Маҳмуд Намозов: “Бирор нашрга обуна бўлганман, дея олмайман…”

“Шеърда ҳикмат, сўзда сеҳр бор”, дейишади. Дарҳақиқат, сўз сеҳри куй-қўшиқ оҳангида кўнгилдан макон топади. Беихтиёр тилга кўчади, киши ошуфтаҳол хиргойи қила бошлайди. Бироқ сўзда сеҳр бўлмаса-чи, у оддий, жўн, маънисиз гапдан тузилган жумла бўлса-чи, бундай ашула айтадиганларга фақат ачиниш керак, холос… Балки шундан, барчага бирдек манзур бўладиган қўшиқ яратиш, одамлар қалбига кириб бориш ҳамма санъаткорларга ҳам насиб этавермайди…

Бугунги суҳбатдошимиз, таъбир жоиз бўлса, санъатнинг “қозонида қайнаб”, ўзининг йўналиши, сўзию овозига эга, мумтоз қўшиқлар қатори қадим Сурхон бахшиларининг айтимларини замонавий эстрадага олиб кирган санъаткор, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Маҳмуд Намозов бўлди.

— Айтишларича, Ўзбекистон халқ бахшиси Шоберди бахшидан фольклор санъати сирларини ўрганган экансиз, демак, сизда бахшичиликка қизиқиш кучли бўлган. Бу дурдона санъатни эстрадага олиб кириш фикри кимдан чиққан?

— Бахшичилик анча ноёб, дурдона санъат тури ҳисобланади. Менда ўша пайтларда бир қур унутилиб бораётган бу санъатни яна жонлантириш, халқимизга етказиш учун уни замонавий эстрадага олиб кириш истаги болаликдан шаклланган.

Бироқ бахшичилик сир-асрорларини Шоберди бахшидан эмас, аксинча, устоз Қодир бахшидан ўрганганман. Адашмасам, 1985-1986 йиллар, энди саҳнага чиқиб келаётган пайтларим эди, бир тўйда Қодир бахши билан бирга хизмат қилишга тўғри келиб қолган.

Тўй аввалида ёшлар устознинг бир-икки термаларини яхши қабул қилишмади, биласиз, ёшлар шўхчан куй-қўшиқларга ишқибоз бўлишади. Устозга қандай “ёрдам берсак экан”, деб бироз хижолат чекиб, бир бурчакда туриб қолдик. Сўнг “Гулдона”, “Дўмбирам” терма қўшиқларига жўр бўлиб қўшилдик. Аввалига устоз бизларга ажабсиниб қараб қўйди, аммо куйлашда давом этаверганлар.

Жўр овозда куйлаганларимизни ёшлар зўр қабул қилишди, ҳатто даврага чиқиб, рақсга тушиб кетишди. Бу устозга ҳам маъқул келди чоғи, тўй якунлангунча шу алпозда қўшиқ айтдик.

Шундан сўнг,   репертуаримизга Қодир бахши ва бошқа устоз бахшиларнинг айрим термаларини киритдик. Замонавий тусда сайқал бердик.

— Интервьюларингизнинг бирида “Санъаткор ёки ижодкорга ота-онанинг энг катта хизмати, болалик чоғи эркинлик беришидир. Ота-онам менга ана шундай эркинликни бера олишган”, деган фикрларни айтган экансиз. Бугун сизга берилган эркинликдан тўғри фойдалана олдим, дея оласизми? Демоқчиманки, шу касбни танлаганингиздан афсус чеккан пайтларингиз бўлганми?

— Биласизми, фарзанд бўз тупроққа қадалган навниҳолдек гап. Унинг тўғри униб-ўсиши, артофини чақиртиканаклар ўраб олмаслиги, то жамиятда ўзини тутиб олмагунча боғбон — ота-оналаримиз парваришлаб, қўллаб туришади.

Ота-онам мактаб давримдан бошлаб менга керакли шарт-шароитларни яратиб бериб қизиқишим, санъатга бўлган иштиёқимни синдириб қўймай, авайлаб ўстиришди.

Бешинчи ё олтинчи синфда ўқиб юрган кезларим Деновдан 150 километр узоқда жойлашган Термиз шаҳрига уч-тўрт кунлаб, баъзан ҳафталаб концертлар, танловлар, фестивалларни ўтказиш учун жўнаб кетар эдик. Улар эса ҳеч қандай қаршиликсиз, ҳар қандай шароитда ҳам қўллаб-қувватлаб, ортимдан оқ йўл тилаб, қишлоқдан чиқиб кетгунимча кузатиб қўярди.

