Меҳринигор Абдурашидова: Оиламизда ҳеч ким санъаткор бўлишимни истамаган…

Мусиқа, қўшиқ инсон қалбида энг нафис туйғуларни уйғотувчи, кишини руҳлантириб, эзгу ишларга бошловчи қудратли куч. Тил, миллат танламайдиган наволар таржимонсиз, ҳеч бир воситасиз инсон юрагига кириб боради. Дилларни дилларга, элларни элларга боғлайди.

— Дунёдаги нуфузли санъат фестивали ғолиби бўлганимдан чексиз ҳаяжон ва қувончдаман, — деди Гран-при соҳиби, Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси Меҳринигор Абдурашидова.

Маълумки, “Шарқ тароналари” XII халқаро фестивалида нуфузли ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, анжуманнинг бош соврини — Гран-при Ўзбекистон вакилига берилгани санъат ихлосмандларини мамнун этди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги байрами арафасида бўлиб ўтган фестиваль тадбирларида иштирок этган мухбиримиз нуфузли халқаро танлов бош совриндори Меҳринигор Абдурашидова билан ўша ҳаяжонли дамларда суҳбатлашган эди.

— Дунёдаги нуфузли санъат фес­тивали ғолиби бўлганимдан чексиз ҳаяжон ва қувончдаман, — деди Гран-при соҳиби, Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси Меҳринигор Абдурашидова. — “Шарқ тароналари”да иштирок этиш, Регистонда қўшиқ куйлашнинг ўзи катта шараф. Бу фестивалда ғолиб бўлиш эса энг катта орзуим эди. Менга ана шундай бахт насиб этди.

— Ғолиб бўлганлигингизни эълон қилишганда, хаёлингиздан нималар кечди?

— Гран-пригача бўлган ғолибларни эълон қилишганда, ичимдан “Бу гал омадим чопмади, кейинги танловларда янада пухтароқ тайёргарлик кўраман”, дедим ўзимга ўзим. Аммо 1-2-ўрин ғолиблари тақдирланиб бўлганидан кейин Гран-при учун исмим янграганида рости, қулоқларимга ишонмадим. Турли танловлар ғолиблари ҳар гал “Кутмагандим” дейишса, ҳайрон бўлардим, аслида мен ҳам кутмаган жойимда ғолиб бўлдим. Севинч кўз ёшларим ҳатто саҳнага чиққанимда ҳам мени тарк этмади. 77 та давлатнинг энг кучли санъаткорлари ичидан олий мукофотга мени лойиқ кўришганидан анча вақт ўзимга келолмадим.

— Ўзингизга қайси давлат мусиқа жамоасининг чиқиши ёқди?

— Озарбайжон. Аслини олганда ҳар битта давлатнинг чиқишлари бетакрор бўлди. Катта тайёргарлик кўришгани дастур давомида билинди. Озарбайжон жамоасига келсак, ижро ҳам, чолғу асбобларининг чалиниши ҳам таҳсинга лойиқ.

— Тайёргарлик жараёнлари уч ой олдин бошланганини эшитдим, тўғрими?

— Ҳа, дадам Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулаҳад Абдурашидов билан аввалдан тайёргарлик кўриб келардик ўзи.

— Фестивалдаги репертуарингизни ўзингиз танладингизми?

— Ўзбекистон Халқ артисти Сирожиддин Жўраевнинг “Роҳатижон” қўшиғи ва ўзбек халқ куйларидан попурини ижро этдим. Бошида бошқа қўшиқларимизга мурожаат қилмоқчи эдим, аммо устозларим билан маслаҳатлашиб кўрганимдан кейин шу танловда тўхталдик. Поппури йиғилган меҳмонларимизга манзур келди. Ундаги “Лазги”, “Олмани отдим” каби қўшиқлар барчага юқори кайфият улашди.

— Санъаткор бўлишингизда оилавий муҳитнинг таъсири катта экан-да?

— Санъаткорлар оиласида ўсиб-улғайган бўлсам-да, ҳеч ким мени санъаткор бўлишимни истамаган. Дадам дутор чалишдаги маҳоратимни кўриб, “Яхши чал­япсан” деб қўярдилар-у, жиддий шуғуллан демасдилар. Касб танлаш танлови борасидаги фикримни айтганимда, санъатда ўз мак­табинг­ни ярата олсанг, ижодга қадам қўй, бўлмаса бошқа соҳани танла, деганлар. Куну тун фикри хаёлим санъатда бўлса, қандай бошқа соҳани танлашим мумкин эди?! Консерваторияга ўқишга кирдим, 2017 йилда “Йилнинг энг яхши мақом қўшиқчиси” ва “Ниҳол” мукофоти совриндори бўлдим. Эндиликда оила аъзоларим ижодимни янада ривожлантиришим учун қўллаб-қувватлаб келишмоқда. Дадамга ваъда берганимдек санъатда ўз йўналишимни топдим деб ўйлайман. Бу ўзим ва олдимга қўйган мақсадим учун яхши натижа. Худо хоҳласа, ўқишни битириб олсам, ўзим танлаган йўналишда яхши натижалар кўрсатишимга ишонаман.

— “Шарқ тароналари” сизга яна нима берди?

— Энг муҳими, тажрибам ортди, хорижлик ҳамкасбларимиз билан фикр алмашдик. Гарчи бир-биримизга фес­тиваль доирасида рақиб жамоа бўлсак-да, муносабатларимизда рақиблигимиз ҳам ёддан чиқди. Айниқса, Корея, Тожикистон, Эстониядан келган ҳамкасб­ларимиз билан дўст бўлиб қолдик. Улар ўз юртида бўлиб ўтадиган танловларига бизни ҳам таклиф қиладиган бўлишди.

— Бир кунда ижод учун қанча вақт сарфлайсиз?

— Асосий вақтим ижод билан ўтади. Хабарингиз бор, ҳали талабаман. Устозларимиз талабчан. Ўқишдан уйга қайтсам, ота-онам билан яна ижод ҳақида суҳбатлашамиз. Ҳаётимнинг асосий вақтини ижодимни юксалтиришга сарфлаяпман.

— Сиздан олдин “Шарқ тароналари” фестивалида юртимизнинг маҳоратли хонандаларидан Муножат Йўлчиева, Насиба Сатторова, Юлдуз Турдиева, Нодира Пирматова, раҳматли Дилнура Қодиржонова ва бошқа ёрқин истеъдодлар ғолиб бўлишган. Бу ижодкорларнинг санъати, йўналиши билан қай даражада танишсиз?

— Юлдуз Турдиеванинг ижодига ҳавас қиламан. Таърифлаганингиздек, санъатда балиқдек эркин суза оладиган ўта иқтидорли хонанда. Дилнура Қодиржонова ҳақида дадам кўп сўзлаб берадилар. Архивимиздан қўшиқларини тинглаймиз. Дилнура Қодиржоновани ҳатто ўқитувчиларни ҳам ҳайратлантира оладиган тиниқ ва сокин овози бўлган экан. Фестиваль учун Ўзбекистоннинг юзини ёруғ қиладиган санъаткорлар танлаб олинарди, мен ҳам уларнинг сафида бўлганимдан жудаям бахтиёрман.

Феруза Раҳимова,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen + nine =