Сўз ва оҳанг бирлиги

Йўловчи машинада ишга бораётгандим, енгил машинага ўрнатилган радиода “Вафоси йўқ кишининг, беҳуда ёри бўлманг”, мисралари билан бошланувчи қўшиқ янграб қолди. Дилтортар оҳанг, миллий руҳ жозибаси, ширали овоз беихтиёр ўзига ром этди. У хонанда Собиржон Мўминов экан.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Собиржон Мўминов, мана бир неча йилдирки, халқчил қўшиқлари, мумтоз тароналари билан эл назарида эътиборидан тушмай келаяпти. Унинг қўшиқлари миллатимиз анъаналари, қадриятлари, колорити жамланган оҳангидан завқ­ланасан киши, ўзбекона эзгу ва муқаддас туйғулар кўз олдингга келади.

Собиржон Мўминовнинг қўшиқларида ижодкор қалби, тафаккури, тушунчаси бўй кўрсатади. Хонанданинг репертуарига назар ташлайман. “Ажаб дунё”, “Ризо бўлсин”,  “Бир кам дунё”, “Севдим сени қора кўз”, “Вафоси йўқ”, “Қалбимдасан”  сингари сермазмун қўшиқларида кўнгилга яқинлик, фалсафийликни туяди киши. Албатта, бошловчи қўшиқчи аввал устоз санъаткорлар ижодидан илҳом­ланади, уларнинг ижро услубини ўрганади. Аммо Собиржон Мўминовнинг хонишларида кимгадир тақлид, кимнингдир нафаси сезилмайди. У ўз ижро услуби, ўз овозига эга санъаткор.

Собиржон ака элда обрў ва шуҳрат топиш, ёинки оддий бир ҳавас туфайли бу машаққатли йўлни танлаган эмас. У асли санъаткорлар оиласида туғилган, отаси Одилжон акадан қўшиқчиликнинг сир-асрорларини ўрганди. Унинг мурғак қалбида куртак отган  нафосат, гўзалликка ошнолик,  мусиқа ва оҳанглардаги рангин жилоларни қалбан ҳис этиш, мусиқий диднинг  шакл­ланиши,  кейинчалик қўшиқ айтиш сирларини англаб етишига пойдевор яратди. Йиллар ўтгани сайин унинг репертуаридан янги мавзу ва талқинлардаги қўшиқлар ўрин олди.

Хоҳ ўйноқи, хоҳ маҳзун қўшиқлар бўлсин, айтишда маҳорат, яъни тоза ижро устуворлик қилса, у мумтоз ашулага айланади. Айтиш керакки,  хонанда учун ширали овоз муҳим ўрин тутади. Нуриддин Ҳамроқулов, Муҳриддин Холиқов, Азим Муллахонов сингари хонандаларнинг қўшиқлари юрак-юракка етиб бориши ҳам шундан.

Шу маънода,  Собиржон Мўминов ўз овози билан  мазмунли қўшиқлар яратишга интилиб келаётган ижодкор. У ҳар бир яратаётган асарига ўта жиддий ва масъулият ҳисси билан ёндашади. Унинг ижросидаги “Ота-она”, “Икки дил”, “Бир кам дунё”, “Борингизга шукур”, “Боқ оёғинг остига”, “Онажоним”, “Ҳар номардга айтма”, “Сан томон”, “Шукурлар қилайлик”   ва бош­қа кўплаб қў­шиқлари  халқимизнинг маънавий мулкига айланган ва Ўзбекистон телерадиосининг олтин фондидан жой олган.

Суҳбатларимизнинг бирида унинг санъат хиёнатни кечирмаслиги, бу йўлда алдам бўлмаслиги, халқнинг олқишини эмас, кўпроқ дуо­сини олиш  муҳим эканлигини алоҳида таъкидлаганди хонанда.

— Қўшиқларимда, — дейди Собиржон Мўминов, — халқимизнинг дарди, изтироблари, ноласи, қувончу шодликларини куйласам  кўнглим тўлади.

Санъатда икки йўналиш бор, яъни ижодкор ва  ижрочи йўналиши.  Хоҳ адабиётда, хоҳ санъатда бўлсин, бирон янгилик яратиш — бу ижод маҳсули. Шуниси ҳам маълумки, яратиш, ижод қилиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Кимнингдир томонидан яратилган тайёр ижод маҳсулини ижро этиш эса албатта, ижрочиликка киради. Шу маънода, ижодкордан кўра, ижрочига осонроқ. Шунданми, хонанда ва созандалар  орасида янги қўшиқ яратувчилар у қадар кўп эмас. Собиржон Мўминов ҳақиқий  маънода ижодкорлар тоифасига киради. Тоза ижро, мусиқий саводхонлик, нота ёзуви, гармония каби фанларни пухта ўзлаштирганидан, унинг қўшиқларида  тоза овоз сезилиб туради.

Очиғини айтиш керак, мустақиллик йилларида қўшиқчиликда  сохта санъаткорлар кўпайди. Қўлидан куйлаш келса-келмаса ҳамма хонандаликка ўзини урди. Саҳнада профессионал ижодкорлар эмас, ҳаваскорлар тўлиб кетди. Айниқса, техниканинг ривожлангани уларга қўл келди. Саҳнада оғзини қимирлатиб, жилпанглаб ўйинга тушганлар, негадир тезда номи тилга олинди. Ҳақиқат аччиқ бўлади. Очиғини айтиш керак, шу тариқа устоз кўрмаган, умрида қўлига бир бор бадиий китоб олиб ўқимаган ёки битта шеърни ёд олмаган, мусиқий саводи йўқлар олқишланди. Санъат масхарабозлар майдонига айланди. Бу эса ўсиб келаётган ёшлар дидининг, савиясининг ўсишига  салбий таъсир кўрсатди.

Ҳайриятки, кейинги икки-уч йил оралиғида биз яна устоз санъаткорлар бисотига мурожаат қила бошладик.  Ойнаи жаҳонда ҳам устозлар ижодига аҳамият  қаратилди. Агар аввалдан саҳнада профессионал ижодкорлар кўпроқ тар­ғиб қилинганидами, катта саҳналарда уларга ўрин берилганидами, бугун чаласавод ижрочилар етишиб чиқмаган бўларди.

Ҳаёт бешафқат. Ҳар қандай ижодкор ҳам айни пишиб етилган, тажриба орттирган паллада  халқ­қа  истеъдодини  бўйи басти билан намоён этишни, давраларда баралла  куйлашни ич-ичидан истайди, хумор қилади. Очиғи, ижод аҳли кўнгил одами. Ҳақиқатан ҳам шундай.

Дейлик, санъат аҳлининг бирор қўшиғини алқасангиз, боши кўкка етади ва бундан янада руҳланади.   “Шукурлар қилайлик” қў­ши­ғи матни устида шоир Муҳиддин Омон билан анчагача ишлаганидан хабардорман.

Хонанданинг табиатида шўхчан қўшиқлардан кўра, фалсафий қўшиқларга мойиллик сезилади.  У ҳар бир жабҳада қатъиятли бўлишни, аҳдга вафо қилишни ёқтиради ва ўзи бунга  амал қилади.

Матлуба Темур қизи,

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ходими,

санъатшунос-журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − 3 =