Қишлоғимизда кичик ансамбль бўларди. Ёз ойлари таътилга чиққанимда шу ансамблга репитицияга қатнардим. Одатда концертга тайёргарлик ойлаб давом этарди. Қизиғи, ҳар куни тушлик маҳали ўзим тенгқур ўнга яқин болаларни уйимизга бошлаб келардим. Чунки, ансамблдаги опалар қизларни, акалар биздан катталарни олиб кетарди-да. Мен ҳам ҳеч иккиланмай тенгқурларимни етаклаганча уйимизга жўнардим.

Тасаввур қилинг, бир ой, яна ҳар куни ўнлаб болалар сизнинг уйингизда меҳмон бўлса (кулади). Отам-онам бирор марта: “Сен нега буларни бошлаб келаверасан, бўлди, тўхтат”, демаган. Ҳар гал келганимизда нима топишса, олдимизга қўйишарди. Болам келажакда катта санъаткор бўлади, майли, шулар билан бир даврада юрибди, деб ўйлашган бўлсалар керак.

Бундан ташқари, мусиқа асбобларини сотиб олиш доим ҳам ҳамёнбоб бўлавермаган. Айниқса, қишлоқда қора қозонини амал-тақал қилиб қайнатаётган оилалар учун жуда мушкул эди. Ота-онам ўзлари емай-ичмай тўплаган пулларига мен учун мусиқа асбоблари сотиб олишиб, тенгдошларим олдида кам бўлмаслигимни айтишарди.

— Маҳмуд Намозовнинг 12 йил давомида мактабда мусиқа фанидан дарс берганидан хабаримиз бор. Тўғри, халқимиз санъатни ўта қадрлайдиган халқ, айниқса, мумтоз санъатни. Бунинг устига, элга таниқли бўлиш осон. Айтинг-чи, ўқитувчиликни нега ташлагансиз? Маоши кам бўлгани учунми?

— Низомий номидаги педагогика институтининг бошланғич мусиқа таълими йўналишини тамомлаб, қишлоғимизга ўқитувчи бўлиб ишга келдим. Қишлоқда ташкил этилган ансамблда биринчи мусиқа раҳбари, кейинчалик бадиий раҳбар бўлиб ишладим. Мактабда дарс берган пайтларимни яхши хотиралар билан эслайман. Мусиқа ўқитувчиси бўлсам-да, мактабда обрўйим жуда баланд эди. Ҳар йили ўқувчиларим туман, вилоят, республика олимпиадалари, мусиқа фестивалларида юқори ўринларни олишарди.

Шунинг учунми, бизнинг мактабнинг, айниқса мусиқа, санъат соҳасида, қолган мактабларга нисбатан нуфузи анчайин баланд юрарди. Ўқитувчилик касбим сабаб бевосита пойтахтга келишимга шароит туғилди. Балки, тақдир деганлари шу бўлса керак. Нимагадир эришиш учун нимадандир воз кечиш азалий ва ўзгармас жараён.

Эҳтимол, ўша пайтлари пойтахтга келиб, ўз устимда ишлаб, устозлардан керакли маслаҳатларни олмаганимда, санъат қозонида тобланмаганимда бугун ҳамма таниган Маҳмуд Номозов бўлолмас эдим, назаримда.

— 1991 йилда Ботир Зокиров хотирасига бағишлаб ўтказилган замонавий қўшиқлар танловида эстрада йўналишида айтган “Бахшиёна” қўшиғингиз эътирофга лойиқ кўрилиб, мукофотга сазовор бўлган эдингиз. Бу ёрқин истеъдод сабабданмиди ё янгиликка эътибор туфайли? Ўзингиз нима деб ўйлайсиз?

— Буни янгиликка эътибор, деб биламан. Республика танловида чекка қишлоқдан келиб, қатнашиб, иккинчи ўринни олиш мен учун катта муваффақият эди. Шу билан биргаликда, “Ялла” ансамбли ва устоз Фаррух Зокировнинг эътирофига сазовор бўлиш осон эмас-да, тўғрими?

Албатта, истеъдод ҳам жуда муҳим, бироқ у пайтлари бу энг катта янгиликлар қаторида эътироф этилган.

