга намойиш қилди. Моҳир доирачи йиғилганларга чет элдаги фаолияти ҳақида сўзлаб берди.
Аббос Қосимов доирачилик санъатида содда ижрочилик йўлидан эмас, мураккаб йўналишни танлаган ҳолда доирачиликни халқ қалбига сингдира олди. У профессионал ижрочи сифатида ҳам юксак бадиий асарлар яратган. Тинимсиз изланишлари, машаққатли меҳнати, санъатга фидойилиги, кучли иродаси туфайли бугун нафақат юртимизда, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўзбек миллий санъати, маданияти довруғини оламга таратмоқда. Бундан ташқари, у доира ижрочилик санъатида алоҳида мактаб яратган устоз сифатида хорижий давлатларда ҳам кўплаб шогирдлар етиштира олди.
— Бундан бир неча йил илгари “Аббос” гуруҳини ташкил этиб, юртимиздаги турли даражадаги тадбирлар билан бир қаторда, чет эллардан ҳам мухлислар орттирдик, — деди Аббос Қосимов. — Ўзбек доирачилик мактаби анъаналарини салкам 15 йил хориждаги мухлисларимизга тақдим этдик. Ёшликдаги орзуимга қийинчилик билан эришган бўлсам-да, мени ва гуруҳимни қўллаб-қувватлаганларга ўз миннатдорлигимни билдираман. Яқинда муҳташам “Халқлар дўстлиги” санъат саройида, юртимиз тарихида илк бор, доира ва зарбли чолғулар иштирокида концерт дастури тақдим этмоқчимиз.
“Зарб шоу” деб номланадиган концерт дастурида нафақат ҳамюртларимиз, балки АҚШ, Таиланд, Туркия, Озарбайжон ва қўшни давлатлардан ҳам меҳмонларнинг ташрифи кўзда тутилган. Концерт шоу тарзда намойиш этилиб, унда таниқли хонандаларнинг чиқишлари ҳам режалаштирилган.
Ҳикматулло Хўжақулов.