— Сиз “Сурхон” гуруҳини эл таниган, назарига тушган жамоага айлантиргансиз. Аммо орадан йиллар ўтиб, сўқмоқлар катта йўлга туташ келмадими?   Сўрамоқчи бўлганим, очиғини айтсангиз, “улар ҳам алоҳида санъатини кўрсатмоқчи бўлишди, ўзаро шундай қарорга келдик”, деган гапларга рости кўпчилик ишонмайди, йўллар нега айро тушди?

— …

— “Нечун ёшим сен қатори бўлмади?” қўшиғингизни кимга бағишлаб айтгансиз? Муҳаббатни нечоғли қадрлайсиз?

— Баъзан, қўшиқчининг кўнгил кечинмалари унинг яратаётган қўшиқларида акс этади, дард тўла овозида зоҳир бўлади, деган гапларни эшитиб қоламан. Тўғри, тил билан айта олмаган кечинмалар баъзан қўшиқлар орқали айтилиши рост. Аммо мен бу қўшиқни айнан бирор ким учун атаб қуйламаганман. Қўшиқнинг шеъри Фахриддин Низомов қаламига мансуб, матн билан танишганимда менга маъқул тушиб қолганди. Муҳаббат тўғрисида айтилган ҳар қандай қўшиқ, албатта, ўз мухлисини топади, топиб келган ҳам.

Ростини айтсам, ижодкор одам муҳаббатни қадрлайди, эъзозлайди. Бу табиий. Муҳаббат деганда фақат аёл кишига эмас, Оилага, Ватанга, Яратганга бўлган муҳаббатни ҳам тушуниш керак. Биласизми, мен муҳаббатсиз ижодкорни бамисоли сўниб қолган шамга ўхшатаман.

— Одам борки, умри давомида бир марта бўлса ҳам болалигига қайтгиси келади. Сизда ҳам шундай ҳолат бўлганми? Агар болаликка қайтиш сизга насиб этса, қайси касбни танлаган бўлардингиз? Эшитишимизча, мактаб даврида рассомликка қизиққан экансиз?

— О, бу дунёда болаликка қайтишни истамаган одам бормикин ўзи… Аммо бу имконсиз орзу. Романтик ҳаётдан йироқман, ҳаётда эса ўз қарашларига эга одамман, десам мақтанишга йўймайсиз.

Ҳа рост, мактабда ўқиб юрган кезларим яхшигина расмлар чизардим. Келажакда ё рассом бўламан, ё кўшиқчи, дердим синфдошларимга. Бироқ насибамизни Яратган санъатдан берган экан, шу соҳада ижод қилаяпман. Рассомчилик ҳам мени тарк этмаган, бўш пайтларимда ўзим учун суратлар чизаман, маҳоратли рассомларнинг кўргазмаларига бориб тураман.

— Сизни торли асбоблар, яъни тор, дутор, рубоб чертишнинг “роса ҳадисини олган”, дейишади.

— Низомий номидаги педагогика институтида миллий чолғу асбобларидан чангда ўқиганман. Тор, рубоб, дутор сингари торли асбобларни жуда профессионал бўлмаса ҳам яхшигина чала оламан. Қўшиқларимда турли мусиқа асбобларидан, албатта, фойдаланиб тураман. Лекин унчалик даражада “соҳанинг ҳадисини олган” эмасман.

— Маҳмуд Намозов “осмондаги ойни” кимга олиб бермоқчи бўлган?

— Бу қўшиқни 2000 йилларда айтганман. Шеър Ўткир Раҳмат қаламига мансуб. У пайтлари айнан эстрада санъатида бир хил, такрорланувчи қўшиқлар кўпайиб кетганди, шунинг учун ноанаънавий услубда айтилган бу қўшиғимиз кўпчиликнинг эътиборини торта олди. Ҳозиргача тўйларга борсам, ҳазил тариқасида, куёвларнинг келинларга қарата айтаётган ошиқлик қўшиғи, деб куйлайман.

— Эшитганда юракни орзиқтирувчи, кўнгилда қишлоқча самимият, содда ва ҳалоллик туйғуларини қўзғатувчи “Қишлоғим” қўшиғингиз шеърини ўзингиз танлаганмисиз ё таклиф қилишганми?

— Бу қўшиқнинг шеъри шоир Равшан Файз томонидан ёзилган. Унинг яратилиши юракдаги оғриқларим, жонажон қишлоғимнинг соғинчи, ўз фарзандини катта шаҳарга кузатиб қўйиб, ортидан тикилиб қолган содда, самимий ота-оналарни ёдга солувчи айтим, деб биламан.

Бир куни қадрдон укамиз Қувондиқ Сиддиқов Равшан Файзнинг янги шеърлар тўпламини олиб келди. Тўпламдаги айнан “Қишлоғим” шеърини ўқиганимда вужудим титраб, кўз ўнгимда Сурхонимнинг бепоён далалари, ўзим туғилиб ўсган қишлоғимнинг чанг кўчалари, маҳалла болалари билан сурувлар ортидан чопганимиз, кўпкари ўйнаб, улоқни олиб қочиб, ғалабалик нашидасини сурган акаларимиз, уйнинг бир четида ўз бағрига бутун олам тафтини яширган тандирдан узилаётган ширмой нонлар хаёлларимни чулғаб олган.

Шеър гўёки мен учун ёзилгандек эди. Ушбу қўшиқ ҳамон шахсий репертуаримда ўзининг алоҳида ўрнига эга тароналардан ҳисобланади.

— Яна шуни эшитганмизки, сизнинг бадиий китоблар мутолаасига меҳрингиз бўлакча экан. Айниқса, назмий асарларни кўп ўқиркансиз. Айтинг-чи, дўкондан сотиб олинадиган китобни ўзингиз танлайсизми ё ёрдам берворишадими?

— Яхши “суриштирув”лар ўтказибсиз. Чиндан ҳам китоб ўқишни жуда яхши кўраман. Аслида, китоб мутолааси бу ҳар бир инсоннинг, айниқса, ижодкорман деганнинг, севимли машғулоти бўлиши керак. Сабаби, китоб инсоният тарихида кашф этилган ихтироларнинг буюги, қадрлиси. Замонлар ўтса-да, ўз ўрнини ҳеч нимага бўшатиб бермаётир. Айниқса, давраларда бўлганимда “фалончи китобни ўқидим, зўр ёзилган экан”, деган гапни эшитиб қолсам мендан ҳаловат қочади. Албатта, ўша китобни қидириб, топиб сотиб оламан.

Кўпинча китоб дўконларига бориб, ўзимга ёққан насрий асарлар, шеърий тўпламларни харид қилиб тураман.

— Шу саволга яна битта қўшимча: нега артистлар газета ўқишмайди? Мабодо сиз ҳам: “Мана, мен газета ўқиб тураман, фалон газетага обуна бўлганман”, десангиз ҳам ишониш қийин…

— Менимча, ҳаммаси ҳам эмас. Мен шундай устоз-санъаткорларни биламан, газета-журналларга обуна бўлишган, агар бирор сони келмай қолса, почтага қўнғироқ қилиб, сўраб-суриштиришади. Шу қатори, газеталаримизда ўқишга арзигулик, мушоҳадали, эътибор тортадиган материаллар ҳам бўлиши муҳим, деб биламан.

Китобнинг, газетанинг ўрни бошқа. Уларнинг электрон шакли ёки мобил иловасидан кўра асл нусхаларини ўқиш бошқа. Мен электрон шаклга қарши эмасман, бироқ табиийлик ҳар қандай сунъийликдан устун туради. Очиғини айтаман, ўзим бирор нашрга обуна бўлганман, ҳар кун ўқиб бораман, дея олмайман. Бироқ бирор мавзуда фалончи газета ёки журналда яхшигина таҳлилий мақола берилибди, деб эшитиб қолсам, қаерда бўлмасин, излаб, суриштириб, топиб ўқийман. Шу саволга яна бир жавоб: баъзан китоб сотиб олаётганимда ёнига санъатга оид журналлардан ҳам қўшиб қўяман.

— Суҳбат учун ташаккур. Лекин очиқ айтаман, кўнглингизга олмангу, халқ артисти бўлатуриб, бирорта газета-журналга обуна бўлмаслигингиз — бу яхши эмас. Чунки обуна бўлишга бугун имкониятингиз етса керак. Ҳеч бўлмаса, фарзандларингиз, уйда оила аҳлингиз учун бир-иккита нашрга келгуси йил учун обуна бўласиз, деган умиддамиз. Саломат бўлинг.

Ислом АСИЛБЕКОВ

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten − five =